Холдор Вулқон (1959)

Холдор Вулқон 1959 йил 3 май куни Андижон вилояти, Олтинкўл туманида туғилган. 1980 йилдан 1990 йилгача безовчи рассом сифатида турли ташкилотларда ишлаган. 1990-1996 йилларда Тошкент Давлат Университетининг Филология факултетида таҳсил олган.
1975 йилдан бери шеърлар ва насрий асарлар ёзади. “Туманли далалар қўшиғи”, “Лайлатул-қадр”, “Тунги лайлакқор” номли шеърий китоблари Тошкентда чоп этилган.
1999 йил август ойидан Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси.

“Қадрдон қирғоқлар” китобидан

ВАТАН

Сен агар буғдой бошоқ бўлсанг сомонингман, Ватан,
Тоабад бошинг омон бўлсин, товонингман, Ватан.

Барча яхши, барча оқил, барча доно, файласуф,
Қимтиниб бир чеккада юрган ёмонингман, Ватан.

Чор тараф зулмат, туман, увлайди минг -минглаб шоқол,
То саҳар гулхан ёқиб чиққан чўпонингман, Ватан.

Барча жим, тилсиз писиб, мум тишлаганда, хайқириб,
Ҳақ сўзин дор остида айтган забонингман, Ватан.

Бўлмасин оввора ёв ойболта қайраб қатлима,
Қатл этиб ўлдирса хам ўлмас омонингман, Ватан.

Юртда Вулқон чўққидек бошим булутлардан баланд,
Ёв учун мангу ўтиб бўлмас довонингман, Ватан!

ДEНГИЗДА
(“Истанбул илҳомлари” туркумидан ).

Эммоноэл бўғози, Тамсил, Эскудар,
Отмоқда ёмғирли Истанбул тонги.
Мармара денгизин кенгликларида,
Янграр кемаларнинг хасратли бонги.
Денгизлар ортида қолган Ватаним,
Соғиндим Масжиду минорларингни.
Ўлмай қайтиб борсам уялмай унсиз,
Қучоқлаб йиғлайман чинорларингни.
Совуқ шамол эсар, намчил палуба,
Кема чайқалади, ғижирлар эшик.
Бизни аллалайди кемага қўшиб
Денгиз дунёдаги энг улкан бешик.
Мен уйғоқ боқаман кенгликлар тамон.
Ғамларга тополмай бўйинтуруқлик.
Сув юзида ярми кўриниб турган,
Қўрқинчли махлуққа ўхшар қуруқлик.

1999 йил, декабр. Туркия.Истанбул. Мармара денгизи. Кемада ёзилди.

ИЛМОҚ

Сиз назарга илмайсиз мени,
Яхшиям илмайсиз
Илсангиз агар,
Элу халққа кулгу бўлардик.
Чунки, мен новчаман.
Назарингиз эса
Ҳаддан зиёд паст.

2001 йил, 21 январ, тунги соат 9 дан 21 минут ўтди. Ташқарида қор ёғяпти. Маслаҳат қишлоғи.

ХОТИРЖАМ ОДАМ

Ёмғир шивирлайди қулоқларимга,
Кўчада одамлар лаваси оқар.
Автосувараклар қатнаган йўлга,
Ўйчан йўловчилар паришон боқар.
Чақди кўзларимни аччиқ тутунлар,
Қайрилдим ёмғирли, кимсасиз боққа.
Ялдо тунларида қораламадан,
Сочу соқолимни кўчирдим оққа.
Мен ҳам асли жонли кийимилгичман,
Соябон орзуси бағримни ўйган.
Анча бўлди йўллар ғадир-будур деб,
Кийимимда дазмол қатнамай қўйган.
Такаббур эмасман, ухлагим келса,
Остимга бўйра ҳам тўшайвераман.
Бу ердан ҳайдаса ўгай замона,
Хотираларда ҳам яшайвераман.
Ўксиниб юрмайман бўлмаса уйим,
Бўлмаса сигирим, бўлмаса эчким.
Хотира бўйсунмас бошқармаларга,
Хотирадан мени ҳайдолмас ҳеч ким!

2002 йил, куз. Андижон.

ЁЗ ОҚШОМИ

Олови тортилган ўчоқдай дунё,
Оқшом қашшоқ эмас, товушларга бой.
Ҳадемай ёришар ойдин сукунат,
Ёришар кимсасиз, овоз етмас жой.
Ҳайратдан ағрайиб қолади гуллар,
Руҳимга баҳш этиб ҳаловат, ҳузур.
Гулни ағрайтириб қўйгани учун,
Ой сўраб ўтирмас бизлардан узр.
Ойдинда оқарган сокин далалар,
Осмон гумбазида тамоша текин.
Ғамлари ухлаган мудроқ дунёда,
Мен сени соғина бошлайман секин.

2003 йил, 29 июл.Эрталабки соат 9. Маслаҳат қишлоғи.

ИМЛО

Дарахтлар қоқсуяк қўлларин чўзиб,
Қишдан сўрар оппоқ лунгилик, шимлик.
Шамоллар қувонса чанқовуз чалиб,
Чироқ шуъласида йиғлайди жимлик.
Қуюқлашиб борар сокин туманлар,
Кимсасиз йўлларда таҳайюул тутқун.
Қор шамоли ёлғиз юрган йўлчининг,
Сочу кипригига қўндирар учқун.
Бўронли зулматда чирпирайди қор,
Қарайман қорлардан оқарган ёққа.
Шудгор қинғир – қийшиқ қораламасин,
Оҳиста кўчира бошлайди оққа.

2001 йил. 9 декабр. Тонг. Маслаҳат қишлоғи.

ҲАМҚИШЛОҚЛАРИМГА

Ғинғиллайди искабтопарлар,
Дарё ёқда далалар жимдир.
Узоқларда том тахтасига,
Тўқиллатиб мих қоқар кимдир.
Шовқин солар оқшом қушлари,
Боғлар кияр қорамтир пўстин.
Уфқ ортига беркинар қуёш,
Сотган каби душманга дўстин.
Милтиллаган кўк тўла юлдуз,
Сон – саноқсиз ёқилган шамми?
Ёлғиз қолдим қоғоз даштида,
Шунча азоб чекканим камми?
Оқшом чоғи очилган гулга,
Ой термулиб ақлдан озди.
Мен ойдин шеър ёзмоқчи эдим,
Шеър ёзмадим, шеър мени ёзди.
Кўклам чақмоғидек жимгина,
Зулматларни ёритиб ўчдим.
Руҳим ғурбат этди ихтиёр,
Ҳижрат қилдим қоғозга кўчдим.
Энди менсиз келса баҳорлар,
Қизғалдоқлар босса томимни,
Капалаклар тентираб учган,
Сўқмоқларга қўйинг номимни!

2001 йил, 9 ноябр. Кеч соат 6 дан 50 минуту 15 секунд ўтди. Маслаҳат қишлоғи.

САДОҚАТ
(Эпифания)

Қачон қарасам шу жойда турганинг турган. Ўтган сафар оппоқ гулли кўйлакда эдинг. Нақадар ярашар эди сенга ўша кўйлак! Мана орадан шунча кунлар, шунча ойлар ўтибди ҳамки, сен ҳамон ўша жойдасан. Фақат кўйлагинг бошқа. Қулоқларингда қизил балдоқлар. Кимнидир кутасан. У эса келмайди. У ҳақда шунчалар оғир ҳаёлларга чўмасанки, лаълдек товланаётган қизил балдоқларингни қушлар чўқиб кетса ҳам эътибор бермайсан. Уни шунчалар қаттиқ севасанми? У ким? Кимни бунчалар қаттиқ севиб қолдинг, деразам ёнида ўсган гилос?..

1994 йил, баҳор.Маслаҳат қишлоғи.

ЮЛДУЗ
(Эпифания)

Қарашларинг нега бунчалар маъюс, жим – жит кечада томим узра порлаётган юлдуз? Севиб қолган одам кўзларидай бедор нигохингда хорғинлик шуъласи.Сен болаликнинг ойдин кечалари мен ётган сўри устидан эсган саррин шаббода шаштида титраётган ва ой шуъласида кумушдек ялтираётган япроқлар аро шундай термулар эдинг. Сени тунги дарё соҳилларидаги баланд жарлар пойини ялаб оқаётган шиддатли оқимда, тўқайзор тамондаги дарёнинг тошлари кўриниб ётган саёз кечувида, ойдин шолипояларнинг ойнадек тиниқ сувларида, искабтопарлар ғинғиллаб “Ёр-ёр” айтаётган ўтлоқлар аро оққан ариқнинг биллур мавжларида кўп бор кўрганман. Қадимий китоб варақларидай қизғиш япроқларни саросар шамоллар номаълум ёқларга учириб кетган ҳазонрез оқшомларда жулдур булутлар тирқишидан мўралаган маъсум, осойишта онларинг ҳамон ёдимда.Қахрли қиш кечалари пақирга магнитдай ёпишган алюмин чўмич ичидаги музлаган сувда бир дона туз заррасидай ғамгин шуълалар таратган чоғларингни ёлғиз қолган кезларим деразадан қиров увилдириқлари қоплаган кимсасиз дарахтзорларга термулганимча соғиниб эслардим. Айниқса, тунги аёздаги симдорда музлаб қотиб қолган кўйлагимни симдан ажратиб олиб уни тахтадек қўлтиқлаганимча ёлғизлик эгаллаб олган хонамга кириб кетаётиб қарасам ўшандай порлаб турган эдинг. Сен ҳамон олмос заррасидай томим узра порлаб турибсан. Эшик-деразасиз, мўрисиз уйимнинг типратиканлар тешиб ташлаган темир панжарали тупроқ томи узра.

