Хуршид Нуруллаев. Хатолик (воқеий ҳикоя)

Бугун «Зафар» ресторанига боришимиз керак. Бўлимда ишловчи Абдумажид эри хорижга кетган баъзи хотинларнинг хиёнаткорлигини менга исботламоқчи.
— «Каримбек» ҳам, «Истиқлол» ҳам яхши, лекин «Зафар» гавжумроқ. – Абдумажид жим турганимдан фойдаланиб, изоҳга ўтади. – «Зафар»нинг жойи кенг. Мусиқа шовқинини айтмаса, тунда борган маъқул.
Фикрини тўлиқ изҳор этмагани билинса-да, норози қарашимдан гапи бўлинади. Тили тийилишига яна бир сабаб, кундузги ўтиришга бормай қолишимдан ҳайиққани.
— Хўш, жононлар билан ўтиришга янги кийим кийиб келдиларингми?
Бу хонага кирган Мирзонинг шамаси. У ҳам менга ўхшаб бўлим бошлиғи. Лекин бошқармада Абдумажид билан анча вақтдан буён бирга ишлагани учун унга яқинроқ, мудом гаплари бир бир жойдан чиқади. Ўтиришга у ҳам айтилган.
— Телефонни кўп банд қилманг. – дейман Абдумажиднинг телефонда узоқ гапиришидан асабийлашиб. – Беш дақиқадан зиёд гапирманг, деб неча марта айтганман.
— Ҳозир, ҳозир. – Ўрнимдан қўзғалганимни кўриб, телефон аппаратига ёпишади. – Ҳозир тугатаман.
Мирзо таърифлагандек, бош ирғаш рақси бошланади. Бу Абдумажиднинг телефонга қулоқ тутиб, бош қимирлатиш одати. У гапирганда «йўғе», «наҳотки», «шундай дедингизми», «тўғри қилибсиз» дейишдан нарига ўтмайди. Таъкидлашича, гапни бўлмай тинглагани учун аёллар уни яхши кўришаркан.
Ишимиз қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли. Кунимиз далада, хўжалик ёки фермерларнинг ерларида ўтади. Бир-икки ходим атай кечикиб, келмай қолганини айтмаса, ўн-ўн икки кишилик гуруҳимиз раҳбарият бир кун олдин белгилаган туманга бориб, жойлардаги деҳқончилик ишларини ўрганамиз. Кечга яқин гуруҳ раҳбарига маълумотларни топшириб, шаҳарга қайтамиз. Гоҳида йиғилишга бизни ҳам қолдиришади. Лекин мажлис узоқ чўзилиб, эртанги ишимизга таъсир этгани учун, кўпинча жавоб бериб юборишади. Бизга биркитилган автобусда ишхонага қайтарканмиз, дала кийимларимизни алмаштириб, уйга шошамиз. Эртаси йўлда кетаётиб кеча уйга қайтишда пиво (салқин вақтлар қаҳва) ичиш учун барми ё кафега кириб, у ерда хотин-қизлардан янги танишлар орттиришганини айтиб, Абдумажид билан Мирзо мақтанишади.
— Аҳвол шу кетишда бўлса ресторанларни хотин-қизлар эгаллайди. – дейди эътирозимизга жавобан Абдумажид. – Ишонмасангиз, — у менга юзланади,- Оташ ака, биз билан юринг. Янганинг олдига бир бор кеч борсангиз ҳеч нарса бўлмас.
Қовоғим уюлишидан уни ўчади унинг.
Йўқ, Мирзо билан Абдумажид охир мени кўндиришди. Хатлар билан ишлашга ойда бир-икки бор берилдиган, яъни шанба кунига тўғри келадиган кунларнинг бирида улар билан боришга рози бўлдим.
Ўтириш белгиланган кун тушга яқин Мирзонинг синфдоши келди. Абдумажиддан айрилмаслигини билгани учун ҳамқишлоғини хонамиздан излаганига ажабланмадик
— Мирзо қани? – деди у салом бериб.
— Келинг. – Олдин ҳам учрашганимиз учун унга қўл чўзиб, ўтиришга таклиф этдим. – Ҳозир келиб қолади, шу ерда.
