Ҳамён

Бор экан-да, йўқ экан, қадим замонда бир чолу кампир бўлган экан. Улар жуда қашшоқ яшашар экан, зўрға кунлари ўтар экан. Ниҳоят қашшоқлик чолнинг жонига тегибди ва кампирига шундай дебди:
— Эй, кампир, қачон пешонамизнинг шўри арир экан. Ҳамма бало саводсизлигимизда. Ўқиган одамлар ўз нонини топиб ейди. Биласанми, мен мактабга бормоқчиман. Зора умримизнинг сўнгида турмушимиз яхшиланса.
— Қариган чоғингизда ўқиб, энди нима бўларди, — дебди кампир.
Чол мактабга йўл олибди. Муаллимнинг ёнига борибди.
— Хўш, хизмат, — деб сўрабди муаллим.
— Мен бир илтимос билан келган эдим. Мени ҳам ўқишга қабул қилсанглар, — дебди чол.
— Сизга нима бўлди, отахон, қариган чоғингизда? Қўйинг, бошимни оғритманг, — дебди муаллим.
— Мен ўқийман, — деб чол қайсарлик қилиб ўз сўзида туриб олибди.
Муаллим қараса, чолдан ҳеч қутулолмайди. Охири мактабга қабул қилишга рози бўлибди. У ҳам болалар қатори мактабга қатнай бошлабди.
Бир куни чол мактабдан келаётиб, йўлда каттагина, қаппайган ҳамён ётганини кўриб қолибди. Чол ҳамённи ердан олиб, кампирининг ёнига борибди.
— Ана, омадимиз келди. Кўчадан бир ҳамён пул топиб олдим, — дебди қувониб.
Кампир ҳам роса қувонибди. Бир-икки кун ўтгач, бир одам ҳовлима-ҳовли юриб, “ҳамён топмадингларми?” деб суриштириб борибди. У чолникига ҳам келибди. Чол тўғри сўзли, инсофли экан, гапнинг ростини айтибди:
— Ҳа, мен бир ҳамён топиб олган эдим, — дебди чол.
— Ҳамённи қачон топган эдингиз, ота? — деб сўрабди хурсанд бўлиб.
— Мактабдан қайтаётганимда, — дебди чол.
— Эй, ҳали шунақа денг. Сиз мактабга қатнаган вақтингизда, мен ҳали дунёга ҳам келмаган эдим, — дебди-да, шошиб чиқиб кетибди. Чол у кишининг орқасидан тушунтирганча қолаверибди.