Виждонли йигит

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир чол билан кампир яшаган экан. Уларнинг битта-ю битта ўғиллари бор экан. Унга ёшлигидан яхши тарбия беришибди. У ақлли, виждонли, инсофли йигит бўлиб ўсибди.
Йигит бир куни қараса, ариқда битта қизил олма оқиб келаётган экан. У шу олмани олиб роса томоша қилибди. Олма жуда чиройли экан, ҳиди ҳам ўткир экан. Охири ҳеч чидай олмай, олмани битта тишлабди. Олма шунақаям лаззатли эканки, таъми оғзида қолибди.
Йигит ўйланиб туриб, олманинг эгасини топишга, унинг ҳаққини беришга қарор қилибди. Йигит олма оқиб келган ариқ бўйлаб кетаверибди. Йўлда катта бир боққа дуч келибди. Қўлидаги олма билан боғдаги олмаларни солиштириб кўрса, бир-бирига ҳеч ўхшамас экан. Шунда йигит боғбондан суриштира бошлабди. Боғбон йигитга:
— Ўғлим, бу олмалар уч кунлик йўлдан оқиб келган, —дебди.
Йигит ўз уйига қайтиб келиб, бўлган воқеани ота-онасига айтиб берибди. Улар ўғилларини ўша жойга яхши бориб келишига розилик билдириб, оқ фотиҳа беришибди. Йигит уч кунлик харажатларни олиб йўлга тушибди.
Йигит уч кун йўл юргач, катта бир боғнинг олдидан чиқиб қолибди. Боғнинг ичкарисига кирса, бир чол дарахтларнинг тагини чопиб, ишлаб юрган эмиш. Йигит чолга салом бериб, келишдан мақсади нима эканлигини айтибди. Шунда чол:
— Менинг боғимдаги олмалар пулга сотилмайди. Менинг уйимда бир қизим бор. Оёғи — шол, кўзи — кўр. Олманинг ҳақига шу қизимни оласан, — дебди.
Йигит бир оз ўйланиб туриб, чолнинг гапига рози бўлибди. Йигит қизни кўрмоқчи эканлигини айтибди. Қараса, ой деса — ой, кун деса — кундек юзи бор, қирқ кокили белига тушган чиройли қиз экан.
Йигит ўз ота-онаси ёнига қайтиб келиб, бўлган гапларни айтиб берибди. Кейин йигитнинг ота-онаси боғбонникига совчиликка боришибди. Тез кунда катта тўй бошланиб кетибди. Йигит билан қиз бир умр бирга аҳил, тотув яшашибди. Улар беш ўғил, уч қизлик бўлиб, мурод-мақсадларига етишибди.