«Йўғе, йўғе» деганидан телефонда аёл киши билан гапираётгани маълум бўлган Абдумажиднинг нигоҳида бемаҳал ташрифдан норозилик сезилди.
— Фермерлик қандай?
— Яхши. – Меҳмон ҳали ҳам хонада қолишга иккиланиб турарди.
Абдумажиднинг ёвқарашидан орттирган унғайсизлигини тарқатиш учун уни ўтиришга мажбур этдим.
— Нимаси яхши, шундан гапиринг.
У нима деб жавоб беришни билмай илжайиб қўйди. Илгари ҳам камгаплигини кўргандим. Фермерликдаги аҳволни билиш учун атай гапга солдим.
— Fалла қандай бўлди?
— Бу йил маза қилмади. Баҳорги қурғоқчилик, кейин сувнинг ҳам танқислиги ҳосилга таъсир қилди. Лекин режани бажардик.
— Ҳа, яхши. Режани бажарган бўлсангиз яхши. – Мирзонинг олдига бекорга келмаганини билардим, маслаҳатга келган у. – Яна бирор муаммо пайдо бўлдими?
— Ижарачиларга ваъдалашган ғаллани беролмадим. Такрорий экин экишга рухсат керак экан. Шунга Мирзога келгандим. Аъзолар ҳеч бўлмаса молларига макка экиб олишсин.
Ижарачиларга ғамхўрлиги ёқди менга. Уларнинг ташвишини ўзиникидан юқори қўйгани гап оҳангидан сезилиб турарди.
— Ижарачиларга ойлик беринг.
— Банкка боргим йўқ. – Нохуш нарсани эслагандек, юзи буришди унинг. — Пул бермаслик учун мингта баҳона топишади. Маошга пул келмаган дейишади. Мақсадли пулми-ей. Фақат ёнилғи, ўғитга ўтказиш мумкин экан. Э-э, турган-битгани азоб.
У хўрсинди. Кейин эсноқ тутиб, кафти билан оғзини беркитишга улгурмагани учун пастки тишларининг йўқлиги кўзга ташланди. Ҳали ҳам тиш қўйдирмаганига ачиндим. Вақти ҳам бўлмаса керак. Лекин кўпроқ ижарачиларнинг аҳволи мени ўйлантирганди.
— Бирор марта пул олмадингизми.
— Бир марта юз минг беришди. Унда ҳам эллик мингни қаергадир ўтказишга рози бўлганимдан сўнг. Ҳомийликка экан.
— Қаерга ҳомийликка?
— Ким билади. Қоғоз тутқазишди, қўл қўйдим.
— Қизиқку.- Ҳайрон бўлдим. – Туманда қанча фермер бор?
— Мингдан зиёд бўлса керак.
— Эллик мингдан эллик миллион сўм бўладику.
У гапирмади. Аниқроғи, гапиришга иккиланди.
— Банкда ҳам қинғирликлар кўпми, дейман. – Куюнганидан кўнглидаги гапни сақлолмади. — Қўшним ҳам фермер, олтмиш гектар ери бор. Бир-икки маслаҳат берди. Бир қисимни қолдириш шарти билан банкдан пулни олса бўларкан.
— Қандай?
— Химия шаҳобчаси ҳисобчисига ўн минг сўм берилса, қарзи йўқ деб қоғоз бераркан. Нефтдан ҳам шундай. Умуман, қарз йўқлиги ҳақида ҳужжат бўлса, уддаласа бўларкан.
— Қилдингизми?
— Беш гектар ерим бор, нима қиламан ҳаромни аралаштириб. Бир кун эмас, бир кун ошкор бўлиши аниқ.
— Тўғри қилибсиз.
Эшитган гаплардан асабим бузилди. Қачон тугайди бу кўзбуямачилик, юлғичлик, таъмагирлик?
Эшик очилиб, Мирзо кирди. Ҳамқишлоғи билан кўришаркан, қўл узатишидан хушламагани сезилди. Танишлари билан одатда у қучоқлашиб кўришарди.
— Юр қани.
Телефонда гапини тугатиб, суҳбатимизни лоқайд тинглаб ўтирган Абдумажид улар эшикдан чиқмай гап отди.
— Йиғилишга бормайсизми?
— Бораман. Ҳозир жўнатай.
