Хайрулла Холтўраев (1984)

Хайрулла Холтўраев 1984 йилда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. Ҳозирда “Агробанк” ОАТБ Матбуот хизматида фаолият кўрсатмоқда.

Ватан

Шу ватан ҳақи, суюк шон ҳақи,
Элим янги кўклам буюк он ҳақи,
Хумолари кўкда нур осмон ҳақи,
Суйсам шу тупроқни жонимга қадар.
Сурхондан, Тошкандка, Андижон қадар.

Эй, йўли биёбон жонларим менинг,
Кўксимда оғриқли зорларим менинг,
Сенинг жон томиринг, орларим менинг,
Суйсам шу тупроқни жонимга қадар.
Юракдан, иқболга муҳаббат қадар.

Зар бўлиб тўкилгай оҳ-и нолалар,
Тўкилган ёшларим нурли жолалар,
Ўпиб майсаларни шоир болалар,
Суйсам шу тупроқни жонимга қадар.
Чўлпондан, Усмонга, Муҳаммад қадар.

Гарчи, бобо Навоийдан олгай сабоқлар,
Шоҳ Бобур қалбида соғинчли доғлар,
Метиндек халқимнинг юраги тоғлар,
Суйсам шу тупроқни жонимга қадар.
Темурдан, Туронга шаҳри Кеш қадар.

Бари биргалашиб чаман бўлгайлар,
Япроқлар бўлгайлар бошоқ-донларга.
Гардларин ўпиб ниҳолларин, тонгларига,
Суйсам шу тупроқни жонимга қадар.
Мозийдан кўнгилга истиқлол қадар.

Ватан

Вужудимга титроқ тушди, нур шодалар,
Кўкка боқдим кўкда алвон гул лолалар.
Суҳбат айлар – неча нурли авлиёлар,
Қалдирғочлар чарх урарлар айвонимдан.
Ватан иси келди қутлуғ тупроғимдан.

Мозийларда дилнинг ажиб нафаслари,
Булбулга ҳеч чаман бўлмас қафаслари.
Тошларнинг ҳам ўз жойлари олмослари,
Қалдирғочлар чарх урарлар айвонимдан.
Ватан иси келди қутлуғ тупроғимдан.

Забонга ул кўхна байтдан нидо бўлса,
Шул байт менга ўз жонимдай фидо бўлса.
Титраб турсам эзгуликдан дуо бўлса,
Қалдирғочлар чарх урарлар айвонимдан.
Ватан иси келди қутлуғ тупроғимдан.

Буюкликнинг ранги рўйи карвонларим,
Хумолари чарх урган нур осмонларим,
Ҳақдин элга иқбол сўрган забонларим.
Қалдирғочлар чарх урарлар айвонимдан.
Ватан иси келди қутлуғ тупроғимдан.

Мусаввир

Мусаввир рангларга чанг солаётир,
Мавжли тўлқин аро тўлғонмоқда жон.
Гўё ҳаёлида жанг қилаётир:
Нигоҳида олов, вужудида қон.

Ҳаёлин банд этган нолами, фарёд,
Қаро гирдобларга бериб зеб, жило.
Ўтмиш кўзгусида жонланар ҳаёт,
Қандай тасаввурдир – бу ўтли дунё.

Бунда уйғонади минг йиллик тарих,
Хароба шаҳарлар, вайрон қалъалар.
Чинқираб кезади бечора бир руҳ,
Жовдираб боқади мунис болалар.

Қани лашкарбоши, тўхтатинг дарҳол,
Ҳаёлнинг бу асов, учқир отини.
Бардоши етмайди, қарамоқ маҳол:
Шоҳни ўлдирмоқда маккор хотини.

Дарёлар гуллаган водийлар қани?
Асар ҳам охирлаб борар ниҳоят.
Оғриқли қийноғу азоблар қани,
Ҳар тун такрорланар ушбу ривоят.

Нечун

Нечун кўзёшларга тўлмиш зимистон,
Нечун дийдорига тўймайди соғинч?
Нечун топталади қалбим дилистон,
Эй сен, йиғламагин, о, кўҳна овунч.

Нечун ёлворасан ҳар кеча имдод,
Нечун осмонга қўл етмайди, э воҳ?
Нечун тарк этмайсан дилимни фарёд?
Минг йил айрилиқни пеш қилма, арвоҳ.

Нечун ҳаловат йўқ, бу даҳр аро
Нечун бўзлаяпсан, эй кузги япроқ?
Ҳижрон тулпорининг сочи қоп-қора,
Бағримни тирнама, ёғилма фироқ.

Нечун ой кўксида қилмайсан ҳузур?
Нечун тоза руҳнинг кўйлаги ғижим,
Нечун сўрай олмам, кечикдим, узр!
Кетма, қучоғимда йиғлаб олгин жим.

