ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини Ўзбекистонга келмоқда

Жорий йил 10 ноябрь куни Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа Комиссияси вице-президенти Федерика Могерини ҳамда ЕИнинг Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича комиссари Невен Мимица Ўзбекистонга келади. ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати хабарига кўра, юқори мартабали меҳмонлар Самарқандда ўтадиган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” шаклидаги 13-вазирлар машваратида қатнашади.

ЕИ делегацияси ташрифи доирасида бир қатор икки томонлама музокаралар, хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув режалаштирилган.

“Марказий Осиё Европа Иттифоқи учун стратегик аҳамиятга эга минтақа ҳисобланади. Хавфсизлик масалаларидан тортиб радикализм ва экстремизмга қарши курашда, савдо-сотиқдан фуқаролик жамияти соҳаларигача Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари кучли ҳамкорлар ҳисобланади. Ушбу йиллик йиғилишимиз бизга сўнгги йиллардаги ютуқларни таҳлил қилиш, шунингдек, фуқароларимизнинг манфаати учун жадал ўсиш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган янги кун тартибини белгилашга ноёб имкониятни тақдим этади”, – деган Федерика Могерини хоним ташриф арафасида.

ЕИнинг Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича комиссари Невен Мимица  ҳам  ЕИ Марказий Осиё билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирган.

“Европа Иттифоқининг салкам 1,2 миллиард еврога тенг ёрдами минтақанинг барқарор ривожланишига қаратилган. Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз билан биз иш ўринларини яратиш, яхши бошқарув, чегараларни бошқариш ва сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз”, – деган Невен Мимица.

“Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” форматидаги вазирлар йиғилишида хавфсизлик, иқтисодий ривожланиш, сиёсат, шунингдек, минтақада Европа Иттифоқининг ўрни каби масалалар кўриб чиқилади. Шу куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва ЕИ олий вакили/вице-президенти Федерика Могерини иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтади.

Самарқандга ташрифи доирасида Федерика Могерини “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда нутқ сўзлайди.

Шу мавзудаги мақолалар:

Федерика Могерини: “ЕИ – Марказий Осиё ҳамкорлигида фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд”. 06.10.2016

Остонада Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарлари учрашди. 23.12.2015