Ҳазил сўроқлар ва сўз ўйини

Нима ҳамма тилда ҳам гапиради?
(Акс-садо)

Ниманинг беш бармоғи бору
Лекин бирорта ҳам тирноғи йўқ?
(Қўлқоп)

Нимага одам орқага ўгирилиб қарайди?
(Орқасида кўзи йўқ)

Одамзодда нима кўп?
(Умид, режа)

Одамда нима бўлмаса, нимали бўлмаса,
Нима қилмаса яшай олмайди?
(Ҳунари, илми бўлмаса, меҳнат қилмаса)

Дунёда нима чаққон?
(Фикр)

Дунёда нима югурик?
(Ўй)

Дунёда нима қиммат?
(Тўғрилик, ростлик)

Дунёда нима кўринмайди?
(Севги)

Қиличдан ўткир нима?
(Кўз)

Юқоридан пастга қараб ўсадиган нарса нима?
(Сариқ сумалак)

Типратикан қишда нима қилади?
(Ухлайди)

Юмуқ кўз билан нимани кўриш мумкин?
(Туш)

Кўприк устида кетаётган одам оёғининг тагида нима бор?
(Оёқ кийимининг чарми)

Дунёда бир нарса борки, у бўлмаса ҳеч ким бир-бирини танимайди, у нима?
(Исм)

Юки бўлса юради, юксиз тўхтайди.
Нима экан у?
(Осма соат)

Ҳар ким тўяр, ким тўймас?
(Бахил, ҳасадчи)

Қайси жойда дарёлар сувсиз,
Шаҳарлар уйсиз бўлади?
(Харитада)

Қайси ҳайвон бутун қиш бўйи бошини пастга қилиб ухлайди?
(Кўршапалак)

Қайси жойда осмон пастда бўлади?
(Сувда)

Қайси сўроққа ҳеч қачон «ҳа» деб тўғри жавоб бериш мумкин эмас?
(«Ухлаяпсанми?»— деган сўроққа)

Қайси вақтда соатга қараш мумкин эмас.
(Ухлаганда)

Кеча «эртага», эртага «кеча» бўладиган кун қайси?
(Бугун)

Ҳайвонлардан бирининг номини икки томондан ўқилса ҳам ўзгармайди. Бу қайси ҳайвон?
(Кийик)

Совуқда бир хил кийинган киши ва бола турибди, буларнинг қайси бири тезроқ совуқ ейди?
(Иккови ҳам)

Қандай идишни сира тўлдириб бўлмайди?
(Тешик идишни)

Денгиз остида қандай тош бўлмайди?
(Қуруқ тош)

Қандай соат бир суткада икки марта вақтни тўғри кўрсатади?
(Тўхтаган соат)

Топишмоқ сўзини қандай ўқиш мумкин?
(Чапдан ўнгга)

Уч оғайни қандай отни оқ далада елдиради?
(Уч бармоқнинг қалам ушлаб ёзиши)

Ёмғир ёғиб турганда, қарға қандай дарахтга қўнади?
(Ҳўл дарахтга кўнади)

Тушимда ёввойи ҳайвонлар мени талади, улардан қандай қилиб қутулиш мумкин?
(Уйғониб)

Учта тракторчининг Аҳмад исмли акаси бор. Лекин Аҳмад аканинг укалари йўқ. Бу қандай бўлади?
(Тракторчилар — аёллар, Аҳмад аканинг сингиллари)

Қора мушук қай вақт уйга осонгина кира олади?    
(Эшик очиқ бўлса)

Сув қаерда устундек туради?
(Қудуқда)

Қачон учни кўриб ўн беш деймиз?
(Кундуз соат 3 да)

Оғзида тиши йўқ одам тиш оғриғини қачон билади?
(Ит тишлаганда)

Бир жойда ёниб турган саккиз лампочкадан учтаси ўчса, нечта лампочка қолади?
(Саккизта лампочка қолади, чунки уч лампочка сингани йўқ)

Наҳорга нечта тухум ейиш мумкин?
(Битта, қолганлари наҳор деб ҳисобланмайди)

Сизга тегишли бўлган нимангизни сиздан кўра бошқалар кўпроқ айтади?
(Киши номи)

Олақарға ўзини «Мен қушман», деб айта оладими?
(Айта олмайди, чунки гапира олмайди)

Отамнинг ўғли, лекин менинг акам ҳам эмас, укам ҳам эмас.
Ким экан у?
(Менинг ўзим)

Беш ҳарфдан иборат бўлган сичқон ушлайдиган қопқонни топа оласизми?
(Мушук)

Бир оилада чолу кампир яшайди. Уларнинг икки ўғли бор. Ҳар бир ўғлининг биттадан синглиси бор, Шу оилада нечта жон бор?
(Бешта: чолу кампир, икки ўғил, бир қиз)

Уйнинг ҳар бурчагида биттадан мушук ўлтирибди. Ҳар бир мушукнинг рўпарасида биттадан мушук ўлтирибди.
Ҳаммаси қанча мушук?
(Тўрт мушук)

Бир киши ўзининг ўртоқларига бир боланинг суратини кўрсатиб шундай дебди:—Менинг эр ҳам қиз туғишганларим йўқдир. Лекин бу боланинг отаси менинг отамнинг боласидир.
(Ўзининг сурати)

Кунлардан бир кун чол ўғлига ўттиз тийин бериб шундай дебди:
— Ўғлим, шу пулга нарса олиб келгинки, биз ҳам, товуғимиз ҳам, қўзимиз ҳам тўядиган бўлсин.
Айтинглар-чи, бола нима олиб келиши керак?
(Қовун)

Анҳор бўйида уч қарағай ўсади. Уларнинг ҳар бирида учтадан йўғон шохи бор, ҳар бир йўғон шохида бештадан новда бор. Ҳар бир новдада етти донадан олма бўлса, ҳаммаси бўлиб нечта дона олма бор?
(Битта ҳам олма йўқ, қарағайда олма бўлмайди)