Ҳар тун кута-кута сабр сарғаяр,
Нечун висолига ошиқмайди дил?
Нечун умидларим сокин бужмаяр,
Йўл қараб толдингми, жонгинам кўнгил?

* * *

Бахтга навбат турганларнинг охириман.
Сирожиддин Саййид

Ўзни урдим ой бекинган эшикларга,
Ҳавас қилдим нур бор уйи бешикларга.
Кетгим келар гоҳ қўл етмас беҳиштларга,
Бахтга навбат турганларнинг охириман.

Нур сўрасанг нурли манзил узоқ дерлар,
Гоҳ яқин-у ё минг ғалвирли тузоқ дерлар.
Мангуликдан мунгли оппоқ тупроқ ерлар,
Бахтга навбат турганларнинг охириман.

Эй дил, сени хазонларга бермайман мен,
Ой тўлишган кўкламда гул термайман мен.
Кел, ёнимга шунчаки дил ёрмайман мен,
Бахтга навбат турганларнинг охириман.

Кузда кетган, эй жонимнинг япроқлари,
Олисларда ой дилимнинг сўроқлари.
Ҳозирда ҳам тўхтамасдан титроқлари,
Бахтга навбат турганларнинг охириман.

Нурли йўлнинг қўрғонлари осмон қадар,
Чархи фалак айланишиб тупроқ қадар.
Термулишиб заррин-заррин тонглар қадар,
Бахтга навбат турганларнинг охириман.

* * *

Дилки тўлди ҳайрона, лол,
Лабни босдим, бўлди висол.
Кетма энди, кетма, иқбол,
Сансиз ман на қиларман?
Урдим ҳар қаён ўзни,
Толди излай дунё кўзни,
На малҳам айтар сўзни,
Сансиз ман на қиларман?
Кетса бир кун ор айлагай,
Нафс қулин хор айлагай,
Қанча дилни дор айлагай,
Сансиз ман на қиларман?
Ишқда ёндим, наво этдим,
Ҳақни дедим, даво этдим,
Билмам нени аён этдим,
Сансиз ман на қиларман?

* * *

Руҳим йиғламагин – ҳасрат тўла жом,
Пойингга бош урдим, бетин, бемурод.
Ғофиллик бижғиган нигоҳларда ком,
Инжулар додлаган бўғзимда фарёд.

Хазонлар кўксимга урилар бир-бир,
Дилим хун, боқаман оламга мафтун.
Кўзимда улғайиб борар хавотир,
Мен кимни кутаман, ёлғиз ушбу тун.

Олгин азобимни бенаво, бедил,
Юзимга ҳижобин тортар –  заъфарон.
Йўқласанг кетмасди бечора кўнгил,
Руҳимда андуҳлар яна бефармон.

Зулматдан ёрилар йиғлаётган руҳ,
Мунгли нигоҳимда боқар андиша.
Оқ нурлар ёғаркан сочларимга, уҳ,
Кўшкимда оғу-ишқ қўяр томоша.

Бесадо руҳимда шивирлар осмон,
Маҳваш қучоғимга йиқилар беҳуш.
Кўнгил кўзгусида тирилар забон,
Бу – лаззат туш эди, гуллаётган туш.

* * *

Кўксимга муштладим, кўкарди қонлар,
Кафтимда ҳар заррин тўкилган уввоқ.
Жим, забон сас ила тиғлади онлар,
Бурда-бурда бўлди жон қадар ушшоқ.

Хайри карам истаб, Адам саҳрода,
Ёндим, ёнмоқликнинг вужуди айро.
Ўсмоққа қўл етмас, кўксим ҳавода,
Кўнглимни тоза тут, эй шафақ дарё.

Менинг кўз ёшларим арзимас, дединг,
Ой дилим, шом қадар фаришта тонглар.
У ёнгин кел, дединг, не бўлди, кетдинг,
Кўксимга муштладим, кўкарди қонлар.

* * *

Гоҳа эркаландим, гоҳа дил ёриб,
Гоҳа юрагимни бўшатгим келди.
Гоҳа кетгим келди, шаҳарни ташлаб,
Онамнинг корига ярагим келди.

Гоҳа эзиламан юрагим зада,
Кунларни кунларга улаб яшадим.
Дадам деб, пойимга пешвоз чиққанда,
Қизимни опичлаб бирам яйрадим.

Шулар деб яшамоқ о амри вожиб,
Гоҳа қушдай энгил учмоқ истадим.
Гоҳа ёлғиз қолдим руҳимни қучиб,
Шунда ҳам пичирлаб, нени қистадим?

Шулмикан қисмати, дақдири азал,
Гоҳа вужудимда бир забон дарди.
Чарх уриб айланар оғритади сал,
Тўфон тўзғиб борар гоҳ тегар зарби.

О менинг ҳаётим, кечмишим шундоқ,
Не учун қалбимга қувонч сиғмади.
Гоҳа қора дедим, йўқ қалбим оп-поқ,
Не орзу пойида армон гуллади.

