Жоҳил подшо ва Абу Али

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир подшо бор экан. Унинг бир суюкли хотини ва бир қизи бор экан. Подшонинг хотини бедаво дардга чалиниб, қаттиқ касал бўлиб, ётиб қолибди.
Подшо мамлакатнинг барча қишлоқ ва шаҳарларидан табиблар чақиртириб, хотини дардига даво топишни буюрибди.
Уларнинг даволашлари ҳам, дори-дармонлари ҳам зое кетибди. Бемор ҳеч тузалмабди. Унинг аҳволи кундан кунга оғирлашиб, охири дунёдан кўз юмадиган бўлибди.
Ўлим ҳақ эканлигини тушунган хотин эрини чақириб, унга охирги истагини билдирибди.
— Тақдир экан, менинг ҳаётим қуёши ботмоқда, мен оламдан ўтаман, — дебди хотин. — Сиз бошқага уйланасиз, фақат бир истагим бор: хушахлоқ, раҳмдил, болажон ва меҳрибон бир аёлга уйланинг, токи у қизимнинг кўз ёшини оқизмасин.
Подшо ваъда берибди. Хотин дунёдан ўтибди. Орадан бир неча йиллар ўтиб кетибди. Бир куни қизи подшога:
— Отажон, нега уйланмайсиз? — дебди.
— Қўрқаман, қизим, — дебди подшо. — Уйимизга бегона хотин келиб, сени хафа қилиб қўймасин, деб қўрқаман. Агар келган аёл сен билан чиқиша олмаса, мен онанг руҳи олдида гуноҳкор бўламан. Агарда сен менинг уйланишимни жуда-жуда истасанг, унда ўзинг бир хотин топ, у сенинг дидингга мос бўлсин ва сенга ўз онангдек меҳрибон бўлсин.
— Хўп бўлади, — дебди қиз ва отасига ёқадиган хотин излаб кетибди. Сўроқлай-сўроқлай бир жувонни топибди-да, отасини уйлантирибди.
Дарҳақиқат, жувон худди отаси айтгандек, бағрикенг, кўнгли сахий, барчага меҳрибон аёл экан. Қизни ўз фарзандидек кўрибди. Улар она-боладек тотув яшаб кетишибди.
Аммо тақдирни қарангки, бу бахтли ва осуда ҳаёт ҳам узоққа чўзилмабди. Орадан бир йил ўтар-ўтмас бу хотин ҳам касалга чалинибди. Унинг ўнг томони фалаж бўлиб қолибди. Унинг ўнг қўл, ўнг оёғи ишламай қолибди, ўнг кўзи кўрмас, ўнг қулоғи эшитмас экан.
Подшо бош табибни чақиртирибди. У барча табиблар ва шогирдлари билан маслаҳатлашиб, дори-дармон қилибди. Лекин ҳеч нафи бўлмабди. Подшога хабар беришибди. Подшонинг ғазаби қўзиб кетибди.
— Бу қаллоблар халқдан пул ундиришни билар эканлар, холос, — деб шовқин солибди у, — халқни шилиб ейдилар-у, уларнинг муолажасидан ҳеч кимга наф йўқ. Улар фақат ярми касал бўлган хотинимни ҳам тузата олмабдилар. Бундай билимсиз табиблар кимга керак?! Қирқ кун муҳлат бераман: ё хотинимни тузатишади, ё мамлакатдан ҳаммасини қувиб чиқараман!
Буни эшитган табиблар оёғи куйган товуқдай питирлашиб қолишибди. Табиббоши уларни йиғиб маслаҳат бошлабди:
— Бу подшоҳ бекор гапирмайди, — дейишибди улар. — У айтганини қилади. Бир чора топмасак, бизларни сарсон-у саргардон, халқ олдида шармандайи шармисор қилади. Кейин ҳеч ким бизга келмай қўяди.
