Икки аҳмоқ

Бир отлиқ киши мачитнинг олдидан ўтиб кетаётиб, ўтирган икки кишига салом берибди. Иккаласи бирдан алик олибди. Отлиқ кетгандан кейин иккала ўтирган талашибди.
Бири: «Нега сен алик олдинг? У саломни менга берди-ку», деганда иккинчиси туриб: «йўқ, у саломни менга берди», дебди.
Шу ерда иккаласи отлиқдан сўрамоқчи бўлиб, унинг орқасидан югуришибди.
— Сиз, саломни кимга бердингиз? — деб сўрашибди ундан. Шунда салом берган киши ичида: «Ҳа, булар жуда ҳам аҳмоқ экан», деб:
— Қайси биринг аҳмоқ бўлсанг, ўшанингга бердим, — дебди.
Шунда бири туриб:
— Мен аҳмоқ, — деганда иккинчиси туриб: — Мен сендан ҳам аҳмоқ, — дебди.
Отлиқ:
— Қани бўлмаса сен қанақа аҳмоқсану, сен қанақа аҳмоқсан? — деб сўрабди.
Бири:
— Бир вақт мен мактабда домла эдим. Бир кун болаларим сув турган хумга қараб аксини кўриб: «Ҳе… тақсмр, хумнинг ичига болалар тушиб, ҳаром қилибди», деганда, «қайси бири хумнинг ичидан чиқса ура беринглар», деб хумнииг ичига бошимни суқиб қарасам, ҳеч нарса йўқ. Ўзим бошимни кўтарганда, бирдан болалар мени уриб кетишди. Шунда: «Мен домлаларинг бўламан», демаган аҳмоқман, —дебди.
Иккинчиси:
— Мен бир вақт касал бўлганимда ҳаким «қирқ кунгача гўшт, тухум емасдан парҳез қилгин», деб тайинлаган эди. Бир кам қирқ кунга қадар сабр қилиб, қирқинчи куни уйдагилар тухумли овқат қилган экан, ҳа, энди бир кунга ҳеч нарса бўлмас деб, бир тухумни арчиб, энди оғзимга солган эдим, ҳалиги ҳаким келиб қолди. Мен тухумни лунжимга олиб туриб қолдим. Табиб мендан: «Нега бетинг шишиб кетди», деб сўради. Мен табибнинг парҳезидан қўрқиб, «тишимнинг оғриғига бетим шишиб кетди», дедим. Ҳаким: «Бай-бай, ёмон бўлибди-ку», деб ёнидан ништарини олиб, бетимни кесиб, оқни оқ, саригини сариқ қилгунча, «тухум» демаган аҳмоқман, — дебди.
Ундан кейин отлиқ: «Тоза аҳмоқларга йўлиққан эканман. Икковинг ҳам чинакам аҳмоқ экансан», деб кета берибди.