Аҳмоқ жўралар

Бор экан-у йўқ экан, қирқ кал бор экан. Каллардан бири жуда рашкчи экан. Унинг оти Юз Муҳаммад кал экан. Калнинг ўртоқлари уни шу ном билан чақирар эканлар. У бир кун ўртоқларига: “Агарда менинг отимни ўзгар-тирсаларинг мен бир сигиримни дангона қилиб бераман”, дебди. Ўртоқлари: “Отингни ўзгартирамиз”, деб калнинг номини Юз Маҳамат қўйибдилар. Кал дарров сигирини сўйиб дангона қилиб берибди. Ўртоқлари дангонани еб бўлишгач, яна калнинг илгариги исми билан Юз Муҳаммад кал, деб чақираверибдилар. Шунда калнинг аччиғи келиб, сўйган молининг терисидан тиркиш қилиб олибди. Эшагига миниб бир қишлоққа борибди.
— Тиркиш келди-ё, тиркиш келди-ё, — деб турса, бир деҳқон унинг олдига келибди. Деҳқон қўш ҳайдаётганда тиркиши узилиб кетган экан. Деҳқон калга:
— Ҳў, йигит, битта тиркишингдан бер, — дебди-да, белбоғини ечиб калга узатиб:
— Ҳу, анави ҳовли менинг уйим, шу белбоғни қўшчи берди, десанг сенга хотиним ғалла беради, — дебди.
Кал:
— Хўп, — деб белбоғни олиб, ҳовлига қараб кетибди. Ҳовлига бориб:
— Мана бу белбоғни қўшчи бобом бериб юбордилар, мендан тиркиш олдилар, ҳақига ғалла берар экансиз, — дебди. Деҳқоннинг хотини бир ғалвир ғаллани олиб чиқиб, калнинг белбоғига ағдараётганида, унинг кўзи ошхонада бир эркак турганини кўрибди. Кал дарров, “Бу қўшчи бобомнинг хотинининг хуштори бўлса керак”, деб ўйлаб, белбоғининг бир четини қўйиб юборибди. Белбоғидаги ғалла ерга тўкилиб кетибди. Кал ўтириб, бир чеккадан тераверибди. Хотин қўрқиб:
— Яна ғалла берай, — дебди. Кал:
—Бошқа ғалланинг кераги йўқ, шунинг ўзи етади, мен ризқимни териб олиб кетаман, — деб кечгача ғалла териш билан овора бўлибди. Кал ошхонадан ҳеч кўзини узмабди. Аёл эса, ҳалиги эркакни бир хумга солиб, устига қопқоғини ёпиб қўйибди. Шу пайт қўшчи ишдан қайтиб келибди. Қараса, ҳалиги йигит ҳали ҳам ғалла тераётган эмиш. Қўшчи хотинини қаттиқ койибди.
— Сен ғалладан кўпроқ бермадингми? Бечорага жуда азоб берибсан-ку. Энди ошхонага жой солиб бер. Кеч бўлди. Шу жойда ётиб қола қолсин, — дебди. Хотини “Хўп”, деб, ошхонага жой қилиб берибди.
Ўзи эса, қўшчига чой, нон келтириб берибди. Чарчаб ҳориган қўшчи дарров ухлаб қолибди. Ҳалиги кал воқеани англаш учун бу оқшом ухламабди. Кўзини юмиб ухлагансимон бўлиб ётибди. Бир вақт ҳалиги аёл ўрнидан туриб хум тепасига келиб, уни очиб:
— Овқат ейсизми? — деб сўрабди. Хумда туриб ҳалиги эркак:
— Ейман, — дебди. Аёл дарров ошхонага бориб тухум қуймоқ қилиб, уни товоққа солибди. Шу пайт қўшчи уйғонибди. Хотин югуриб қўшчининг олдига борибди. Кал дарров ўрнидан туриб қуймоқни паққос еб қўйибди. Хотин қўшчини ухлатиб ошхонага борибди, қараса, товоқда қуймоқ йўқ эмиш.
— Бу савил қолгур ола пишак қуймоқни еб қўйибди-ку, — деб уни уриб қувибди. Яна қозонга ёғ солиб, ўчоққа олов ёқибди.
Ёғ қизиганида қўшчи яна уйғонибди.
Хотин яна қўшчига югурибди. Кал ўрнидан турибди-да, қозонга қарабди. Ёғ қизиб ётган эмиш. Кал дарров хумнинг қопқоғини очиб, қозондаги ёғни ҳалиги одамнинг устидан ағдарибди. Қопқоғини яна ёпиб, ўз жойига ётиб, баҳузур ухлайверибди.
Тонг отибди, хотин қўшчини нонушта қилдириб, қўшга жўнатибди. Келиб хумни очиб қараса, ҳалиги эркак киши осмонга қараб ўлиб ётган эмиш. Хотин қўрқиб кални уйғотибди. Калга бўлган воқеани айтибди ва:
— Хумдаги ўлган одамни гўристонга олиб бориб кўмиб кел! Бир қоп буғдой бераман, — дебди.
