Бой билан новча

Бор эканда йўқ экан, оч эканда тўқ экан, Зомин юртида бир бой бор экан, унинг бир новчаси бор экан. Кунлардан бир куни бой бир нарсадан таъби хира бўлиб, новчасини койибди. Новча аразлаб Зомин қозисининг олдига борибди. Қози:
— Ҳа, нима арзинг бор? — дебди. Новча айтибди:
— Арзим бор-у, тақсир, овлоқ бўлса айтаман, — дебди.
Шунда қози ўйланиб туриб кўнглида: “Бунинг авзойидан гапи борга ўхшайди, овлоқ қилиб гаплашиб кўрайин”, деб олдидаги мулозимларини чиқариб юбориб, сўнгра ҳалиги новчага:
— Гапир, қани энди, — дебди. Новча айтибди:
— Тақсир, фалончи бойга новча бўлиб юрган эдим, ҳақимни бермай қувиб юборди. Энди шуни нима қиламиз, қози бува? — дебди. Қози айтибди:
— Ойига неча пулга юриб эдинг?
Новча айтибди:
— Тақсир, тўққиз ойига олти юз тангага юриб эдим, бир пул бермасдан қувиб юборди.
Қози ўйлаб туриб:
— Ундай бўлса сен берадиганингни айт: мен сўнгра уни ўзим созлайман, — дебди. Новча:
— Тақсир, ундирсангиз учдан бир қисми, — дебди. Қози айтибди:
— Уч юз тангасини сен ол, уч юз тангаси бизга бўлсин. Сен маҳкам бўлсанг бўлгани. Тағин мабодо ярмини берса, алданиб, кўниб қўйма, — дебди. — Бойни мен айтиб келтираман. Бой келгандан кейин ундай дегин, бундай дегин деб, қози новчага сўз ўргатибди. Кейин новчага жавоб бериб, эрта билан Зомин бозоридаги қозихонага келишини уқтирибди. Новча шундан кейин ўз қишлоғига кетибди.
Ана энди бу кун ўтибди, эрта билан тонгда қози туриб, чой ичибди ва отланиб, Зоминнинг бозорига кетибди. У бориб қозихонада ўтирибди. Бироздан кейин бой келибди. Бой қозига:
— Тақсир, ҳалиги новча олдингизга келиб арз қилибди, ундай фалокатларни олдингизга келтирмай, уришиб ҳайдаб юборинг, — дебди.
Шунда қози бойни ота-онаси қолмай сўкаверибди.
Шу орада новча ҳам келиб қолибди. Шунда қози бойга:
— Бунинг ҳақини еб кетолмайсан, ҳозир ўтирган жойингда топиб берасан, — дебди. Кейин бой ўйлаб туриб англабдики, новча қозига бир нарсани беришга ваъда қилган. Бой пайт пойлаб туриб новчанинг кўзини шамғалат қилиб қучоғини очиб, имлаб қозига кўрсатибди. Қози унга ер остидан кўз ташлабди ва ерга қарабди. Кейин бироз ўйлаб туриб хаёлга кетиб: “Новчанинг берадиган нарсаси уч юз танга, уни ҳам бойдан олсагина беради, бойнинг имлаб кўрсатган нарсасида бир бало борга ўхшайди, шу бойнинг ваъдасидан қолмай, бир қучоқ нарсани ваъда қилди, агар шунинг ҳаммасини берса, бир нарсали бўлиб қоламан”, дебди қози ичида. Шу орада қози яна аста бошини кўтариб кўз ости билан бойга қарабди. Бой яна қулочини ёзиб, бир қучоқ деб имлабди. Шунда қозининг юрак-бағри ундан баттар эзилиб кетибди.
Қози кўнглида: “Энди бу новча падар лаънатини бир сўкайин, ҳақидан кечиб, бир дўқ билан йўқ бўлиб кетсин”, дебди. Қози энди новчани сўка кетибди:
— Падар лаънати, туҳматчи, ўғри, йўқол-чи, йўқол, кўзимга кўринма, ҳозир жазога ҳукм қилиб юбораман, — деб сиёсат қилибди.
