Ўроз Ҳайдар 1957 йилнинг 8 апрелда Қашқадарё вилоятини Чироқчи туманида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) география факультетининг қуруқлик гидрологияси бўлимини тугатган.
Шоирнинг илк тўплами “Қуёш ўтови” деб номланиб, 1984 йилда чоп этилган. “Куйловчи тошлар” (1990), “Мусиқор” (1993), “Ҳазилкаш қиш” (1997), “Оқ соя” (2004), “Аксиамо” (2005”, “Яйловдаги оқ ўтов” (2005), “Вақт изтироби” (2005), “ Руҳафзо” (2008), “Кечиккан фасл” (сайланма, 2010), “101 сонет” (2010), “Фалак фаввораси” (2012), “Сукут ҳаққуши” (2018), “Қуёш табассуми” (2021) шеърий, “Икки ўлим” (2011), “Буғдойзор оралаган сўқмоқлар” (2015) насрий асарлари чоп этилган.
“Ўзбек шоирлари антологияси” (Ҳиндистон), “Евроосиё шоирлари антологияси” (Туркия)да бир туркум шеърлари инглиз ва турк тилида берилган.
Василий Шукшиннинг “Иккинчи сеансга чипта”, К. Паустовскийнинг “Қуён панжалари” ҳикоялар тўпламларини, Антонио Порькенинг “Шовурлар”, Иван Буниннинг “Қутб юлдузи” (2021) назмий тизмаларини ўзбек тилига ўгирган. Шунингдек, Фёдор Тютчев, Афанасий Фет, Иван Бунин, Александр Блок, Велимир Хлебников, Евгений Евтушенко, Роберт Рождественский, Александр Вознесенский, Константин Ваншенкин, Иосиф Бродский, Соня Шаталова каби рус шоирларининг туркум шеърлари таржималаридан иборат “Денгиз тулпори” тўпламини нашрдан чиқарган.
Шоирнинг инглиз, немис, турк, тожик, қозоқ, қирғиз тилларида тўпламлари чиққан. Шеърлари рус, ассам, француз, озарбойжон, туркман, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари бўлиб ишлайди.
“Энг Азиз, энг улуғ” анъанавий республика танловининг ғолиби (2008). Озод Шараффиддинов номидаги “Жаҳон адабиёти” мукофти совриндори (2019).
КУЗ
Хазон ҳидин сочур кузнинг ҳавоси,
Ҳали ўчган эмас куннинг сафоси.
Мезон ипларидай тортилар таранг,
Толнинг чивиғидан таралган оҳанг.
Бир қиё боқиб қўй пахтазор томон,
Кўзингда чақмоқтош чақнар ногаҳон.
Оппоқ булутлардай кўпирган пахта,
Замин момиқ ичра ўлтирар тахтда.
Ҳали қишни сира тутма деб отин,
Қуёш чўнтагидан узатар олтин.
Фароғатбахш кунлар товонидир бу,
Кузнинг қишга тахтиравонидир бу!
Сийланган маконни сийлайди эгам,
Сийлов бахти билан тахтли халқим ҳам.
Дўстгинам, қани юр, дала кезайлик,
Тупроқдан боболар тафтин сезайлик.
Кўкка бош отайлик, биз сари унсиз,
Худди отамиздек боқаётир Куз.
ДИЙДОР
Икки чол – икки дўст учрашиб қолди,
Гапни гоҳо тоғдан, гоҳ боғдан олди.
—Худога минг шукр, — сўз олди бири, —
Қай бир тош остида кетмадик чириб.
Замон қамчисини ўйнатганда ҳам,
Ковакда жон асраб қутулдик, ошнам.
Жуда бошқачада ҳозирги замон,
Сут тиши чиқмаган чеварам Омон,
Соткада гаплашар бешикдан тушмай,
Ишонгим келмайди, туюлар тушдай.
—Энасин қорнидан тушгани ҳамон,
Қани мошин дермиш чеварам гирён.
Гапни илиб кетди иккинчи чол ҳам, —
Бир ошам ошдайин ҳаётдир хуш таъм.
—Кампир қандай, кампир, кампирдан гапир,
—Бир қисим туршакдай, юз бўлса патир.
—Бизники сал гапга қилади тумшуқ,
Қамчини олдирдик, гар урдимми дўқ,
Уч кун, гоҳи ҳафта эшик қараймиз.
—Уларнинг кунига энди яраймиз.
Қўлида гоҳ руҳмиз, гоҳ фарзин, тўра,
Жилови йўқ отга ўхшаймиз, жўра.
