Бахтли кал

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда, бир шаҳарда бир кал бор экан. Калнинг ота-онаси ва бола-чақаси йўқ экан. Ўзи узоқ далалардан ўтин териб келиб, сотиб, овқат қилар экан. Бир кун саҳрода ўтин териб юрса, шамол туриб, унинг зарбидан дарахтлар, кўкатлар ларзага келибди. Кал қараса, бўйи теракдек бир дев келяпти. Кал ўроғи билан арғамчисини бир кўкатнинг тагига беркитиб, товушини чиқармай ётаверибди.
Дев келиб калнинг ёнидаги бир тутнинг каллагида турган қуруқ каллани олиб, дуо ўқиб дам солибди. Ҳалиги калла ой деса ой, кун деса кундек бир қиз бўлибди. Дев қизни тиззасига ўтқазиб, унинг қўлидан шароб ичибди, кайфини чоғ қилиб, маст бўлиб йиқилибди. Бироздан кейин туриб, бир дуо ўқиган экан, қиз яна боягидай қуруқ калла бўлиб қолибди. Дев каллани тутнинг каллагига қўйиб, яна йўлига равона бўлибди. Кал ҳам ўрнидан туриб арғамчи билан ўроғига қарамай, жўнаб қолибди. У йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, мўл юрса ҳам кўл юриб, кўл юрса ҳам чўл юриб, кун юриб, ой юриб, йил юриб, бир шаҳарга етибди.
Бир ошхонага борса ошпаз овқатларини ўт ёқмасдан пишириб турган экан. Кал кўриб ҳайрон бўлибди. Кал ошпазга:
— Мен сизга шогирд бўламан, — дебди. Ошпаз:
— Менга шогирд керак эмас, — дебди. Кал:
— Оч қолдим, танишим йўқ, ҳолим танг, — дебди. Ошпаз:
— Майли бўлмаса, уйга ул-бул ташиб юрарсан, — дебди.
Бир куни кал ошпазнинг уйига гўшт-ёғ олиб борибди, гўшт-ёғни ошпазнинг бўйи етган қизига бера туриб, унинг қўлидан ушлабди. Қиз қўлини шунча тортса ҳам кал оёғини тираб туриб олибди. Шунда қиз:
— Қўлимни қўйиб юбор, кўчадан номаҳрамлар ўтиб турибди, — дебди. Кал:
— Бир гап сўрайман, тўғри айтсанг қўйиб юбораман, — дебди.
— Гапинг нима, айт!
— Отанг қандай қилиб ўт ёқмай ош пиширади?
— Қўлимни қўйиб юбор, ичкарида айтаман.
Кал қўйиб юбормабди. Охири қиз айтишга мажбур бўлибди:
— Отамнинг бир дуоси бор, шуни ўқиса, ош пишаверади.
Кал қизнинг қўлини қўйиб юбориб, ўзи бозорга кетибди.
Ой ўтиб, йил ўтиб, ҳалиги иш қизнинг эсидан чиққандан кейингина, яна бир куни гўшт-ёғ олиб келибди. Уни олгани яна қиз чиқибди, кал унинг қўлидан ушлаб, “дод” деса ҳам қўйиб юбормабди.
— Ўша отангнинг дуосини ўргатиб қўйсанг, қўйиб юбораман.
— Отам билса, иккаламизни ҳам тирик қўймайди.
Шунда кал қизнинг қўлини ундан ҳам қаттиқроқ тортибди. Қиз ялинибди:
— Майли, ўргатиб қўяй, — деб рози бўлибди. Кал шундан кейингина қизнинг қўлини қўйиб юборибди. Қиз калга отасининг дуосини ўргатиб қўйибди. Кал ўрганган дуосини ўқиб, каптар бўлиб, осмонга учибди. Ошпаз ҳам лочин бўлиб осмонга чиқибди. Калнинг орқасидан қувиб қолибди. Ошпаз қувиб, етай-етай деганда, бир жойда бир қанча ҳукмдорлари билан бир подшо зиёфатда ўтирган экан. Кал базмнинг ўртасига тушибди-да, қизил гул бўлиб очилибди. Ошпаз ҳам келиб бир дарахт шохига қўниб, булбул бўлиб сайрабди. У чунон сайрабдики, подшо билан ёнида ўтирганлар сел бўлиб оқибди. Подшо булбулга қараб:
— Тила-тилагингни, — дебди. Булбул:
— Ўша олдингиздаги гулни тилайман, — дебди. Подшо:
— Ушла, нокас, — деб гулни ирғитиб юборган экан, гул бир ҳовуч тариқ бўлиб, сочилиб кетибди. Ҳалиги булбул болали товуқ бўлиб, тариқни териб ебди. Кавушларнинг ичида биттаси қолган экан, яна каптар бўлиб учиб кетибди. Ошпаз лочинга айланиб, орқасидан қувибди.