Бу гап калга ёқмабди, бир ёғига ағдарилиб ётаверибди. Яна хотин келиб:
— Кўмиб кел, барака топкур, — деб ялинибди. Кал:
— Бир саноч тилла берсанг, кўмиб келаман, — дебди. Хотин бир саноч тилла беришга рози бўлибди. Кал бир саноч тиллани олиб, ўликни хумдан тортиб олиб орқасига кўтарибди. Кал ўликни дарвозага олиб чиқиб, белини боғлаб, қўлига таёқ бериб кетибди. Кал ўз қишлоғига борса, жўралари уни ўраб олишибди.
— Эй, жўралар, — дебди кал, — сизлар менга жуда яхши иш қилдинглар. Дунёда тиркиш пул экан. Молимнинг терисини мана шунча тиллага сотдим, — дебди. Ҳалиги жўралари тиллани кўриб, ўлгудай алам қилиб, ҳаммаси уйига бориб, молини сўйибди, терисини тиркиш қилиб олибди. Қишлоққа бориб:
— Тиркиш келди-ё, тиркиш келди-ё, — деб юраверибдилар. Қишлоқ одамлари уларни кўриб эрмак қилибди. Улар битта ҳам тиркиш сотолмабдилар. Ҳаммасининг аччиғи чиқиб, энди унинг капасини куйдириб ташлаймиз, у бизни алдаган экан, деб калнинг капасига ўт қўйибдилар. Кал Юз Муҳаммад дарров капасининг кулини қопга солиб, эшагига миниб кетаверибди. Кал узоқ йўл юрибди. Бир жойга борса, йўлда бир бойнинг хотини чарчаб қолиб, дам олиб ўтирган экан. Кал уни кўрибди. Бойнинг хотини калга:
— Эй, кал, бизни кира қил, — дебди. Кал шунда:
— Менинг эшагимга ортилган нарса нозик нарса, хотин киши минса, кул бўлиб қолади, —дебди. Бойнинг хотини:
— Агарда кул бўлиб қолса, нозик нарсангга нарса бераман, — дебди. Кал кўнибди. Кал эшагига бой хотинини миндириб уйига олиб бориб қўйибди. Кал дарров хотинни эшакдан тушириб:
— Шошманг, қопни очиб кўрай-чи, — дебди. Қопнинг оғзини очиб қараса, бир қоп кул эмиш:
— Минма, дедим, миндинг. Бир қоп тиллам кулга айланибди, — дебди. Бой хабардор бўлиб:
— Нима бўлди, нима бўлди, — деб югуриб чиқибди. Бообрў бой экан, “Одамлар билса уятга қоламан”, деб бир қоп кулнинг ўрнига бир қоп танга берибди.
Кал тангани эшагига ортиб, яна қишлоғига жўнабди. Жўралари яна кални ўраб олишибди. Кал:
— Яна яхши иш қилдинглар, дунёда кул пул экан. Бир қоп кулимни бир қоп тангага сотдим, —дебди. Жўралари бир қоп тангани кўриб, ўлгудай изза бўлиб, ҳаммаси капасини куйдирибди. Қишлоқма-қишлоқ юриб:
— Кул келди-ё, кул келди-ё, — деб юраверишибди. Қишлоқ халқлари:
— Кулни култепага тўк-да, — деб эрмак қилишибди. Уларнинг жуда аччиқлари чиқиб, “Энди кал Юз Муҳаммадни ўлдирамиз,” дейишибди. Бу иш калга олдиндан маълум экан. Уларни кўргач, бир чўлга қараб қочибди. Йўлда унга бир подачи учрабди. Подачи калдан:
— Нимага бунча қочасан? — деб сўрабди.
— Мени қози қилмоқчилар. Мен хоҳламай, қочиб келаётибман, — дебди кал. Подачи:
— Сен менинг сурувимни боқиб тур, мен қози бўлақолай, — дебди. Кал дарров уст-бошини ечиб, подачининг кийимларини кийиб олибди. Подачига:
— Қочавер, — дебди. Подачи қочаверибди. Жўралари етиб келиб подачини ушлаб кал Юз Муҳаммад шу, деб дарёга оқизишибди. Ҳаммаси энди бу калдан қутулдик деб, базм-зиёфат қилишибди. Орадан бир неча кун ўтгач, ҳалиги кал бир қўтон қўй-ечкини ҳайдаб ўз ҳовлисига кириб келибди. Жўралари ҳайрон бўлиб, “Бу қурғур дарёдан ҳам тирик чиқибди-я”, деб туришганда кал жўраларига шундай дебди:
— Мени ташлаган дарёнинг тагида қўй-ечкининг кони бор экан. Ўзим яккалик қилиб озгина ҳайдаб чиқдим. Агарда кўпчилик бўлсак, кўп қўй ҳайдаб чиқар эдик, — деса, жўралари ишониб:
— Бизларни ҳам ўша жойга олиб бор, — дейишибди.
Кал қўй-ечкига сув бермай, қантарибди. Уларни дарёга қараб ҳайдабди. Жўралари ҳам унинг кетидан боришибди. Сув ичмаган қўй, қўзи, эчкилар ўзини бирдан сувга урибди. Тиниқ бўлиб оқаётган сув ичидан қўй, эчкилар кўринибди. Бирдан бир кам қирқ кал ўзини олдинма-кетин қўй-ечки оламан, деб дарёга отибди. Ҳаммаси сувга ботиб кетибди. Юз Муҳаммад соғ қолиб, мурод-мақсадига етибди.