ХОТИРА

Унутмайман энди ҳеч қачон,
Ўша қайғули тонгни.
Ўчган чироқларни,
Оқаришиб келаётган
Олачалпоқ осмонни,
Йироқларни.
Фил суяги каби
Оппоқ қўллару
Шундай жуссани.
Муюлишга етганимда
Кўзим гирдобига
Чўккан ғуссани.
Энди у жойларга бормайман,
Борсам
Шамоллар йиғлайди
Қамиш тилида.

СИРДАРЁ
(Соҳиба Ашуровага)

Сув ичгани келган кийикдек,
Оёқ қўйдинг тошли соҳилга.
Ва термулдинг ғалаён солиб,
Тошларга бош урган жоҳилга.
Қатра – қатра кўз ёшинг тўкиб,
Хасратингни сувларга айтдинг.
Сирларимни сақлагил, дарё –
Деб соҳилдан оҳиста қайтдинг.
Бу дунёда ёлғизгина мен,
Хасратингни тушуниб етдим.
Ва айрилмас содиқ дўст бўлиб,
Сирларингни оқизиб кетдим.

1996 йил, куз. Андижон шаҳри.

МEЗБОН

Соатига олтмиш км. тезликда,
Шарқдан эсаётир қушлар бўрони.
Кўзларим сув омбор, кипригим тўғон,
Олисда ўрмалар поэзд илони.
Дарё лабларида чириди найлар,
Ҳайратдан осмонга бақрайди дала.
Жаннат қушларидай барги ҳазонлар,
Учиб ўтиб кетди гала ва гала.
Заъфарон таназзул, ҳазон червони,
Намчил ойналарга ёпишган ёрлиқ.
Дарахт оломони – вахший ғалаён,
Ёмғирларда шишиб йиғлайди борлиқ.
Вақт ботқоғида чириган йиллар,
Сокин туманларнинг оғир саволи.
Кўнглим ойналарин синдирди яна,
Совуқ зулматларда ҳижрон шамоли.
Тўлқинлар йиғлайди қумлоқни ялаб,
Чорлоқлар чийиллаб шовқин солади.
Қайга шошиляпсан, бироз ўтиргин,
Ҳадемай кўзёш ҳам қайнаб қолади.

12 ноябр, 2004 йил. Ярим тун. Андижон шаҳри.

БОЛАЛИК
(Тухфа хола хотирасига)

Четан билан ўралган боғлар,
Гилосларнинг бағри қонайди.
Йилғинзорлар тамонда Какку,
Менинг қолган умрим санайди.
Ғуриллайди толзорда ғуррак,
Тракторлар ташлайди лангар.
Кўз илғамас поёнсиз осмон,
Музлатгичи бузулган Ангар.
Тириллайди олисда мопед,
Дала йўлда кўтарилар чанг.
Одамларни чойга чақириб,
Ошпаз хотин ура бошлар занг.
Танг! Танг! Танг! Танг!

ҚЎШИҚ
(Шерали Жўраевга)

Юлдузлар ярақлаб порлайверади,
Уларнинг чангини хеч кимса артмас.
Дарахт малакасин ошириш учун,
Хорижий давлатга жўнатиш шартмас.
Заминнинг энг гўзал дарахти учун,
Ўтказилса агар танлов, кўриклар,
Биринчи ўринни оларди албат,
Жўр бўлиб гуллаган бизнинг ўриклар.
Ўрик гуллайверар оппоқ қўшиқни,
Қарсагу олқишлар қилмайди талаб,
Шон сўраб марказга йўлламас мактуб,
Канвертга суртилган елимни ялаб.
Бу гала контсертга киришинг мумкин,
Бўлмаса ҳам чиптанг, пулинг ё тилланг.
Оппоқ қўшиқлардан очилар ҳатто,
Руҳинг капалаги беркинган пилланг.

2004 йил, баҳор Андижон.

ТАЗАРРУ

Мен осмонни иккиқат дебман,
Кечиринглар, еттиқат экан.
Санчилар деб булутлар, қўрқар,
Иягимда ўстирсам тикан.
Кечиринглар, менинг кўзимга,
Кўринибди мисоли безак.
Сигирларнинг нодир асари,
Атиргулга ўхшаган тезак.
Узр, писанд этмаган бўлсам,
Назокатли кимсалар дидин.
Устун қўйиб Фаранг мушкидан
Даладаги Бурганлар хидин.
Маъзур тутинг, ўхшаса агар,
Бармоқларим семиз қуртларга.
Ва кузатсам сиздан берухсат,
Турналарни олис юртларга.
Узр, одам хисоблаб сизни.
Борган бўлсам баъзан топиниб.
Хайр энди, Вақт кеч бўлди,
Мен ухлайин ерни ёпиниб.

КУЗАТИШ

Жилмайганча кўз ёшларингни,
Яширасан, алдаб нетасан?
Мен перронда қоламан ёлғиз,
Сен поэздда йиғлаб кетасан.
Жиққа ёшга тўлган кўз билан,
Йўл оласан узоқ элларга.
Югираман поэзд ортидан,
Сўзлар учар совуқ елларга.
Чирпирайди пойимда хазон,
Декабрнинг бодлари елар
Хувиллаган перронда туриб,
Поэзд каби чинқиргим келар.

1992 йил, декабр, Тошкент. Талабалар шахарчаси

АДИБА УМИРОВАГА

Кўкда булутларнинг олтин пўстаги,
Руҳимда соғинчга ўхшаш кечинма.
Сенга нима бўлди, ҳаёсиз дарахт?
Менинг кўз ўнгимда бундай ечинма!
Дала сўқмоғида ёлғиз йўловчи,
Унинг кимлигини қаёқдан англай.
Бўйнимга чирмашар йиллар илони,
Осмон – танглай, қаро шудгорлар – манглай.
Хамдарлик билдириб пичирлар ёмғир,
Бўйсунмас вужудга мустақил поям.
Туёқларга ўхшар туфлилар, ё, Раб,
Нега йиғлаяпсан, букчайган соям?
Мажнунтол кокилин ўрганда шамол,
Читтаклар ўқирди боғларда баёз.
Олмос ойналарга энди, эхтимол,
Муздан асар ишлар мусаввир аёз.
Фонар шуъласида қор қўзғалони,
Шамоллар борлиқни варақлаб ўқир.
Зехнлари ўткир, тиришқоқ, лекин,
Шўрлик шамолларнинг кўзлари сўқир.
Муваққат дунёдан ўтиб борамиз,
Лоқайд зулматларда чароғон кунсиз.
Тилсиз пояфзаллар остоналарда,
Оғзин ка – а – атта очиб йиғлайди унсиз.

5 июн, 2005 йил. Андижон шаҳри

САДОҚАТЛИ ЧИРИЛДОҚ

Оқшом. Дала ховли, ўйга чўмасан,
Хонанг деразасин боғларга очиб.
Менчи киприк қоқмай туравераман.
Эринг келганда ҳам кетмайман қочиб.
Эсингдами, сени фироқ ўтида,
Куйдириб бир замон кетгандим ўлиб.
Мана, тағин қайтиб келдим ёнингга.
Қайтадан тирилиб, чирилдоқ бўлиб.
Ховлингда бунча кўп бўлмаса гуллар?
Ё бугун байрамми? Гуллар сайлими?
Севгилим, шу гуллар очилиб ётган,
Ховлингда чириллаб юрсам майлими?

1999 йил, август, Тошкент, тунгги соат 12 ярим. Дўрмон.

ҚАДРДОН ҚИРҒОҚЛАР
( Болаликдаги қўшнимизнинг қизи Гулига )

Оқар эди дарё ёйилиб,
Сенсиз гўё яшардим хумда.
Оёғингни ўпарди сувлар,
Эрир эди изларинг қумда.
Учрашганда телбалар каби,
Сўзлашолмай қолардик тилдан.
Йўлларингда мухтож нигоҳим,
Узоқ эди секундлар йилдан.
Лаъл, жавохир юлдузлар ила,
Тун осмони кетганда бойиб.
Ухлар эдинг баланд сўрида,
Сочларингни дарёдай ёйиб.
Далаликда кесишган йўллар,
Кўзларимдан михлаган хочинг.
Қирғоқларим қўпорган дарё –
Ёт ёстиққа ёйилган сочинг.
Балки ҳамон бизсиз соҳилнинг,
Тўлқинлари бир – бирин қувар.
Қорадарё ой лаганида,
Юлдузларни олтиндек ювар.

