Фарҳод ва Ширин

Қадим замонда бир подшоҳнинг қизи бўлган экан. Қизнинг ой деса оғзи, кун деса кўзи бўлиб, кулса оғзидан гуллар тўкилар, юрса оёғидан тилла сочилар экан. Қиз гулбоғда қирқ қизлари билан сайр этиб юрар экан. Нима учундир қиз ёшлигидан бери доимо ғамгин кўринар экан. Қирқ қиз Шириннинг ҳар қанча кўнглини олиш учун уринсалар ҳам ўйнаб-кулиб, очилиб юрмас экан.
Бир кун канизаклардан бири:
— Ҳеч нарсадан камчилигингиз бўлмаса, нима учун доимо хафа кўринасиз, — деб сўрабди. Шунда Ширин:
Мен ўйнаб, даврон суриб кулиб юрсам, бошқалар қайғу-ғамда бўлса, ундан нима фойда? — деган жавобни қайтарибди.
Бир кун Ширин дарё бўйида сочини ювиб ўтирган экан. Унинг қошига бир кампир келиб:
— Қизим, қани сенинг бу бўйингга муносиб йигит бўлса, — дебди. Ширин:
— Мен ҳам ўша сиз айтган йигитни истар эдим, — дебди. Бу сўзни эшитган кампир:
— Ана, сен истаган йигит дарёда оқиб келаётир, — деб айтибди. Ширин дарёга қарайман деганда, бошидаги тилла тароғи сувга тушиб кетибди.
Иккинчи бир мамлакат подшосининг ўғли дарёда чўмилаётган экан. Тилла тароқни тутиб олиб, “Шу тароқнинг эгаси ким бўлса, ўшани оламан”, деб аҳд қилибди. Элда юриб суриштира бошлабди. Бир кампир бу тароқнинг эгаси Ширин эканлигини айтибди. Йигит қизни ахтариб йўлга чиқибди.
Кунчиқарда бир подшоҳ бор экан, унинг биргина Фарҳод номли ўғли бўлган экан. Фарҳод қайғуриб, ғамгин бўлиб юрар экан. Бир кун отаси ўғлини қирқ йигити билан сайрга чиқарибди. Фарҳоднинг кўзи тош йўниб турган устага тушибди. Шу ҳунарга ишқибоз бўлиб, уни ўргана бошлабди. Отаси уни бу ишдан қайтарса ҳам унамабди, ўз билганидан қолмабди. Кунлардан бир кун Фарҳод отасининг хазинасига кириб қолибди. Ундаги тош сандиқни очиб, ойинайи жаҳоннамога қарабди. Ойнада аввал Гулиқаҳқаҳ парини кўрибди. Кейин кунботар томонда Шириннинг арғимчоқ учиб турганини кўрибди. Қизга ошиқ бўлиб, бошидан ҳуши кетиб йиқилгач, қўлидаги ойна ерга тушиб синибди. Фарҳод Ширинни қидириб йўлга чиқибди.
Йўлда бир дарахтнинг соясида бир йигитнинг ухлаб ётганини кўрибди. Дарахт тепасидан бир илон тушиб йигитга заҳар солай деб турганида, Фарҳод югуриб келиб ханжар билан илонни ўлдирибди. Йигит чўчиб уйғонибди ва Фарҳодга: “Ҳозир тушимда бир киши “Тур, дўстинг келди”, деб айтди”, дебди ва бу фожианинг олдини олиб қутқаргани учун Фарҳодга раҳмат айтибди. У билан умрбод дўст бўлибди.
Булар йўл юриб, Шириннинг мамлакатига етиб келишибди, Фарҳод бир тоғ тагида бир неча минг аскар тўпланиб турганини кўрибди, бир чўпондан бу аскарлар кимники эканини билиб олибди. Шу вақт Ширин қирқ канизаги билан келибди. Шамол Шириннинг юзидаги пардасини кўтарибди. Фарҳод уни кўриб ошиғ-у беқарор бўлиб ҳушидан кетибди. Дўсти суяб уни ўзига келтирибди. Бироқ Ширин ва қирқ қиз кетиб қолган экан. Фарҳод Шириннинг қаерга кетганини сўрабди. Дўсти: “Ширин шу тоғга сув чиқарган йигитга тегаман, деб айтди”, — дебди. Шу сўзни эшитган Фарҳод ғайратга келиб, тоғ-тошни қўпора бошлабди. Охири бу ишни тугатиб, тоғга сув чиқарибди. Дўсти тоғнинг бир томонига Шириннинг, иккинчи томонига Фарҳоднинг расмини чизибди.
Бир куни Ширин тоғ этагида Фарҳод қурган ҳовузни кўриш учун қирқ канизаги билан келибди. Ширин мевали дарахтлар билан безанган обод жойни кўрибди. Бу чўлни сувга сероб қилиб, боғ-у бўстонга айлантирган баҳодир Фарҳодни кўриб Ширин ҳам уни севиб қолибди. Фарҳодни ўз қасрига олиб бориб, зиёфат қилибди.
Шундай қилиб, улар мурод-мақсадларига етибдилар.