Илоншоҳ ва Тошбақаполвон

Бор экан, йўқ экан, оч экан, тўқ экан, ўтган замонда, тоғнинг ёнбағрида бир макон-у манзилда, бу гапим чин эмас, ҳазил-да, Илоншоҳ мамлакати бор экан. Илоншоҳнинг аркони давлатида уламо-ю фузалолар, вазир-у вузаролар, ҳоким-у ҳукамолар, гапнинг қисқаси, бир қанча амалдорлар ва Тошбақаполвон бошлиқ кўпгина чўри ва қуллар кеча-ю кундуз тинимсиз меҳнат қилар эканлар. Илоншоҳнинг ўйлагани айш-у ишрат, қилгани зулм, қашшоқ халққа жабру жафо экан. Шу тариқа ойлар, йиллар ўтаверибди, шоҳнинг зулми ошаверибди, халқнинг ғазаби тошаверибди.
Кунлардан бир куни илоншоҳ ҳузурига Қашқапашша кириб келибди. У жуда ҳам сўзга уста ва айёр экан. Илоншоҳ ҳузурига кириши биланоқ тиз чўкиб, ер ўпиб, шоҳга гапира бошлабди:
— Эй шаҳаншоҳ! Бир қошиқ қонимдан ўтиб, камина қулингизнинг арзига қулоқ солинг. Мен чаён ва газандалар мамлакатининг хони Қорақуртхондан кўп жабр-у жафолар тортдим, зулм кўрдим, унинг зулмидан қочиб, сиз олампаноҳнинг ҳузурларига келдим. То ўлгунимча хизматларида бўлсам, — дебди.
Илоншоҳ Қашқапашшанинг чаққон ва уддабуронлигини кўриб, ич-ичидан севинибди ва уни қўлдан чиқаргиси келмабди. Худди шу пайтда Илоншоҳнинг бош вазири уйида оғир бетоб бўлиб ётиб қолган экан. Илоншоҳ Қашқапашшани ўзига бош вазир қилиб олибди ва айш-ишрат қилиб ётаверибди.
Айёр Қашқапашша Илоншоҳнинг ишончини қозонгач, ўз подшоси Қорақуртхон билан алоқа боғлабди ва Илоншоҳнинг мамлакатини босиб олиш режасини туза бошлабди. Буни хизматкорларнинг бошлиғи Тошбақа сезиб қолибди. У Қашқапашшанинг ҳар бир босган қадамини кузатиб юрибди. Бир кун Қашқапашша Қорақуртхонга: “Саломдан сўнг, хонларнинг хони Қорақуртхонга етиб маълум бўлсинким, ҳозир сиз ва биз ўйлаган режаларни амалга ошириш вақти келганга ўхшайди. Чунки ҳозир Илоншоҳ хотин устига хотин олиб, тўй-томоша ва айш-ишрат қилиш билан овора. Ҳозир айни муддао. Хатнинг жавобини сабрсизлик билан кутаман. Салом билан содиқ вазирингиз Қашқапашша”, — деган мактуб юборибди. Қашқапашша ўз хатини Қорақуртхонга етказиш учун Калтакесакни пул бериб ёллабди. Буни сезган Тошбақаполвон икки дўсти билан йўлда Калтакесакнинг йўлдан ўтишини пойлаб ётибди. Уни саҳар пайтда тутишибди. Улар Калтакесакдан Қашқапашшанинг мактубини олмоқчи бўлганларида, Калтакесак Тошбақаполвоннинг бир ҳамроҳига ханжар санчиб, уни ҳалок қилибди. Бундан ғазабланган Тошбақаполвон Калтакесакни тиғдан ўтказиб, танасини бурда-бурда қилиб ташлабди ва чўнтагидан Қашқапашшанинг мактубини олибди. Мактубни ўқиб чиққач, Тошбақаполвоннинг ҳар бир туки чопонини тешиб чиқибди. Тошбақаполвон ёнидаги дўсти билан тўғри Илоншоҳ ҳузурига боришибди ва мактубни шоҳга тутибди. Бу пайт Илоншоҳ ўз саройида Қашқапашша ва бошқа амалдорлар билан кайф-у сафо қилиб, оёқда аранг турадиган даражада экан. У мактубни бош вазири Қашқапашшага узатиб, ўқи деб буюрибди. Қашқапашша ўзи ёзган мактубни кўриб, ранги оқариб кетибди, аъзойи баданини қалтироқ босибди. Қашқапашша мактубда йўқ гапларни мактубга қараб ўқий бошлабди: “Саройингиздаги Тошбақаполвон ўғри, маккор ва айёр экан. Уни мамлакатдан чиқариб юборишингизни илтимос қиламиз”. Бу гапларни эшитган ширакайф шоҳ ғазабланиб: — Жаллод! — деб бақирибди. Бир неча жаллод Тошбақаполвон ва унинг шеригини қуршаб олибди. Тошбақаполвон:
— Шоҳим, бу бўҳтон, мактубда бундай дейилмаган, шоҳим, хатни ўзингиз ўқиб кўринг, бу хат Қашқапашшанинг ўз подшоси Қорақуртхонга ёзган хати. Йўлда қўлга туширдик. Қашқапашша Қорақуртхоннинг жосуси экан, — дебди.