2006 йил, 8 июл, соат 14 дан 41 минут ўтди. Бишкек шаҳри

ДEРАЗА ОРТИДАГИ ОДАМ

Қиш кечаси, тинмай ёғаётир қор,
Борлиқ сукунатга, ҳаёлга толган.
Майлими дарчадан қорга қарасам?
Бу дераза шахсий, отамдан қолган,
Ёруғ билярдхона шарлар товуши,
Менинг ўйларимга уради дарра.
Деразамга қўниб эриб кетдику,
Бунча оз яшади беғубор зарра?
Мастона қийқириқ янграр қайдадир.
Бир одам чайқалар сармаст яланиб,
Телпагин кўзига босиб йиғлар у,
Оппоқ чивинларга таланиб.
Ёруғ билярдхона, шарлар товуши,
Борлиққа қўшилиб ўйга толаман.
Отамдан эсдалик деразамни жим,
Буклаб, чўнтагимга соламан.

2004 йил, 22 феврал. Якшанба, кечки соат 5 минути кам 5. Маслаҳат қишлоғи.

ҚИШ СИМФОНИЯСИ

Ёп – ёруғ зулмат ичра,
Қора рангли қорлар ёққанда.
Мен қоронғи хонага кириб
Печкага қалайман
Оппоқ кўмирни.
Сўнгра ёғаётган қора қорларга,
Деразадан ғамгин термулиб,
Сен ёмон деган.
Яхши одамлар ҳақида.
Сен яхши деган
Ёмон одамлар ҳақида
Ўйлай бошлайман.
Шундай қаршилайман
Қора тонгларни.

1992 йил. Куз.

ИНТИЗОР

Қаршимда лаллаяр вахший сукунат,
Узоқларда куйиб тугамоқда кун.
Олисда онамдай қўл силтаётган,
Дарахтлар панжаси узилар беун.
Оқ чизиқ умуртқа поғоналари,
Аждарҳо илондай чўзилган йўлим.
Менинг кўзларимни ейди кўчалар,
Йиллар тўрвасида угулгуржи ўлим.
Бизларни ичикиб соғинар Тошкент,
Халойиқ метродан чиқади бизсиз.
Хазонларни юлқиб кенг – мўл шамоллар.
Одамлар ортидан эргашар изсиз.
Ҳаёлингдан аста ёриша бошлар,
Нурсиз хилватларда қадам етмас жой.
Сен соқов жимликда сокин руҳимнинг,
Қорли даласидан кўтарилган ой.
Чироқлар лимондай етилди яна,
Ёруғ қовоқхона, мастона ғовур.
Гулим, унитмасман мунис чеҳрангни,
Токи мавжуд экан кўзгуда ховур.

2003 йил. 27 ноябр. Эрта тонг. Маслаҳат қишлоғи.

САЙҒОҚ

Ёвузлардан безиб чекинган жойинг,
Жазирама сахро, бепаён қумлик.
Қутурган аждардек гохида қуюн,
Яйдоқ кенгликларда қиларми шумлик?
Завр қумтепалар ортида оқшом.
Очқаган қашқирлар галаси увлар,
Шифобахш шохларинг сабаб овчилар,
Қийқириб милтиқдан ўқ узиб қувлар.
О, сайғоқ, бегунох, қувғинди жонвор,
Қисматлар муштарак, кетаман ўйлаб.
Мени хам қувлашар сахролар аро,
Чопаман сен каби уфқлар бўйлаб.
Зафарон уфқларда чопаман бадар,
Қувғинга сабабдир ботиним, ғайбим.
Сени шохинг учун овлашар, менинг
Бошимда шохимнинг йўқлиги – айбим.

2000 йил,11 июл, оқшом. Маслаҳат қишлоғи.

СИРЛИ МАКТУБЛАР

Дарахт менга йўл бўшатади,
Ўтганимда шу йўлдан доим.
Ва дарахтнинг сарғайиб кетган
Хатларига кўмилар пойим.
Дарахт шўрлик мактубларини
Кимдир олиб ўқишин пойлар,
Мактубларин олис – олисга
Олиб кетар пўчтачи сойлар.
Севиб қолган кимнидир дарахт,
Севган ёри ёзмайди жавоб,
Хатларини яшириб ўқиб
Йиғлаб – йиғлаб этмайди тавоф.
Дарахт ҳар йил ёзаверади,
Сиёх, дастгох, қалам, довотсиз,
Хатларини хеч ким ўқимас,
Унинг севгилиси саводсиз.

1991 йил, куз, Тошкент шаҳри.

ТОШБИТИК

Фақат осмон билан тирикмас инсон,
Яшаб бўлмайдику қадрдон ерсиз.
“Яшаса бўлади” дейишинг мумкин,
Ғарлар яшагандай жахонда эрсиз.
Яшаб бўлар дерсан қуёшсиз хатто,
Ойдин далаларсиз, тумансиз, қорсиз.
Ватансиз ва Эрксиз, тутқун қул бўлиб,
Яшаш ҳам мумкиндир ғурурсиз, орсиз.
Хатто худосиз ҳам яшаш мумкиндир.
Яшашинг мумкиндир оламда менсиз.
Қабртошим уриб қарғама, чунки,
Мен яшай олмадим дунёда сенсиз.

2000 йил, 8 июл, Маслаҳат қишлоғи.

ЗОР – ИНТИЗОР

Қурғоқчилик кунлари келди,
Сахро каби қақраган кўзга.
Бу дунёда билсанг севгилим
Гўзал сўз йўқ исмингдан ўзга,
Кенгликларга чиқиб кетаман
Соғинчларинг қийнаса ёмон,
Сўзанаклар тентираб учган
Жим, кимсасиз далалар тамон.
Оқшом тушиб ярақлайди ой
Шуълаларга беланар кифтим
Юлдуз тўла поёнсиз осмон
Дур – жавохир қадалган шифтим
Қуриллайди бақалар маъюс
Сохилда тун этагин тешиб
Юксалади кўкларга рухим
Ой нуридан арқонлар эшиб.

1999 йил, август. Маслаҳат қишлоғи.

БАЛКИ

Кузги шамол ва махзун ҳаёл,
Етим кунлар қайғуси ўзга.
Чўкар мовий дубулға – осмон,
Кузга ўхшаб кетгувчи кўзга.
Кўрдим кўзинг тубида ғамни,
Арзир эди йиғласам увлаб.
Юпун боғлар бағридан учгач,
Барглар кетди шамолни қувлаб.
Сочларингдай узун дардларинг,
Қошларингда йиллар куяси.
Кўзинг қири ханжардай ўткир
Киприкларинг кўзёш уяси.
Балки сен ҳам мухожир қушдай,
Учиб кетиб қоларсан зумда.
Изларингда дарёлар инграб,
Сувлар йиғлар югириб қумда.
Балки энди сенсиз ўларман,
Балки ўлмай кирарман юзга.
Термуларман балки соғинсам,
Кўзларинга ўхшаган кузга.

2001 йил, август. Маслаҳат қишлоғи.

АПРEЛ

Қуёш ботиб, ғамбода, ғариб,
Уфқларнинг гулхани сўнар.
Эриган қор сувларин ичган,
Бир тўп чумчуқ толзорга қўнар.
Биллур қандил каби осилган,
Сумалаклар тушар узилиб.
Чакиллаган илиқ оқшомда,
Уйқуларинг кетар бузилиб…

1990 йил. Баҳор. Андижон шаҳри.

ЁЛҒИЗЛИК ҚЎШИҒИ

Тўқилар поёнсиз ғийбат гиломи,
Намчил зулматларда занглайди ҳилол.
Псевдохудолар жовдисин кўриб,
Ранги оқармаган муаззин Билол.
Баҳор ҳам баъзида рухсат сўрамай,
Иш қилар биз тузган қонунга хилоф.
Тунда чегарадан ўтиб боғларга,
Кийдира бошлайди ям-яшил ғилоф.
Зил – замбил қўрғошин туманлар аро,
Босиб ўтдим йўллар илонин қанча.
Китоблар кўчкисин остида қолдим,
Юлдузлар кипригин кўксимга санча.
Вақтнинг оч қолган боласин ейди,
Елимгул Маддохи – соқов булбуллар.
Оқшом деразани очсам, жўр бўлиб,
Интервю сўрайди микрафон гуллар.
Бўримикан дейман ва ёки шамол,
Йилғинзорлар аро мунгли улиган.
Совуқ ойналарга бунча бош урдинг,
Ухласангчи ахир, шамол хулиган.
Аччиқ чиқиллайди деворда соат,
Кейин эса бирдан жиқиллай бошлар.
Намчил хилватларда ҳиқиллар ёмғир,
Дарчаларнинг сўқир кўзида ёшлар
Узоқ – узоқларда чопар пишқириб,
Темир йўлнинг учқур пўлат самани.
Қоп-қоронғи олис даштлар ортида,
Маъюс чироқларнинг олмос чамани.

