Шодмонқул Салом (1980)

1980 йилда туғилган. Термиз Давлат университетининг кимё факультетини тамомлаган. “Юрак иқлими”, “Кўнгил китоби” шеърий китоблари чоп этилган. Ҳозирда “Китоб дунёси” газетасида Бош муҳаррир вазифасида фаолият кўрсатмоқда.

Тун қоровули

I

Мен – бир тунги қоровулман, туннинг қўриқчисиман,
Тонг ортилган тун карвонин қўриқлайман ўзимдан.
Қора барқут кийган оппоқ тушларнинг соқчисиман,
Гўдакларнинг уйқусига бекитаман кўзимдан.

Мен – тунларга ёлланма-ю, кундузларга мусофир,
Вақтим эса синган пулдай беҳисоб-у, бечора.
Танимайман, бу ерликмас ё бир қочоқ муҳожир,
Офтоб кўрмас, ўз соясин ҳеч кўрмаган оввора.

Мен – бир тунги қоровулман, туннинг карвонсаройи,
Қоранорлар қўзғалганда тунни омон кўраман.
Чироқларни ўчирмасдан, туннинг жойин банд этиб,
Уйқусида гапиринганларни ёмон кўраман.

II

Эй, кундузнинг деҳқонлари, кечанинг меҳмонлари,
Эй, орзу қопқонлари, хаёлнинг ўпқонлари,

Эй, меҳмонга парво қилмай, ухлаб ётган соддалар,
Эй, ўлимдан минг бор қўрққан, лек ҳаёти битталар,

Эй, биргача санашдан ҳеч нарига ўтмаганлар,
Эй, минг бора меҳмон бўлиб, бир меҳмон кутмаганлар,

Умр бўйи қимор чийлаб, йўқ ғанимин йиққанлар,
Қачонлардир одамликдан нафақага чиққанлар,

Эй, ўзига ақли етмай, Оллоҳни кузатганлар,
Эй, мотамда йиғлашни ҳам тартиблаб, тузатганлар,

Эй, минг йиллик бир кечани ўн соатга бўлганлар,
Курсигами чиқиб, бўйим бунча баланд деганлар,

Эй, дунёга келмай туриб, мангу яшаб қолганлар,
Эй, ҳар йили бир туғилиб, асли, туғилмаганлар,

Эй, қўлларда изтиробдан тўлиб турган қадаҳлар,
Шу ғуссадан минг бор ичиб, маст бўлмаган огоҳлар,

Эй, шу қадаҳлар ортидан эврилиб кўринганлар,
Алпомишдай сарватлари соврилиб кўринганлар,

Эй, Худони таниганлар, эй, Худо таниганлар,
Эй, йўллари тугаб қолгач, йўлсозни яниганлар,

Сабр тиши лабларига ботиб кетган собирлар,
Яловини юракларга илиб кетган ботирлар,

Эй, кўкраги “оҳ”га тўла, кулиб турган ҳалимлар,
Ҳақни кўриб ўз-ўзига чўкаётган салимлар,

Улуғ сознинг наърасини тулпор отдай сезганлар,
Асрларнинг сиртмоғию жиловини узганлар,

Эй, Тангрининг қабулини кутиб турган қадамлар,
Бир васлдан фариштага дўниб кетган санамлар,

Ҳўл қанотин қуритай, деб, кўкдан тушиб келганлар,
Қанотига ўт туташиб, шу ўтга исинганлар,

Эй, кўнгилга маҳрам бўлиб азоб йўлин тутганлар,
Ва кўксида юрак билан юз кўрмас бўп кетганлар.

III

Эй, кундузнинг имонлари, кечанинг гумонлари,
Сиз кўрмаган кўп тушларнинг жўраб, йўриқчисиман.
Тонгни суйган бандаларнинг менман кечабонлари,
Мен – бир тунги қоровулман, туннинг қўриқчисиман.

Онамга

Тонгу шомнинг орасинда
Сенинг умринг бигиз-сўзон.
“Жоним берай соясинда,
Куюк дилдан кетсин армон”.
Тонгу шомнинг орасинда
Оққапчиғай шовуллайди.
Супаларда саҳар-саҳар
Сариқ итлар увуллайди.
“Итлар есин менинг кўнглим
Тушларимни сувлар олсин.
Тонгдай болам, дарё болам,
Шоир бўлсин, шоир бўлсин!”