Яна телефон жиринглади. Гўшакни кўтарган Абдумажиднинг қовоғи уюлди. «Йўқ», деди у кимгадир қатъий. «Бева бўлмайди. Икки соатга ўлмайди.Ровна бирга».
Мирзо кирди. Юзида беўхшов табассум.
— Соат ўн иккидан ўтди. Бормаймизми?
— Кеттик Оташ ака. – Абдумажид чўнтагидан машина калитини чиқариб, эшикка йўналди. Истамай жойимдан қўзғалдим.
Ресторанга келганимизда соат ўн икки ярим бўлганди. Тушлик вақти бўлишига қарамай, фақат фаввора атрофидаги столлар хўрандалар билан банд, қолган столлар устига ўриндиқлар тескари қўйилган, бир хил кийинган икки хизматкорнинг шланг билан шаллоба қилиб сув сепиб юриши саратон бўлишига қарамай ҳавога салқинлик бахш этарди.
— Оташ ака, қаранг қани, нечта эркак санайсиз.
Кирганда эътибор бермаган эканман, ҳақиқатан эркак зоти кўзга ташланмасди. Ҳув чеккада, фақат биргина жойда йигит билан қиз ўтирибди, уларнинг ёнидаги стол атрофида бир йигит ва унга нисбатан ёши каттароқ бўлган учта жувон, нариги столда гап-гаштакчилар бўлса керак, тўққиз-ўн чоғли ҳар хил ёшдаги аёллар, фаввора атрофидаги столларни эса тўлиқ хотин-қизлар эгаллашган. Атрофга қараб, кўзим тушгани шу бўлди. Лекин синчковлик билан эътибор берилса столларда салқин ичимликлардан ташқари ароқ ёки вино ҳам борлиги, хотин-қизлар олдида тўла ёки ярми ичилган қадаҳлар тургани, баъзи давраларда аёллар қадаҳ кўтариб, бир-бирига гапираётганини сезиш қийин эмасди.
Атрофдан нигоҳимни олиб, қўлида митти дафтар тутган официант қизга қарадим. Ҳамкасбларим мени кузатиб туришарди.
— Ҳозир меҳмонларимиз келади. – Абдумажид официант қизни ўзига қаратди. — Кейин буюртма берамиз. Ҳозирча чой беринг.
Официант узоқлашгач, у қўлидаги соатига қараркан, емакхонага кирадиган панжарали нақшинкор дарвозага тикилиб, тоқатсизланди. Лекин бу ҳолати узоқ чўзилмади.
— Хўш, Оташ ака, илк таассурот қандай? – У менга ўгирилиб, айтиб юрган гапларини исботлагандек мамнун тикилди. — Фақат кўрсатиш билан чекланмай, сизга бугун эри тирик беваларни таништирамиз.
— Сизга зўри айтилган. – Мирзо унинг гапини бўлиб, менга кўз қисди. – Агар ўшани олиб келса, омадим чопди деяверинг. Ўзидан олдин таърифи келди, нақ пари экан. Эри Америкада.
Мирзонинг бачкана қилиғи-ю, суюқ гаплари ёқмай, чидаб туролмадим.
—    Илтимос, бунақа ишларга мени қўшманглар.
Абдумажиднинг юзидаги табассумини хижолат эгаллади.
— Ҳеч ким сизни у билан юрсин демаяпти, Оташ ака. – У мен кетиб қоладигандек Мирзога қовоқ уйди. — Ёш, хушчақчақ аёллар. Ишлашади, болалари бор. Фақат эрлари узоқда. Улар ҳам одам, яшаши керак.
— Хиёнат қилишга ҳақли денг.
Важоҳатим уни ҳушёр торттирди, ҳолатига безовталик қўшилди.
— Бу гапларни уларга айта кўрманг, Оташ ака, хафа бўлишади. – У даврада аёллар иштирок этаётгандек, овозини пасайтириб гапирди. – Ана, ўзлари ҳам келишди.
У ўрнидан туриб емакхонага кираверишда туриб қолган учта аёлга қараб юрди. Уларнинг иккитаси атрофга олазарак боқарди.
— Сизникига гап йўқ, Оташ ака. – Уларга бир кўз ташлаган Мирзо яна эзмаланди. – Ҳув ана, ёшроғи. Айтганча бор экан. Бекорга айтишмайди, югурганники эмас, буюрганники деб.