2006 йил, 26 май, ярим тун, Бишкек шаҳри.

ЙЎЛОВЧИ

Зулматларда озодликнинг,
Машъаласи чорлади.
Унга тамон юрсам, тунда,
Суякларим порлади.
Айбмиди, зулматларда.
Чақмоқ каби шохласам?
Кенгликларда озод эсган
Шамолларни хохласам?
Қонсиз лаби сарғиш сўлак,
Ит тишлади оёғим.
Оқсоқланиб кетавердим
Шеърлар қўлтиқтаёғим.
Ёв етказган жарохатни
Даволадим, тузладим.
Кўз илғамас олисларда,
Мамонт каби музладим!

2001 йил, январ, чошгоҳ. Маслаҳат қишлоғи.

МEВАЛАР

Сарғайиб пишган бехи мевалари,
Одамзод муштига ўхшасаю
Уларни кимлардир еса, билгинки,
Муштлар хам одамнинг пишиб етилган.
мевалари эрур шубҳасиз.
Демак уларни ҳам
Кимлардир, қачондир ейиши керак.

АБДУЛЛАГА

Кимлардир мадҳия одалар ёзиб,
Ватанни мақтаса, кўкка кўтарса,
Хушёр бўл, ўғлим.
Чунки одатда
Нарсани мақтарлар
Сотиш олдидан.

ҚИШЛОҚ СОҒИНЧИ

Гавжум Тошкент, сартарошхона,
Кўзгуда йўл, шошқин оломон.
“Ғийт-ғийт” сайраб қайчи – қалдирғоч,
Сочларимни қилар таломон.
Сомонғарам сингари уйлар,
Сочим ерга тўкилган пичан.
Том устида антеналарми,
Ё сўзанак галасимикан?
Кўча дарё – қизлар балиқдай,
Сузиб ўтар рангин товланиб.
Йигитларнинг қайрилиб кетган
Киприк қармоғида овланиб.
Кўзгу кўлдай, бошим қармоқнинг.
Пўкагидай ялтироқ тусда,
Пўкак узра омонат қўнган,
Сўзанакка ўхшайди уста

2001 йил, январ. Андижон.

УМР
(Марҳум, истеъдодли шоир Равшан Файз хотирасига )

Гуллар ернинг табассумлари,
“Қайда?” – дея берма саволлар.
Дала орти тиканзорларда,
Гувиллайди вахший шамоллар.
Бош уради улар кўксимга,
Зулматлардан тополмай уйин.
Ўхшаши йўқ қор заррасини,
Сочларимга қўндирар қуюн.
Қор учқуни эриб кетаркан,
Кипригимда энг сўнги карра.
Дейман: – Бунча оз умр кўрдинг ?
Алвидо, эй беғубор зарра !

2003 йил, 27 ноябр. Тунги соат 9 дан 30 минут ўтди. Андижон.

СEНИ УНУТМАЙМАН

Туманлардан чиқиб келасан
Лек кирмайсан остона хатлаб,
Мен бир умр ета олмаган
Олис орзу, муқаддас матлаб.
Сен ўтасан ортинга боқмай
Ташлаб аста илохий одим,
Изларингда мен эмас, гўё
Қолар рухсиз юз йилги ёдим.
Юксалгандай бўласан кўкка
Далаларни ёритган ойдек.
Мен бир четда қолиб кетаман
Ой ёруғи тушмаган жойдек.
Термуламан сенг кетган йўлга,
Туманларга беланар жисминг,
Деразанинг ойнасин кухлаб
Ховурларга ёзаман исминг.

1989 йил, декабр. Тошкент.

КАНГЛУМ
(Икром Отамуродга )

Канглум чўкиб кетган
Кўҳна гўр каби.
Уни кўтаролмас
Энди ҳеч кимса.
Ана, канглумга йўл топмоқчи бўлган,
Ёвларни ортидан эргаштирганча
Шошиб келаётир сотқин эхтиёж.
Нега ўлдирмадим эхтиёжимни?
Нега ўлдирмадим?! – дедиму,
Ўт қўйдим жар узра лапанглаб турган
Канглумнинг омонат кўприкларига.

1995 йил,август. Маслаҳат қишлоғи.

ЗИЁРАТ

Қаровсиз қабримда ажинагуллар,
Озод шамолларда чайқалиб ётар.
Ёлғизлик ва жимлик салтанатида,
Қаро шомлар тушиб оқ тонглар отар.
Қирда қизғалдоқлар денгизи нотинч,
Далалар ортида чақнайди чақин.
Телба ошиқлардек шивирлагувчи,
Йиғлоқи ёмғирлар мавсуми яқин.
Симда қалдирғочлар нотаси қатор,
Стриптиз булутлар тўдаси шошқин.
Негадир йиғлагинг келар бахорда,
Руҳингда сел каби талотум, тошқин.
Йиғлаб термуласан ажинагулга,
Унга неларнидир келар сўйлагинг.
Ўрнингдан турасан кетмоқчи бўлиб,
Тиконга илиниб қолар кўйлагинг.

1998 йил, баҳор. Андижон.

ОЙ КEМАДА
(Алишер Навоий ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)

Ёр кетар чоғинда маъюс жилмайиб жоним олур,
Кетма ёр – деб изларинда термулиб кўзлар толур.
Чарх уриб соҳилда дарё қушлари йиғлаб қолур,
Ҳар қачонким кемага ул ой сафар рахтин солур,
Мавжлуғ дарё каби ошуфта кўнглим қўзғолур.

Мен овутгайман ўзимни эй кўнгил, ғам ема деб,
Қайтарур ул кемани тез ортга тўлқин тева деб,
Чун товуш қўзғотмасинким, кемани сўз дема деб,
Йиғлама эй кўз, недин соҳилға чиқмас кема деб,
Ким ёшинг дарёсидир ҳар сориким эл кўз солур.

Қўрқамен эрк бергали бир лахза бир он оғзима,
Чинқириқ бўғзимда оғриб, келса ҳам қон оғзима,
Шул сабабдин элу халқ термулди ҳайрон оғзима,
Титрабон сиймобдек кўнглим, етар жон оғзима,
Тунд ел тахрикидин ҳар дамки дарё чайқалур.

Соқчи тўхтат, кор – ҳол юз бермасин, ҳой, кемада,
Юрса бўлмас киприги ўқ, қошлари ёй кемада,
Қайтаринглар ёрни, йўқ деб кетгали жой кемада,
Сабр кўнглимда, кўнгил ул ойда, ул ой кемада,
Ваҳки, бориб телмуриб кўз, мунграйиб жоним қолур.

Кўзларимдан оқди ёш селдек, етибман ўлгали,
Йўқ жаҳонда мендаги феълдек, етибман ўлгали,
Чўлда бир бор эсмаган елдек, етибман ўлгали,
Дам тутулғондин ўлар элдек етибман ўлгали,
Сурмасун деб кемасин баским, нафаслар асролур.

Жон ипинг тортиб таранг чалганда даврон удким,
Жилва айлаб этса маржон дур сени махдудким,
Эҳтиёж кашкулидин оламни босса дудким,
Кирма савдо бахриға оламдин истаб судким,
Сийми нақди тушса лекин умр нақди сийғолур.

Йиғлама бағримни ўртаб, яхши бор, эй ёр, ҳайр,
Гул юзин сўнг бор кўрай ел, тим қаро сочин қайир,
Рашк ўти Вулқонни қийнар ёрга ҳамрохдир ғайр,
Ғарқ этар баҳри фано ғам заврақин эй, пири дайр,
Илкига чунким Навоий бода киштисин олур.

ЯХШИМАСМИ

Оллоҳ дилингда бўлса ҳамхона яхшимасми,
Ҳақ йўлида қамалсанг зиндона яхшимасми.

Масжидда аҳли жоҳил машғули ғийбат ўлса,
Ул жойи хонақодан майхона яхшимасми.

Бошинга тушса кулфат асқотмаса қариндош,
Ундай хеш – ақрабодан бегона яхшимасми.

Иблисга дўсти содиқ ёлғончи олимингдан,
Хилватда ҳақни севган девона яхшимасми.

Ҳақ нуридан юзингни зулмат томон ўгирдинг,
Сендан қаноти куйган парвона яхшимасми.

“Вулқон сотилмаган” деб “Бежиз отилмаган” деб
Йиғлаб кўмишса тунда пинхона яхшимасми.

1996 йил, ёз. Андижон шаҳри.