Эна, эна, жоним энар,
Сочларимдан товонимга.
Бедил давра дардли бўлар,
Олиб кирсам жаҳонимга.
Вужудингдан замингача
Минг йил кезганга ўхшайман.
Кўзларингдан ёноғингга
Ёшдай инганга ўхшайман.

Жоним онам, кўнглим онам,
Бева Барчин йиғлаб берсин.
Чеҳрангдаги сўқмоқлардан
Болалигим қайтиб келсин.

Ўзи кетса сояси ҳам
Бирга кетган онажоним.
Шеър айтишни ўрганганда,
Куйиб кетди бор жаҳоним.

Тонгу шомнинг орасинда
Симёғочлар “гукиллайди”.
– Жоним сенинг ичингдадир, –
Биров шомга ун гардлайди.

Менинг кўнглим – куйган дара,
Сенинг кўнглинг – ёлғиз ўтов.
Дараларни туман қучди,
Баҳорюртга тушди қиров.

Қайси шонни айтаяпсан,
Менга қувонч эргашарми?
Сенинг армонингдан кейин
Оламга бахт ярашарми?

Мангу боғча боласидир,
Бу дунёнинг шоирлари.
Сўриларда урчуқ каби
Эшилгандир зўр шеърлари.

Тонгу шомнинг орасинда
Кунинг кўклам, йилинг хазон.
Бу оламда уч чин сўз бор:
Соғинч, Ҳижрон, кейин Армон.

Тонгу шомнинг орасинда
Яшнаганман, оғриганман.
Гўдакларни авф этинглар,
Мен онамни соғинганман.

Алпомиш экан

1

“Бу савдолар ўтганда,
Бу дунёлар ёш эди”.
Ўн минг нигоҳ термулган,
Ўн минг қабоқ-қош эди.
Ўн минг уйли Қўнғирот
Кенгиш тоғу тош эди.
Ўн минг уйли Қўнғирот:
Қон эди, қондош эди.
Парли ёйдай титраган
Кўнгилларда ёш эди.
Юракларда кўпкари
Туйғулар талош эди.
Чилбир чўлидан учган
Армон деган қуш эди.
Керагага осилган
Ўнг келмаган туш эди.
Олтин табоқда ҳилол
Қўл тегмаган ош эди.
Дил ҳувиллаб ётарди,
Дунё ҳали бўш эди.
Изиллаган сингилдай
Чанқовуз чирилларди.
Дардин ютган отадай
Қора уй ингилларди.
Йўлда қолган бўтадай
Етим дил изилларди.
Бева қолган сулувдай
Қамишлар шовилларди.
Эгасиз қолган юртдай
Шамоллар увилларди.
Давоси келмас дарддай
Жону тан симилларди.
Ёғолмаган булутдай
Фасллар имилларди.
Номардга мағлуб марддай
Кўкрагим ловилларди.
Худо юборган шартдай
Чора ночор йиғларди.
Тугаётган сукутдай
Дўмбира дирилларди.
Унинг битта торида
Бир эл яшаб келарди.
Унинг бошқа торида
Чин дунё яраларди.

2

Дунёнинг боши эди,
Юрак сирдоши эди.
Кўнгил зиндондай теран
Сув тубида тош эди.

3

Фурсат тўхтаб турарди,
Сурилмаган даврондай.
Норлар ғамдай чўкканди,
Яшалмаган замондай.
Қисмат қўлин қайириб,
Чоҳга отган султондай.
Умид каби эшилиб,
“Шарт” узилган арқондай.
Етмиш икки томири
Эгилган Қоражондай.
Тўқсон алп юрган ердай,
Ғозлар учган осмондай.
Тулпорлар сезган сирдай,
Ғофилларга пинҳондай.
Номус узатган қўлга –
Қўл узатган имондай.
Тангри атаган шондай,
Қодир қилган осондай.
Бир дард тўлиб келаяпти,
Бир дард бўлиб келаяпти,
Қодир айтган достондай.
Тош ўрга юмалаяпти
Эртакдаги имкондай.
Ҳақдан келган фармондай,
Томирлардаги қондай,
Чопарлар елаяпти.
Шамол най чалаяпти.
Нималар бўлаяпти,
Ким суюнч олаяпти?
Марҳумлар ўлаяпти,
Тириклар қолаяпти.
Кўнгли сув тўла мешдай
Оталар кулаяпти.
Оналарнинг кўксига
Соғинч сути келаяпти.
Қалдирғоч кулаяпти,
Ойбарчин тўлаяпти.
Ватан Ватан бўлаяпти,
Ватан Ватан бўлаяпти.
Кўксимда от елдириб,
Алпомиш келаяпти!
Алпомиш келаяпти!

