Ҳикматилло Айимбет

ТОШ

Бир иморат қурмоқ нияти
Бу устага эди муддао.
Юлдуз учиб… етиб фурсати
Улкан тошни келтирди илло.
Ингранди тош болға зарбидан,
Бужир бўлиб кетди бетлари.
Нима истар тоғ фарзандидан,
Пайраҳадай учди этлари.
Зарб устига зарб оғир-оғир,
Тушунгандай бўлди, ниҳоят,
Қаҳ-қаҳ уриб ёрди у бағир —
Пойдевор бўлмоқ ҳам жасорат!

* * *

Олов пуркар тўрт ёққа
Саратоннинг офтоби.
…Мана, қизлар булоққа
Етиб бориб тўхтади.

У ён-бу ён кўз солиб
(Бағри тўла — сирларга).
Пақирларга сув олиб
Тарқар пана — қирларга,

Чечаклардай ярқиллаб
Устларидан қуйишар…
Муздек сувда салқинлаб
Уй-уйига қайтишар.

…Ў, келгуси кўкламда
Оққанида жилғалар,
Қушлар базми — айёмда
Бунда тошади гуллар.

Шунда ўт бул қумлардан —
Танимассан бу ёқни…
Қизлар сочган сувлардан
Гул кўкарган сиёқли…

МАЗЛУМХОН СУЛУВНИНГ САРОЙИГА БОРГАНДА

Беназир кўркини унутган бугун
Қадимий гўзаллик, қадимий чирой.
Деворлар, пештоқлар боқарлар маҳзун,
Кузак боғларидай шип-шийдам сарой.

Қўш қабр дўппайиб турар ичида,
Ошиқ-маъшуқмикин?.. — ўйга ботдим жим.
Балки шоҳ, малика ётибди бунда,
Балки икки гадой, икки ёв балким!..

На тарих, на ғайб беради садо,
— Қўш қабр, ҳой, қўш қабр, сўйла-чи бир зум,
Мен келдим йироқдан — асрлар — аро, —
Кимсиз, сўзланг, ассалому алайкум!..

Сукунат… ва фақат даштлар эпкини…
Каптарлар… руҳларми?.. равоқда лолдай…
Дафъатан потирлаб учади,
Мени
Сарой эгасига ўхшата олмай.

ЁЛҒИЗ ТЕРАК

Отангдан олтов бўлсанг-да Ватанингга ёлғизсан.
(Мақол)

Келганмисиз қорақалпоқ юртига,
Яккам-дуккам ёлғиз терак тебранар.
Ой қалқиган тунлар қараб кўркига
Юрагим эмранар, кўнглим эмранар.

Тонг нурларин энг илгари қаршилар,
Шом шуъласи уни ўпиб ботади.
Саҳро сувларини шарбатдай шимар, —
Осон эмас, теран томир отади.

…Бир ўримга келар сочилган йўллар —
Сафардан қайтаман чақмоқ ургандай.
Шох ёзиб — рақс тушиб у кутиб олар,
«Ватанингга ёлғизсан», деб тургандай.

Азим Суюн таржимаси