АКМE

Жимирлайди хазина осмон,
Осмон “О” симон.
Йўқлик рамзи нол рақамидай.
“О” симон уммон.
Унда милтиллайди
Юлдузларнинг сонсиз увилдириғи.
Увилдириқлар аро сузар.
Кўзлари ўйилган,
Тили кесилган,
Зулматни ёритган ойнинг калласи.
Сиз асло қўрқманг,
Ўзингизни қўлга олинг.
Сўнг ўзингизни ўзингиз
Хонага қамаб
Эшикни занжирлаб
Тонгача ухланг.
Тонгда тириклигингизни
Англамоқ учун
Девордаги кўзгуга кухланг.
Агар пайдо бўлса кўзгуда ховур
Қўни-қўшниларни чақиринг.
Сўнг уларга: -Гаров ўйнайсизларми,
Мен тирикман! – дея бақиринг.
Лекин Бахт қушининг тухумидан,
Қуймоқ қилманг зинхор ба зинхор.
Тухумларни бостиринг.
Очиб чиқса
Қирғийлардан қўринг уларни.
Бахт қушининг жўжалари
Кўпайиб кетсин.
Ҳамма бахтли бўлсин Ватанда.
Бахт нолиб юрмасин бахтсизлигидан,
Ҳафа бўлиб юрмасин шодлик.
Овқат оч қолмасин,
Кийим ялонғоч.
Сувлар чанқамасин.
Олов совқатмасин қалтираб токи!

СОВҒА

Қутлайман таваллуд айёминг билан,
Сен қувноқ яшадинг гулларни ҳидлаб.
Қуруқ келганим йўқ мен ҳам ёнинга,
Кутилмаган совға келтирдим дидлаб.
Ҳаётинг саёхат, таоминг асал,
Сенга ёт аччиқлик – қалампир -қузоқ.
Озор не билмадинг, озор бермадинг,
Яшадинг дунёда жуда ҳам узоқ.
Кўринсанг ҳавасга айланар хасад.
Қаршингда жаллод ҳам йиғлайди айтиб.
Тозариб қон тўла қотил кўзлари,
Пашшага ҳам озор бермайди қайтиб.
Сен оппоқ кийимли сўфийдек ювош,
Ҳатто миқ этмайсан кетсалар янчиб.
Мен сени шаҳарга олиб кетаман,
Келтирган “СОВҒАМ” ни мийянга санчиб.

23.01.2007. Соат 13 дан 24 минут ўтди. Бишкек шаҳри.

ҚИЗИҚ ДУНЁ

Қоронғудан чиқиб қоронғуликка,
Кетгувчи умрлар айлана чизиқ.
Циркулга ўхшайсан бунинг устига,
Шар устида яшаш ундан ҳам қизиқ.
Қизиқ туюларкан ер – бепул учоқ.
Доим хизматингга турса шайланиб.
Сен бориб юрмасанг. ўзидан – ўзи,
Фасллар ёнинга келса айланиб.
Қизиқ, тонглар оқлаб кетмаса рангинг,
Тунлар юқтирмаса сенга куясин.
Яна боғлаб олсанг қўрқмай билакка,
Умринг кушандаси – вақтнинг уясин.
Қизиқда, бир умр коинот билан,
Қўшилиб айлансанг, айлансанг ерга.
Ундан ҳам қизиғи, бу воқеани.
Кимдир айлантириб юборса шеърга.

2000 йил 28 июл, ярим тун. Маслаҳат қишлоғи.

МАҚСУДГА

Шериятнинг чўлларидан,
Мен бошпана қидирдим.
Жигаримни қафасдаги,
Шеърларимга едирдим.
Бу чўлларнинг гиёҳ унмас.
Барханлари менгадир.
Бунда фақат ювиндихўр,
Қуллар мени енгадир.
Атрофимда қашқирларнинг,
Кўзи йилт – йилт ёнади.
Тегиб қашқир тишларига
Оёқларим қонади.
Шу қон издан бир кун мени,
Излаб, излаб топ болам.
Бу дунёдан очиқ кетган
Кўзларимни ёп болам!

1988 йил, август. Маслаҳат қишлоғи.

МАБОДО

Мен бир ит бўлсайдим
(Лайча ё кўппак)
Зулматли куз кечаси
Дарё ортидаги “Латтақишлоқ”да
Бўғиқ аккиллардим
Гўё хум ичида хураётгандай.
Товушимни тинглаб,
Ухлаб қолардинг
Илинарди кўзинга уйқу
Ёхуд бўлсам эди сассиқпопишак
Пупупуб – пупупуб – пупупуб
Пишш – ш! – дея
Олис увотларда сайрардим узоқ
Дехқонлар ишлашдан тўхтаб, жилмайиб
Бир зум қулоқ тутарди менга.
Ё бўлмаса омадим чопиб,
Чигирткага айланиб қолсам
Ой порлаган оқшом
Ёзги “Қирғизхожи” далаларида
Тунни зириллатиб чириллар эдим.
Ёки дейлик фалокат босиб,
Одам бўлиб қолсам кутилмаганда
Катта – кон одам
Болалигим кечган
Қорақолпоқлар хуторидаги
Чўчқахона харобасидан
Қарардим бепоён мангу осмонга
Ўзимнинг нақадар муваққат, ожиз
Зарра эканимни англамоқ учун.

15 октябр, 2006 йил, якшанба. соат 13 дан 58 минут ўтди Бишкек.

ҲИЖРАТ

Узоқ тайёрландим, ниҳоят,
Деворни тешишнинг
Вақти ҳам етди.
Деворни тешдиму,
Ёруғликдан кўзим
Қамашиб кетди.
Энди шу оламга
– Чексиз кенгликларга кетаман,
Хайр, душманларим,
Хайр дўстларим!
Хайр сенга уйим, хайр ўчоғим!
Хайр, Холдор Вулқон –
Менинг пўчоғим!

1987 йил, апрел. Маслаҳат қишлоғи.

АЙРИЛИҚ

“Ёқмасам, ка – а -а – атта кўча” дединг,
Кўчага чиқдим.
Кўча жим – жит эди, кимсасиз, ойдин.
Мен авваллари билмас эканман,
Кўчанинг бунчалар
Катта бўлишин,

2002 йил, 2 октябр. Ярим тун. Андижон шаҳри

ШУКРОНА

Оллоҳим, анави ён қўшним борку,
Ўшандан дегин,
Белкурак олувдим ер ағдаргани.
Ўша қўшним бир соат ўтмай,
Берган белкурагин сўраб чиқибди.
Сен бўлсанг
Туғилганимдан бери ишлатиб юрган
Белкуракдан афзал қўлларимни
Мана, қирқ етти йилдирки
Қайтариб бер дея қистаб келмайсан,
Яқинда Комхоздан, Б.Т.И дан,
Горгаздан, Электросетдан,
Солиқ идорасидан
Одамлар келди
Семиз – семиз попка кўтариб.
Тўлов миқдорини эшитгач,
Хушдан кетай дедим, кўкариб.
Оллоҳим,
Яхшиямки фаришталаринг,
Семиз – семиз попка қўлтиқлаб,
Қуёш, ёмғир,шамол хақини
Суриштириб келмас уйимга
Яхшиямки нафас йўлимга
Ҳаво хисоблагич ўрнатмагансан

БАҲОР ҲАҚИДА
(Чори Аваз хотирасига)

Баҳор келаётир.
Ҳали ҳеч ким яшамаган баҳор.
Бултур сенинг изларинг қолган,
Сўқмоқлардан келаётир ул.
Очилади шубҳасиз энди,
Ҳали ҳеч ким ўпмаган,
Ҳали ҳеч ким хидламаган гул.
Баҳор келаётир,
Ҳали ҳеч ким ўлмаган баҳор.

1993 йил. Тошкент шаҳри.

АЗИЗГА

Магар ўлсам, хазин бўзлаб, хайр деб йиғлагил, ўғлим,
Аламларга чидаб ўтган чайир, деб йиғлагил, ўғлим.

Кел, эй ғассол, кўрай сўнг бор дадамнинг шами – рухсорин,
Юзидан пардани бир зум қайир, деб йиғлагил, ўғлим.

Унинг харастларин айтсам, улус кўз ёшини тўкса,
Бу сувда кемалар қилгай сайр деб йиғлагил, ўғлим

Тириклик чоғида бир бор келиб аҳволини сўрмай,
Қўйимгохида ваъз айтма, ғайр, деб йиғлагил, ўғлим

Бугун ҳеч бўлмаса шундоқ улуғ кун хурмати ёраб,
Шу шўрликни ғанимлардан айир, деб йиғлагил, ўғлим.

Бу Вулқонмас, хасад ахлин буришган панжаси теккач,
Қаноти қайрилиб синган тайр, деб йиғлагил, ўғлим.

1990 йил, Маслаҳат қишлоғи.