* * *

Йўқ, ўттизга кирганим йўқ, бўлсам йигирмадаман,
Яшолмаган кунлариму ботмай турган ойлар бор.
Борлиғимча сарф бўлмадим, қайтим, чегирмадаман,
Уловимда тик турганлар ва бўш турган жойлар бор.

Йўқ, ўттизга киролмадим, йилларнинг эшиклари,
Занглаб, музлаб қолганмиди ёки қўлим етмади.
Юрилмаса, йўл унарми — ойларнинг синиқлари,
Оёғимни тилган эди, жароҳатим битмади.

Йўқ, ўттизга кирганим йўқ, ўгай эдим вақтга,
Бировларнинг кунларини яшаб юрдим, адашдим.
Бир лаҳзада чўғ бор эди, қолиб кетдим йил бўйи,
Шу лаҳзани бир йил яшаб, ўзим билан дардлашдим.

Вақтга тенг юролмадим — давоматим кўп ёмон,
Ҳозир куз-у, лек айвонда қалдирғочли ҳаволар.
Мени яниб ўлтирибди ойга игнасин қадаб,
Мен туғилмай, марҳум бўлиб, ўтиб кетган момолар.

Бир кунларим майпарастдир, бировлари гўдакдир,
Иккиси ҳам талпанглайди: олдга-ортга юради.
Мангу толе офтобига ўхшаб кетади отам,
Ҳам ачиниб, ҳам оғриниб, ботмай қараб туради.

Бир кунларим Кенжа ботир, бири эса аждаҳо,
Бир кунларим Алпомишдир, иккинчиси Ултондир.
Дарвеш бўлиб бир йилларим олам кезиб кетдилар,
Бир лаҳзам бор, кўнгли ройиш юрт сўраган султондир.

…Аммо ҳали яшамадим: ҳозирландим, чоғландим,
Балки бир висол онда минг бор балққан қуёшим.
Ҳеч ишонманг, сочларимни тунга бўяб олганман,
Лек ўттизга кирганим йўқ, балки мингдадир ёшим.

ВАТАН ҲАҚИДА ШЕЪР

Сендан бошқа уй йўқдир, мендан бошқа девона,
Бир ҳовуч кўнгил бергил, остонангда юрибман.
Шамол ўчирган шамга тўш уради парвона:
“Менинг аждодим – олов! Олов сўраб турибман!”

Сендан бошқа манзил йўқ, мендан бошқа девона,
Сендан бошқа қўшиқ йўқ, мендан бошқа сўзона,
Сендан аччиқ алам йўқ, мендан ғариб вайрона,
Сендан кейин матлаб йўқ, мен ҳам сендан нишона,
Эй, сен, қутб юлдузим, мен ҳам нурнинг ўғлиман,
Карвонинг бўйнидаги қўнғироқнинг тилиман.
Асрларнинг ортида ойдек ботмай турибман,
Ҳар тун шамолдай кезиб бўйингдан маст юрибман.

Саҳрода Будда каби қум санайди асрлар,
Қумлар тўлиб кўзига, сароб элтган басирлар,
Адашганлар, топганлар, боёнлару есирлар,
Кимлигимни эсласам, ҳар бир бандим қисирлар,
Саҳифалар қатида вайроналар гусирлар,
Лек бир ғишти кўчмасдан турар қутлуғ қасрлар,
Тарҳини имон чизиб, туғ қадамиш ботирлар,
Либоси ой нуридан ўтиб бормоқда пирлар,
Елкалари оқариб, ҳар елкаси шаҳарлар,
Мен шу шаҳар бағридан толе сўраб турибман.

