Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир чол бўлган экан. Чолнинг бир-биридан гўзал уч қизи бўлган экан. Чол бир куни бозорга бормоқчи бўлибди ва қизларига:
– Қизларим, мен бозорга кетяпман, сизларга нима олиб келай ? – депти.
Катта қизи:
– Менга чиройли кавуш олиб келинг, -депти.
Ўртанча қизи:
– Менга чиройли ойна олиб келинг,- депти.
Кичик қизи эса :
– Отажон, менга қип-қизил олма олиб келин, – депти.
Чол бозорга бориб, ўз ишларини битиргач, катта қизига кавуш, ўртанча қизига ойна олибди.
Кенжа қизига эса ахтариб-ахтариб сираям олма топа олмапти. Ниҳоят олма қидириб чарчаган чол бир йўловчидан:
– Биродар, бутун бозорни ахтариб олма топа оламадим, қаердан топсам бўларкин? – депти. Шунда йўловчи:
– Э отажон, ахтариб овора хам бўлманг, хамма олмалар илоншоҳнинг қўлида, -деб жавоб берибди. Кенжа қизини ўкситишни истамаган чол тоғлар орасида яшовчи Илоншохнинг олдига борибди ва :
– Э Илоншоҳ менинг кенжа қизим учун биттагина қизил олма бергин,-депти.
– Майли, – депти Илоншоҳ, – мен сенга битта қизил олма бераман, сен эса эвазига кичик қизингни менга хотинлика берасан.
Чол бу шартфа кўнмабди ва уйига бориб, бўлган воқеани қизларига айтибди. Олма олиб келмагани учун кичик қизи ҳафа бўлмапти. Орадан бир қанча вақт ўтиб чолнинг кичик қизига Илоншоҳдан совчи келибди. Лекин чол қизини илонга беришга унамай, совчиларга рад жавобини берибди. Совчилар бир неча марта келишиб, қуруқ қайтишибди. Шунда Илоншоҳ шаҳарга келадигон сувни тўсиб, халқни ташналикда қолдирибди. Ёш болалар, кексалар ташналикдан халок бўла бошлабдилар. Бу холни кўрган кенжа қиз:
– Отажон, пешонамда илонга хотин бўиш ёзилган экан, майли, мен розиман, мени Илоншоҳ ҳузурига олиб боринг, – депти йиғлаб.
Чол ҳам наилож йиғлай-йиғлай қизини Илоншоҳ ҳузурига олиб борибди.Илоншоҳ уларни ҳушнуд қабул қилибди ва сув бошига қилинган тўсиқни олдириб ташлабди. Қиз билан Илоншоҳнинг тўйи жуда дабдабали ўтибди. Тўйдан кейин Илоншоҳ кўркам ва паҳлавон бир йигитга айланибди. Уни Қоратоғда яшовчи бир жодугар қасдан сеҳрлаб илонга айлантириб қўйган, хамдашу чолнинг кенжа қизига уйлансангина сеҳрдан ҳалос бўлади, деб шарт қўйган экан. Йигит шоҳнинг ўғли экан. У кенжа қизнинг опаларини ҳам ўз мулозимларидан иккита яхши йигитга узатибди ва чол билан бирга қизларни ҳам саройга олиб келибди. Хаммалари умрларининг оҳиригача бахтли ва фароғатли яшаб, мурод-мақсадларига етибдилар.