Алвасти

Баҳорда қалдирғочлар келган куни ҳўкизни етаклаб, далага чиқдим, етти қадам босдим. Тўхтаб, оёғим тагидаги ерни ковладим, бир парча кўмир чиқди. Кўмирни латтага ўраб, ҳўкизимнинг шохига боғладим. Ўзим уйқуга кетдим. Уйқудан туриб, оғилхонага бориб, уни очиб қарасам, бир алвасти чиқди. Новчадан келган, ҳар кўзи товоқдай, оғзи қулоғида, бошидаги телпагининг қулоғи бир қулочга етган, чиқди-ю оғилга кириб ётди, мен қўрқдим. Бирдан у ўрнидан туриб келиб, у ёғимга ўтди, бу ёғимга ўтди, бошини қийшайтириб, секин мени туртди. Менинг аччиғим келди-да, алвастининг бошидаги телпагини юлиб олиб қочдим. Қарасам, у менинг орқамдан қувиб келяпти. Олдимдан бир масжид чиқиб қолди, жон ҳолатда ўзимни масжидга урдим. Алвасти орқамдан келиб, масжидга киролмай, бўсағада туриб, менга қараб:
— Энди мени сарсон қилма, телпагимни бер, — деб ялина берди.
Мен “йўқ” дедим-да, телпагини кийиб олдим. У мени кўради, мен уни кўраман, холос. Ахир у менга:
— Кел, иккимиз дўст бўлайлик, — деди. Мен ҳам тантилик қилиб: “Хўп”, дедим.
Масжиддан чиқдим, алвастининг кетидан боравердим. Бизлар бир-биримизни кўрамиз. Аммо бизларни ҳеч ким кўрмайди. Алвасти менга:
— Дўстим, мен ҳозир сени бир бойнинг уйига зиёфатга олиб бораман. Емасанг ҳам, бизнинг ҳунарни томоша қилиб ўтиргин, —деди.
Алвасти мени бир бойнинг уйига олиб борди. Ичкари-ташқари гумбурлаган ҳовли. Пўлат дарвоза ланг очиқ.
Алвасти олдин, мен унинг кетидан кириб бордим. Қарасам, ҳар бири эшакдек келадиган икки ит чўзилиб ётибди. Шеригим бўлса, итларни тепиб-тепиб ўтди. Итлар сесканиб, у ёқ-бу ёғига қарайди. Ҳеч нарсани кўрмайди, яна мудрайди. Ичкари уйга кирдик. Бизлар бир-биримизни кўрамиз, аммо бизларни ҳеч ким кўрмайди. Алвасти менга:
— Тўрга чиқиб, сандиқнинг ёнида ўтириб, томоша қил, — деди. Мен ҳам аста-аста ўтиб, сандиқнинг ёнида ўтира бердим. Шеригим пойгоҳда турди.
Қарасам, қорни катта бой икки хотини билан ўтирибди. Дастурхон ёзилган, бир лаган ошни энди ейишиб турган экан. Шеригим аста-секин келиб икки хотиннинг орасига кириб ўтириб олди. Ҳадеб ошни тушираверди. Бой:
— Ошни оз қилибсизлар, тўймадим-ку, — деб, хотинига:
— Бор, бир коса сув келтир, — деди. Шу пайтда қарасам, алвасти югуриб бориб, кўзага тушиб олибди, бойнинг хотини сув олай деса, алвасти сув олдирмайди. Бизлар бир-биримизни кўриб турибмиз, лекин уларнинг ҳеч бири бизларни кўрмайди. Алвасти қўйнидан бир идиш олди, ундан косага суюқ бир нарса солиб берди. Хотин косани икки қўллаб бойга узатаётганда, мен қўлимни чўзиб, косани туртиб, тушириб юбордим. Бой ҳовлиқиб:
— Ё мени, ё сени жин чалган, — деди.
Бойнинг хотини:
— Сиз ўзингиз косани ушлаёлмай тушириб юбордингиз-ку, — деди.
Шундай қилиб мен уч марта косани туртиб юбордим. Алвасти кўзадан чиқди, қумурсқадай бўлиб лаганга тушди.
Бой хотинига:
— Ҳой, хотин, лаган ичига бузоқ тушиб сузиб юрибди, сен писта пўчоғидан чиқаётибсан, — деди.
Мен алвастининг ишини томоша қилиб, эс-ҳушимни йўқотай деб турганимда бошимдан телпагимни тортиб олиб, алвасти қочиб кетди. Бой бирдан мени кўриб қўрқиб кетди.
— Хўш, менинг уйимда қайдан пайдо бўлиб қолдинг? — деб сўради.
Мен бошимдан ўтган воқеаларни бирма-бир айтиб бердим. Унга охири алвасти косага қуйиб берган ифлос сувни ичирмай тўкиб юборганимни ҳам айтдим.
Бой мендан бу сирларни ҳеч кимга айтмасликка ваъда олди. Менга бир сидирға сарпо ва пул бериб уйидан жўнатди.