Бир жойда ёнар тоғ бор экан, кал бир дуо ўқиган экан, ўт-тутун бўлибди, кал ўтиб бир хашак тагига беркиниб қолибди, ошпаз тўғрига ўтиб қидириб кетаверибди.
Кал бир дуо ўқиб, одам бўлиб, ўз шаҳрига жўнабди.
Бояги даштдаги калла турган тутга борибди. Каллани олиб, дуо ўқибди, ҳалиги калла бир қиз бўлибдики, унинг ҳусни жамоли олдида ой хиралик қилар экан. Қиз кўзини очиб:
— Ҳе, кал, мен сеники бўлдим, энди уйингга кетайлик, — дебди.
Калнинг уйига борибдилар. Кал қизни ўзига никоҳлатиб олибди. Кал яна ўтин териб, овқат қилиб юраверибди.
Бир куни ўтин териб юрса, дашт ёнидаги катта дарёдан бир гул оқиб келаверибди. Кал арғамчига хашак боғлаб, сувга ташлабди, гулни илинтириб, ўзига қаратиб тортибди. Гулни олиб туриб ўйлабди.
Ўша кунларда шаҳар подшоси қизининг чиройига маҳлиё бўлиб: “Дунёда менинг қизимдан чиройли қиз бормикин?” деб эълон қилган экан. Кал гулни кўтариб, подшо ўрдасига борибди. Подшо қизи билан қирқ поғонали равоқда ўтирган экан. Кал бир поғонага чиқиб қўйнига бир қараб, равоқдаги подшонинг қизига бир қарабди. Яна бир поғонага чиқиб, бир қўйнига қараб, бир подшонинг қизига қарабди. Тўрт-беш поғонага борганда подшо жаллодни чақириб, унга кални олдириб чиқиб, равоқдан пастга ташлаб, ўлдиришни буюрибди. Жаллод кални олиб чиқиб ташлаётганда кал подшога:
— Арзим бор, — дебди.
Подшо:
— Нима арзинг бор? — дебди. Шунда кал:
— Сиз дунёда менинг қизимдан чиройли қиз бормикин, деб айтган эдингиз. Мен бир гул топган эдим, шуни олиб келиб, сизнинг қизингиз чиройлими ё гул чиройлими, деб солиштириб кўраётган эдим, — дебди-да, қўйнидаги гулни олиб берибди. Подшо вазирга гулни бериб:
— Чорбоғга олиб бориб кўринг-чи, шу гулдан бормикин, — дебди.
Подшонинг чорбоғида турли-туман гуллар бўлар экан. Вазир гулни солиштириб кўрибди. Ҳақиқатан у гулдан йўқ экан. Подшо гулни олиб, энг кичик хотинига берибди. Подшонинг тўртта хотини бор экан. Бир кун тўрт хотини подшонинг этагидан ушлаб олиб: “Бизга ҳам биттадан шунақа гул топасиз, бўлмаса бизнинг жавобимизни берасиз. Ҳаммамиздан ҳам шу хотинингиз яхшими?” деб жанжал чиқарибдилар. Подшо калга:
— Гул келтирмай ўл, бошимни балога қўйдинг. Яна шу гулдан бир кам тўртта топиб келасан, бўлмаса ўласан, — дебди. Кал қирқ кунга муҳлат олиб кетибди.
