Қадим замонда бир подшо ўтган экан. У подшолик қилган даврда бир киши бир кишидан ер сотиб олибди. Ер сотиб олган киши ерни шудгор қилаётганида бир кўза олтин чиқибди. У киши ер сотган кишига айтибди:
— Сотган ерингдан бир кўза олтин чиқди, у сеники, олгин.
— Мен сотмасимдан илгари ерни шудгор қилганимда ҳеч нарса чиқмаган эди. Бу сенинг насибанг, — дебди у ҳам.
Иккови тортишиб қолиб, подшо ҳузурига борибдилар ва бўлган воқеани айтиб беришибди. Подшо уларнинг инсофига қойил қолибди.
Подшо вазирларидан бу олтинларни нима қилиш кераклиги ҳақида сўрабди. Шунда бир вазир:
— Ердан топилган олтин подшоники бўлади, — дебди.
Бу гапни эшитган подшонинг ғазаби келиб, вазирини саройдан ҳайдаб юборибди. У шунчалар одил подшо экан. Подшо у икки кишидан фарзандлари бор-йўқлигига сўрабди. Ер сотган киши бир ўғли борлигини, ер олган киши эса бир қизи борлигини айтибди. Подшонинг қиз билан йигитни уйлантириб қўйиш ҳақидаги фикри уларнинг оталарига ҳам маъқул келибди.
Кейин тўй бўлибди, тўйда подшо ўша бир кўза олтинни уларга берибди. Йигитнинг исми Хорун, қизники зса Салима экан. Йигит билан қиз уйда суҳбатлашиб ўтирганларида, Салима шундай дебди:
— Хорун, бир гап айтсам рози бўласанми?
— Айтақол, — дебди Хорун.
— Ота-оналаримиз олмаган олтинларни биз оламизми? Биз хам олмайлик, шу олтинларни қайтариб берайлик, — дебди Салима.
Бу гап Хорунга ҳам ёқибди. Улар подшо ҳузурига бориб, олтинларни қайтариб берибдилар. Подшо буларнинг ақлига қойил қолибди.
Подшо вазирларини яна йиғиб, бу олтинларни энди нима қилиш кераклигини маслаҳатлашибди.
— Бу олтинларни ўша ерга қайтиб кўмиб қўйиш керак, — дебди вазирлардан бири.
— Бу олтинларга ҳар хил мевали кўчатлар сотиб олиб, яхши ерга экиш керак. Уларни парвариш қилган одамларга ҳам шу олтиндан ҳақ тўлаш керак. Бу дарахтлар мевага кирганида уни етим-есирлар, ғариблар еб юрадилар, — дебди яна бир вазир.
Подшога бу гап маъқул тушибди ва олтинларнинг ҳаммасини шу вазирга берибди. У ҳар хил мевали дарахтлардан сотиб олиб, энг яхши жойларга эктирибди. Бир неча йилдан кейин бу дарахтлар мевага кирибди. Халиги вазир подшони ва бутун халқни чақириб, зиёфат қилиб берибди. “Бу меваларнинг ҳаммаси етим-есир, ғарибларники”, деб халққа эълон қилибдилар.