Дубулғаю довуллар садоси эл кезганда,
Қибласидан адашган даврон базм тузганда,
Азиз китобларимни ношуд котиб бузганда,
Сўнг шаҳодат бармоғин лабларига босганда,
Боболар манглайидан шараф қони изганда,
Ва шу эл юраги ҳам бир ғурурни сезганда,
Тарих тўзонларини Темур тоғи тўсганда,
Эй, юрт! Шундан бағрингда ўзлик ели эсганда,
Кўкарган чинорингда бир барг бўлиб турибман.

Кўҳинурдай ярқирар юлдуз тўла осмонлар,
Шу юлдузлар остида уюр отдек замонлар,
Тупроқ ютган олтинлар, олтиндан қиммат шонлар,
Қўллари паст келганлар, юраги паҳлавонлар,
Бобом қилган армонлар, армон узилган онлар,
Эй, чопари эзгулик, эй, эзгулик томонлар,
Тандирлардан нон эмас, қуёш узаётган жонлар,
Бобурнинг тушларида ҳар тун ўсган довонлар,
Шул довондан термулиб, бир қувониб турибман.

Сендан бошқа манзил йўқ, йўқ менингдек девона,
Бир ҳовуч тупроғингга жонни элаб юрибман.

ДИЛ КЕЧАСИ

Ойдан келди юрагимга товушлар,
Бўй қизлардек титраб кетди қамишлар.
Бир кечада кул қолдирмай ёндим мен,
Кўнолмадим, ҳеч бўлмади қонишлар.
Қабоғимдан сизгани йўқ ёшлар-ей,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-ей.

Мағрур тоғлар бу дам недан хомушлар,
Зериккандай, ториққандай туришлар.
Болаликни қай газага кўмгандик,
Эсласангиз, бир кўрсатинг танишлар.
Бир гардини суртай кўзу қошлар-ей,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-ей.

Шом қавариб, тонг оқарган паллалар,
Кўкибийда чайқаларди далалар.
Тўғдонанинг шохида бир беланчак,
Соғинч мени уйқу бермай аллалар.
Қайтмайдими шохдан учган қушлар-ей,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-ей.

Дараларда озод қулун кунларим,
Ойни отга тақа қилган тунларим.
Қани? Айтинг, тушунтиринг, юпатинг,
Оғаларим, жўраю иниларим.
Тақаланган отман — эгик бошлар-ей,
Кўкрагимда гурсиллайди тошлар-ей.

Алпнинг ҳидин олиб бўзлар Бойчибор,
Бир отчалик кўнглинг йўқми эй, шунқор?
Дунёсини бир киссамга жойлайман,
Юрагимда менинг шундай шавқим бор.
Қумсаб туринг дилни дунёдошлар-ей,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-ей.

ЗАРБИБИ АММА МАТАЛЛАРИ

Ой — қўзисин йўқотган чўпон,
Маъраб кўрар нурлари билан.
Қўзичоғи менинг гул кўнглим
Ачомлашар тушлари билан.

Ой — от миниб келаётган чўпон,
Қор оралаб йўртар йўрғаси.
Аёз — бўри, увуллар, аммо
Маърамайди тоғлар жилғаси.

Қўра олис — уфқ ортида,
Чўпон дилгир, оти ҳориган.
Менинг эса бошимни силар,
Дудуқ отам, кафти терлаган.

Сандалгами кўксини бериб,
Матал сўйлар отам қўллари.
Бош бармоғи — тўнғич баҳодир,
Хазинага элтар йўллари…

Қорачироқ — қушуйқу онам,
Қора тунни қордай курайди.
Тушларимнинг ташқарисида
Бир қўзичоқ ожиз маърайди.

Самовотда ёлғиз, салт отлиқ,
Ва мингларча жондор кўзлари.
Гоҳ баъзиси ўтади учиб,
Кўкни бир зум тилар излари.

От дупури… Сергакдир отам,
Уйдан чиқиб тунга киради.
Дўқиллатиб этикларини
Уй сиртига томон юради.

Елкасидан қорни тушириб,
Сўнг киришар отам ва чўпон.
Қўлларида митти қўзичоқ,
Вой, кўзлари қоп-қора маржон!

Тушларимда баҳор бошланар,
Дикир-дикир… Ўтлар қўзичоқ.
Аёз, жондор, бойчечак ҳақда
Отам, чўпон ва қорачироқ,
Суҳбатлари баҳордай узоқ.