Гапидан ижирғинасам-да, индамадим.
Абдумажид аёлларни бошлаб келди. Салом беришиб, стулларга ўтиришаркан, ёши ўтинқираган, истараси совуқ жувон Мирзо билан ўпишиб, ҳирсли нигоҳини менга тикди.
— Абдумажид ака, айтган бошлиғингиз шу кишими.
— Ҳа. – Аёлларни жойлаштириш билан овора Абдумажид унга маъноли қараб қўйди.
— Гулини ёнларига ўтқазинг.
Ҳамроҳларига нисбатан ёш ва гўзаллиги билан ажралиб турган нозиккина жувонни, қаршилик қилишига қарамай, ўрнидан турғазиб, ёнимга ўтқазишди. Ёши йигирма бешлар атрофидаги бу аёл ўзининг ийманиб туриши билан ҳам қолган икки аёлдан ажралиб турарди.
Даврага қўшилганиданоқ менга ўзини тутиши ёқмаган икки аёлнинг ҳамкасбларимга ёғдирган сохта гиналари ва уларга жавобан айтилаётган ёлғон баҳоналарнинг шовқини атрофдагиларнинг ҳам эътиборини тортди. Унғайсизланганимни Абдумажид пайқади. Бармоғини лабига босаркан, ҳаммани тинчитиб, официантни имлади.
Йигитлар ортиқча маблағ сарфламаслик учун йўлдаёқ қандай буюртма беришни келишиб олишганди. Таом танлашда биринчи галда аёлларнинг истаги эътиборга олинишини билмагандек, Абдумажид официантга юзланди.
— Менимча биринчи овқатни ҳеч ким емайди. – У ўтирганларга кўз югуртириб, бир лаҳза жавоб кутди. – Фақат иккинчисини еймиз. Олтита кабоб берасиз, учтаси қиймали. Кейин битта ароқ, яхна ичимлик.
— Яхна ичимлик табиий бўлсин. – Мирзонинг ёнида ўтирган аёлнинг гапи Абдумажидни довдиратди.
— Қайси меваники бўлсин? – официант дафтарчадан кўз узмай савол берди.
— Биттаси урик, иккинчиси шафтолиники. – таклиф муаллифи аниқлик киритди. – Иккиси ҳам юракка фойдали.
— Яна.
Жувоннинг ўзбошимчалиги оғир ботгандек, унга намойшкорона кўз тиккан Абдумажид, яна гапиришини кутгандек, атай сукут сақлади, садо чиқмагач, давом этди.
— Ўзимизнинг миллий салатдан беринг. Иккита лаганда алоҳида бўлсин. Кейин нон, чой.
Буюртма тугади. Ҳамманинг нигоҳи официант қизга қадалганди.
— Битта «пини» сигарет. – Нозли оҳангдаги таниш овоз яна бир бор янгради.
— Маҳфиз, одам гавжум жойда чекма деганман.
— Кейин чекаман. – ҳозиржавоблик қилди у тўладан келган гавдали дугонасига. Кўриниши куланги товуққа ўхшаш дугонаси ўзининг ёқимсиз башараси билан менда нохуш кайфият уйғотганди.
Официант қиз кетди. Буюртмага қўшимча киритилгани кулгумни келтирса-да, ўзимни босдим. Айни дамда тўладан келган жувоннинг номини билиш истаги пайдо бўлганди. Ёнимдагининг исми Гули. Тўғримдаги маҳмадона Маҳфиза. Уники нима экан. Фикримни ўқигандек, Абдумажид бизни таништиришга киришди. Мен билан Гули даврада янги эканмиз. Каминага таъриф берилиб, баъзи ўзим билмаган ноёб хислатлар ҳам айтиб ўтилди. Хотин-қизларни Абдумажиднинг ёнидаги Нафиса (катта гавда соҳибаси шундай номланаркан) таништирди.
Бу орада официант столга салат ва ичимликларни қўйиб кетди. Мирзога нонни ушатишини айтиб, Абдумажид ароқни очди. Агар Гули «мен ичмайман» дея рюмкани ёнга сурганини эътиборга олмаса, ҳамма қадаҳларга ароқ қуйилди.
