Баҳодир Баҳром. Бийбова (ҳикоя)

Қаюмбой бийбованинг чоғроққина томорқасидан баҳор қирга қўй-қўзиларни етаклаб чиқади. Бепоёнликни бузиб тургувчи адирларни қадамба-қадам забт этган бова қуёшнинг тиғига елкасини тутар пайтда суруви суровланади, бир жойда тўпланади. Қизғиш уфққа соя солар келбати билан отини йўрғалатади. Қишлоққа қайтади.
Қарийб олтмиш йилдирки, унинг қиладиган юмуши шу. Обрўйи чўпонлик, мансаби-да чўпонлик. У бундан орланмайди, ор топади. Ҳар гал қуёшни уйғотишдан чўчиб, кўксини яланғоч эпкинга очиб, ҳаётнинг ифорини туяди. Майсаларнинг шивиридан ҳикмат излайди. Апрелнинг аёв билмаган қайноқ тиғида отининг соясида ором олади. Қуёш тик кўтарилиб, қўй-қўзилар бир-бирининг пинжига суқила бошлаганда, Қаюмбой бийбова қирлар узра бўй чўзган қабристон ёнидаги Култепага йўл олади. Қишлоқ аҳли бу тепаликни атай Қаюмбой тепа, дейди. Бийбова айни бўз йигит пайтида, меҳнатда қотган билагининг авжида шу ерда чуқур қазиб, бир қайрағоч ўстирган. Ҳар куни тушлик маҳали шу қайрағочининг тагида белқарсини ёяди. Ёғоч косасини сувга тўлдириб, нонини лак-лак ивитиб ейди. Култепадан пастда ястаниб ётган қишлоқ кафтдек кўринади. Бийбова, мана, олтмиш йилдирки, Палангдарасини томоша қилишдан чарчамайди. Ҳар куни қишлоғини илоҳий китобдай тиловат қилади. Денгиздай кўм-кўк осмонга денгиз қалби билан боқади. Бийбова беш маҳал намозини-да шу қайрағочнинг остида ўқийди. Баъзан хотиралар билан кунни баҳамлашади. Йигитлигининг қора дамлари, бир умрга татирли ғам-аламлари қаддини букмайди, аксинча ғоз қилади. Ҳамма шахсга сиғинар пайтда у виждонини сақлаб қолиш пайида бўлди. Қорин учун ака укани, опа сингилни сотган маҳаллар бир оғиз ҳам гапирмай, нас­лининг юзи учун кар, соқов бўлиб, ўн икки йил панжара ортини кўриб қайтди. Совуғига-да тоқат қилди, иссиғига-да чидади. Шопмўйлов доҳийларга қуллуқ қилмай яшади. Аммо, ёши бироз ўтиб қолган дедими, ўтириб чиққанидан ор қилдими, унга қизини раво кўрадиган қишлоқнинг марди топилмади. Шунда уруш ютган қўшниси Эсабойнинг уч кунлик бевасини олди. Эсида: оқланиб қайтганидан сўнг, колхоз раиси ҳузурига чақирди.
– Қаюмбой ука, саводингиз тузуккина экан. Отангиз қу­лоқ бўлган эса-да, сизни бригадирликка тайинласак.
Раиснинг бу гаплари унга таҳқирдай туюлди. “Сендай қулоқнинг боласини бригадирликка кўтараётган мендай одамга қуллуқ қил”, деган маънода иршайган башарасини бежаб қўйгиси келди. “Меҳробга пешоб қиладиган туллак эмасман, намозимни яшириб ўқисам-да, рост ўқийман. Отам ҳам қулоқ эмасди. Уни сенга ўхшаган бичилганлар еди. Ўзи бир хонали уйи бўлган, айвони-да йўқ эди. Сенга ўхшаш кирза этик кийган саркаларни уйига киритмаган, завжаси билан бир дастурхонга ўтирғизмаган. Э, отам Сталиннинг тушига ҳам кирган эмас, укағар. Бўлмаса, икки бош моли билан қулоқ қилинармиди?! Сендайларни отам эркак деб ўйлаганда…”, демоққа чоғланди-ю… Нима бўлгандаям, ўзбекнинг боласи-да! Ўзини босди. Шу куни раиснинг хонасидан чўпонликни елкасига олиб қайтди, юзига босиб қайтди. Шу кундан бошлаб Қаюмбой полвон эмас, Қаюмбой чўпон бўлди. Шу кундан тонг оқармай қирга шошилди, баланд-баланд қирлари тоғларга уланган яйловда қуёшни кузатиб кулбасига қайтадиган, деярли ҳеч кимни кўрмайдиган, суҳбатлашмайдиган одат чиқарди. Замину замон ташвишларидан холи, қора қозонини қайнатиб юраверган Қаюмбойга Тангри беш қиздан кейин бир ўғил берди. Бисотини йиғди, теракларини кесиб сотди. Тўплаганига олишли тўй берди. Тўйга келган полвонларнинг довруғи воҳага овоза бўлди. Шундай қилиб, Қаюмбой ўзига бий номини қўшиб олди.
