Гулшоҳ билан Варқа

Ўтган замонда бир подшоҳ бор экан. Унинг Гулшоҳ деган қизи бор экан. Подшоҳнинг бир дўсти бўлиб, унинг Варқа деган ўғли бор экан. Варқа билан Гулшоҳ иккиси бир мактабда ўқишар экан.
Варқа билан Гулшоҳ мактабда ўқиб юрганларида бир-бирини севиб қолишган экан. Аммо Варқанинг отаси камбағал экан. Варқа ўсиб, улғайиб паҳлавон бўлиб етишибди. У мамлакатдаги энг катта паҳлавонлар билан кураш тушиб, уларни ҳам енгибди, паҳлавонликда донг қозониб, машҳур бўлибди.
Варқанинг отаси вафот қилибди. Кунлар кетидан ойлар, ойлар кетидан йиллар ўтибди. Варқа Гулшоҳни сўратиб, подшоҳга совчи юборибди. Подшоҳга бу ёқмабди, чунки Варқа ҳам етим, ҳам камбағал. Лекин у кучли паҳлавон, ундан паҳлавонлар қўрқар, подшоҳ ҳам ҳайиқар экан. Подшоҳ қизини берай деса камбағал, бермай деса паҳлавон. Бунинг устига Варқанинг отаси подшоҳнинг дўсти эди. Подшоҳ вазирларини чақириб маслаҳатлашиб, Варқани бошқа мамлакатга жўнатмоқчи бўлибди.
Подшоҳнинг тоғаси Рум шаҳрининг подшоҳи экан. Бошқа бир подшоҳ Рум шаҳри билан урушаётган экан. Гулшоҳнинг отаси Варқани Румга юбориш фикрига тушибди. Бундан мақсад Варқа жангда ўлиб кетса, Гулшоҳни бошқага бериш экан.
Подшоҳ Варқани чақириб олиб:
— Паҳлавон йигит, Рум шаҳрининг подшоҳи менинг тоғам бўлади. У душман билан жанг қилмоқда. Агар Румга бориб, тоғамга ёрдам берсанг, кўп мол-дунё орттириб келсанг, шунда қизимни бераман, — дебди.
Варқа:
— Мени олти ой кутинглар, олти ойда келмасам, Гулшоҳни бошқага бераверинглар, — дебди.
Варқа Румга жўнабди. Бир қанча кун йўл юриб жанг майдонига етибди. Рум подшоҳи жангчилари томонида туриб, душманга қарши курашибди. Бир неча кунда ёв қўшинларини енгибди. Рум подшоҳи душманнинг таслим бўлганини кўриб, Варқанинг қаҳрамонлигига қойил қолибди ва унинг кимлигини сўрабди. Варқа ўзини танитгач, подшоҳ уни яхши кутиб олибди-да:
— Тила тилагингни, — дебди.
— Эй, подшоҳи олам, султони бокарам, — дебди Варқа, — мен Яман подшоҳининг қизи Гулшоҳни севаман. Подшоҳ “Бойлик орттириб келсанг, қизимни бераман”, деган эди. Олтин-зар, қимматбаҳо нарсалар берсангиз, қизни олишга ёрдам берган бўлардингиз.
Подшоҳ Варқага бир қанча от, туяларга олтин-зар ва қимматбаҳо нарсалар ортиб берибди. Варқа йўлга чиқибди.
Шу вақтда Варқанинг ўз юртига қайтиш муддати битай деб қолган экан.
Яман подшоҳи қизини бошқа мамлакат подшоҳига хотинликка узатиб, Варқанинг келишига бир ҳийла ишлатибди.
Бир қўйни сўйиб, уни кафанга ўратиб, “Гулшоҳ ўлди” деб халққа эълон қилибди ва уни мозорга олиб бориб кўмибди. Подшоҳ ва фуқаро мотам тутиб, ҳамма қора кийинибди, тахт-равоқларга қора байроқ тутилибди, мамлакат қорага бўялибди.
Гулшоҳ узатилаётганида, тўй куни қайғуриб, нима қилишини билмай, ўзининг энг яқин канизакларидан бирини чақирибди, қимматбаҳо узугини бармоғидан чиқариб:
— Мана бу узукни ол, Варқа келса, унга бер, мендан ёдгорлик, — дебди.
Энди гапни Варқадан эшитинг. Бир неча кун йўл юриб, ҳориб-чарчаб, ўз юртига етиб келибди. Қараса, мамлакатнинг шаҳар, қишлоқлари қорага бўялган эмиш. Халқ эса қора кийим кийган эмиш. Варқа йўлда одамлардан:
— Нимага ҳамма ёқ қорага бўялган, одамлар қора кийинган? — деб сўраса:
— Гулшоҳ ўлди, — деб жавоб беришибди.