— Ичмасанг ҳам қуйилган турсин, Гули. – Нафиса унга ароқ қуйишни сўради.
У яна бир бор қаршилик қилган эди, эътирозлар таъсир этдими, қўлини рюмкадан олди.
— Хўш, биринчи тост кимга? – Абдумажид ҳаммага бир-бир кўз югуртирди.
— Биринчиси танишганлик учун ичилади, менимча.
Мен ва Гулидан ташқари Маҳфизанинг гапини маъқуллаб қадаҳлар кўтарилди.
— Ол Гули, тўйга борганинг билинсин. – Нафиса ароқни ярим ичиб, устидан яхна ичимликни ҳўпларкан, унинг ароқ ичмаганидан ўпкаланган бўлди. – Биз ҳам тўйга, деб чиқдик. Саратонда кийган кийимимизни.– У суний матодан тикилган ялтироқ куйлагига ишора қилиб, Маҳфизага юзланди. – Нима учун тўйни баҳона қилганимни айтайми? Эрталабдан қайнонам келди. Ўғлини туш кўрибди, ўлгур. Бошлиғимизнинг тўйи деб баъзур қутилдим алвастидан.
— Қайнонанг яхши, Нафис. – Дугонасидан ўпкалангандек эътироз билдирди Маҳфиза. – Бирор оғиз сенга гапирмайди, бечора.
— Бечора бўлмай ўлсин. Шу латта ўғлини эр қилиб юрибман, жон десин.
— Нега латта бўларкан. Канда қилмай ойига уч юзта юбориб турибди-ку. – Маҳфизанинг нигоҳида ҳавас шўласи кўринди. — Бизникидан асрасин, олти ойдан буён бир тийин йўқ.
— Оташ ака, сиз ҳам ичмабсизку. – Абдумажиднинг гапи фақат уларнинг ўзаро сўҳбатини бўлмай, ҳамманинг нигоҳини менга қаратди. – Гули синглимизга ҳам манзират қилинг, у киши ҳам ичмаяптилар. Нотаниш аёллар билан илк бор ўтиргандексиз, Оташ ака.
Бу гапга ҳамма кулган бўлди. Лекин ҳақ эди у айтган гапида, бегона аёллар билан биринчи бор ўтиришим эди. Ноилож рюмкани кўтариб бир қулт ичдим. Ичимлик томоғимни куйдириб ўтди. Юзим буришганидан муштумни лабимга босдим. Қаршимда ўтирган Маҳфизанинг сачқида узатган бодринг бўлагини оларканман, ёнимга ўгирилиб Гулига қарадим. У рюмкани лабига тегизиб, яна жойига қўйди. Бу ҳаракати билан ўзига нисбатан ҳурмат уйғотганди менда. Эътиборимни аёлларга қаратдим. Маҳфиза ароқни охиригача ичган, идишида егулик бўлса-да, ўртадаги салат сувига ботирилган нон бўлагини оғзига солиб, иштаҳа билан чайнарди. Нафиса эса Абдумажид билан баланд овозда ниманидир муҳокама қиларкан, ўзини ҳаддан зиёд эркин тутиши ажабланарли эди. Эри бор-ку, деган ўй хаёлимдан кетмасди.
— Биринчиси билан иккинчисининг орасидан қил ўтмаслиги керак. – Маҳфизанинг қичқиргудек айтган гапи ҳаммани унга қаратди. – Абдумажид ака, ё ўзим соқийлик қилайми?
Нафиса гапи бўлинганидан дугонасига норози қараб қўйди. Абдумажид ўрнидан туриб шишани олди.
— Биринчи сўз хотин-қизларга. — Маҳфизанинг гапи узилиброқ чиқди. Бир руюмка ароқ билан кайфи ошиб қолганди унинг. – Нафис гапирасанми?
— Ўзинг гапиравер. – Аёлларникига хос бўлмаган йўғон овоз яна-да қўпол янгради.
— Эркаклар учун ичамиз. Ҳақиқий эркаклар учун.
Маҳфиза руюмкани ҳеч ким билан тўқиштирмай, уни чуччайган лабларига тутаркан, охиригача симирди. Мирзо узатган бокални олиб, нотаниш кишига қарагандек, ундан ажабланган бўлди, сўнг яхни ичимликни охиригача ичиб, аразли оҳангда сўз қотди:
— Нега кўринмайсиз, Мирзо ака?