МУҲАББАТ
Муҳаббат қуввати қуёш баробар,
Энг хунук нарса ҳам кўринар лобар.
Хушбўйлик улашар бўғиқ, зах ҳаво,
Балчиқ сувидан-да тополгунг даво.
Қуриган новдага бахш этур ҳаёт,
Туйқус осмонингдан ёғилар баёт.
Рўёлар найранги тортолмайди мил,
Кўзгуга айланур ҳар қандай кўнгил.
Илк бора ўзингни тинглайсан, лекин
Зулматда ҳам топгунг уйинг эшигин.
Ўзингни ўзингдан этурсан озод,
Кўнгил ватанида қолгунг умрбод.
ҚЎШИҚ
Ой зулфини сойда тараган оқшом,
Юлдузлар уялиб қараган оқшом.
Хаёл қизи билан сирлашганда кўк,
Нуқра тус ер билан бирлашганда кўк,
Мажнунтол баргига инганида дил,
Шабнам шовурига дўнганида дил,
Сабо қизалоқдек хўрсингани дам,
Рўмолингни отдинг менга, маъбудам.
Ойнинг чашмасидан сут исин туйдим,
Суймаганим не бор, барини суйдим.
Майса титроғидан тўлғонди олам,
Муҳаббат юзимга тутди ойинам.
Тош эдим, тоғ бўлдим, ҳа, ўша оқшом,
Чўл эдим, боғ бўлдим, ҳа, ўша оқшом.
СОҒИНЧ
Елдирим йиллар-ла, ҳа, чопа-чопа,
Дунёдан не топдим, қўлим бўш, опа.
Менга дейсиз ҳар гал дийдорлашган он:
“Отамни кўргандай бўлдим, укажон.
Лойсувоқ томимиз эсингдамикин,
Қизғалдоқ баргидан чек тутган текин.
Ҳар битта шабнамда титрарди қуёш,
Дер эдик тўкаркан қуёш ҳам кўз ёш.
Кўзимдан ўчмайди энам ёпган нон,
Тушларимда учиб юради ҳамон.
Ҳув, энам кувида шопирар айрон,
Ойдинда ой боқар мисоли жайрон.
Момолар гурунги, қизлар кулгуси,
Жонга титроқ солиб, нурга тўлгуси.
Шукур чавандознинг набирасисан,
Бобом от устида жон таслим қилган.
Чўк тушма, бобом тик турар гўридан,
Узилиб қолмагин элнинг зўридан.
Отинг жиловини тутма ғанимга,
Асло доғ тушмасин обрў, шанингга.
Отам уруш кўрган, ўқ уздим дерди,
Ўзидан уялиб, тепарди ерни.
Жангдан қайтганларга осонмас зинҳор,
Душман оналарин маломати бор.
Ота ҳам, эна ҳам бир чилги узум,
Узилса, боғингни тарк этар шу зум.
Энам дийдорида ойни кўраман,
Отам юрган йўлда сойни кўраман.
Тошлар ҳам оқаркан дарё тошганда,
Қўлинг ерга етмас ёшинг ошганда.
Бошинг тошдан бўлсин, ука, омон бўл,
Замон етагига олса, замон бўл…”
Мен ҳам дейман сиз-ла хайрлашган он:
“Онамни кўргандай бўлдим, опажон!..”
КУЗ ТОНГИ
Ҳали кўкда қуёш айтмасдан азон,
Шамол этагида тўзийди хазон.
Кумуш тангасини сувда ўйнаб Ой,
Мавжлар жиғасига беради чирой.
Олис кенгликларнинг муздай ҳовури
Шуълага белайди шабнам шовурин.
Энтикиб, сен сари илдамлайди йўл,
Мовий ойнасини тутар бунда кўл.
Сокинлик чодирин йиғиштирар жим,
Қара, ҳув турналар отиб арғамчи.
Дарахтлар гулхани гувиллар беун,
Қизарган барглардан сочиб-да учқун.
Совуқ нафосатнинг оловли саси,
Олис хотиротнинг эрур нафаси.
Тоғни елкасига хуржундай ташлаб,
Тонгни Ер бораётир қуёшга бошлаб.
АКСИОМА
Иншо ёзмоқдаман, аммо мавзу йўқ,
Сиёҳдонда сиёҳ бормоқда қуриб.
Тасаввур кўзида бир олтин балиқ,
Илтижо қилади унсиз қичқириб.
Тамаки эзгандай эзиб фикримнинг
Кепагин элакда элайман расо.
Мен дод солганимда, мазмунсизликдан
Сўқирнинг қўлидан учади асо.
Мавзусиз кунларнинг тақвими узра
Нишонни тополмай учиб юрар ўқ.