Кейин ҳалиги новча қўрқиб, юраги ёрилай дебди. Қози олти ойлик жазога ҳукм қилиб юбораман дегандан кейин новчанинг жон-пони чиқиб кетибди, ҳақ олмасам ҳам гўрга, деб қозихонадан орқасига қарамай чиқиб кетибди. У кўздан йўқолгач, қози бойга қараб секин ишорат қилиб:
— Қани ҳалиги айтган нарсани олиб келинг, — дебди. Бой ўрнидан туриб бозор оралаб кетибди. Ана энди қозининг димоғи чоғ бўлиб, қувонганидан юраги ёрилгудай бўлибди. “У бир қучоқ нарса нима экан? У бир хум танга бўлади ё бир хум тилла бўлади, қачон олиб келар экан”, деб юраги эзилиб кетаверибди. Қозининг икки кўзи бойнинг йўлида бўпти. Ана энди қози бойнинг йўлига қараб, кўзи тўрт бўлиб ўтираверсин, сўзни бойдан эшитинг. Бой бозор оралаб кетганича тўғри қовун бозорга борибди. Ҳўкизнинг белидай бир катта тарвузни бир мирига олиб, қучоқлаб жўнабди. Бой ҳовлиқиб қозихонага етиб келибди. Қози ўтирган еридан чўзилиб қараб, ўйлабди: “Оббо бой бува тушгур-е, қозига бир яхши тарвуз ҳам олиб берай дебди-да”, деб ичида қувониб қўйибди. Бой шу орада тарвузни олиб келиб қозининг олдига қўйибди. Шунда қози:
— Бой, тарвуз бозорига ҳам борибсиз-да? —деса, бой:
— Ахир бизнинг бир феълимиз худога ёқиб, худо бизга шунчалик давлатни бериб, бой қилиб қўйибди, ваъда қилгандан кейин ваъдада турамиз-да, тақсир, — дебди.
Бойдан бу сўзни эшитган ҳамон қозининг юраги шув этиб кетибди. Бой шу орада тарвузни сўйиб, бир палласини каржлаб, қозининг олдига қўйибди, яна бир палласини каржлаб ўзининг олдига қўйибди. “Олинг тақсир”, деб қозини тарвуз ейишга таклиф қилибди. Улар иккови икки палла тарвузни еганича еб, қолганини қолдирибдилар. Кейин қози кўз ости билан ҳар замон-ҳар замон бойга қараб ўтира берибди.
Сўнг бой:
— Бизга жавоб энди, тақсир, тарвузни бўлса едингиз, ҳалиги онангни кўргур новчанинг гапига кўп қулоқ солаверманг. Келаси бозор тағин бир яхши тарвуз олиб бераман, — дебди. Қози:
— Бой бува, бошқа гапни қўйинг, боягини олиб келинг, — дебди.
Бой:
— Тақсир, одамни калака қилманг, бу гапингизга мен тушунмадим, бу нима деганингиз? — дебди. Қози:
— Бува, эсингиздан чиқдими, боя бир нарсам бор, бераман, демадингизми? Сиз шундай қилиб бир қучоқ нарсам бор, бераман, деганингиздан кейин, мен ҳалиги камбағални сўкиб юбордим, — дебди. Сўнгра бой:
— Ҳа, тақсир, энди тушундим, у бир қучоқ, деб кўрсатганим мана шу тарвузнинг ўзи эди, едингиз-ку, — дебди.— Бу бир қучоқ бўлмай нима, ўзингиз кўрдингизки, қучоғимга сиғмай лапанглаб зўрға кўтариб келдим.
Сўнгра қози бойнинг ваъдасига ишониб, ўзимнинг камбағалимдан айрилдим, шу замоннинг бойининг ҳам, камбағалининг ҳам айтган сўзига ишониб бўлмайди, деб сўкинибди. Кейин бой ўрнидан туриб чиқиб бораётиб:
— Тақсир, ҳар нарсага ҳам енгиллик қилманг. Эрта бозор олдингизга тағин бир тарвуз олиб келаман, — деб чиқиб кетибди. Қози яна ўйлаб, ҳалиги айтган бир қучоқ нарсасини бу бозор олиб келса ҳам ажаб эмас, деб хомтама бўлиб қолибди. Лекин бу бозор ҳам қози бойдан ҳеч нарса ололмай, уйга қайтибди.