Хушнуд (1920)

Хушнуд (Абдулла Отабоев) 1920 йилда Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида туғилган. Бошланғич мактабни, кейин Урганчда рабфакни, икки йиллик ўқитувчилар институтини битирган.
Напоий, Фузулий, Муқимий, Фурқат каби классик шоирлар ижодини чуқур ўрганиб, ғазаллар ёза бошлаган.

ТУЙМАЙ ЭЛИМ ДИЙДОРИГА

Қўйганимда илк қадам мен шеърият гулзорига,
Тушган эрди кўзларим ўн тўрт баҳор рухсорига.

Анжуманларга кириб, тинглаб Навоийдан ғазал,
Бўлдим ошно шеъриятнинг ҳар сири асрорига.

Ҳофизу Саъдий билан тунлар аро ҳасратлашиб,
Дард билан силдим қулоқ ошиқ Фузулий зорига.

Огаҳийга учрашиб, олдим равонликдан сабоқ,
Кўчди Жайҳун тўлқини жўшқин дилим анҳорига.

Мунису Комил, Аваз, Мутриб билан суҳбатлашиб,
Ҳисса қўшгайман, дедим, янги замон ашъорига.

Ёшим элликка тўлиб бир лаҳза тинчим бўлмади,
Шеър битурман, Хушнудо тўймай элим дийдорига.


ҲАҚИҚАТ БУ АДОЛАТДИР…

Бир инсон шаънини булғаш ёмондан ҳам бад одатдир,
Бад одатли кишиларнинг иши доим маломатдир.

Бад одатли бўлур ҳар хил: бири нодон, бири маккор,
Уларнинг қилмиши инсон деган номга ҳақоратдир.

Чақимчи, иғвогар, қаллоб, текинхўр, бадфикр, баттол,
Бари малъун, бари иблис, бари сурбет касофатдир.

Шу бадлар дастидан додлар қолиб бўҳтонга яхшилар,
Ки, яхшиларни ранжитмоқ нечук мудҳиш қабоҳатдир.

Қўйиб айб, кимгадир ноҳақ қилурлар жар солиб ошкор,
Бу орсизлик, уятсизлик ўлимдан зўр жаҳолатдир.

Жаҳолат маҳв бўлур шаксиз беролмай тоб ҳақиқатга,
Ҳақиқат бу—енгилмас куч, ҳақиқат бу адолатдир.

Аё, Хушнуд бўлиб ҳушёр, ҳазар қил ори йўқлардан,
Қаламни найза айлаб, санч ҳимоянгда жамоатдир.


НАСИҲАТ

Бировга ваъда бердингми, бажар вақтида, жон дўстим,
Ҳақиқий одамийликка бу ҳам бир имтиҳон, дўстим.

Қўлингдан келмаган ишни бериб сўз олма бўйнингга,
Мабодо қилмасанг ижро бўлур сенга ёмон, дўстим.

Ёғиб бошингга минг таъна қолурсан кўп хижолатга,
Ўгиргай юзларин сендан бировлар бегумон, дўстим.

Бутун халқ ҳам ҳазар қилғай агар шаънингга доғ тушса
Бу доғни ювмоғинг билгил, эмас асло осон, дўстим.

Ақлни ишлатиб кессанг фақат бир пора қирқ ўлчаб,
Сенинг обрўю шаънингга сира етмас зиён, дўстим.

Бошингга келса-да шамшир қараб тик, сўзлама ёлғон,
Ҳамиша тўғри йўлдан юр, яша дерлар омон, дўстим!..

Бу шеърим этмаса таъсир, нетай Хушнуд иложим йўқ,
Ва лекин қарз эди менда қўйиш айтиб, инон, дўстим!

ТУЮҚЛАР

Ўлтирардим таниш ўртоқ қошида,
Бир нақш кўрсатди болдоқ қошида.
Қандай чиройли, деб мақтаган эдим,
Деди: нақшдамас, гап наққошида.

Яхши раҳбар юмушида режа бор,
Маҳтал этмас, хоҳ кундуз, хоҳ кеча бор.
Ишинг тушиб қолса ёмон бошлиққа,
Эрта кел, деб жўнатади неча бор.