Кулса – гул, йиғласа – дур

Бир чол билан кампир бор экан. Чол даладан ўтин териб келиб, уни сотиб тирикчилик қилар экан. Чол билан кампирнинг фарзандлари йўқ экан. Кунлардан бир куни чол даладан ўтин олиб келаётганда, унга Хизр йўлиқиб:
— Боланг борми? — деб сўрабди.
Чол:
— Йўқ, — дебди.
Хизр унга бир қизил олма бериб:
— Ярмини ўзинг, ярмини хотининг есин! Кейин хотининг қиз туғади. Қизинг йиғласа, кўзидан гавҳар тўкилади, кулса, оғзидан очилган гул тушади, юрса оёғи тагидан тилла сочилади. Катта бўлгандан кейин озор чекади, — дебди.
Хизр айтгандек, онадан бир қиз туғилибди. Йиғлаганида қизнинг кўзидан гавҳар тўкилибди. Уч ойлик бўлганидан кейин кулса, оғзидан очилган гул ҳам тўкилар эмиш. Шу гавҳарларни, шу гулларни отаси бозорга олиб бориб сотиб, уйлар қуриб олибди.
Қиз ўн беш ёшга кирганда Бухоро подшосининг ўғлидан совчи чиқибди. Унга отаси анча вақтгача бермай юрибди. Подшо зўрлик қилиб олмоқчи бўлибди. Ўтинчи охири қизини шаҳзодага беришга мажбур бўлибди. Лекин кўп қалин сўрабди:
— Юзта сигир, юзта туя, икки юзта от ва минг тилла берса қизимни бераман, — дебди. Совчилар ”Хўп”, деб кетишибди.
“Бермас қизнинг қалини кўп” дегандай, ўтинчи хотинига айтибди:
— Мен улардан кўп қалин сўрадим, улар олиб келмайдилар.
Бир неча кун ўтгач, ўтинчи қизи учун сўраган нарсаларни совчилар олиб келибдилар. Подшо бир аравада икки эркак, яна бир аравада икки аёл юборибди. Улар билан иккита отлиқ ҳам бор экан. Қиз билан бирга борадиган одам йўқ экан.
Иккинчи аравадаги икки аёлга қизни қўшиб жўнатибдилар. Қиз ва уни олиб кетаётганлар ярим йўлга етганда бир қудуқ ёнида тўхтабдилар. Аравадан тушиб дам олибдилар, қиз сув ичмоқчи бўлибди.
Икки аёлнинг бири қиз экан. Ёнидаги онаси экан. Хотин эркакларни нарироққа юбориб, “келин қочмасин” деб, ўзи ва қизи келин билан бирга қолибди. Шунда сув ичиб, нон емоқчи бўлибдилар.
Қиз хотиндан:
— Менга ҳам нон беринг, — деб сўрабди.
Хотин:
— Бир кўзингни ўйиб берсанг, бир нон бераман, — дебди. Қиз ҳайрон бўлибди. Индамай ўтирибди. Қизнинг қорни жуда оч экан, у тоқатсизланиб яна нон деса, хотин аввалги гапини қайтарибди. Сўнгра қизга шафтолидай нон бериб, унинг кўзини ўйиб олибди. Кейин қиз яна нон сўрабди.
— Яна бир кўзингни берсанг, нон бераман, — дебди хотин.
Охирида у қизнинг қимматбаҳо кийимларини ечиб олиб, ўз қизига кийгизибди. Кейин келиннинг ўрнига қизини аравага ўтқазибди, келинни эса қудуққа итариб юборибди. Кейин улар йўлга тушиб кетибди. Подшонинг уйига икки чақирим қолганда, подшо бир отлиқни юбориб:
— Келинни келган жойида аравадан тушириб, пиёда олиб келинг. Оёғидан сочилган тиллани лашкарлар териб келсин, — дебди.
Ясовуллар подшонинг айтганича келинни пиёда олиб келибдилар. Лекин унинг оёғидан ҳеч қандай тилла сочилмабди. Подшо буни билиб жуда ҳам хафа бўлибди:
— Вой, уйим куйди, оёғи тагида тилла йўқ-ку!
