Деҳқон чол билан кампир бор экан. Деҳқон ҳар куни қўш ҳайдаш учун кетар экан. Унга кампири ҳар куни бир идишда сут ва иккита нон бериб юборар экан. Деҳқон бу нарсаларни тутнинг тагига қўйиб, ўзи қуш ҳайдар экан.
Кунлардан бир куни тулки келиб, чолнинг олиб қўйган овқатини еб кетибди. Чол қўшни тўхтатиб, тушлик овқатга чиқса, тутнинг тагида ўзи қўйган овқат йўқ эмиш. Бунга чолнинг жаҳли чиқиб дамини олиб, яна қўш ҳайдашга тушибди. Чол кун ботгач қўшдан ҳўкизни чиқариб уйига кетибди. Чол далада бўлган воқеани хотинига айтибди.
Эртаси куни чол илгаригидек ўзи олиб борган овқатини яна тутнинг тагига қўйиб кетибди. Туш вақти бўлиб қолай деганда, чол тут тагига бориб, олиб келган овқатини оламан деб қараса, тулки энди келиб еяй деб турган экан. Чол тулкини кўриб, орқасидан қувлабди, тутолмабди. У тулкидан қолган овқатни еб, яна қўшини ҳайдай берибди. Кечқурун кун ботиб қолгандан сўнг чол уйига кетибди. У уйига борганда, ҳеч нарса демабди. Чол эрта билан ўрнидан туриб, кампирига:
— Бугун сутни кўзачага қуйиб бергин, — дебди. Кампири:
— Нима гап, — деб сўрабди. Чол:
— Ҳар гал олиб борган овқатимни тулки еб кетаяпти, — дебди. Кампир кўзачага сутни қуйиб берибди. Чол кўзачани олиб, яна ер ҳайдашга жўнабди. У бориб илгаригидай кўзачани яна тутнинг тагига қўйибди. Тулки келиб яна сутни ичаман, деб кўзачага тумшуғини тиқибди. Тиққан замони тулкининг тумшуғи чиқмай қолибди. Тулки кўзани кўтариб дарёга бориб, сувга тиққан экан, кўзанинг ичига сув кириб, толиб кетибди ва тулкини сув тагига тортиб кетибди. Шу билан тулки ўлиб, чол мурод-у мақсадига етибди.