Эркажон

Узоқ замонларда Бухоро элатида бир подшо бўлган экан, унинг Эркажон деган ўғли бор экан. Подшо ўғлини жуда яхши кўрар экан. Усиз томоғидан овқат ўтмас, кўзига уйқу келмас экан. Подшо ўғлини ўз ўрнига тахтга эга қилиш учун жами ҳунарларни ўргатган экан. Унга атаб шоҳона кийимлар тиктирган ва яхши бир той олиб берган экан. Эркажон тойини шу қадар яхши кўрар эканки, ҳатто эгар-қашовини ҳам бировга ишонмас экан.
Эркажон ўн беш-ўн олти ёшга кирганда онаси ўлибди, подшо бошқа хотин олибди. Бу хотин ўз ўғилларини ҳам кетида эргаштириб келибди, ўгай она Эркажоннинг бошига кўп азоб-уқубатлар солибди. Шоҳнинг ўрнига ўз ўғилларидан бирортасини тахт-у бахт эгаси қилмоқчи бўлибди. Лекин ўртада Эркажон бор. Ўгай она Эркажонни йўқотмоқчи бўлибди. Унга икки-уч марта нонга заҳар қўшиб берганида, тойи келиб едирмабди. Буни кўрган ўгай она тойни йўқотмоқчи бўлибди. Лекин ҳеч иложини топа олмабди, подшонинг ғазабидан қўрқибди.
Кунларнинг бирида подшо вафот этибди. Ўгай она буни Эркажонга билдирмасдан ҳар кунгидай мактабига юборибди. Эркажон мактабга кетаётганида тойча кишнабди ва Эркажонга қараб: “Бугун мени сўйишмоқчи, менинг гўштим онангнинг касалига даво эмиш. Сен мактабдалигингда бир кишнасам, мени сўйишга тараддуд қилаётган бўладилар, иккинчи марта кишнасам қассоб менинг оёғимни боғлаётган бўлади, учинчи марта кишнаганимда етиб келмасанг, бўғзимга пичоқ қўйилади; унда кеч бўлади. Агар етиб келсанг, онангдан: “Мен бир шоҳона кийимларни кийиб, севимли тойимни охирги марта минай”, деб сўрайсан ва у ёғини менинг ихтиёримга қўясан”, дебди. Эркажон бу гапдан хафаланиб, мактабга борибди. Ўқиб ўтирганида той бир кишнабди, буни эшитган Эркажон муаллимидан ташқарига чиқиб келишга жавоб сўрабди, муаллими жавоб бермабди, той иккинчи марта кишнаганда яна жавоб сўрабди, муаллими яна жавоб бермабди. Эркажон чидай олмасдан, тез чопиб уйга келибди. У уйга кириши билан той учинчи марта кишнабди. Эркажон пичоқ қайраётган қассоблардан ва онасидан сўймасликни сўраб, ёлвориб йиғлабди. Жоҳил онаси унга қулоқ солмасдан қассобларга тезда сўйишни буюрибди. Бола қассобнинг қўлини ушлаб йиғлаганда, унинг раҳми келиб, тойига охирги марта минишга ижозат берибди, тойига ҳам яхши эгар уриб, анжомлар билан безабди. У миниши билан той саройнинг баланд деворлари устидан учиб ўтибди ва узоқ бир жойга бориб тушибди. Сўнг Эркажонга: “Ўгай онанг аввал мени, кейин сени ўлдирмоқчи эди. Энди сен хатардан қутулдинг, қачон менинг ёрдамим керак бўлса, мана шу ёлимдан биттасини куйдирсанг, тезда етиб келаман”, деб йигитнинг кўзидан ғойиб бўлибди.
Эркажон узоқда кўринган бир чайлага борибди, унда бир нуроний чол гул бутоқларини кесиб юрган экан. Чолнинг олдига бориб, одоб билан салом берибди, чол ундан кимлиги ва қаердан келганлигини сўрабди. Эркажон чолга шаҳзодалигини билдирмай: “Бир кимсасиз бечораман”, дебди. Чолнинг унга раҳми келиб, ўз ёнида қолишини сўрабди, йигит бунга жон-дили билан рози бўлиб, гулбуталарга, қовун-тарвузларга қарашиб юрибди.
Йигит келиб тушган элат подшосининг уч қизи бор экан. Улар бир-биридан гўзал экан-у, лекин ҳали бахтлари очилмаган экан. Ҳар куни эрта билан чол шу уч қизга бир сават гул элтиб берар экан. Йигит бир куни бир даста гулни чолга билдирмай, саватга қўйиб юборибди. Подшонинг кичик қизи гуллар орасида чолдан бошқа киши томонидан юборилган гулдастани кўриб қолибди. Кунларнинг бирида қиз икки опаси билан чолнинг боғига келибди. Шунда у кийимлари бир ҳолатда бўлса ҳамки, қадди-қомати келишган, чиройли йигитни кўриб, чолдан кимлигини сўрабди. Чол ҳам кўп ўйламасдан, “Бир етимча қул-да, ишларимга қарашиб юради”, деб жавоб қайтарибди. Қиз ўзича, “Ўзи қул бўлса ҳам қўллари гул, меҳнатсевар экан”, деб ўйлабди. Қизлар кечгача ўйнаб-кулиб, боғлардан гуллар териб бўлганларидан кейин қайтмоқчи бўлибдилар ва чолдан биттадан яхши қовун танлаб беришни сўрабдилар, шоҳнинг кичик қизи йигитдан бир қовун танлаб беришни сўрабди.