ЧАҒАЛАЙ
(Рауф Парфи хотирасига)

Ўзининг бор етимлиги билан,
Далалар устида порлаётган ой,
Биллиарднинг филсуяк соққаси эмас.
У совуқ адирда ёлғиз ва юпун,
Шуълалардан юзи сарғайиб
Чироқ кўтариб бораётган.
Соч – соқоли оппоқ, бўйни ингичка,
Момақаймоқ тўзғоғига ўхшаган Рауф.
Шеъриятнинг тилла чиғириғида,
Жон ипларин йигирган вужуд.
Рауфдан йигириб олинган
Ложувард нурларнинг калаваси ой.
Хой, совуқдан товони ёрилган Рауф,
Банкротга учраган меросхўр кунда,
Кундамас, кундада Қуёшнинг ўткир,
Олмос нури ила кесилган ойна.
Йўлларингда баҳор жарчиси бўлиб,
Эриб ётган маҳал кўлмаклар,
Эшкаксиз қайиқда ёлғиз бир ўзинг,
Севинч кўз ёшларинг кафанга артиб,
Бегона тунларга кўчиб кетибсан.
Шиғалаб ёғарми энди ёмғирлар?

20 январ, 2007 йил соат 11 дан 22 минут ўтди. Бишкек шаҳри.

АРМОН

Илиқ баҳор шоми, булутли осмон,
Олис уфқларда чақнайди чақин.
Ёмғир шитирлашин соғиниб кетдим,
Илоҳий ёмғирлар мавсуми яқин.
Ўртамизда оқиб ётар дарёлар,
Сенга элтар йўллар хатарли, энсиз.
Дунё менсиз яшаши мумкин-у, аммо,
Мен яшай олмайман севгилим, сенсиз.
Таҳайюлдир менинг озод Ватаним,
Майдони тахминан юз миллиард гектар.
Ўтлоқда ёввойи асал аридай
Гулгун лабларингда тиладим нектар.
Энди ўпич каби чўлпиллаб ётган,
Ёмғирли кечада ёлғизман мутлоқ.
Олисда саросар мовий шамоллар,
Ва маъюс гулларга кўмилган ўтлоқ.

1994 йил. Маслаҳат

ҲОХИШ

Ғийбат, фасодлардан чекиниб,
Далаларга ёлғиз чиқсангу,
Шамолда денгиздай мавжланаётган
Яшил буғдойзорга
Чўзала тушсанг.
Сўнг бепоён осмонга тикилганингча,
Оёқларинг узатиб ўлсанг.
Кейин чумолилар,
Қарға – қузғунлар
Вужудингни қилса толомон.
Сенинг қайга кетганингни,
Қандай ўлганингни
Билмай қолса
Ғофил оломон.

1988 йил. баҳор, Маслаҳат қишлоғи.

ҚАҲРАМОН
(Ҳамқишлоғим, иккинчи жаҳон уруши ногирони, марҳум Фозил ота хотирасига)

Гувиллайди боғларда бўрон,
Тун қоронғи, тонг ҳали йироқ.
Пастак уйнинг меҳроби аро,
Милтиллайди хира жинчироқ.
Чол узилган тасмани улаб,
Оёғига юзли мих қоқар.
Оёқ эмас, не десам экан,
Туёғига мунғайиб боқар.
Ёрилади, ёғоч оёғи,
Чол кўзидан ёши тирқирар
Қайлардадир зулмат қўйнида,
Қуш одамга ўхшаб чинқирар.
Одам қушга ўхшаб қийқирар.

1988 йил. Бахор. Маслаҳат қишлоғи.

ОЛИС ЯХШИЛИКНИНГ ШУЪЛАСИ
(Бобом Абдусалом Саид хожа ўғилларининг порлоқ хотирасига бағишлайман )

“Ҳайит намоз” куни
Масжид олдидан
Бобомни излардим
Ҳаммадан бурун.
Асли Гиннес китобига
Ёзиш керак эди
Менинг бобомни.
Чунки унинг чўнтаклари
Жаҳонда энг чуқур
Чўнтаклар эди.
У қувватсиз титроқ қўлини,
Чиғаноғига қадар
Ўша чуқур чўнтакларга суқарди.
Сўнг ҳамёнини олиб,
Синиқ жилмайганича
Ҳайитлик берарди
Менга шошилмай.
У пайтлар мен учун
Дунёда энг буюк
Банк эди бобом.
Энди менга ҳеч ким
“Ҳайит намоз” куни
Бермас ҳайитлик.
Лекин мен ҳалиям
“Ҳайит” га борсам,
Бобомни излайман
Масжид олдидан.

1 июн. 1995 йил, эрталаб соат 9 дан 13 минуту 21 секунд ўтди. Андижон шаҳри.

ЗОБИТ

Осмон – чексиз погон,
Ундаги юлдузларга қараб,
Билиб олса бўлар
Қадимий дунёнинг
Харбий унвонин.
Тонги ғира – ширада
Унвони баланд
Дунёга чест бердим
Сўнгра онам каби
Мени кийдириб,
Едириб – ичкизиб
Боққан дунёдан
Узрлар сўрадим,
Ғирром, қиморбоз,
Ёлғончи, бевафо
Деганим учун.
Энди унвоним ҳам
Бироз баландласа керак
Ҳар ҳолда.
Сўнг зобитлигим қўзиб:
“Сафлан!” дедим
Сафланди дарров
Тонгги дарахтларнинг
Шонли ротаси
Мен ишга жўнадим
Гардсиз юракда
Қадрдон кунларнинг
Қувноқ нотаси.

2001 йил, январ. Маслаҳат қишлоғи.

ЎҒЛИМ САИДАХРОРГА

Мен бахтсиз эмасман,
Вақтсизман, ўғлим.
Вақт жуда қиммат.
Тежаб ишлатсам ҳам барибир,
Ижодга, соқол қиртишлашга,
Ишга ва тузсиз сухбатларга
Йигирма тўрт соат вақт
Урвоқ ҳам бўлмас.
Қорадарё соҳилидаги,
Чўчқахона тамонда
Биз қий – чув қилиб
Футбол ўйнайдиган.
Хутор харобаларига бориб,
Олис болаликни эслашга
Етмайди вақтим.
Роҳатимни кўрмай,
Ўттизга кирмай оламдан ўтган
Жафокаш онамнинг қабрини
Зиёрат қилишга эса
Умуман вақтим қолмаган менинг.
Чунки яқинда
Очкўз, семиз, бадавлат гадой:
“Битта шеърга неча пул тўлайди?” – дея
Ўғирлади анча вақтимни.
(Милицияга хабар қилмадим)
Энди ўғирланган вақт учун,
Камомад учун
Қандай хисоб бераман Хаққа?
Нақадар вақтсизлик!
Нақадар вақтсизлик, ўғлим!

2004 йил.Май. Андижон.

ШEЪРИЯТ

Танамни йигирган қадимий урчуқ,
Чигал хомашёни афу эт, кечир.
Умид билан келдим балиқдай чанқаб,
Заққум оғусидан бир қултум ичир.
Муддатдан илгари тирилдим мисли,
Чумоли қитиқлаб уйғотган замин.
Ёқдим парвоналар ўлгани етмай,
Жасад жиззасида ўчирган шамин.
Ўзимни филбондай ҳис қилдим мен ҳам,
Тўрғайдан далалар кирганда тилга.
Қуёшни қирқ марта айландим миниб,
Замин деб аталган баҳайбат филга.
Шиқмола судраган телба трактор,
Қирда қўшиқ айтар заминни қашлаб.
Қалдирғочлар учар қайчидек шодон,
Кўкламнинг кўйлагин тенг бўлиб ташлаб.
Қуёш қуймоғини ағдараман деб.
Сўзимга ўт кетди, айбдор ўзим.
Ўсаётган тирик тўшакни кўриб,
Бир жуфт тугма каби бақрайди кўзим.

2001 йил, 16 ноябр кеч соат 6 дан 00 минут ўтди. Маслаҳат қишлоғи.

КУЗГИ СОҒИНЧ

Қаршимда лаллайиб турган шу дарахт,
Қушлар контсертига сотади чипта.
Симлар чизиғида қушлар нотаси,
Умримиз муаллақ омонат ипда.
Қуёш тилласидан қамашди кўзим,
Боғлар чайқалганда шамолларда маст.
Сувлар бехуш ётар анхор қўйнида,
Боди хазонлардан тўзғин хору хас.
Суви қочган нондай қақради йўллар,
Кузги кўприклардан ўтдим мен якка.
Хазонли боғларда сени эсладим,
Осмон ўтовидан ўтганда чакка.
Шу кеча мен сени қилурман озод,
Шарт эмас тўсиқ ё пардани йиртмоқ.
Тортаман тирсиллаб узилиб кетар,
Сиймин баданинга ботувчи сиртмоқ.
Ахир сенсиз тунда қор ёғаётган
Қоронғу, кимсасиз жим – жит кўчаман.
Бу кеч ёнаётган гугурт чўпидай,
Хушбўй нафасингдан титраб ўчаман.