Мен танлаган нарсанинг ҳар бирида,
Гарчанд, мазмун бору, мавзу йўқ.
* * *
Бугун бир ғариб кун, юрагим бўм-бўш,
Одам ўз-ўзини инкор этган кун.
Чунки уйғоқману кўрмоқдаман туш,
Қуёшдан нур эмас, таралар тутун.
Учар гиламларда бошсиз одамлар,
Оёғи осмонда хуррак отади.
Дарахт қадамини ўлчаб, чамалаб,
Унинг ўсишини Ер кузатади.
Ким у чўққига тош юмалатаётган,
Наҳот, Сизиф бўлса, тирикми ҳамон.
Уми мавжудлигин исботлаётган,
Уч минг йилдан бери овора, сарсон.
Мана очликдан-да қуриб ва қақшаб,
Қимир этмас тоғлар – динозаврлар.
Йўллар эса борар судралиб, оқсаб,
Эврилар гирдида йиллар, даврлар.
Ўнгингда туш кўрмоқ – офтобда тўниш,
Шишадек тўкилар қадимий сукун.
Бугун шундай кундир – ғариб ва бўм-бўш,
Узр дейишга ор қиладиган кун.
ОҲАНГ
Қўлимда милтиқ йўқ, лек овчидирман,
На-да тўр, на тузоқ қўйганман қушга.
Мени алдай бошлар жилвагар оҳанг,
Сал диққат қилсангиз ўхшар олқишга.
Ҳар қандай оҳангда афсун бор, раббий,
Илон афсунидан даҳшатли афсун.
Фикрни бўғажак ҳар қандайин куй,
Беўт куйдиражак шуур ойнасин.
Ҳар қандай оҳангда мустабидлик бор,
Риё капалага ўйнайди қувноқ.
Мен оҳанг овлайман туну кун бедор,
Йўлда учратсамми, ўлдиргум шу чоқ.
ЭЙ ГУЛ
Эй гул, кўнгил сувига айлан,
Эй гул, чўмил оташкадада.
Сабрим туфроқ этди бул гулшан,
Қаноатда экдим бир сада.
Жон жилваси ҳуснинг дурида,
Камалакни бичгувчи меъмор.
Менми, кечир, меҳринг нурида
Юрагини суғурган бемор.
Фалак мени туш кўрди бугун,
Юз минг Ҳорут афсуни сўнди.
Дунё – қаттиқ тугулган тугун,
Ечолмайин тишларим синди.
Эй гул, вужуд ҳуснингдек тоза,
Эй гул, сўровингдан огоҳман.
Фалак сендан олур андоза,
Гарчи тахтим йўғ-у подшоҳман.
* * *
Менинг мазҳабим не, тахтим не маъво,
Каъбам қаёндадир, манзилим қаён.
Жамшид жоми синган, олам бенаво,
Муридлик кулоҳин киймиш пир шоён.
Гарчи кўзим очиқ, зулматда дунё,
Шам йўқ, парвоналар нечун парвона.
Маъшукда ҳусн йўқ, ошиқца ҳаё,
Майхўрлар май сўраб, ғамдин мастона.
Бунчалар бадбўйдир тонгнинг нафаси,
Қорайган дарахтлар – ажалнинг туғи.
Тоғлар кўз-кўз килур мовий қафасин,
Фалак қамалдадир, чил-чил ой тиғи.
Кўкдан мужда кутар завқсиз ул солик,
Хизр умри камдир кутмакка, афсус.
Ғам кулбасин бузиб дод солмиш холиқ: –
«Олам чархи тинган, бу не танаффус?»
Кутганим келмайдир, кутганим надир,
Карвон қаён кетган – билмайдир сарбон.
Яшамак аслида фолга ўхшайдир,
Гар бунда том йўг-у, қўйилган нарвон.
* * *
Муҳаббат ё ҳаёт, ё мамот азал,
Ишқнинг занжирига богланган итман.
Кўзгусиз кўряпман ўзимни маҳтал,
Гарчи мавҳумману, аммо мавжудман.
Муҳаббат, муҳаббат бормисан, иллоҳ,
Сирлилик ганжидан туғилган, эй ранж!
Иззатталаблигим енгди-ку, эвоҳ,
Янчилмасдан қолган сўнги доним янч!
Ишқнинг узугини сувга отар ой,
Балиқлар еб қўйди омонатимни.
Тубанда бўфиқар қоп-қора чирой,
Кўзлари сўқирдир саодатимни.
Кимларнинг қўлинда мен қурган сарой,
Итларга талатмиш муҳаббатимни.