Нима бўлганда ҳам ота-да, ўлсам саришталайдиганим бўлсин, менинг орзуларимга ҳам бу эришсин, деган умидда Орзимурод деб ном қўйди. Боласининг билимли бўлишини истаб, эрта-кеч китобларга ўраб қўйди. Ерни ўзи чопди, қўйни-да ўзи боқди. “Ўғлим, чўпонлик менга ярашади, сенинг аъмолинг бўлак, унутма. Элга нафинг тегсин, тўй қилсанг, қозонга ўт ёқадиганам шу эл. Бизлар ўтар бўлсак, гўримизни қазиб, тобутимизни кўтарадиган ҳам шу эл. Ўқи, муаллим бўл. Болаларни ўқит, эл ўзини танигани сен ўзингни таниганинг, элнинг улуғ бўлгани Ватанинг улуғ бўлгани. Ватаннинг улуғ бўлгани тинчликдан дарак. Ёдда тут, ғалвали жойдан барака қочади. Баракаси йўқ элнинг эртаси ҳам йўқ. Муаллим бўл, болам. Ўқит, ҳамма-ҳаммасини болаларга ўргат. Катталарга ҳадеб қайишаверма. Катталарнинг йўриғи бошқа. Ҳеч қачон ўзбек эканлигингни унутма, виждонингга қарши иш тутмагин”. Ҳар гал сурпақоқдисига шу гап­ларни уқтираркан, юраги қалқиб-қалқиб кетарди. Ўғлининг жўралари бу гапларни эшитиб, карахт бўлиб қоларди. Ўйга ботарди. Мурғак вужудларга ўйга толиш бирам ярашарди, бирам ярашарди-ей! Қаюмбой бийбова бундан битмас-туганмас руҳ оларди. Ҳар гал қайрағоч остида ўтириб, қишлоққа разм соларкан, бир куни илми-урфон бутун қишлоқнинг номини бошига дўппи қилиб вулқондай отилиб чиқишини истарди: – Билимли одамда ор бўлади, – дерди у. – Ори борнинг этини қумурсқалар ҳам нимталашга чўчийди. Бутун жасади, ҳатто тирноғигача тупроқ бўлади, Ватаннинг яхлит қисмига айланади-да. Отам Ватан бўлди, онам Ватан бўлди. Мен ҳам, болаларим ҳам Ватанга айланади, ҳали. Босилган ҳар издан орият кўпчийдиган замонлар келади. Бунда ўғлимнинг, унинг тенгдошлари, ўқувчиларининг ҳиссаси катта бўлади. Эҳ, ўша кунларни кўриб ўлсам, армоним йўқ эди. Болам билмайди-да, мени ҳаётда шу умид ушлаб турибди, аслида.
Унинг бу гапларини қайрағоч ва ҳар замонда юганини шилдиратиб пашшасини ҳайдайдиган отидан бошқа бирор тирик жон эшитмасди. Қаюмбой бийбованинг дилида нима борлигини ҳеч ким билмасди. Орзимурод улғайиб бораверди. Бова қизлардан кичигининг китобга меҳрини пайқаб, шаҳарга, ўқишга жўнатди. Бир йилдан кейин Орзимуроди ҳам талаба бўлди. Шу кундан бошлаб Қаюмбой бийбова соқолига устара урмай қўйди. Қариганини тан олмаса-да, ҳис этди.
