Бир подшонинг Аловуддин деган яқин қариндоши бор экан. Аловуддин асаб касаллигига йўлиқиб, жинни бўлиб қолибди. Хаёлида гўё у ҳўкиз бўлиб қолган экан. Кеча-кундуз у ҳўкиздек мўрар ва:
— Мен ҳўкизман, мен ҳўкиз, — деб бўкирар экан.
Уни қанча табиблар боқиб, удда қилиша олмабди. Касали кундан кун зўрайиб кетаверибди. Охири шу даражага етибдики, у ҳеч нарса емай, ичмай:
— Мен ҳўкизман, қассобни чақиринглар, мени сўйсин, — деб мўрар экан. Бир неча кун ўтиб, ўлар ҳолатга етибди. Қариндош-уруғлари нима қилишни билолмай довдираб қолишибди.
Охири улар подшо ҳузурига боришибди ва Аловуддинни Ибн Синога кўрсатишни илтимос қилишибди. Подшо Абу Алини чақиртирибди.
Абу Али келиб Аловуддиннинг қариндош-уруғларидан унинг қачон касал бўлганлиги, касалликнинг қандай кечиши ҳақида батафсил сўраб олибди. Сўнг ишнинг нимадалигини тушунибди-да:
— Беморга қассоб келди деб айтинглар, — дебди, — ҳозир келиб сени сўяди, денглар.
Эртасига Абу Али катта бир пичоқ ва қайроқ тош олиб касал тепасига келибди. Ибн Синони пичоқ билан кўрган жинни хурсанд бўлиб кетибди:
— О, қассоб, мен ҳўкизман, мени дарров сўйгин-да, меҳмонларга қовурма қилиб бер, — дебди.
— Ҳа, мен ҳам худди шунга келдим, ҳозир сўяман, — дебди Абу Али тошга пичоғини қайраб.
— Буни боғга олиб чиқинглар, — дебди хизматкорларга, — арқон билан бир жом ҳам олиб чиқинг.
Шундай қилишибди.
Боғда Абу Али арқон билан касалнинг оёқ-қўлини боғлатибди. Томоғи тагига жомни қўйибди ва бўғзига пичоқни қадаб, ўзи бир қўли билан унинг сонларини силаб туриб бирдан:
— Эѕ бўлмас экан, — дебди, — Сен жуда озғин экансан-ку! Мана қара, қуруқ суяк бўлиб қолибсанѕ Сендан ҳеч нима гўшт чиқмайди, чиққанини ҳам еб бўлмайди. Меҳмонлар бундай қовурмани ейишмайди. Мен сени сўймайман, яхшиси бориб семизроқ мол топиб сўяқолай, ечинглар буни! — дебди.
Бу сўзларни эшитган телба ҳиқиллаб йиғлай бошлабди.
— Мени сўйинг, сўяқолинг, — деб ялинибди Абу Алига.
— Сен семизроқ бўлганингда сўярдим, — дебди Абу Али. — Қуруқ суяк мол кимга керак? Бу аҳволда гўштинг кимга керак. Агар сен бироз семирсанг, шундагина мен келиб сўйишим мумкин, шундагина сени сўйиб гўштингни ҳаммага тарқатаман.
— Хўп, хўп, — дебди касал, — мен семираман.
— Сен ўзинг семиролмайсан, — дебди Абу Али. — Мен ўзим сени боқиб семиртираман. Кейин сўяман. Бунинг учун мен нима берсам ҳаммасини ейишинг ва ичишинг керак бўлади.
— Хўп-хўп, — дебди яна касал.
Ибн Сино унга фойдали овқатлар буюрибди. Овқат билан керакли дори-дармонлар ҳам, даво ўтлар ҳам берибди.
Шундай қилиб, Ибн Сино айтган овқатларни еган сайин касалнинг асаби ҳам, соғлиги ҳам жойига тушиб, бутунлай тузалиб кетибди.