Синчалак

Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан, бир синчалак бўлган экан. У синчалак чўлда юриб, оёғига тикан кириб кетибди. Унга алам қилиб, туя олдига бориб:
— Оёғимдан тиканимни олиб қўй, — дебди. Туя:
— Бор-ей, — дебди. Синчалак:
— Сеними, қараб тур, бўрига егизаман, — деб бўрининг олдига борибди.
— Бўри, сен ана у туяни есанг-чи, — деса, бўри:
— Ўзим семиз қўйларни емай юрибман-у, туяни ейманми, — дебди. Синчалак:
— Сеними, қараб тур, овчига отқизмасамми, — дебди. У овчи олдига бориб:
— Овчи-овчи, сен шу бўрини отсанг-чи, — деса, овчи:
— Бор-ей, ўзимнинг қуёнларим ётибди-ю, сенинг бўрингни отаманми, — дебди. Синчалак:
— Ҳа, сеними, қараб тур. Сичқонга ўқ қопингни тештирмасамми, — дебди. У сичқоннинг олдига борибди.
— Сичқон-сичқон, сен шу овчининг ўқ қопини тешсангчи, — дебди. У:
— Бор-ей, кампиримнинг супрасини тешмайман-у, сен кўрсатган овчининг ўқ қопини тешайми, дебди. Синчалак:
— Ҳа, жонингни олсин, сеними қараб тур, деб мушук олдига бориб:
— Мушуквой, мушуквой, сен шу сичқонни есанг-чи, — дебди.
— Эй ўртоқ, ўзимнинг илмоқдаги гўштимни емай ётибман-у, сенинг сичқонингга югуриб кетайми, — дебди. Синчалак:
— Ҳап сеними, қараб тур. Итвойга талатмасамми, — дебди. Синчалак югуриб итвой олдига бориб:
— Итвой-итвой, сен шу мушукни таласанг-чи, — дебди.
— Бор-е, ўзимнинг ҳаром ўлган қўйларим ётибди-ю, энди сенинг мушугингга югуриб кетайми, — дебди. Синчалак:
— Ҳа, сеними қараб тур, болаларга ургизмасамми, — дебди. Синчалак учиб-учиб, болалар олдига келибди.
— Ҳой болалар. Сизлар итни урсанглар-чи, дебди. Болалар:
— Йўқол! Ўзимиз қиморга ютқизиб қўйиб, алам қилиб турибмиз-ку, — деб синчалакни кесак билан урибдилар, унга алам қилиб:
— Сенларними, қараб туринглар, эналарингга ургизмасамми, — дебди. Синчалак югуриб болаларнинг оналарига бориб:
— Ҳой холалар, сизлар болаларингизни урсаларинг-чи, — дебди.
— Қоч, йўқол у ёққа. Ўзимизнинг урчуғимиз йўқолиб турибди. Энди бўзимизни ташлаб, боламизни уриб кетайликми, — дебди.
— Ҳа, сенларними, қараб туринглар, — деб у шамолвой акага борибди:
— Шамол-шамол, иккимиз бориб хотинларнинг бўзини узмаймизми? — дебди. Шамол:
— Бўпти-бўпти юр, борамиз, — деб бир тўполанг қилиб келиб, хотинларнинг бўзини узиб юборибди. Буни кўрган хотинлар алам қилиб, болаларини уриб кетибди. Болалар бориб итни уриб кетибди. Ит бориб мушукни талаб кетибди. Мушук сичқонга югурибди. Сичқон бориб мерганнинг ўқ қопини тешиб кетибди. Мерган бориб туяни қувиб кетибди. Туя борса, синчалак янтоққа қўниб турган экан. Янтоқ билан синчалакни еб қўйибди.