У пайтлар зиёли деган ном жуда улуғ бўлган экан­-да! Қиш­лоққа гап қуёш нуридан тез ёйилди: “Қаюмбойнинг икки боласи Тошканда ўқияпти”, “Қаюмбой соқол қўйиб олибди, энди болалари обрўли одам-да!” “Қизиям, ўғлиям муаллим бўлармиш”, “Қаюмбойни энди бийбова, деб чақирса арзийди, бир чўпоннинг боласини Тошканга бориб ўқишини ким ўйлабди дейсиз”… Бу гаплардан Қаюмбой бийбова “семириб” кетди, ўзича сайёрага айланди. Одам шаклидаги сайёрага. Боланинг орқасидан яхши гап эшитиш Хизрни кўргандан ҳам зўр севинч улашаркан-да одамга. Энди Қаюмбой бийбованинг ҳам қадами қирдан аста-аста узила бошлади. Қишлоқда тўй бўладими, маърака бўладими “Бийбова келяпти, тўрдан жой ҳозирланглар”, “Бийбовани айтганмисизлар? Нега кўринмайди”, дегувчиларнинг сони кўпайди. Бова ҳам элдан ажраб қайга борарди. Шу элнинг қўй-қўзиси ризқини терган қирга боради-да. Элнинг ўзи билан бўлмаса ҳам, насибаси билан бирга-ку! Шу қирларни қорасақичдек, чорва босиб олса қани, бийбова шунча севинади.
Энди, кимсан “истудент”нинг, бўлажак муаллимнинг отаси элнинг яхши-ёмон кунида елка тутса арзийди. Бу эл энди эл бўлади. Қишлоқнинг болаларини қизи билан ўғли ўқитади-да! Бу эл энди ўзбек бўлади, ўзлигини топади. Полвони ор, деб елка оширади, чавандози ор, деб кўпкарига киради. Илмирзалар Элмирза, Иломонлар Эломон бўлади. Онам йиғлаган тилда қўшиқ куйлайди ҳали бу эл. Ота-боболари айтолмаганини ота-боболари тилида айтади бу элнинг болалари. Қаюмбой бийбова шуларни кўнглидан ўтказаркан, вужуди энтикиб кетар, бироз бўртиб чиққан ажинли қобоғини билинар-билинмас ёшлари юварди.
Орадан бир йилча ўтиб, қизидан нохуш гап келди. Бу иснод бийбовани яна қадрдон қирларига бадарға қилди. Элдан ажратди. Шу кунгача, бировга оғир сўз айтмаган, ерини таласа-да, тилини таласа-да сабр қилган бийбова қизининг номуси топталганини кўтара олмади. “Эй, нима бўлганда ҳам уч кунлик беванинг қорнидан тушган-да! Уч кунлик нима-ю, бир кунлик нима? Эрсизнинг тўғри юрганига ким кафил, а?! Сенга тортди у, сенга! Талаба бўлдинг дегани, бировга этагингни кўтар дегани эмас. Зиёли бўлиш, бузуқилик билан тенглашдими, ҳали”. Қаюмбой бийбованинг гапи кампирига оғир ботди. Қизининг мурдасига ҳолсиз термулганча, жон берди. Ҳа, иснод ўлатдан ҳам фожеали. Бутун элга иснод келишидан асрасин. Сурувини ҳайдаб Қаюмбой бийбова шом қоронғусида уйига қайтар, қишлоққа яқинлашгач отининг тақасини олиб қўяр, маъраган ёки бирор қилиқ қилиб овоз чиқарган қўйларни аямай пичоқдан ўтказар эди. Қишлоқ аҳли унинг борлигини эсидан чиқариб қўйишини жуда истарди. Шунинг учун қирга чиқиб кетганини ҳам, қайтганини ҳам одам зоти-ку майли, саёқ итлар ҳам билмаслигини жуда истарди. Ҳувиллаган ҳовлисида ҳувиллаган қалби билан ёлғиз яшашга кўниколмас, неча бор икки энлик арқонга тақдирини ишонгиси келган, бироқ Орзимуродига бўлган меҳри, бутун ҳаёти давомида уни тарк этмаган умиди яшашга ундарди. Шу умид билан ўн йил ҳам бийбованинг қувватини саралаб борди.
