Бале, бале, бале

Чол билан кампирнинг бир кичкинагина ҳовлиси бор экан. Чол шу ҳовлисига тарвуз экиб, бир тупини кўкартирибди. Тарвуз палак отиб гуллабди ва биттагина тарвуз қилибди. У катта бўлиб пишибди. Тарвуз пишган вақтда чол билан кампир маслаҳат қилишибди. “Бу тарвузни сўйганимиз билан бир тилимини ҳам еб адо қилолмаймиз” деб, чол бир деҳқоннинг аравасини беш сўмга кира қилиб, подшога совға қилиб олиб борибди. Чолнинг етиштирган тарвузини хизматкорлар подшонинг олдига олиб киришибди. Подшо таажжубланиб:
— Тарвуз ҳам шундай катта бўладими? Бор, чолнинг ўзини ҳам чақир! — дебди. Чол салом бериб подшонинг ҳузурига кирибди. Подшо ундан сўрабди:
— Бу тарвузни сен келтирдингми?
— Мен келтирдим, тақсир, — дебди чол.
— Шунақа тарвуздан сенда яна нечта бор?
— Шугина, холос, — дебди чол. Подшо:
— Бале, бале, бале, — дебди ва хизматчисига:
— Ол, тарвузни хазинага киритиб қўй, — деб буюрибди. Чол бечорага эса ҳеч нарса бермабди.
Чол қорни очиб бозорга борибди ва мантипаздан беш сўмлик манти олиб ебди. Чол мантини еб бўлиб мантипазни чақирибди. Мантипаз келибди. Чол:
— Мантипаз, мантини ўзинг пиширдингми? — деб сўрабди.
— Ўзим пиширдим, — дебди мантипаз.
— Гўштини сотиб оласанми ёки молни ўзинг сўясанми, —дебди чол.
— Йўқ, молни ўзим сўяман, — дебди мантипаз.
— Хамирини ким тайёрлаб беради? — деб сўрабди чол.
— Ўзим тайёрлайман, — дебди мантипаз.
— Мантини ўзинг пиширасанми? — деб сўрабди чол яна. Мантипаз ҳам:
— Ҳа, ўзим пишираман, — дебди ҳайрон бўлиб. Чол мантипазга:
— Бале, бале, бале, — деб, ўрнидан туриб кета берибди. Мантипаз халқнинг орасида чолни тўхтатиб:
— Мантининг пулини бериб кетинг, — дебди. Чол зса кетаверибди.
Подшонинг ясовуллари чолни подшонинг ҳузурига ҳайдаб боришибди. Подшо:
— Ноинсоф, нима учун мантининг пулини бермай кетдинг? — деб дўқ қилибди. Чол:
— Тақсир, сизга икки оғиз арзим бор, — дебди.
— Айт арзингни, — дебди подшо.
— Подшоҳим, арзим шуки, эр-хотин бир йил ишлаб битта тарвуз етиштирган эдик. Сизга совға қилиб олиб келдик, тарвузимга бирор нарса берармикансиз деб. Сиз бўлсангиз уч марта “бале” деб жавоб қилдингиз, холос. Ноумид булиб қайтдим, очликдан мадорим қуриб мантипаз олдига келдим. Беш сўмлик манти еб, қорнимни тўйғаздим. Мантипазни олдимга чақириб олиб, бир неча марта “бале, бале, бале” деб айтдим. Шу еган мантимнинг ҳақи бўлса керак, — дебди чол.
Подшо чолнинг бу гапидан жуда хижолат бўлибди… Чолга хазинадан бир товоқ тилла чиқариб беришга буйруқ берибди.