Кал ўтин териб, сотиб, овқат қилиб юраверибди. Бир кам қирқ кун ўтиб эртаси кун деганда, кечаси кал оҳ тортиб юборибди. Хотини:
— Хўш, нимага оҳ тортасиз? — дебди. Кал:
— Эртага менинг ажалим етадиган кун, — деб подшога берган ваъдасини сўзлаб берибди. Хотини:
— Иш осон экан, — деб эрта билан калга:
— Бир боғ ҳўл говрон олиб келинг, — дебди. Кал говронни олиб келибди. Хотини уйни қоронғи қилиб бекитибди. Говронни бир токчага қўйибди. Калга:
— Мени шу говрон билан урасиз, мен “дод” деб уйнинг ичини айланаман. Говроннинг синганини бўш токчаларга ташлайсиз, — дебди. Кал унамабди. “Сизга тирноғимни ҳам тегизмайман”, дебди. Хотини:
— Майли, ураверинг, агар мени яхши кўрсангиз, менинг ўлишимни хоҳламасангиз, аямай ураверинг, менга зарар қилмайди, — дебди. Кал “Хўп”, деб ураверибди. Хотини “дод” деса ҳам қўймабди. Бир вақт хотини калга:
— Уйнинг эшигини очинг! — дебди. Кал эшикни очса, ҳалиги хотинининг баданига тегиб синган говронлар, бир кам тўртта бояги гулдан бўлиб қолибди. Хотинига ҳеч нарса бўлмабди.
Кал гулларни кўтариб подшо олдига жўнамоқчи экан, учта жаллод келиб: “Подшо сени чақирди!” дебди. Кал гулни кўтариб подшо ҳузурига борибди. Гулни унга берибди, ўлимдан қутулибди. Шунда жаллодлар калнинг уйида чиройли хотини бор эканини подшога айтибдилар. Подшо у хотинни қандай қилиб қўлга олиш ҳақида зийрак вазири билан маслаҳатлашибди. Вазир:
— Иши осон, сиз тишим оғриди, деб ётасиз, табиб келиб, айиқ сути дори, дейди. Кални айиқ сути олиб келишга буюрамиз. Тўқайзорларда йўлбарс, айиқларга ем бўлиб ўлиб кетади. Хотини сизники бўлади, — дебди.
Подшога бу маслаҳат ёқиб, вазир айтгандек қилибди. Кални чақиртирибди. Кал қирқ кунга муҳлат олибди. Бир кам қирқ кун деганда, кечаси бир оҳ урибди. Хотини сабабини сўрабди. Кал аввалгидай яна воқеани сўзлаб берибди. Хотини яна:
— Хафа бўлманг. Эрта билан туриб битта косани қўлтиққа тиқиб, фалон тўқайга борасиз. У жойда айиқлар подшосининг оёғига чўгир кириб, шишиб, юролмай ётибди. Узун бир қамични учлик қилиб, айиқнинг оёғидаги ярани тешиб юборасиз, зардоб чиқиб, патос оқиб, айиқ кўзини очади,— “Тила-тилагингни” деса, сиз бир коса сут тилайсиз, — деб маслаҳат берибди.
Кал хотинининг айтганидай қилиб, сутни подшога олиб борибди.
Подшо вазирига:
— Яна омон келди, энди нима қиламиз? — дебди. Вазир:
— Яна ҳийла қилиб, белим оғриди, деб ётасиз. Табиб бел оғриғининг тузалиши учун Кўҳиқофдаги Гулиқаҳқаҳ парининг олтин супасида ётсангиз тузаласиз, дейди. Кални юборасиз, кал ўша ёқда ўлиб кетади, — дебди.
Подшо вазир айтганидай қилиб кални чақирибди. Калга супани олиб келишни буюрибди. Супа олтиндан экан, унинг ёнида олтин тераги, терак остида забаржаддан кўрпа-тўшак, ёстиқ бор экан. Терак шохлари зумрад, барглари марвариддан экан.
Кал эртага қирқ кун бўлади, деганда оҳ урибди. Хотини аҳволини сўрабди. Хотинига воқеани сўзлаб берибди.
Хотини:
— Осон экан, — дебди.
Тонг отибди. Хотини калнинг қўлидан ушлаб: “Кўзингизни юминг!” дебди. Кал кўзини юмибди.