Шом қоронғусида даричани оҳиста очиб қўй-қўзиларни киритаркан, Қаюмбой бийбова оёғи остида нимадир шитирлаганини илғаб қолди. Қўлига олди: ихчамгина хатжилд. “Ассалому алайкум, отажон! Нимагадир ҳар гал сиз ҳақингизда ўйласам, бепоён адирлар-у, қўй-қўзилар кўз олдимда гавдаланади. Болалик чоғларимни эслайман. Сиз айтган ўгитлар тинчлик бермайди. Невараларингизга ҳам “Бобонг, ундай дердилар, бобонг бундай дердилар деяверсам, чуғурлашиб, қувнашиб “Бобомни қачон кўрамиз? Палангдарага қачон борамиз?” дейишади. Хуллас, саволларга кўмиб ташлашади. Улар тушунишмайди-да. Иш кўп. Ўзим ҳам сизни соғинганман. Қишлоқ, унинг одамлари ҳар куни тушимга киради. Мақсадингиз менга тинчлик бермаяпти, отажон. Афсуски, мен шоирликни танладим. Шоир бўлдим. Палангдарамни, унинг тоғлари, қирларини адабиётга бус-бутун олиб кирмоқчиман. У ернинг одамларида ҳикмат кўп. Гарчи турмуш тарзида эскилик сарқитлари сақланиб қолган бўлса-да, улар билан сиз биргасиз. Бир вужудсиз. Шуни ўйлаб сизни Тошкентга чақирмадик. Ўзимиз ҳам боролмаймиз. Иш кўп, иш. Унинг устига, сизнинг умидингиз… Ҳа, айтмоқчи, эртага телевизорда интервью бераман. Хат ёзишимдан муддао ҳам шу эди. Яна бир янгилик: мўъжазгина бўлса ҳам илк китобим чоп этилди. Ундан ҳам бир нусха қўшиб жўнатяпман. Ўқирсиз. Ҳурмат билан ўғлингиз Орзимурод Қаюмов”.
Бир хатга, бир деразадан мўралаган ойга термулганча Қаюмбой бийбова юрагини ғижимлар, ойдек танҳо ўзининг дунёсини, заминини нурлатмоқ истагида тўқсон билан тўқнашган пайтида кўнглидан сизиб-сизиб чиққан оғриқлар, умрибоқий истакларга қарши туриб беролмас, кекса ёнғоқ дарахтида қолган, шамоллар зарбига дош беравериб тинкаси қуриган, буришган ёлғиз япроқдек дағ-дағ титрарди. Ташқарида оти типирчилар, безовта кишнар, бошини силкитганча ёлларини тўзғитарди. Гўё бутун дунё сокин, фақат шу ҳовли, шу букчайган уйгина ваҳимали чинқирар, довул шамолларига чап берар, заминдан узилган, қояда осилиб турган гужумга ўхшарди. Бованинг кўксида бир оташ алангаси гуруллар, нафаси қисилиб хириллар эди. Кўз олдида тўқсон йиллик тарих, тўқсон йиллик орзу-умидлар, ушалиши шарт бўлган мақсадлар чарх урар, давра айланарди. Тўқсон йиллик умрга қўшилиб, дераза, эшик, шифт шу нурабгина қолган лойсувоқ томли уй теграсида айланар, гўё бир пайтлар Орзимурод дўстлари билан қўл ушлашиб, қўшиқ айтиб айланаётгандай айланарди. Қаюмбой бийбованинг қулоғига ўқларнинг товуши, қўйларнинг маъраши, болаларнинг чинқиришию отнинг беўхшов кишнаши бир пайтнинг ўзида эшитилар, аниқ бир овозни англолмас, худди яшаб ўтилган ҳаётидек мавҳумликлар оғушида карахт ҳолга келганди.
– Ё, Аллоҳ ўзингга шукр, ўзимдан, ўзбеклигимдан айирмаганингга шукр, палагим хом бўлса-да, бердинг, нолимайман, – деганча бова фалакка жовдиради.
Шифт яна айланди. Устига қалин болор келиб тушди. Бурнига тупроқнинг ҳиди урилди.
Ражаб ойининг поёнида қуёш тик кўтарилганда қишлоқ аҳли уни култепанинг орқасидаги қабристонга қўйиб келди. Ҳар тонг қуёш Қорахон тоғни орқалаб чиққан маҳал Қаюмбой бийбованинг қабрига ўзи эккан қайрағочнинг сояси тушади. Қайрағоч бўйини чўзганча Орзимурод Қаюмов ўрнатган тошдаги ялтироқ сўз­ларни офтобдан тўсади. Мозор ёнидаги йўлак сер­қатнов. Битта-яримнинг кўзи қамашиб, йўлидан адашмасин, деб ўйласа керак-да!

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 11-сон.