Маслаҳат жанжалга айланиб, узоқ давом этибди. Ҳар бири ўзининг гапини маъқуллаб, ўзганикини рад этар экан. Шундай қилиб улар узоқ вақт бир қарорга келиша олмабди. Охири улардан бири:
— Фалон жойда бир шаҳар бор. Ўша ерда Абу Али ибн Сино исмли ёш табиб яшайди. У тиббиёт илмини жуда яхши билар эмиш, биз билмайдиган нарсаларнинг кўпидан хабардор бўлса керак. Ўшанга одам юбориб, мактуб билан мурожаат этсак, ажабмаски, ҳолимизга ачиниб ёрдамга келса. У, албатта, бу дарднинг давосини топса керак.
— Жуда яхши, — дейишибди ҳаммалари.
Шу заҳотиёқ хат ёзишибди-да, ораларидан икки кишини вакил сайлаб Абу Али шаҳрига чопар қилиб юборишибди.
Мактуб бориб етиши билан Ибн Сино эртасигаёқ йўлга чиқиб, шаҳарга етиб келибди.
Табиблар уни кутиб олиб, подшо саройига олиб боришибди. Улар подшо тахти олдида ер ўпиб салом беришибди ва:
— Биз олампаноҳ завжияларини муолажа этгали келдик, — дебди табиббоши. — Берган муҳлатингиз қирқ кун тўлмасдан бурун аёлингизни соғ-саломат кўргайсиз, деган умид билан келдик.
— Иншооллоҳ, — дейишибди қолган табиблар.
— Анави навқирон йигит ким? — дебди подшо бир чеккада индамай турган Абу Алига ишора қилиб. Мен уни биринчи кўришим.
— Бу бухоролик олим Ҳусайн, — дейишибди улар. — Хотинингиз дардининг давосини шу йигит билади.
— Хўп, ундай бўлса, сизлар нима қилиб юрибсиз, барчангиз йўқолинг бундан. Абу Алининг ўзи қолсин.
Ҳаммалари чиқиб кетишибди. Подшо аввал ҳам Абу Али ҳақида эшитган экан. Эндиликда эса, шундай донишманд олимнинг келганига ўзида йўқ севиниб кетибди. Ибн Синога алоҳида уй ажратиш, икки хизматкор ва икки жория ажратиш ҳақида буйруқ берибди. Улар Абу Алининг айтганини дарҳол бажо келтиришар экан.
Икки кундан кейин подшо Абу Алини ҳарамга олиб келибди.
Ибн Сино бемор хотин билан парда орқасидан суҳбатлашиб, унинг касали нимада эканини билиб олибди ва подшога юзланиб:
— Хотинлар ҳаммомини ёқишга буюринг, — дебди. — Ҳаммом қизиши билан беморни олиб кириб ётқизишсин ва ёлғиз қолдириб чиқиб кетишсин. Сўнг нима қилиш кераклигини айтаман.
Ҳаммомни ёқиб, беморни иссиқхонасига олиб кириб ётқизиб чиқишибди. Абу Али эса чўрилардан бирини чақирибди. Уни эркакча кийинтирибди, мўйлов ёпиштирибди ва:
— Ана энди ҳаммомга кигин-да, бемор хотинга ёпиш. У додлаб қочса, қўлидан маҳкам ушлаб ўзингга торт, — дебди.
Чўри худди шундай қилибди. У ҳеч кимга кўринмай бемор ёнига кирибди. Подшо хотини “еркак” кишини кўриб, чўчиб кетибди ва бақира бошлабди. Бир қўлини ерга тираб ўрнидан қўзғалибди. Чўри эса унинг қўлидан маҳкам ушлаб бағрига торта бошлабди. Бемор ундан қутулиб қочишга интилибди. Қаттиқ ваҳимадан кўзлари ола-кула бўлиб, қандайдир куч-қувват пайдо бўлибди. Фалаж қўл-оёқлари ҳам ҳаракатга келибди.