Қашқапашша сирининг очилишидан қўрқиб, қолидаги мактубни йиртиб-йиртиб ташлабди ва аразлаган киши бўлиб бақира кетибди:
— Эй шоҳим, бу қандай ҳақорат, бу қандай туҳмат! Йўқ, йўқ, мен бунга чидай олмайман. Бир ялангоёқ гадой мени, яъни бош вазирингизни хоин деб ҳақорат қилса-ю, нега сиз қараб ўтирасиз? — Шоҳнинг баттар жаҳли чиқибди ва жаллодларга қараб:
— Зиндонга ташланг, бу ялангоёқ гадойларни! — деб фармон қилибди.
Жаллодлар Тошбақаполвонни ва унинг шерикларини сарой боғидаги махфий зиндонга ташлашибди. Қашқапашша Тошбақаполвондан ўч олганлиги учун ич-ичидан хурсанд бўлибди. Чунки Тошбақаполвонни ўзининг хавфли рақиби деб ҳисоблар, ундан ўч олиш учун қулай пайт пойлаб юрар экан.
Тошбақаполвоннинг зиндонга ташланганини билган халқ илоншоҳга қарши исён кўтарибди. Аммо айёр Қашқапашша халқни чалғитмоқчи бўлиб:
— Тошбақаполвон ва унинг шериги шоҳимизни ҳақорат қилди. Шоҳимиз шунинг учун уларни тартибга солмоқ мақсадида икки-уч кун муддатга зиндонга ташлади. Икки-уч кундан кейин шоҳимиз уларни озод қиладилар, — дебди. Лекин халқ бош вазирнинг гапларига ишонмай, Илоншоҳнинг олдига борибди. Шунда шоҳнинг қаҳри келиб, илондай заҳри келиб, халқ устига лашкарларини юборибди. Икки ўртада жанг бўлибди. Бу жангда қурол-яроғи йўқ халқнинг қони дарё-дарё бўлиб оқибди. Бир неча кундан кейин Тошбақаполвон ва унинг шериги, дўстлари ёрдамида тунда зиндондан қочибди. Тошбақаполвон Илоншоҳнинг ва бош вазирнинг қилмишларини, кирдикорларини халққа айтиб берибди. У халқни шоҳга ва унинг амалдорларига қарши курашга чақирибди.
Эндиги гапни газандалар подшоси Қорақуртхондан эшитинг. Қорақуртхон ўз вазири Қашқапашшани Илоншоҳ мамлакатига жўнатгандан сўнг Қашқапашшадан ана хабар келади, мана хабар келади, деб кутавериб, ой ва йилларни ўтказибди. Охири тоқати ора тоқ бўлиб, Илоншоҳ устига қонхўр сарбозлари билан бостириб келибди ва Сўна исмли жаллодини Қашқапашшанинг олдига жўнатибди. Ярим тунда Қашқапашша ҳузурига Қорақуртхон ҳузуридан келган Қашқапашшага ҳамма бўлган воқеаларни сўзлаб берибди. Шунда худди шуни тоқатсизлик билан кутиб турган Қашқапашша қувонганидан чапак чалиб юборибди. Сўнг у Сўнага ҳужум қилиш режаларини оғизма-оғиз тушунтирибди. Қақшапашша Сўнани азонда Қорақуртхон ҳузурига жўнатибди. Сўна Қашқапашшанинг айтганларини Қорақуртхонга оқизмай-томизмай етказибди.
Режага асосан, Қорақуртхоннинг қонхўр сарбозлари эртаси тунда осойишта ётган халқ устига оч бўрилардай ҳужум бошлашибди. Улар хонадонларга ўт қўйибдилар, бегуноҳ кишиларни ўлдирибдилар. Душман тез ва шиддат билан ҳужум қилибди. Ярим кечага борганда Илоншоҳ саройини қамал қилибди ва ўз саройида айш-ишрат қилиб ҳеч нарсадан хабарсиз ўтирган Илоншоҳни амалдорлари билан бирга асир қилиб олибди. Бу босқинчиларга қарши курашмоқ учун Тошбақаполвон бошлиқ халқ оёққа турибди. Улар душман сарбозлари устига ҳужум қилиб, уларнинг кўпини қириб ташлашибди. Ўзлари эса душманнинг яхши қуроллари билан қуролланиб олишибди. Қуролланган халқ саройга ҳужум қилиб, уни ўз қўлига олибди. У ердан Илоншоҳни, унинг вазири Қашқапашшани, газанда амалдорларни, Қорақуртхон ва унинг амалдорлари ҳаммасини Тошбақаполвон бошчилигидаги халқ тириклайин ўтда куйдириб, кулини кўкка совурибди. Халқ Тошбақаполвонни ўзига подшо қилиб кўтарибди ва мамлакатга Хуррамобод деб ном қўйибди. Шу-шу Хуррамободнинг халқи тинч, озод ва фаровон ҳаёт кечираётган эмиш. Агар йўлингиз тушиб, Хуррамободга бориб қолсангиз, у ерлар ободлигини ва халқининг меҳмондўстлигини кўриб, оғзингиз очилиб қолармиш. Агар тўйида бўлсангиз, карнай-сурнайларнинг ғат-ғутидан, чирманданинг гижбангидан қулогингиз кар бўлиб, ҳушингизни йўқотармишсиз.