Варқа бир оҳ чекиб ўзидан кетибди. Бир қанча вақтдан сўнг ўзига келса, атрофини кишилар ўраб олган эмиш.
Варқа аламдан бағри эзилиб, мадори кетиб уйига келибди. У қайғуриб, озиб-тўзиб кетибди. Бир неча кун ўтгандан сўнг Варқанинг келганидан хабар топган каниз келиб, Варқага Гулшоҳнинг узугини бериб, шундай дебди:
— Гулшоҳ ўлгани йўқ. Подшоҳ халққа билдирмай, уни Фаранг шаҳри подшоҳига узатиб юборди. Гулшоҳ мени “ўлди” деса ишонмасин, деб шу узукни берди. Менга ишонмасангиз гўрни очиб қаранг, шунда қўй ётган эканлигига ишонасиз.
Варқа гўрни очиб қараса, канизак айтганидай ҳақиқатан қўй эмиш.
Варқа ғам-ғусса чекиб, рангги-рўйи кетиб, хароб бўлибди. Бунинг устига Румдан олиб келган мол-дунёсини ҳар томонга сочиб, ўзи қаландарга ўхшаб қолибди.
Варқа узукни олиб Фаранг шаҳрига қараб равона бўлибди. Энди Варқа йўлда кета берсин, икки оғиз сўзни Гулшоҳдан эшитинг.
Гулшоҳ Фаранг подшоҳиникига борганда:
— Сиз мени бекор олдингиз, менинг севган ёрим бор. Барибир мен сизга тегмайман, — дебди.
Подшоҳ:
— Сенинг севган ёринг бўлса, мен сени синглим деб биламан, мендан хавфсирама, мен сени ёрингга етиштиришга ёрдам бераман, — дебди.
Гулшоҳ:
— Менга баланд равоқ солдириб беринг, — дебди.
Подшоҳ унга тилло равоқ қурдириб берибди. Гулшоҳ равоққа чиқиб: “Кўчадан мусофир ўтса менга айтинглар”, дебди хизматкорларига.
Варқа Фаранг шаҳрига етиб келибди. Унинг мусофир эканини билгач, хизматкорлари Гулшоҳга хабар берибди.
Гулшоҳ Варқани кўриши биланоқ танибди. Иккиси бир-бири билан кўришиб, ҳушидан кетибди. Ҳушларига келишиб, яна сўзлашиб ўтиришибди.
Фаранг подшоҳи Варқанинг келганини эшитиб, иккисига алоҳида уй ясатиб, уйга таклиф қилиб, ўзи чиқиб кетибди.
Гулшоҳ билан Варқа уйда ўтириб, бир-бирига ғазал айтишибди. Подшоҳ уларнинг айтишувларини уйнинг орқасидан эшитиб турган экан. Иккиси ғазал айтишиб бўлгач, Варқа:
— Сен подшоҳнинг никоҳида бўлсанг, мен сени олишим нотўғри, мен сени олсам подшоҳга хиёнат қилган бўламан, — дебди. Буни эшитган қиз ўксиб-ўксиб йиғлабди. Подшоҳ Варқага қойил қолибди.
Лекин Гулшоҳнинг йиғлаганига раҳми келиб, ичкарига кирибди:
— Нега йиғлайсан, синглим? — деб сўрабди. Гулшоҳ:
— Варқа кетаман деяпти, шунга йиғлаяпман, — дебди.
Варқа подшоҳ ва қизнинг “кетма” деб ёлборишларига қарамай, йиғлаб-йиғлаб йўлга равона бўлибди. Юриб-юриб мадори қурибди, азоб-уқубатдан ўларга яқинлашибди. Бир мозорга етганда ўтиб кетаётган қаландарларни кўрибди. Уларга:
— Шаҳарга бориб, Гулшоҳга Варқа ўлди, деб хабар бериб қўйинглар — дебди-ю, жон берибди.
Қаландарлар шаҳарда Гулшоҳнинг равоғи тагидан ўтаётиб айтибдилар:
— Варқа деган йигит мозорда ўлаётиб, хабар бериб қўйинглар, деб айтган эди, — дебдилар.
Гулшоҳ равоқдан тушиб, подшоҳга воқеани айтибди. Қиз подшоҳ билан мозорга борибди. Гулшоҳ йигитни кўриб, устига ўзини ташлаб, ҳушидан кетиб, у ҳам вафот этибди.
Подшоҳ иккисига ҳам ачиниб, кўп йиғлабди. Иккисига мақбара қурдириб, олтиндан қўрғон солдириб, ўзи ҳам ўша ерда яшабди. Подшоҳ ўз тахти ва бойлигини ташлаб, қаландар бўлиб қолибди. У қиз билан йигитнинг мозорини боғларга айлантириб юборибди, уни Боғи Эрам деб атабдилар.