1937 йилда туғилган. Наманган Давлат педагогика институтининг филология факультетини битирган.
“Олмос”, “Боқий бахт”, “Яхшилик”, “Муҳаббат боғи”, “Соғиниш”, “Оқ гулдаста”, “Девон”, “Фарёд”, “Оқ ва қора”, “Икки қутб”, “Эзгуликдан умр чароғон”, “Сабоқ” каби китоблари нашр этилган.
* * *
Тун кетиб, олам аро оламча нурлар келдилар,
Нур билан дилларга ҳам нурдай сурурлар келдилар.
На сурур, гулдай безай деб умримиз дафтарларин,
Беғубор тонглар каби ёрқин шуурлар келдилар.
Рўбарў бўлса машаққат йўлда гунг тоғлар мисол,
Қаддини букмоқ учун собит ғурурлар келдилар.
Сойга боқ, сойга туташган чашмалар ёнига боқ,
Қўлда кўза, кўзда ишқ ғилмону ҳурлар келдилар.
Эрмуҳаммад она юрт мадҳига тил чоғлар экан,
Сўз эмас, сўз ўрнига гўёки дурлар келдилар.
* * *
Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.
Бобур
Бу фазилат сарвари бахт тахтида султон эрур,
Шодумонлик қисмати, кўргай замондин яхшилик.
Умр ўтиб олганда ҳам оғушига мангу туроб,
Ёди элда, қайтади ҳар бир омондин яхшилик.
Субҳидам эрса дилинг, меҳринг таралса нур каби,
На башар, ҳатто, келур Аллоҳ томондин яхшилик.
Хоби ғафлат босмасин, юрма ёмонлик роҳидан,
Ким кўрибдир то ҳануз тиғи камондин яхшилик.
Учраса аҳли жафо васли ҳидоятдан гапир,
Иддао шул, турфа бўлсин бари жондин яхшилик.
Ожизу бечорадир вақт олдида мулку манол,
Йилни қўй, қолгай муқаррар яхши ондин яхшилик.
Эрмуҳаммад, яхши исмин шеърга-да, сарлавҳа қил,
Не учунким, чеҳра очгай ушбу номдин яхшилик.
* * *
Сен табассум айлагач, дилда қуёш уйғондику,
Чашмаи шодлик мисол кўзларда ёш уйғондику.
Юзларингга нур сепин ёймиш, ажиб, мўъжизами,
Жон олувчи ваъдалар измида қош уйғондику.
Сўзга лаб очган эдинг, булбул ҳамоҳанг сайради,
Қир-адирда ўт-ўлан, ҳаттоки, тош уйғондику.
Биз сайрга чиққан эрдик субҳидам гулшан аро,
Тарк этиб уйқуни, шунда кекса-ёш уйғондику.
Чин муҳаббат васлидан ортиқча бойлик қайда бор,
Куйлабон васфин Наманган ҳамда Шош уйғондику.
* * *
Кўзларинг жодуси борми, танга ўт солмиш, малак,
Кўзларим ҳам йўлларингга термулиб қолмиш, малак.
Барқ урибди унда ёғду ҳамда саркаш ваъдалар,
Ваъдалар уммонида сузмоқ ширин болмиш, малак.
Ошиқ аҳли айтадурки, ул санам сангдил эрур,
Кимки сангдил васлига хуммор экан, толмиш, малак.
Бахт, ахир, чўпчак эмас, қасри вафо қурмоқ керак,
Бу қаср боқийми, мўртми, имтиҳон олмиш малак.
Сенга таҳсин, негаки, зоғлар ўзин булбул санаб –
Сайраса гул қошида бу беибо ҳолмиш, малак.
Не синовинг бўлса собир Эрмуҳаммад тоабад,
Тоабад ишқинг дилимда қўнғироқ чалмиш, малак.
* * *
Сенга ҳамдамдир сабот отлиғ илоҳий мўъжиза,
Қолмайин ғафлат ичинда, баски он қадрига ет.
Ризқу рўз савдосида митти чумоли дўнг ошар,
Меҳнатингдан аржуманд ҳар битта дон қадрига ет.
Бу ёруғ кун ёрмиди жўмард боболар бўлмаса,
Эрк учун, иқбол учун бахшида жон қадрига ет.
Ҳикмат инган шодалар асло ғайбдан келмаган,
Кибриё фозилларинг мероси — кон қадрига ет.
Инчунин, ўзбеклигинг бирлан абад фахр айласанг,
Ҳам ғурур ҳамда сурур, собит замон қадрига ет.
Толмагин, қоқилмагин, ойдин муродинг бор экан,
Кенг жаҳоннинг жаннати, тинч осмон қадрига ет.
* * *
Домингга тушдиму васлингга шошдим,
Лек сирдай ёширин, кўздан нарисан.
Биёбон қаърида оташда ёнсам,
Сен жинон булоғин пок кавсарисан.
Бўстонда сайр этсам — туймам ифорин,
Сен турфа гулларнинг муаттарисан.
Изингга интизор мискин қул эрсам,
Сен ҳусн мулкининг шоҳ гавҳарисан.
Ердаман, учмоққа йўқдир қанотим,
Сен олис самонинг шаън ҳулкарисан.
Воҳ нетай, фироқдан эгилди қаддим,
Сен ёйсиз музаффар жон навкарисан.
Сен мисли эртакда бўйлаган пари,
Ошиқлар қавмининг ситамгарисан.