— Ҳар куни телефонда гаплашаяпмизку. — Мирзо ўзини ҳайрон бўлгандек кўрсатса-да, айтилган гапдан хижолат тортгани билинди.
— Менга фақат гапириш етмайди. Кўриниб туриш керак. Меҳр кўзда Мирзо ака. Меҳр нималигини биласиз-а? – У маъноли кулди. – Меҳр…
Официантнинг кабоб келтириши гапни бўлди. Абдумажид лаганни ўртага қўйиб, гўштларни сихдан чиқара бошлади. «Яна ароқ олиб келайми» деган официантнинг саволига боши билан «йўқ» ишорасини қиларкан, жимликни бузиш учун ароқ шишасини Мирзога узатди.
— Сиз ҳам меҳмондек ўтирмай хизмат қилинг, Мирзо.
Тост айтиш навбати менга тегди. Сўзамол бўлмасам-да, ҳаммага соғлик тилаб, ароқдан бир қулт ичдим. Томоғим унча ачимади. Ёнимда ўтирган Гули рюмкани лабига тегизиш билан кифояланди. Абдумажид билан Нафиса ичишмаганди. Маҳфизанинг рюмкаси одатдагидек бўш. Мирзоники ярим.
Абдумажид ҳаммани кабобга қаратиб, Нафисанинг идишига икки бўлак гўшт қўйди. Гулига манзират қилишни мендан сўради. Маҳфиза қачон олишга улгурди экан, бир бўлак гўштни тишлаб тортарди. Нафисанинг ичидан гап тошганми, Абдумажид тик турган бўлса-да, унга гапини маъқуллатмоқчи бўларди. Мен жим эдим. Ёнимдаги маюсчеҳра гапирмасди. Буни Абдумажид ҳам сезди. Ёнидаги жувоннинг гапи кўнглини ургандек, ундан жим бўлишига имо қилиб, менга сўз қотди.
— Гаплашиб ўтиринглар Оташ ака.
Жим ўтириш менга ҳам унғайсиз эди. Гапни нимадан бошлашни билмасдим. Узоқ сукут сақлаб турганим ёнимдаги аёлга ҳам ноқулайлик туғдирганди, менимча. Нима бўлса бўлди, деб тилимга келган гапни юзага чиқардим.
— Хўжайинингиз анча бўлдими кетганларига?
— Икки ой.
— Ишлари яхши эканми?
— Билмадим, ҳали пул келгани йўқ.
Жим қолдик. Айтадиган гапим қолмади. Яна нима дейиш мумкин. Қизиқ, одамлар қаердан бунча гап топишади. Масалан мана, Нафиса. Келганидан буён оғзи тинмайди. Мирзо ҳам ҳар замонда Маҳфизага нимадир шивирлаб қўяди. Мен эса гапиролмайман. Гап йўқ. Гули ҳам ичимдагини топга ўхшайди. Бошини хам қилганча, ўтирибди.
— Ишлайсизми? – Ноқулай вазиятдан чиқиш учун ўйлаб топган гапим шу бўлди.
— Ёш бола билан уйдаман.
— Бола қаерда?
— Каттаси қайнонам билан. Кичигини ойимга қолдириб келдим. Соат неча бўлди.
— Уч бўлаяпти.
— Учда келаман дегандим ойимга. Болани олиб, ҳали уйга боришим керак. – Унинг кўзларидаги жовдираш раҳмимни уйғотди. – Бирорта танишим кўриб қолса шарманда бўламан. Нафиса опанинг гапига бекор кирдим.
Нигоҳимни даврага қаратдим. Абдумажиднинг тинглаётгани гумон бўлса-да, Нафиса ҳамон жавраяпти. Мирзо Маҳфизанинг қулоғига шивирлаяпти. Лекин сузилган кўзларга қараб аёлнинг бирор нарсани тушунадиган аҳволда эмаслигини билиш қийин эмас.
— Қайтамиз. – дедим Абдумажиднинг кўзи менга тушганда.