Гоҳ дунё ранглари сўзга сиғмади,
Гоҳа ўз ўтимда ўзим ёнаман.
Гоҳ ёмғир дардимни келиб тинглади,
Онамни соғинсам нима қиламан?

* * *

Бир кун йўқлик сари бекинди тамом,
Йўқ энди, ул вақт оний лаҳзаси.
Умр ўтган кунни излайди ҳамон,
Олиб, йўл қувлайди ҳаёт тўрваси.

Сўнгра висолига шошилар фурсат,
Ва қуёш рангидан тус ола бошлар.
Вақт жим, фалакнинг измини кўрсат,
Қанча мажорани сел қилган ёшлар.

Ўксик шу дил меҳрга муҳтож,
Қанча дақиқалар қадрини сезди.
Ҳар келар кунидан сўрай берди тож,
Шавқатсиз тўфонлар ғам бўлиб эзди.

Билдик пешонага ёзилгани шу,
Фалак-чарх, тинмасдан айланаберар.
Бир кун ўтиб борар ҳукми равон шу,
Тунми-кун кетма-кет айланаверар.

Шу жон нафасига ҳаёт истайман,
Бир кун…

* * *

Боринг, чақиринг баҳор қайдадир,
Минг йиллик Навбаҳор япроқ қайдадир,
Момом айтган қўшиқ дилга қайтадур,
Майсаларим уйғон юзингдан ўпай.

Мозий қарида жим йиғлаб ётардинг,
Маъюс термулардинг кўкка боқардинг,
Сен кўнглим қатида яшаб кўкардинг,
Майсаларим уйғон юзингдан ўпай.

Оҳи нолаларнинг оқ тонгги ҳаққи,
Қорли изғиринда таним совқатди.
Бойчечак жилмайиб келиб уйғотди,
Майсаларим уйғон юзингдан ўпай.

Сени не деб, айтай Наврўз гулижон,
Кўксимга бош қўйиб тингла гулижон,
Мен забон дил нолам куйла дилижон,
Майсаларим уйғон юзингдан ўпай.

Бугун қуёш чиққан юзларим менинг,
Турфа олам қайда кўзларим менинг,
Баридан жарангдор сўзларим менинг,
Майсаларим уйғон юзингдан ўпай.

* * *

Ишқ менни ўғирлаб кетган у кеча,
Юракни ўзингга қайтар моҳитоб.
Юпатма йиғласам нурли тонггача,
Умр бир сония ўтаркан шитоб.

Гарчи кўп югурдим умрим арзимас,
Нурни истагандим кўнгил дардимас.
Мен-ку барига ҳам кўнардим э воҳ,
Умр бир сония ўтаркан шитоб.

Э воҳ-ки, ишқда жим ёнмоқ лаззатдир,
Дилни дилга бермоқ бироз фурсатдир.
Шундай фурсат кутдим, югурдим, чопдим,
Умр бир сония ўтаркан шитоб.

* * *

Ҳар қаён югурдим телбадай ғариб,
Жисмим аҳволина изладим нажот.
Такрор сўроқладим кўксим куйдириб,
Наҳот уйғонмади қалбимда ҳаёт.

Сўнгра иқбол сўраб кутдим неча бор,
Довуллар бераҳм умрни қувди.
Меҳрга ташнадай йўлларида зор,
Охири кўз ёшлар юзимни ювди.

Йўлчидай ҳайрона сўзламас забон,
Оёғим куйдирар саҳро туфроғи.
Мушки анбарларга тўлсайди осмон,
Тарқаб кетарми қайғу фироғи?

Ҳар не қароғимда, ўзинг илтижом,
Тенграмда тентираб келмоқда дунё.
Ватандай ягона, муаллақ саждам,
Қалбима нур индир, нур индир, Худо!

* * *

Чорла , остонангга тортқила, борай,
Фаришта ин қурган аршу фалакка.
Эзилиб кетаяпман ғамли гадодай,
Титраган шабнамдай, қулдайин якка.

Қани ў, чорлагин севгим шаббода,
Ёлғизлик дамимдан қон бўлди бағир.
Саҳрода тентираб, кўтариб бода
Мушфиқ кулбагоҳни соғиндим ахир.

Ахир қизғонмасми даввори очун,
Мангу тарк этганму сукутда ҳамроҳ.
На-да хабари бор, кетишим беун,
Манзил адоғини тополмай гумроҳ.

Телбакор айлади, ўлдир гуноҳим,
Унитдима мангуга фалак жамоли.
Кўзларим кўр бўлди, тўкилди оҳим,
Емирилиб дарз кетди ҳижрон жамоли.

Озод ишқ даргоҳим, илинжлар ўлди,
Остонанг пойида кулбагоҳ тупроқ.
Япроқлар тўкилди, диллар тўкилди,
Наҳот тўкилмади айрилиқ фироқ.