Бир бор экан, бир йўқ экан, бир бўри бор экан. Бўри қўйларга ҳужум қилавериб, чўпонларнинг жонига тегибди. Улар овчига арз қилибдилар. Овчи бўри изидан тушиб ўрмонга кирипти. Бўри қўрқиб ўрмондан қочиб чиқибди. Овчи уни тирқиратиб қувипти.
Қуваверипти, қуваверипти, бўрининг тинкаси қурибди. Бўри охири қочадиган жой тополмай қолипти. Шу вақт тўсатдан қоп кўтарган бир чол учраб қолипти.
— Ассалому алайкум, чол бобо, — депти бўри. — Менга раҳмингиз келсин, овчининг қўлидан қутқаринг. У мени отиб ташлайди. Ёш жонимга раҳм қилинг.
Унинг кўз ёшини кўриб, чолнинг раҳми келипти.
— Кел, қопга кир, — дебди чол.
Бўри қопга кирибди. Чол қопни орқалаб кетаверибди.
Чол олдидан овчи чиқибди.
— Бобо, шу ердан бўри ўтмадими? Кўрмадингизми? — деб сўрабди овчи.
— Йўқ, кўрмадим, — дебди чол.
Овчи ошиқиб чопганича нари кетибди.
— Қопдан чиқ, қутулдинг, дебди чол бўрига. Бўри қопдан чиқибди.
— Энди ортингга қайт, ўрмонга кетавер, — дебди чол.
— Нимага, дебди бўри. — Мен очман, сени ейман.
— Вой ноинсоф. Мен сени ўлимдан қутқазиб қолиб, яхшилик қилсам-у, сен мени ейсанми?
— Ҳа, ишим ёмонлик, — дебди бўри. Улар жанжаллашиб турган эканлар, бирдан тулки келиб қолибди.
— Ҳа, нима гап? — деб сўрабди тулки.
— Яхшиликка бўридан ёмонлик қайтаяпти, — деб кўз ёши қилибди чол. Бўри воқеани айтиб берибди.
Тулки дебди:
— Гапингга ишонмайман, бўри. Наҳотки бўри шу кичкина қопга сиғса…
— Ҳа, сиғаман, — дебди бўри.
— Бўлмаса қопга кириб кўр-чи, мен ўз кўзим билан кўриб ишонай. Кейин чолни есанг, майли, ҳаққинг бор, — дебди у.
Бўри дарров қопга кирибди.
— Қопнинг оғзини богианг, бобо, — дебди тулки.
Чол дарров қопнинг оғзини боғлабди.
Бўри энди минг ялинса ҳам, чол уни қопдан чиқармабди.