У нигоҳимдаги қатъиятни кўриб эътироз билдирмади. Нафиса менга норози тикилди. Мирзо қаддини ростлаб стулга суянди. Фақат Маҳфизанинг сузилган кўзлари ўзгармади. Гулининг ўтиришида бетоқатлик сезиларди.
— Ўтирибмизда Оташ ака. – Абдумажид ёнидаги вайсақининг гапларидан безор бўлганини менга маълум қилгандек, афтини буриштирди. – Бугун дам олиш куни бўлса.
— Нафисанинг квартирасига борамиз. – Давра жонланганини пайқаган Маҳфиза ҳозир тўғри уша ерга борадигандек, ўрнидан турди.
— Бошқа сафар. — Абдумажид нима учундир менга ҳадиксираб қаради.
— Юринглар. – Нафиса ҳам шашт билан ўрнидан турди. – Мирзо акага ҳам кўрсатаман дегандим. Ярим соат вақтларинг кетади.
— Нафиса опа.
Бу ёнимдаги жувоннинг илтижоли овози эди.
— Ярим соат ҳеч нарса қилмайди. – Истараси совуқ аёлнинг буйруқ оҳангдаги гапи бу гал эътирозга учрамади.
Абдумажид туриб, ҳисоб-китоб қилишга кетди. Аёллар ўзаро пичирлашиб, ортидан эргашишди. Мирзо билан машина томонга юрдик.
— Шундай қушчани қўлдан чиқарманг, Оташ ака.
Эри бўлган икки аёлнинг ўзини тутиши нафратимни қўзғаганди. Айтилган гапга жавоб берсам кайфиятим баттар бузилишини ўйлаб, лабимни тишладим.
Аёллар бир оз ҳаяллаб қайтишди. Гулини безовталик тарк этмаган, Маҳфизанинг кайфи янада ошган, ўтиришнинг бошидан менга ёқмаган шанғи аёл эса ҳушёр ва тетиклиги билан ажралиб турарди.
Биз таклиф этилган квартира унча узоқ эмас, темирйулчилар хиёбонининг шундоққина ёнидаги бинода экан. Иккинчи қаватда жойлашган квартира янги таъмирдан чиққани учун хоналарда бўёқ ҳиди анқир, уй эски услубда қурилган бўлса-да, деразаларга осилган бежирим пардалар, оёқ остидаги ва деворга осилган янги гиламлар унча катта бўлмаган зални шинам кўрсатарди. Залга туташ ётоқхона ҳам дид билан жиҳозланган, ошхона балконга кўчирилган бўлиб, у болалар учун мослаштирилганди. Бу мўжаз хоначага кирарканмиз, Мирзони қўлтиқлаб олган Маҳфиза бирдан унинг бўйнига осилиб, уларни холи қолдиришимизни айтганда, Гулининг хавотир қўнган чеҳрасига қараб ўзимни ноқулай сездим.
Залга ўтдик. Уй соҳибасининг тинмай жаврашидан бошимга оғриқ кирганди. У квартира учун янги буюмлар олиб, ҳаммасини келтиришга улгурмагани, икки қизини чиқарса бу уйни ёлғиз ўғлига бериши ёки уни ҳовлида қолдириб, эр-хотин бу ерга кўчиши, эри хорижда яна уч йиллар ишласа, тўй бисотлари тахтлаши, машина сотиб олишгани-ю яқинда квартирали бўлишгани ҳақида мақтаниб гапираркан, ўзини дунёдаги энг бахтиёр аёл қилиб кўрсатмоқчи бўрарди.
— Янги танишганларни ёлғиз қолдирайлик, хўжайин.
Абдумажиднинг бундай очиқ мурожаати бу ерга биринчи бор келмаганини англатди. Жавоб кутишмай ётоқхонага киришаркан, мақсад фақат суҳбатлашиш экани эшик ярим очиқ қолдирилганидан маълум эди.
Гули безовталикдан қутилмаганди. Менга қолса уни бир дақиқа ҳам ушлаб турмасдим. Менимча, уйни тарк этиш муаммоси иккимизни ҳам бир хилда қийнарди.
Болалар хонасига эшик ўрнатилмагани учун у ердаги гаплар қулоққа чалинарди. Мирзонинг хавотир оҳангида «улар эшитади, керак эмас, жим туринг» дея, овозини асабий кўтаришидан Маҳфизанинг унга тегажоғлик қилаётганини англаш қийин эмасди. Ётоқхонадан эса фақат Нафисанинг баланд овози келарди.