Шундай қилиб уч қиз уч қовунни кўтариб уйга қайтибдилар. Шоҳнинг катта қизи қовунини отасига берибди. Отаси сўйиб кўрса, бемаза экан, сўнгра ўртанча қизи узатибди, бу қовун ҳам бемаза чиқибди. Охири кичик қизи узатган экан, отаси унга қараб:
— Опаларингнинг қовунини еб маза топмадим, сеники нима бўлар эди, — деб олгиси ҳам келмабди. Лекин қизининг хафа бўлганини кўриб қовунни олиб сўйибди. Қараса, жуда ширин экан. Шоҳ қизлари чиқиб кетгач, бўлган воқеани вазирига гапириб берибди, вазир шоҳга қараб:
— Икки катта қизингизни эрга бериш вақти ўтибди, кичик қизингизнинг вақти етибди, — дебди. Шоҳ вазирининг гапини тўғри топибди ва қизларини эрга бериш тўғрисида маслаҳат сўрабди.
Шоҳ одил шоҳ экан, мол-давлати ўзига етиб ортар экан. Шунинг учун уни давлатманд куёв эмас, бахтли куёв қизиқтирар экан.
Тез орада шаҳарнинг ўртасида бир чортоқ қуриб, атрофига қимматбаҳо пардалар тутиб безатибди. Устига қизларини чиқариб ўзларига куёв танлашни сўрабди. Шаҳарнинг бутун йигитлари битта-битта шу чортоқ ёнидан ўтибдилар. Шоҳнинг катта қизи қўлидаги олмасини бир савдогарнинг ўғлига отибди, ўртанча қизи олмани бир амалдорнинг ўғлига отибди, кичик қизи эса ҳеч кимга отмабди. Буни кўрган шоҳ кишилардан яна шаҳарда ким қолганлигини сўраганида, улар қовун бошидаги бир кўримсиз увада кийган қулдан бошқа ҳеч ким қолмаганлигини айтибдилар. Шоҳ тезда олиб келишни буюрибди. Ҳеч гапдан хабарсиз бўлган йигит чортоқ ёнидан ўтаётганида бошига бир олма келиб тегибди, буни кўрган шоҳ, қизим ўйламай қилаётгандир, деб иккинчи марта ўтказишни буюрибди. Унга қиз яна олма ташлабди, шоҳ охири кўнишга мажбур бўлибди.
Подшо қирқ кеча-кундуз тўй-томоша қилиб, уч опа-сингилни эрга берибди. У икки куёвидан рози, лекин учинчи куёви учун икки қизидан кўп таъна эшитибди. Хафа бўлиб, охири кичик қизи билан куёвини икки катта қизидан ажратиб, узоқ жойга элтиб жойлаштирибди. Кунларнинг бирида подшо икки куёвига шикорга чиқиб биттадан қуш отиб келишни буюрибди. Икки куёв яхши отларда, шоҳона кийимларда шаҳар ўртасидан ўтиб кетибдилар. Шоҳнинг кичик қизи буни кўриб, эрига: “Сиз ҳам уларга қўшилиб борсангиз-чи, қуш олиб келиб отамга маъқул бўлардингиз”, дебди. Йигит олдин унамабди, сўнгра чиқишга рози бўлибди. Шаҳар ўртасидан қирчанғи отда ўтиб кетаётганида уни кўрган кишилар кулибдилар. Йигит шаҳардан чиқиб, тойнинг ёлини куйдирибди, тезда тойи етиб келибди. Йигит подшонинг қуш ота олмай чарчаб келаётган икки куёви олдига келибди-да, бошлари устида учиб юрган қушлардан иккитасини отибди, бошини кесиб, танасини уларга ташлаб кетибди. Улар қушларни шаҳардан тантана билан олиб ўтибдилар ва шоҳга берибдилар. Шоҳ уларга миннатдорчилик билдирибди.
Энди гапни шоҳнинг кичик куёвидан эшитинг.
У яна ўша чўлоқ отида, икки қушнинг бошини ирга боғлаб, елкасига ташлаб келибди. Буни кўрган кишилар яна кулибдилар.
Эркажоннинг қайнатаси билан унинг она юртидаги подшо бир-бирига ёв экан. Орадан кўп ўтмай бу юртга душман подшо ўз лашкарлари билан бостириб келибди. Подшо лашкари билан икки куёвини жангга юборибди. Жанг бошланибди. Эркажон яна бир ўзи чўлоқ оти билан жангга чиқаётганда, бошқаларга кулги бўлибди. У жанг майдонига етар-етмас отининг ёлини куйдирибди. Кўз очиб-юмгунча тойи етиб келибди. Эркажон шоҳона кийимларни кийиб, тойига миниб, жангга кирибди. Душман лашкарини бир бошдан қиришга тушибди, подшонинг икки куёвини ўлимдан қутқарибди. Бир жойга борса, подшонинг бир ўзига ўгай онасининг икки ўғли ҳамла қилаётган экан, тезда етиб бориб, уларни ўлдирибди. Эркажон улар билан олишаётганида қўлига шамшир теккан экан. Подшо унинг ярасини бошидаги салласи билан боғлабди. Душман енгилгач, йигит яна кўздан ғойиб бўлибди. Подшо икки куёви билан йигитни кўп ахтарибди ва топа олмаганига ачиниб, элига қайтибди. Халқ уни ғалаба билан қутлабди. Саройга бора туриб йўлда кичик қизиникига кирибди, уйга киргач, унинг салласи билан қўли боғлиқ ётган йигитни кўрибди ва кичик куёви эканлигини билиб, уни қучоқлабди.
Орадан кўп вақт ўтмай, Эркажон ўз элига қайтибди, ўгай онаси ва ўғиллари дастидан азоб чеккан халқларга озодлик берибди ва отасининг ўрнига подшо бўлиб мурод-мақсадига етибди.