Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда ака-ука бўлган экан. Улар жуда иноқ яшашар экан, лекин ниҳоятда камбағал эканлар. Ака-ука ўзларига тўқ яшашни, уйланишни орзу қилар эканлар. Бунинг турли йўлларини ўйлай бошлашибди.
Кунлардан бир кун акаси укасига:
— Мен бир нарсани ўйладим, — дебди.
— Айт бўлмаса, — дебди укаси.
— Биз ҳаммадан аввал қовун экиб етиштирайлик, кейин подшога совға қилиб олиб борайлик. У балки бизга қимматбаҳо совға берар, — дебди акаси. Укаси рози бўлибди.
Эрта баҳорда ака-ука қовун экиб етиштирибдилар. Қовун жуда катта, усти тўрлаган, кўрган кишига “мени е” деб турадигандек бўлибди.
Ака-ука қовунни замбилга солиб кўтариб, подшо ҳузурига жўнашибди.
Подшо “халқим менинг олдимда яхшилаб, орқамдан ёмонлаб юрмаганмикин, қани бир синаб кўрай-чи” деб бир дарвеш қиёфасида шаҳарда юрган экан. Шунда замбил ёнида икки йигит дам олиб ўтирганини кўриб қолибди. Дарвеш йигитларнинг ёнига бориб, қаерга кетаётганликларини сўрабди.
— Подшо ҳузурига кетяпмиз, — деб жавоб берибди ака-ука.
— Замбилда нима олиб кетяпсизлар? — деб сўрабди дарвеш.
— Қовун, — дебди ака-ука.
— Буни подшога олиб боришдан мақсадларинг нима? — деб сўрабди дарвеш.
— Подшонинг ўзи билади, — дебди ака-ука.
— Агар подшо қовунларингни олиб, ўзларингни зиндонга солса, унда нима қиласизлар? — деб сўрабди дарвеш.
— Подшонинг ўзи билади, — деб ака-ука.
— Агар подшо қовунларингни олиб, ўзларингни калтаклатиб ўлдирса, унда нима қиласизлар? — деб сўрабди дарвеш.
— Подшо қонхўр, бизни ўлдиргани билан тўярмиди? Унинг ихтиёри ўзида, — дебди ака-ука ва замбилни кўтариб подшо ҳузурига жўнаб кетаверишибди.
Подшо ҳам тезда саройга қайтибди. У кийимларини ўзгартириб, ўз ўрнига бориб ўтирибди. Шунда ака-ука таъзим қилиб, кириб келишибди,
— Подшоҳи олам, сизга совғага қовун олиб келдик,— дебди ака-ука.
— Қовунни қаерда, қандай қилиб етиштирдинглар?— деб сўрабди подшо.
— Озгина еримиз бор эди, ўша ерда меҳнат қилиб етиштирдик, — дебди ака-ука.
— Бу қовунни олиб келишдан мақсадинглар нима? — деб сўрабди подшо.
— Ўзингиз биласиз, — дебди ака-ука.
Подшо дарвеш қиёфасида бўлиб юрганида берган саволларининг ҳаммасини қайтадан бера бошлабди. Ака-укалар саволларга худди аввалгидек жавоб беришибди.
Подшо йигитлардан хурсанд бўлиб, уларнинг бир сўзлигига, тўғрилигига тан берибди. Қимматбаҳо кийимлар кийдириб, кўпдан-кўп совғалар берибди. Катта тўй қилиб, икки қизини ака-укаларга никоҳлаб берибди.