Гули бу икки аёлни қаердан танишини ўйлаб, ноқулай бўлмайдими, деган ҳадик билан ундан бу ҳақда сўрадим.
— Нафиса опа билан қўшнимиз. – деди у негадир афсуслангандек, сўнг қўлимдаги соатга кўз ташлаб, тоқатсизланганини яширмади. – Уларга ўхшамайсиз. Мен ҳам ҳеч қачон эримга хиёнат қилмайман. Илтимос, кетайлик бу ердан. Айтинг уларга.
Унинг ёлворгудек бўлиб айтган гапларидан шунчалар таъсирландимки, беихтиёр ичимдан нидо отилди.
— Абдумажид.
Нафиса ётоқхонадан отилиб чиқди. Ортидан кўринган Абдумажиднинг кўзларида ҳайрат қотиб қолган, гоҳ менга, гоҳ Гулига тикиларди. Куйлак тугмаларини қадаганча даҳлизда Мирзо кўринди.
— Тинчликми?
Бу гапни ким айтганини англолмадим. Шашт билан ўрнимдан туриб, эшикка йўналдим.
— Кетдик. Гулини ҳам уйига олиб бориб қўйиш керак.
Туфлимни киярканман, ортимда ҳаракатида шошқинлик уйғунлашган жувоннинг кетишга чоғланганини кўрдим. Нафисага «тезда қайтаман», дея Абдумажид менга эргашди. Мирзонинг чиқмагани бизни ажаблантирмади ҳам.
Машинага ўтириб катта кўчагача жим кетдик. Бекатнинг ёнига етганимизда Гули машинадан тушишни айтди. Машина сақлаганда орқа томонга негадир қаролмадим. Лекин унинг тушаётганда «раҳмат» деган сўзи менга қаратилгани аниқ эди.
Ишхонага келиб, Абдумажид ҳам хонага кўтарилди. Нимадир дейишимни, аниқроғи дакки эшитишини кутарди. Кўриниши гуноҳ қилиб, жазо кутаётган кишининг ҳолатига ўхшарди. Гапни нимадан бошлашни билмасдим. Деразадан ишхонамиз олдидаги майдонга кўз ташладим. Ҳавонинг иссиқлигиданми, ёки дам олиш куни бўлгани учунми одамлар сийрак. Ортимга ўгирилиб, ғазабим келди. Абдумажид оғир хаёл сурган кишидек хомуш ўтирарди.
— Нечта фарзандингиз бор, Абдумажид.
Хато иш қилганини энди ҳис қилгандек у менга гуноҳкорона тикилди. Ўтган ҳафта уйида туғилган кунини нишонлагандик. Нафисадан минг бор чиройли хотини, икки қиз ва бир ўғли борлигини кўргандим. У кўзини яна столга қадаган бўлса-да, назаримда гап эшитишга тайёр турарди.
— Қайтар дунё, деган гап бор. Ўғилни уйлантирсангиз, келинингиз ўшаларга ўхшаса, нима қиласиз Абдумажид?
У шашт билан менга қаради. Оғир гапдан юзи қорамтир тус олганди.
— Бу гапингиз яхши эмас, Оташ ака.
— Қилаётган ишингиз яхшими?- Айтган гапим унга қанчалик қаттиқ таъсир қилганини сезиб турардим. — Ҳеч бўлмаса қизларингизни ўйланг. Катталарнинг гуноҳи учун фарзандлар жазога тортилишини биласизми.
Гапимни телефон қўнғироғи бўлди. Ҳамиша гўшакни кўтарадиган одам бу гал шошилмади. Телефоннинг навбатдаги овози янграганда ноилож гўшакни олди.
— Алё. Йўқ, боролмайман. Йиғилиш бор экан. Мирзога ҳам айтинг, тез келсин.
У гўшакни қўйди.
Нима учундир ундан кўз узмай турардим. У ҳам менга қарашга ботинмай, боши хам, сукут сақларди. Яна нимадир дейиш бефойда туюлди менга. Тўғриси, у билан гаплашгим келмасди.