12 центябр, 2002 йил. Кундуз соат 2 дан 25 минут ўтди. Маслаҳат қишлоғи.

ШАҲАР ЁМҒИРИ

Чақмоқ лазеридан ёришиб кетар,
Олис самоларнинг гезарган лаби.
Ёмғир ювиб кетган гулзорлар аро,
Ўйларим ғарқ бўлар “Титаник ” каби.
Ювилган майдонда қарсиллар ёмғир,
Ўрмалар лойқа сув илони селда.
Муз солинган қопдай сўлим Хаволар,
Борлиқ гўдак каби юпанган елда.
Ёдимга тушади олис болалик,
Чақмоқ, қасирғалар, селлар сурони.
Ёмғирдан кейинги боғлар устидан
Гуриллаб эсарди чумчуқ бўрони.
Қолди узоқларда дарё жарлари,
Юлғунзор тўқайлар соғинган дўстим.
Шоир бўлиб назм дарёларида,
Жарларга тирмашиб қийналиб ўсдим.
Баланд жарлар каби қаватли уйлар,
Олмос чироқларин маъюс ёқарлар.
Чироқ маржонига термулар ғамгин,
Гиёхдонда ўсган тунгабоқарлар.

24.05.2005 йил. Андижон шаҳри.

ХЎРАНДА

Университет, аудитория,
Кенг ресторан эди мен учун.
Китоб – таомнома,
Домла – офитсиант.
Сенинг дийдорингни
Киприкка санчиб
Ея бошлар эдим
Кўзларим билан
Сира тўймас эдим,
Лаззатли эди
Дийдор таоми.
Ташқарида эса ёғар эди қор.
Ойнадан боқарди
Менга жилмайиб
Оппоқ халат кийган
Пазанда дунё.

2001 йил, 4 июн, тонг саҳар. Маслаҳат қишлоғи.

БУЮК ЁЛҒИЗЛИК

Улфатим уқубат, ҳамроҳим азоб,
Қоронғу йўллардан ўтдим ғам ютиб.
Зулматда туртиниб юрибман хамон,
Пойимда муз билан қопланган Қутб,
Ченада юк оғир, итим ҳам ўлган,
Музлаб бораётир ёнилғим – илик.
Чақмоқтош йўқолган, тугаган гугурт,
Қалдираб турибди оғзимда пилик.
Бир куни ёришар бу қора дунё,
Қорларга қўшилиб эрийди қахр.
Қиш мангу эмаску, баҳор ҳам келар,
Дунёда ҳар ненинг чеки бор ахир.
Хайр, одамсимон пингивин қушлар!
Бунда меҳр ноёб, мурувват қахат.
Шеъриятнинг мангу музликларидан,
Мен қаздим ўзимга тубсиз бир лаҳад!

1996 йил, январ. Тошкент, Қўйлиқ даҳа, 6 мавзе.

ҲИКМАТ

Одамзод одамга
Ойна дейдилар.
Бу тўғри, лекин,
Кулги хонасидаги каби
Қинғир ойналар ҳам
Бордир дунёда.
Уларда акс этган
Афтингни кўриб
Куласан
Яъни,
Ўпкалаб юрмайсан
Қинғир ойнадан.

26 декабр, 2007 йил. Торонто. Канада. Ярим тун.

АЙРИЛДИ

Жудолик даштида Одам Ато Хавводин айрилди,
Жами Ислом эли йиғлаб Расулуллодин айрилди.

Асл мангу мухаббат – Ҳақ, бани одамга дил берма,
Бўлур ибратки Мажнун ох чекиб Лайлодин айрилди.

Меҳр қўйма бу дунё молига, хаттоки Қорун ҳам,
Ажал келгач туганмас молу мулк – дунёдин айрилди.

Кибр касби Лаъин Иблис эрур кибрингни ўлдиргил,
Неча мағрур қавм Искандару Дородин айрилди.

Хатарли қумбўронда беақл йўл бошлагач карвон,
Биёбонлар аро йўл манзилу маъводин айрилди.

Қавмларни қилур ғорат қиличсиз, сўз билан ағёр,
Кириб ёв сўзига зиллат эли имлодин айрилди.

Нафс қармоғида лаззат ётар алданмагил, Вулқон,
Хўракка алданиб нодон балиқ дарёдин айрилди.

2005 йил, апрел. Маслаҳат қишлоғи.

ВАТАН ФИРОҚИ
(Қадрдон укам, истеъдодли шоир Юсуф Расулга)

Хақ гапни айтганим айбимми менинг?
Нима гуноҳ қилдим, айтинглар, нетдим?
Баланд қорли тоғлар ортида қолган,
Олис Панжикентни соғиниб кетдим.
Онам мени туққан қишлоқда ҳамон,
Алвон булутларга қуёш ботарми?
Сабо дувиллатиб шудрингин тўккан,
Йилғинзор томонда тонглар отарми?
Кечир, сени ташлаб кетдим, болалик,
Мустабид шоҳ каби қуладим тахтдан.
Умримнинг кимсасиз мовзолейида,
Ўзимни тутолмай йиғладим бахтдан.
Гувиллайди ваҳший одам ўрмони,
Кети кўринару кўринмас боши.
Қуёшни ёнғиндан қутқариш шартмас,
Хавфли ёнилғидир кўзимнинг ёши.
Хотиротнинг кўхна омборларида,
Бугун навбатчиман, уйқусиз посбон.
Қуёш манглайидан қамашди кўзим
Менга бундай боқма, киприксиз осмон!
Ой – оқшом бўғзида ўлмаган охак,
Чириб кетмасайди кўзларим – дейман.
Осмон – хирмонида булут пахтаси
Бўшлиқларни ямлаб, хавони ейман.
Панжикентга қўнар меҳригиё шом,
Буйраклари тошли далалар хаста.
Хадемай уфқларда оқ халатли тонг,
Осмон грижасин ёради аста.

29.04. 2006 йил. Бишкек шаҳри.

БEМОР
(Шавкат Раҳмонга )

Шифохона тоғ этагида,
Ойна орти ўрмон, арчалар
Қор қоплаган олмос чўққини,
Кўз – кўз қилар менга дарчалар.
Чайқалади ойнага тегиб
Қайинларнинг барги, шохлари,
Демак, шамол эсар ўрмонда,
Аждодларнинг мовий оҳлари
Эшитяпман, қизилиштонлар,
Дарахтларни урар тўқмоқда.
Балки ҳозир сигир карвони
Лапанглайди олис сўқмоқда.
Бунча узоқ сайрадинг, бас қил,
Қўйгил, мени алдама, какку.
Қандай қилиб мен узоқ яшай,
Ахир, менинг касалим “Рак”ку!

2001 йил, 22 январ, тунгги соат 2 дан 18 минут ўтди. Маслаҳат қишлоғи.

ЭЛEГИЯ
(Марҳум дўстим Абдувохиднинг хотирасига )

Зағизғон дегани паришонхотир,
Жонсарак, тентакроқ қушлар зодидан.
Кузда ёнғоқ кўмган жойини ул қуш,
Кўп ўтмай чиқариб қўйди ёдидан.
Ёнғоқ узоқ ётди қорлар остида,
Тортиб қахратоннинг қахрли жабрин.
Олис қалдироқлар гумбирлаганда,
Ёнғоқ қад кўтарди қўпориб қабрин.
Ёнғоқ қабрин қандай ёриб чиқди, айт?!
Жавоб бергил! – дея шамолни тўсдим.
Биз ҳам ахир сени кўмган эдикку,
Нега қабринг ёриб чиқмадинг, дўстим?!
Унутган эдикку зағизғон каби!

1999 йил, 11 феврал, ярим тун. Маслаҳат қишлоғи.

ҚИШЛОҚ ОҚШОМИ

Қишлоқ туни чуқур
Чуқурдир Бухоро зиндони каби
Мен у ерга тушдим
Зинапоядан,
Асалари инига
Ўхшайди осмон.
Далалар маст – аласт,
Асал хидидан.
Мен юзимни шамолга бурдим.
Сўнгра мени қаритиб кетган
Йиллар сўқмоғидан
Сени изладим.
Излаб бордиму негадир
Юз – қўлларимга илашиб
Ялтиллади ўргимчак тўри.
Ялтиллади ой шуъласида
Осмонга қарадим.
Бошимда поёнсиз юлдуз тўзони,
Суюқликдан ёнди
Қўмир – қорчиғ
Чексиз етимлик!

1996 йил, сентябр
Маслаҳат қишлоғи.

