Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда Ботир исмли бир йигит бор экан. Қари онасидан бошқа ҳеч кими йўқ экан. Она-бола кундалик тирикчиликларини зўрға ўтказишар экан. Кунлардан бир куни уйда чакса ун ҳам қолмабди. Ботир ярим қоп буғдойни кўтариб, ун қилиш учун тегирмон излаб кетибди. Йўлда хашак орасидан иккита тухум топиб олибди. “Бу ҳам худонинг марҳамати”, деб чўнтагига солиб бироз юрибди. Қараса, йўлда бир хурмача қатиқ турган эмиш. Ботир севиниб, хурмачани қўлига олибди. Сўнгра “Буни тегирмонга олиб борсам, тегирмончилар ичиб қўйишлари аниқ, бу ерга қўйиб кетсам, бошқа йўловчи ичиб қўяди”, деб ўйлабди-да, уни ерга кўмиб кетибди.
Яна бироз юргандан кейин қараса, йўлда бир хум турган эмиш. “Қайтишда олиб кетаман”, деб буни ҳам ерга кўмиб, белги учун устига битта чўп суқибди-да, йўлга тушибди. Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, бир тегирмонга етибди. Тегирмоннинг ичига кирса, ҳеч ким йўқ эмиш. Қоп-қоп ун тиралиб турганмиш. Ботир унларни кўриб, шошиб қолибди. Буғдой олиб борган қопини унга тўлдириб, қайтмоқчи бўлибди. Бироқ кун кеч бўлиб қолганлигидан, шу кечани тегирмонда ўтказмоқчи бўлибди.
Тегирмон девларники экан. Кеч кириши билан девлар қўнғироқ, дўмбираларини чалиб, базм қилиб келишибди. Ботир аввалига қўрқибди. Кейин ўзини тутиб олиб, ичида: “Кел, нима бўлсам бўлдим, буларга бир дўқ қилиб кўрай”, деб ўйлаб, девларга:
— Бу отамнинг тегирмони эди. Сизлар буни эгаллаб олибсиз, мен сизлар билан олишиб тегирмонни қайтариб олиш учун келдим, — дебди.
Девларнинг подшоси ўртага тушиб:
— Қани, кел бўлмаса, курашайлик, — дебди. Ботир дев бир урса кул-кул бўлиб кетишига кўзи етиб жуда қўрқибди. Шундай бўлса ҳам бўш келмай, дўқ қилаверибди, девларга қараб:
— Учта шартим бор. Шу шартларни бажарсангиз, майдонда курашамиз, бажара олмасангизлар тегирмон меники бўлади, — дебди.
— Айт шартингни, — дебди дев.
— Биринчи шартим, мана шу дарахтни қўл билан сиқиб, сувини чиқариб юборасиз, — дебди.
Девлар ҳаммаси бирма-бир, навбатма-навбат, дарахтни сиқиб кўришибди. Ҳеч қайсиси дарахтнинг сувини чиқара олмабди. Ботир туриб:
— Мана, менга қаранглар, — дебди-да, девлардан бекитиб чўнтагидан иккита тухумни олиб, дарахтга қўшиб сиқибди, тухум чақилиб кетибди.
— Ана, сизлар дарахтнинг сувини чиқара олмадинглар, мен бўлсам, ҳатто елимини чиқариб юбордим,— дебди. Девлар ҳайрон бўлиб қолишибди.
— Иккинчи шартингни айт, — дебди улар.
— Иккинчи шартим, ерни бир тепганда қатиғини ўйнатиб юбориш, — дебди Ботир.
Девларнинг подшоси ўртага тушиб:
— Бу шартни мен бажараман, — деб ғазаб билан ерни бир неча бор тепса ҳам ҳеч нарса чиқара олмабди. Изза бўлган дев Ботирга:
— Қани энди ўзинг чиқар-чи! — дебди.
— Бери келинглар, — деб Ботир девларни ўзининг қатиқ кўмиб қўйган ерига олиб борибди. Кўмилган жойни мўлжаллаб туриб бир тепган экан, қатиқ ҳар тарафга отилиб кетибди. Буни кўриб девларнинг ўтакаси ёрилибди.
Шундай бўлса ҳам, учинчи шартни эшитмоқчи бўлишибди.
— Учинчи шартим, — дебди Ботир, — ерни бир тепишда ўра қилиш.
Девлардан бири:
— Бу шартни мен бажараман, — деб ерни тепа бошлабди. Ер ўра бўлиш у ёқда турсин, бир қарич ҳам ўпирилмабди.
Шунда Ботир:
— Мана энди менга қаранглар, — дебди-ю, йўлдан топиб олган хумни кўмиб қўйган ерга бориб, мўлжаллаб туриб, бир тепган экан, хумнинг оғзи ўрадай очилиб қолибди.
Ботир девларга қараб:
— Агар қаттиқроқ тепсам, ўзим ҳам ер тагига чўкиб кетар эдим, шунинг учун секин тепдим, — дебди.
Девлар қўрқиб, тегирмонни унлари билан Ботирга ташлаб қочиб кетишибди. Кечаси Ботир чопонини одам шаклида ўраб, ерга ётқизиб, ўзи тегирмонни буғдойдонига тушиб, бекиниб ётибди. Ярим кечада аламзада девлар қайтиб келишибди. Одам шаклида бўлиб ётган чопонни обдан уриб, Ботирни ўлдига чиқариб кетишибди. Ботир буни кўриб ётган экан. Девлар кетгандан кейин чопонини олиб қараса, у дабдала бўлиб кетган экан. Ботир чопонини елкасига солиб, кўчага чиқибди. Девлар Ботирни ўлди деб хурсанд бўлиб, базм қилаётган эканлар. Ботир уларнинг устига келиб:
— Тегирмонда сичқон жуда кўп экан, ётганимда чопонимни қиймалаб, илма-тешик қилиб юборди. Чопонимни сизлардан тўлатиб оламан, бўлмаса, ҳаммангизни ўлдираман, — дебди. Девларнинг баъзилари қўрқиб, қочиб кетибди. Қоча олмаганлари Ботир олдига келиб: “Раҳм қилинг! Бизларни ўлдирманг! Нима иш буюрсангиз ҳаммасини бажарамиз”, деб ялиниб-ёлборибди. Шунда Ботир девларга қирқта туя топиб келишни буюрибди. Девлар бир нафасда Ботирнинг айтганини бажо келтирибдилар.
Ботир:
— Унларни туяларга ортинглар! — деб буйруқ берибди.
Девлар кўз юмгунча Ботирнинг айтганини қилибдилар. Ботир олдинги туяга миниб, қирқ туя унни уйига олиб келибди. Кампир очликдан ўлим тўшагида ётган экан. Ўғлини кўриб тетикланибди. Унлардан нон ёпиб ширин-ширин таомлар пишириб, зориқиш нималигини билмай яшай бошлашибди.