Келин келгач, уни уйга киритибдилар. Кетидан ерга қарасалар, оёқ тагида ҳеч нарса йўқ эмиш.
Куёв уйга кирибди, келинни кулдирса, оғзидан гул ҳам сочилмабди, йиғлатиб кўрса, кўзидан гавҳар ҳам тушмабди.
Куёв ўрнидан туриб отасининг олдига чиқиб:
— Эй, ота, уйимиз куйди. Сиз менга “Кулса, оғзидан гул сочилади, йиғласа, гавҳар тўкилади, юрса, оёқ остидан тилла сочилади”, деган эдингиз. Мен олиб берган келинингизни йиғлатдим, кулдирдим, юргиздим, ҳеч нарса бўлмади, — дебди.
Энди икки оғиз сўзни қиздан эшитинг. Бир камбағал йўловчи қудуқ ёнидан ўтаётиб, қизиқ ҳодисага дуч келибди. Қудуқ ўрнида гавҳар супа пайдо бўлибди. Қудуққа ташлаб кетилган қизнинг кўзидан тўкилган гавҳар билан қудуқ тўлиб, унинг устида кўзи ўйилган бир чиройли қиз ўтирган эмиш. Йўловчи чол ҳайрон бўлиб, қизнинг ҳолини сўрабди. Қиз бошидан ўтганларни айтиб берибди. Иккиси ота-бола тутинибди.
Қиз чол отасига:
— Менинг кўзимдан тўкилган гавҳарлардан шу ерга бир бино солдиринг, — дебди.
Чол:
— Хўп, — дебди. Бир пахсасини олтиндан, бир пахсасини кумушдан қилиб бир бино солибди. Чол қизни қўярда-қўймай уйига олиб кетибди. Қиз бир неча ой чолнинг уйида юргандан кейин, бир куни кулибди, унинг оғзидан очилган гул тушибди. Отаси жуда ҳам севинибди:
Қиз:
— Ота, шу гулни подшонинг дарвозасига олиб боринг, гулнинг баҳосини сўрашса, баҳоси икки ўйилган кўз деб айтинг, — дебди. Чол подшонинг дарвозаси ёнига бориб ўтирибди. Дарвоза олдидаги хизматчилар подшонинг олдига кириб:
— Бир киши гул олиб келиб ўтирибди, — дебдилар.
Подшо гулни олдириб келиб, келинига бериб юборибди-да, чолдан баҳосини сўрабди, шунда чол:
— Гулнинг баҳоси ўйиб олинган икки кўз, — дебди.
Буни эшитган подшо ичкарига кириб келинга айтибди. Келин қутида турган икки кўзни олиб:
— Бизга бунинг нима кераги бор? Мана, бериб юбора қолинг, — дебди-да, онасидан сўрамай бериб юборибди. Ҳалиги чол севиниб кўзларни олиб кетибди. Олиб бориб қизига берибди.
Қиз қувониб:
— Ота, сиз эшикка чиқиб туринг, эшикни маҳкам ёпиб қўйинг, — дебди.
Эшик ёпилиб, уйда ёлғиз қизнинг ўзи қолганда, туйнукдан бир кўк каптар учиб кириб бир силкинибди-да, одам суратига кирибди. У қизнинг кўзини ўз ўрнига қўйибди ва бир думалаб каптар ҳолига келиб учиб кетибди. Шундан кейин қизнинг кўзи бутунлай очилиб кетибди. Севинчидан қиз қичқириб юборибди. Қизнинг ота-онаси ҳам уйга кириб севинибдилар. Орадан бир ой ўтгач, қиз эрталаб ўлиб, кечқурун тириладиган бўлиб қолибди.
Энди икки оғиз сўзни подшоникидан эшитинг. Қизнинг онаси янги гулни кўриб қолибди.
Қизига:
— Гулни қаердан олдинг? — дебди.
— Гулни икки ўйилган кўзга алиштириб олдим, — деб жавоб берибди қиз.
