Зуҳра Алиева 1952 йилда Қува шаҳрида таваллуд топган, Фарғона педагогика институтини тамомлаб, шаҳардаги 17-мактабда ўзбек тили ва адабиётидан дарс берган.
Шеърлари вилоят ва жумҳурият матбуотларида чоп этилган.
ОДАМ БОЛАСИ
Осмон ўшал осмон, юлдуз, ой ўша,
Сувлари шалола, тошқин сой ўша,
Тупроғу майсалар, еру жой ўша,
Бироқ ўзгачадир Одам боласи.
Кимлар охиратнинг савобин ўйлар,
Аллаким бошлиқнинг жавобин ўйлар,
Биров эккан ерин танобин ўйлар,
Шундай, ўзгачадир Одам боласи.
Нарху наво деган офатга қурбон,
Молу дунё деган кулфатга қурбон.
Не мардлар битта паст улфатга қурбон,
Эҳ, бугун ўзгадир Одам боласи.
Не-не ажаб зотлар айланди қулга,
Саждагоҳлар топиб тилло-ю пулдан,
Оллоҳ бакор келсин бундай мушкулга,
Кўринг, ўзгачадир, Одам боласи.
Ҳозирча, баъзи бир баҳолар баланд,
Ёғоч, тупроқ, тошнинг баҳоси баланд.
Шукрким, кўнгилнинг баҳоси баланд,
Воҳ, бугун ўзгача Одам боласи.
Мен бугун баҳорни гулни соғиндим,
Меҳрибон, дардкаш бир дилни соғиндим,
Зуҳродай хокисор элни соғиндим,
Сўзларим англасин Одам боласи.
МАСОФА
Умрингиз йўллари узундан-узоқ,
Ҳаёт Сизга мангу берилган гўё.
Фарқига бормайсиз, нимадир гуноҳ,
Ёлғонлар тўқийсиз, сўзлайсиз рўё.
Сиз бўлган даврада сохта табассум,
Маънисиз кулгулар, иғволар кезар,
Юракда бир оғриқ сезгилар сим-сим,
Кўнгилда турфа хил ғавғолар кезар.
Сиз ўзни санайсиз оламда танҳо,
Ой ҳам Сизга бўлса, қуёш ҳам Сизга,
Олинг: дунё сизга, сизга шу маъво,
Фақат бир юлдузни колдиринг бизга.
Ул танҳо юлдузда Сиз туймаган дард,
Сиз ҳеч қачон сезмас аламлар бордир.
Ул бир мўъжизадир тилсимга монанд,
Сизга эшик очмас оламлар бордир.
Сизга бу дунёю бизга у дунё,
Демак Сиз ўзгаю биз ўзга олам.
Масофалар олис, тош отманг асло.
Бошимиз ёрилмас тош текканда ҳам…
КЎНГИЛ
Мардим, мени маъзур тутинг, феълим Сизга аёндир
Бу дунёда суймаганим — хиёнату ёлғондир.
Сиз бепарво ағёр тутган ёлғонларни ичдингиз,
Меҳрим синди. Энди унинг тузалмоғи гумондир.
Хайр, дедим, ҳеч толмасин ётга берган кўлингиз,
Қалбингизнинг деворлари тош бўлибди, ёр, энди,
Занжир бўлган ўрим-ўрим қаро сочлар дор энди.
Йўлларимни ёритмоқни бир эгамдан сўрайман,
Ёлғон йўлда суянганим номус энди, ор энди.
Хайр, дедим, ҳеч толмасин ётга берган қўлингиз,
Тиканлардан холи бўлсин, ёрим, босар йўлингиз,
Сизга омад тилай-тилай бир қайрилдим ортимга:
Подшоҳим… Қурбақага тушган экан кўнглингиз…
ЭЙ ДИЛ
Яхши сўз бор бўлсин дунёда,
Сўз ичра ёмони бўлмасин.
Рост бўлсин, ошкора бўлсину
Ва лекин ниҳони бўлмасин.
Бол тутган тилларинг остида
Оғули забони бўлмасин.
Душманинг бўлса ҳам мард бўлсин,
Қўрқоғу нодони бўлмасин.
Меҳрибон, содиқ деб билганинг
Кўнглида гумони бўлмасин.
Дўстона ҳол сўраб кулганнинг
Кўксида илони бўлмасин.
Тонг чоғи лаб очган ғунчанинг
Бемаврид хазони бўлмасин.
Эй дил, сен сиғинган кўнгилнинг
Ўзга бир жаҳони бўлмасин.