— Кўзингизни очинг! — дебди. Кал кўзини очиб қараса, хотини билан ҳалиги олтин супада ўтирган эмиш. Хотини кални бир жойга бекитиб қўйиб, Гулиқаҳқаҳ парини чақирибди. Гулиқаҳқаҳ пари Кўҳиқоф париларининг подшоси экан. Калнинг хотини Гулиқаҳқаҳ парининг синглиси Қундуз пари экан. Қундуз парини ўн йил илгари бир дев яхши кўриб, олиб қочиб кет-ган экан. Гулиқаҳқаҳ синглиси Қундузни кўриб севинганидан қичқириб йиғлабди. Тамоми парилар тўпланибдилар.
— Сени у золимнинг қўлидан ким қутқарди? — деб сўрабди, Қундуз пари бир қошиқ қонини сўраб олгандан кейин, ҳалиги кални чиқариб кўрсатибди. “Шу қутқарди”, дебди. Шу билан Гулиқаҳқаҳ парига терак билан супа учун келганини айтиб берибди. Гулиқаҳқаҳ пари бир ҳужрани очиб, бандда ётган уч девни чақирибди:
— Шу супани терак, ўрин-кўрпалари билан қанча вақтда фалон подшонинг боғига олиб борасан? — дебди. Девлар:
— Бир соатда, — дебдилар. У девларни ўз ўрнига киргизиб қўйиб, бошқа девларни чақирибди. Охири бешинчи ҳужрадаги икки дев, уч дақиқада олиб боришини айтибдилар.
— Кўтар!— дебди Гулиқаҳқаҳ пари. Супада Гулиқаҳқаҳ пари, Қундуз пари ва кал ўтирар эдилар. Кал кўзини юмиб очса, ҳалиги подшонинг боғида турибдилар. Ҳар учаласи калнинг уйига кетибди. Эрта билан подшонинг жаллодлари кални шоҳнинг ҳузурига элтибдилар. Шоҳ калга:
— Ҳозир ўласан! — дебди. Кал:
— Ҳовлини кўринг! — дебди. Подшо ҳовлига қараса, супа турибди.
Подшо супа келганига севинмабди, балки хафа бўлибди. Чунки кал тирик келган экан. Подшо вазиридан яна тадбир сўрабди. Вазир:
— Юртга саржин солинг!— дебди.
Минг саржин ўтин йиғилибди. Икки терак бўйи қилиб терилибди. Устига кални чиқариб фонар ёғи қуйишни буюрибди. Шу ҳолда ўтин тагидан ўт қўйилибди. Гулиқаҳқаҳ билан Қундуз парилар осмонга чиқиб кални тутун ичидан олиб, учиб кетишибди. Бир неча кун ўтгандан кейин бир дуо ўқиб, янги узилган бир қовун пайдо қилибдилар. Қовуннинг иккита барги бор экан, бандидан сув оқиб турар экан. Қовунни калга қўлтиқлатиб, уни кул ичига яшириб қўйибдилар.
Эртасига подшо калнинг ўлимига шодиёналик қилиб, бутун халқни тўплаб турган вақтида, бирдан қовун қўлтиқлаб кул ичидан кал чиқиб келибди. Ўша вақтда эндигина ердан қор кетган, ҳали қовун пишадиган вақт эмас экан. Подшо ҳайрон бўлибди.
Кал подшо билан сўрашиб:
— Мен жаннатга бордим. Ота-онангиз ўша жойда қовун эккан экан. Қовун пишибди, сизни қовун сайлига олиб бориш учун мени юбордилар, — дебди.
Юртга яна ўтин солиғи солинибди. Ўтинни тўрт терак бўйи қилиб терибдилар. Унинг устига кал билан подшо чиқиб ўтирибди. Фонар ёғи қуйилибди, ўт қўйилибди. Тутун ичида икки пари келиб, кални кўтариб кетибди. Подшо куйиб кул бўлибди.
Подшонинг келаман, деган ваъдасига бир кун қолганда, кечаси кал кул ичига кириб ётибди. Подшони қарши олиш учун йиғилган ҳукмдорлар қараб турганда, қўлида хат ушлаган кал кул ичидан чиқиб келибди. Хат ўқилса:
Подшо вақтинча ота-онаси олдида қолибди, ўрнига кални подшо қилибди. Кал подшо бўлибди, юртда адолат ўрнатиб, давр-даврон сурибди, мурод-мақсадига етибди.