КЎЗГУ ҚАРШИСИДА

Кўзгу – яъни бутун вужуди
Биттагина кўздан иборат.
Ҳаёлпараст шаффоф предмет
Ана унинг нигохида
Мунчоқ кўзларига ташвишлар чўкиб
Хижратларга шайланган қушлар.
Еган донлари ва ичган сувлари учун
Одамлардан розилик сўраб
Том устидан айланган қушлар.
Дарахтга суяниб
Сўзсиз хайрлашдим
Мен қушлар билан.
Сўнг кўзгуга қўл чўздим
Чил – чил синди кўзгу
Ичдим тўйиб – тўйиб, ховучлаб
Парчаланган кўзгу синиқларини
Хотиротнинг олис туманларидан
Сизиб чиқди нотаниш оғриқ.
Балки яна кўришармиз.
Балки тиллақўнғиз учганда
Шууримда қолган товуш чизиғи каби
Унутилажак шодлик соатларида
Таниш қирғоқларга келарсан яна.
Таниш кўзгу қирғоқларига.
Гигант бешиктебратардай
Кўзгуга қўл чўздим, қўлларим илиқ.
Сени ушлаб қололмаган қўллар…
Мени кечирма Шахзода, мени кечирма!
Илтимос сендан.

1994 йил, бахор, Тошкент шаҳри

ВАТАННИ СОҒИНИБ

Осмон – бош чаноғим, булутлар – мийям
Оёғим остида ўралашма, ер!
Сен хўкиз шохида омонат лаппак.
Кўксим қафасида наъра тортар шеър.
Юрак – ядро бомба, ипга илинган,
Бу тоғлар тоғ эмас, букчайган дахма,
Шу жойга тириклай дафн қилинган,
Хазрати Хақиқат алайхирраҳма,
Ёпиғини айтсам, гапнинг қинғири,
Қанотсиз учгувчи қўрқинчли қушман.
Дўстимдан ҳам озроқ ёмонлик қилдинг,
Менга садоқатсиз экансан, душман!
Юлдуз босиб кетди осмонни, қара,
Беш миллион, ўн миллион, юз миллион, миллиард!
Саёқ сайёралар соққаси, билсанг,
Ўйинга хозирлаб қўйилган биллиард.
Ит ҳам яшамайди бугун бочкада,
Бутунлай ўзгариб кетган биоген.
Искандар тиржаяр қуёшни тўсиб,
Олтин қасрларда яшар Диоген.
Менга яшаш учун бочка топилмас,
Ғурбатда оқарди соч – соқол, муртим.
Сени мен бир зум ҳам унутганим йўқ,
Мени ҳам унутиб юборма, Юртим!

2007 йил, 25 январ,соат 22дан 51 минут ўтди. Бишкек шаҳри.

БАҲОР ТОНГИ
( Хотиним Гулсорага )

Тонг оқариб Қорадарёга,
Чўкиб кетар ойнинг товоғи.
Очилади ёришган уфқнинг,
Қорачиғсиз завр қобоғи.
Буғланмоқда тупроқ икраси,
Ғамлар эрир махзун навода.
Қайлардадир маърайди бузоқ,
Пичан хиди сузар хавода.
Ойналарни артасан шодон,
Тўлиб – тошиб сайрайди майна.
Олмос каби порлаб, ўрдакдек,
Ғақиллайди топ-тоза ойна.
Мувозанат сақлаб учасан,
Ер аталган баҳайбат шарда.
Деразалар ортида шамол,
Елкан каби қабарган парда.

1998 йил. Май. Андижон шаҳри.

ЙЎЛОВЧИ

Зулматларда озодликнинг,
Машъаласи чорлади.
Унга тамон юрсам, тунда,
Суякларим порлади.
Айбмиди, зулматларда.
Чақмоқ каби шохласам?
Кенгликларда озод эсган
Шамолларни хохласам?
Қонсиз лаби сарғиш сўлак,
Ит тишлади оёғим.
Оқсоқланиб кетавердим
Шеърлар қўлтиқтаёғим.
Ёв етказган жарохатни
Даволадим, тузладим.
Кўз илғамас олисларда,
Мамонт каби музладим!

2001 йил, январ,чошгоҳ. Маслаҳат қишлоғи.

ТОНГНИ КУТИБ

Туманлар қоплаган кузги боғлардек,
Ҳаётим хувиллаб қолдику сизсиз.
Хеч кимга кўрсатмай кўз ёшларимни
Жимжитлик қаърига кетаман изсиз,
Соғинган бағримни кемирар хижрон
Ичкизиб қўяман уйқумга захар
Хорғин чироқларга термулиб масрур,
Сизни эслагайман то субҳи саҳар,
Мен тонгда одамдай яшай бошлайман
Боғларга тўлганда шодлигу сайроқ.
Атлас кўйлагингиз этакларини
Тонги шаббодалар қилганда байроқ.

1991 йил, куз, Маслаҳат қишлоғи.

ЁПИЛГАН АДВОКАТУРА
(Эпифания)

Мен дарахтларни, уйларни оқлайман. Мени эса қоралайдилар. Оқу қора аталган бу икки зиддиятли тушунча аро одамларга ҳайрат ва умид билан эловраб қарайман.
Мен оқласам улар қоралайдилар. Қораловчилар бунча кўп бўлмаса дейман ўзимга ўзим. Сўнг бирдан адвакатим ёдимга тушади. Ўпкам тўлиб хўрлигим келади.
Қандай яхши адвокат эдия, рахматли – дейман. Баъзан унинг ёпиб қўйилган адвокатурасига бориб остонасига гулчанбар қўйиб келсаммикин – дея ўйлаб кетаман.
Эҳ, пора олмайдиган, сотилмайдиган менинг меҳрибон адвокатим – жафокаш онам!

11.06.2005 йил. Кундуз соат 4 дан 25 минут ўтди. Андижон.

ДEВОНА
(Дониёр Самадовга)

Дарахтлар ғўдаяр хода ютгандай,
Чивинлар визиллаб эшакни қувлар.
Тиржая бошлайди негадир ғунча,
Ақлдан озади қиқирлаб сувлар.
Қозонга беркиндинг улардан қочиб,
Оғриб кетса ҳамки букилган тиззанг.
Қозоннинг остида вахший аланга,
Қопқоқ берк. қозонда қорайган жиззанг.

2004 йил,21 феврал, шанба. Кеч соат
15 минут кам 5. Маслаҳат қишлоғи.

БАҲОР ЁМҒИРИ
(Эпифания)

Айвонда ўтирганимча яқинлашиб келаётган қора булутларни кузатаман. Назаримда булутлар баҳор шамолларида денгиз тўлқинлари каби шовуллаётган ям – яшил дарахтларга тегиб ўтаётгандай туюлади.
Қишлоқнинг мўрили, оқланган уйлари эса тўфонда қолган кемаларга, афсонавий флотилияга ўхшайди. Уйларнинг телеантеналари, каптар хавозалари мачталардек чайқалади. Бу орада шамол яна кучайди. Ёмғир ҳам энди шаррос қуя бошлади. Мен ёмғир шовқинига қулоқ соламан. Кўчадан автомобиллар вишиллаб ўтади. Булутлар шу қадар қуюқлашдики, атроф қоронғилашиб кетди. Чақмоқлар ёмғирли қишлоқни ҳар тамондан суратга олаётган фотографга ўхшайди. Мен чақмоқ нурида сенинг гулгун юзларингни ва соябонингни кўришга улгурдим. Хайрон қоларли даражада захарли қўзиқорин “Мухомор”га ўхшаш қизил соябонингни.
Менинг уйим ям – яшил, қалин дарахтзорлар тўлқинига ғарқ бўлаётир.
Мен трюмда қолиб кетган ғофил денгизчи каби тобора яшиллик қаърига чўкиб бораяпман.
ПОЛУНДРА – А -А -А -А!

1997 йил, 10 май, кундуз соат 4 дан 25 минут ўтди. Маслаҳат қишлоғи.

РАМАЗОН МУБОРАК

Умр шошқин дарё экан, сой экан,
Бу ой “Қуръон” нозил бўлган ой экан,
Рўза тутган зот иймонга бой экан
Мўъмин – мусулмонлар, рўза муборак!
Қабул қилсин Субҳон Оллоҳ Таборак.

Рўза бизга ёрдам қўлин узатмиш,
Такаббурлар ахлоқини тузатмиш.
Расулуллоҳ йиғлаб уни кузатмиш
Мўъмин – мусулмонлар, рўза муборак!
Қабул қилсин Субҳон Оллоҳ Таборак.

Мискинларни бой едириб ичирсин
Аразлашган бир – бирини кечирсин
Оллоҳ олов камзулларни ечирсин
Мўъмин – мусулмонлар, рўза муборак!
Қабул қилсин Субҳон Оллоҳ Таборак.

Бўлсанг уйда, хох далада, адирда,
Ухлаб ётма сен Лайлатулқадрда.
Бу тун ҳатто руҳлар ётмас қабрда
Мўъмин – мусулмонлар, рўза муборак!
Қабул қилсин Субҳон Оллоҳ Таборак.

Рўзамизни Оллоҳ учун тутайлик,
Бу дунёдан Иймон билан кетайлик,
Мангу хузур – халоватга етайлик,
Мўъмин – мусулмонлар, рўза муборак!
Қабул қилсин Субҳон Оллоҳ Таборак.