Ўктам Саъдин 1965 йилда туғилган. “Кўнгил кулбаси”, “Бардош тонги” шеърий тўпламлари муаллифи. Айни пайтда “Сандувоч” газетасида фаолият кўрсатмоқда.
ҲОВЛИ
Пахсали уй, нураган ҳовли,
Парваришсиз эски бир токзор.
Эски қўра, қуриган қудуқ,
Кекса онам дийдоримга зор.
Бу ҳовлига бошини суқиб,
Гоҳ қувонч, гоҳ ғамлар излади.
Дунё кўрган, лек, кун кўрмаган
Бу ерда бор отам излари.
Бу ҳовлида бўлмаган ёлғон,
Хунук гапнинг овозаси йўқ.
Қулф нелигин билмаган эшик,
Бу ҳовлининг дарвозаси йўқ.
Бу ҳовлига бир қиз келарди,
Қора қош-кўз, сочлари тўлқин.
У ҳам энди мендан олисда,
Илк севгимиз юзлари сўлғин.
Шу ҳовлининг ниҳоли эдим,
Барг ёзганди кўнгил куртагим.
Қани ўша беғубор дамлар,
Болалигим – ажиб эртагим?!
Бу ҳовлига қўйсам гар қадам,
Босар мени ширин титроқлар.
Мени таниб тантана қилар
Пойимгача келган тупроқлар.
Ҳовлимизга кетаман сингиб,
Бир зум ишу ташвишдан қочиб.
Келдингми деб, кутиб олади
Мунис онам қучоғин очиб.
Сўнг, қайтаман шовқин шаҳарга,
Кўзимдаги ёшни сидириб.
Бу ҳовлига қайтаман бир кун,
Болалигим, сени қидириб.