Гаранг

Бор экан, йўқ экан, Қўқон томонда Янги қишлоқ билан Тошкент гузари ўртасида Тожик қишлоқ деган жой бор экан. У Тожик қишлоқда Боймат деган бир бой бор экан. У бойнинг юзта қўйи бор экан. Бой қулоғи эшитмайдиган кар экан.
Бир куни бой қўйчивонини “Қўйни тузук боқмайсан”, деб сўкиб, калтак билан уриб, тумшуғини буриб, нарироққа кеткизворган экан.
“Қўйим оч қолмасин”, деб ҳалиги гаранг бойнинг ўзи қўйини олиб, олдига солиб, ҳайдаб кеткизиб, далага еткизиб, қўйни яйратиб ёйиб, ўзидан койиб, бир толнинг тагида ухлаб қолган экан.
Уйғониб, ўрнидан туриб, аққа-баққа қараса, қўйи кўринмас эмиш. “Бу қўйни қандай қилиб топаман”, деб кўп хафа бўлиб аққа-баққа қараса, узоқдан бир одам келаётган экан.
У келаётган ҳам гаранг экан. У гарангга бу гаранг: “Ҳў… ўртоқ, ўша ёқда қўй-пўй кўрдингми?” деб сўрабди. ”Қаердан келаётибсан?” деб сўради шекилли, деб қўлини ишора қилиб “Мен, хў… Ачавотдан келяпман”, деб қўлини силтабди иккинчиси.
Гаранг бой “Қўй шу ёқда бўлса керак”, деб нарироққа бориб, қўйни кўриб қолибди.
Қўйларнинг бир чуқурда ўтлаб юрганини кўриб, хурсанд бўлиб, ҳалиги гарангни етаклаб, қўйлари олдига олиб борибди. Гаранг бой унга: “Сиз менинг қўйларимни мана бу ерда юрганини кўрсатиб қўймаганингизда, мен бошқа ёқни излаб кетардим. Қўйларни кўрсатиб қўйганингиз учун мана бу чўлоқ қўйни сизга бердим, олиб бориб, бола-чақангиз билан мени дуо қилиб, сўйиб енг”, дебди.
Гаранг киши бу сўзларни эшитмай: “Мен сенинг қўйингга тош отганим йўқ. Ўзи чўлоғ-у, нега менга товонини тўлагин, деб айтасан”, дебди.
Гаранг бой:
— Менинг қўйимни “Ҳў, атта”, деб кўрсатганинг учун шу чўлоқ қўйни бераман. Семизини бермайман, — деб иккови суришиб, бир-бирови билан уришиб турганида бир одам шу ердан эшак миниб ўтиб кетаётган экан. У ҳам гаранг экан.
— Ака, мана бу кишига “Ҳў ана у ерда қўйинг ётибди”, деганига шу чўлоқ қўйни берсам, семизини берасан, деб жанжал қилиб ўтирибди, шу дегани тузукми? Шу чўлоқ қўйни олса, индамай қолса бўлмайдими? — дебди.
Гаранг киши эса:
— Тош отганим йўқ, ўзи асли чўлоқ бўлган қўйнинг товонини бергин, деб мени ушлаб, жағимга муштлаб ўтирибди. Шу қилгани дурустми? — дебди.
— Бу эшагимни уч тиллага сотиб олганимни маҳалладагиларнинг ҳаммаси билади, — деб эшак минган гаранг икки гарангнинг гапини эшитмасдан, эшакдан тушиб булар билан муштлашиб, бир-бирини ушлашиб, нарироққа борса, бир пахсакаш пахса ураётган экан, шериги аразлаб кетиб қолган экан, пахсакаш ҳам гаранг экан. Учаласи унга арз қилибди.
Гаранг бой:
— Қўйни “Ҳу ана шу ерда” деб кўрсатганига чўлоқ қўйни берсам, олмасдан, семизини бер, деб мени қистаб ўтирибди, — дебди.
Иккинчи гаранг эса, “Мен тош отганим йўқ, чўлоқ бўлган қўйнинг товонини тўлаб бер, деб турибди”, дебди.
Эшак минган гаранг: “Шу эшакни уч тиллага сотиб олганимни маҳаллада ҳамма билади, эшак ўзимники, мана бу меники, деб олмоқчи-ю, эшак меники деб буниси мендан эшакни шунга олиб бермоқчи-ю, мен пиёда қолмоқчи. Шуни сиз ажрим қилиб берсангиз” деса, буларнинг гапини пахсакаш гаранг эшитмасдан: “Эгаси ўлчаб берган, эллик етти қулоч девор, эгаси келиб “баракалла”, деб кетади. Сен лойини пиширмабсан, қийшиқ-қинғир урибсан, дейсан”, деб белкураги билан учовини уриб, бошини ёриб, тўрттови бир-бири билан муштлашиб, бир-бирини ушлашиб, қозининг олдига борган экан.
Боришса, қози ҳам гаранг экан. Қозига тўртови энкайиб таъзим қилибди. Қози:
— Арзларинг бўлса, айтинглар! — дебди.
Энг олдин қўйлик бой арз қилибди: “Мен далада қўй боқиб юриб ўнта қўйни йўқотиб қўйган эдим. Қўйимни йўқотиб аққа-баққа қараб турсам, кўзимга бу киши кўриниб қолди. Ушоғда қўй-пўй кўрдингми десам, “Қўйинг ҳу… анитта юрибди”, деди. Бориб қўйни кўриб, хурсанд бўлиб, чўлоқ қўйни берсам, олмайди “Семизини берасан”, дейди. Шу дегани тузук бўладими, тақсир? Шу чўлоқ қўйни олса, тинч қолса бўлмайдими?” дебди.
Қози буларнинг гапини эшитмаса ҳам, лабларини қимирлатаётганини кўриб, калласини ликиллатиб, гаранглигини билдирмай, буларни нарироққа жилдирмай турганида, иккинчиси арз қилиб кетибди:
— Тақсир, шу инсофданми, мен индамай ўтиб кетаётувдим, менинг этагимдан ушлаб чўлоқ қўйни кўрсатиб, сен шу қўйга тош отиб чўлоқ қилгансан, деб менга шу қўйнинг товонини берасан, деб ушлаб, бошимга муштлаб, туҳмат қилиб ўтирибди! Шунга нима дейсиз? — дебди.
Эшак минган гаранг арз қилиб кетибди:
— Тақсир, менинг уч тиллага сотиб олганимни бутун маҳалла билади. Эшакни мана булар олмоқчи, мени пиёда қўймоқчи, шу тузукми? — дебди.
Тўртовининг сўзини эшитмасдан, қози буларнинг арзига жавобан:
— Тўртовинг келган бўлсаларинг, бу гапларингнинг мазмунидан мен шуни билдимки, иккиталаринг янги ой кўрган бўлсаларинг керак, иккиталаринг гувоҳликка ўтгани келганга ўхшайсизлар. Бўлмаса, аслига қараганда арафа эртага бўлиши керак эди. Энди иккиталаринг янги ой кўриб келган бўлсаларинг, иккиталаринг гувоҳ бўлиб келган бўлсаларинг, ўзларинг бориб карнайчиларга хабар беринглар. Қози рухсат бердилар, бугун арафа бўлсин, деб айтинглар. Боринглар, карнайчиларни хабардор қилинглар, — дебди.
Шу тўрт гарангнинг гапи билан, қозининг гаранглигидан ўша йили рўзанинг йигирма саккизида арафа, йигирма тўққизида ҳайит бўлиб қолган экан.