— Ие, бўлмаса, қудуқдаги қиз ўлмаган экан-да, бу гул ўшаники. Энди сен ҳам ўласан, мен ҳам ўламан, — дебди онаси. Кейин у қизини қарғаб, чиқиб кетибди. Кампир фолбинникига бориб, фол очтирибди:
— Дарёнинг ичида бир олтин балиқ бор. Балиқнинг ичида булоқи бор. Ўша булоқини топиб олсанг, қудуқда қолган қизнинг жонини олган бўласан, — дебди.
Кампир подшо саройига келиб, куёвини бир четга чақирибди:
— Хотинингиз ҳомиладор, балиққа боши қоронғи. Дарёнинг ичида бир олтин балиқ бор, шуни тутиб беринг! — дебди.
Шаҳзода навкарларига буюриб, дарёнинг сувини олдириб, унинг ичидаги катта олтин балиқни туттириб келибди. Кампир унинг ичидан булоқини топиб олибди.
Подшонинг келини булоқини бурнига тақибди. Келин кундузи булоқини таққанда, қудуқда қолган ўтинчининг қизи ўлибди, кечқурун бурнидан булоқини олиб қўйганда тирилибди. Шундай аҳволда бир қанча вақт ўтибди. Ўтинчининг қизи бу ҳолга чидай олмай хафа бўлиб тилладан солинган уйга бориб ётибди.
Кунлардан бир кун шаҳзода ов овлаб юриб, шу атрофга келиб қолибди. Унинг учирган қуши бир қуённи қувлаб келиб, тилла бинонинг устига қўнибди. Шаҳзода ўша ерда нима бор экан, қушим бориб қўнди, деб қараса, бир тилла иморат экан. Унинг ичига киришга қўрқибди, ёнидаги йигитга:
— Сен кир, бунда нима гап экан? —дебди.
Йўлдоши кириб, қўрқиб қайтиб чиқибди. Кейин шаҳзоданинг ўзи кирибди. Кирса, бир чиройли қиз ҳушсиз бўлиб ётганмиш. Шаҳзода унинг ёнида қизнинг келишган қадди-қоматига маҳлиё бўлиб ўтирибди. Шу ҳолда кеч бўлганини билмай қолибди. Кеч бўлиши биланоқ, қиз бирдан аксириб ўрнидан турибди. У йигитни кўриб:
— Сиз кимсиз? — дебди.
Йигит ҳам қизга:
— Сиз кимсиз, бу ерда нима қилиб ётибсиз? — дебди.
Қиз йигитга бошидан ўтганларини бирма-бир сўзлаб берибди. Шаҳзода қизнинг воқеасини эшитиб бўлгандан кейин бирдан:
— Вой, жоним, сен менга унаштирилган қиз экансан-ку! Мен сенинг дардингда куйиб юрган эдим. Сен айтган подшо менинг отам бўлади, — дебди.
Шаҳзода қиздан:
— Нима қилсам сен тузаласан? — деб сўрабди.
— Менинг жоним дарёдаги бир балиқ ичидаги булоқида эди. У балиқни сиз туттирганингиздан кейин хотинингиз ичини ёрдириб булоқини олган. Шу булоқини хотинингиз кундузи таққанда мен ҳушсиз бўлиб қоламан, ўлик суратида ётаман, кечқурун бурнидан олиб қўйганда ўзимга келиб тириламан. У булоқини ҳозир олиб қўйди. Мен ўзимга келдим. Ўша булоқини олиб келиб берсангиз, мен тузалиб кетаман, — дебди.
Йигит севиниб:
— Булоқини олиб келаман, — деб ўрнидан турибди. У отига миниб тўғри уйига борибди. Уйига кириб токчадаги булоқини олибди. Хотинига айтмасдан, яна орқасига қайтиб келиб қизга топширибди. Тонг отибди, лекин қиз кундагидек бугун ҳушидан кетмабди. У бутунлай соғайиб қолибди.
Шаҳзода қизни ўзи билан бирга олиб кетибди. У қирқ кеча-қирқ кундуз тўй-томоша бериб қизга уйланибди.
Кампир билан унинг қизини отнинг думига боғлаб, қирқ чақирим узоқликдаги чангалзорга юборибди.
Қиз билан йигит мурод-мақсадига етибди.