Подшо бўлса ўзининг қабулхонасида ўтирар экан. Бир маҳал унинг кўнглига шубҳа тушибди. “Ўз қўлим билан жуфти ҳалолимни яланғочлаб ҳаммомда қолдиришга буйруқ бердим”, деб ўйлабди у, “синалмаган бу табиб кириб уни яланғоч кўрса нима бўлади?! Унда бу хотин менга ҳаром бўлади-ку!” Подшо шундай хаёллар билан жойида ҳам тинч ўтиролмай ҳаммом томон йўл олибди. Ҳаммом томига чиқиб, гумбаздаги дарчадан қарабди. Не кўз билан кўрсинки, бир эркак киши хотинини оғушига тортаётган эмиш. Хотини эса унга қарши олишаётган эмиш.
— Ё Аллох, — деб томдан сакраб тушибди подшо. — Мен нима қилиб қўйдим?! Шарманда бўлдим-ку! Энди бу иснодга қандай чидайман?!
Аммо хотинининг бегона эркакка қарши олишётганини ўйлаб бироз тинчланибди. Бироздан кейин яна ўзини ўзи койий бошлабди: “Шармандалик эвазига тузалишининг нима кераги бор?! Йўқ, бўлмайди, энди у менга ҳаром! Бошқа эркак уни яланғоч кўрса-ю, мен уни хотин қилсам? Йўқ, энди ундай хотин менга керак эмас! Мен уни ҳам, Абу Алини ҳам ўлдираман. Ҳар иккисининг ҳам бошини узаман!..”
Подшо шундай ўйлар билан ўз хонасига кириб кетибди. Деворда осиғлиқ қиличини олиб, ҳаммомга югурибди. Жаҳл билан ҳаммом эшигини очиб ичкарига қадам ташлабди.
Қилич кўтариб кирган подшонинг важоҳатини кўрган чўри хотин ишнинг тагига етибди ва тезда мўйловини юлиб ташлаб, бошидаги салласини олиб ерга урибди. Соч ўримлари елкасига тушибди.
Подшо ҳайрон қолиб қўлидаги қиличи тушиб кетибди. Бемор хотин ҳам ҳайратидан лол қолибди. Учаласи бирор сўз деёлмай бир-бирларига қараб туришибди.
Подшо ўзига келгач, тез-тез қадам ташлаб ҳаммомдан чиқиб кетибди. Тўппа-тўғри тахтига бориб ўлтирибди-да, Ибн Синони чақиртирибди.
— Абу Али, — дебди подшо, ҳузурига табиб етиб келгач, — Бу нима қилганинг? Бу найрангбозликнинг сири нимада? Ўтакамизни ёрдинг-ку!
— Шундай қилмасам бўлмасди, шоҳим, — дебди Абу Али. — Хотинингиз дардининг давоси шул эди. У қаттиқ ҳаяжон ё қўрқувга тушмаса, тузалмас эди. Жуфти ҳалолингизни номаҳрам эркак яланғоч кўрмасин, деб шундай ҳийла ишлатдим. Чўри хотинни эркакча кийинтириб ҳаммомга киритдим. Мана, бемор хотинингиз шифо топди.
Подшо ўзида йўқ суюнганидан Абу Алига беҳад совғалар берибди, улар орасида икки ғулом ва икки канизак ҳам бор экан.
— Яна нима истайсан? — дебди Абу Алига. — Тила. Барча истагингни бажо келтираман.
— Олампаноҳ, — дебди Абу Али, — Менга ҳеч нарса керак эмас. Эшитишимга қараганда, саройингизда катта кутубхона бор эмиш. Унда “кимё”, “лимё”, “симё” фанларига оид китоблар бор эмиш. Бу китобларда сир кўп. Араблар бу илмларни “Куллуҳу сиррун”, яъни дунёнинг “ҳамма сирлари” деганлар. Менга рухсат этсангиз, мен кутубхонангизга кириб, шу китобларни ўргансам.
Подшо кутубхона калитини Абу Алига тутиб, дебди:
— Мана ол, бориб ҳаммасини ўқи, хоҳлаган жойларини ёзиб ол.
Абу Али жуда севиниб кетибди. У узоқ вақт кутубхонадан чиқмай, китоб мутолаа қилибди, керак жойларини кўчириб, ёзиб олибди. Охири у ҳар бири минг саҳифалик бешта китобни ажратиб олиб, роса ёдлабди ва қўшимчалар қилиб, тўлдириб, қайта ёзиб чиқибди. Сўнгра у подшо ҳузурига келиб:
— Шоҳим, мен ўз шаҳримга кетмоқчиман, онам менга интизор бўлиб кутиб ўтиргандир, ижозат берсангиз у билан дийдор кўришсам, — дебди.
— Йўқ, — дебди подшо, — сен шу ерда қолиб, доим менинг ёнимда, менга шифокор бўлишинг керак.
Абу Али индамай ғамгин уйига йўл олибди.
Подшонинг қизи бу гапдан хабар топиб, отаси ёнига етиб келибди.
— Отажон, — дебди қиз, — агар сиз Абу Алининг бу ерда қолиб кетишини истасангиз, уни ўзингизга куёв қилиб олинг.
— Йўқ, — дебди подшо, — мен ундай қилолмайман. У сенинг тенгинг эмас. Ундай қилсам аъёнлар ва боёнлар мендан куладилар.
Подшонинг бу гапи Абу Али қулоғига етибди ва унга қаттиқ ботибди. У подшо ҳузурига бир хизматкорини йўллаб дебди:
— Бор, подшога бориб айт, мен бунда туролмайман. Илм-у фаннинг қадрига етмайдиган, нодон, жоҳил амалдорларни олимлардан юқори қўядиган подшо қўл остида бир кун ҳам яшай олмайман!
Шу сўзлар билан хизматкорини жўнатиб, ўзи кечаси шаҳардан чиқиб кетибди.
Абу Али қочиб кетаверсин, энди сўзни подшодан эшитинг.
Хизматкор бориб Абу Али сўзларини подшога етказибди. Унинг ғазаби қўзиб:
— Боринг, ўша тилига кучи етмаган ярамасни менинг ҳузуримга олиб келинг! — деб буюрибди.
Навкарлар югуриб боришибди. Аммо “Карвон ўтиб, манзил ҳувиллаб қолди,” деганларидек, Абу Алидан ном-у нишон топишолмабди.
— Абу Али бошқа шаҳарга қочиб кетибди, — дейишибди подшога келиб.
— Нега энди уни қочирдинглар, ким қочирди! — бақирибди подшо. — Усиз энди мен нима қиламан!
— Биз унинг сиз билан аччиқлашиб қолганидан бехабар қолибмиз, — дейишибди мулозимлар. — Унинг қочиб кетишини хаёлимизга ҳам келтирмабмиз. Агар билганимизда ушлаб қолардик.
Подшо Абу Алини тутиш режаларини ўйлаб ўйига етолмабди ва қизига:
— Энди нима қиламиз? — дебди.
— Ҳозироқ одам юбориб шаҳримиздаги ҳамма наққош-мусаввирларни йиғинг, — дебди қиз. — Уларга Абу Алининг суратини қирқ нусха чиздиринг. Кейин суратларни сизнинг фармонингиз билан қўшиб барча шаҳар ҳокимларига жўнатамиз. Улар расмларни шаҳар дарвозаларига осиб қўйишади. Абу Али пайдо бўлса, соқчилар уни тутиб, шаҳар ҳокимига топширишади. Ҳоким эса унинг қўл-оёғини боғлаб сизга жўнатади.
— Баракала, қизим! — дебди подшо, — Жуда яхши тадбир топдинг.
Подшо қизининг айтганини бажо келтирибди.
Аммо дўстлари бу гапларни Абу Алига етказишибди. У зудлик билан подшо қўл остидаги шаҳарлардан ўтиб кетибди.
У қирқ кеча-ю қирқ кундуз йўл юриб, Алванд тоғи этакларига етибди. У ерга чодир тикибди ва барча дўстлари, шогирдларини таклиф қилибди.