Шарифа Салимова 1951 йили Тошкент вилояти Паркент туманида туғилган. Тошкент давлат университетини тамомлаган. “Ҳаёт завқи”, “Менинг баҳорим” , “Ҳизр булоғи” тўпламлари нашр этилган .
* * *
Олтинранг япроқлар шивирлаб ётар…
Олтинранг япроқлар…олтинланган ҳис…
Олтинранг япроқлар қисматни ичар:
– Яшил умримизда бошланибди куз…
Оҳ, к у з з з…
Дарахт баргларида олтинланар нур,
Шамолда ҳилпирар бир дарахт хазон..
Олтинранг япроқлар бир-бирин қучар:
– Наҳот хазон бўлмоқ шунчалар осон..
Шунчалар осон?
Куз қушлари қўнмас хазонли боққа,
Улар олисларга олмоқдалар йўл.
Олтинранг япроқлар айтар алвидо,
Ердан само сари узатганча қўл…
Дерлар: Баҳорларга албат етингиз,
Яшил япроқларга қўниб ўтингиз.
Атрофга боқаман: олтиндир дунё,
Атрофга боқаман – хазонлар денгиз.
Олтинранг либосда ажиб виқор-ла
Меваларни бир-бир териб олар куз..
Меваларни бир-бир териб олар куз..
Хазонли боғларда тентидим узоқ,
Қулоқни ёргудай кузнинг жаранги.
Ердан само қадар заъфарон денгиз…
Наҳот шунча гўзал изтироб ранги…
К У З З З ….
О Н А Ж О Н
Оҳ…
Япроқлар узилди, кузги япроқлар,
Оҳим оғир бўлди. Тугади бардош.
Тонгларни изладим, энди онам йўқ,
Сен уни кўрдингми, меҳрибон қуёш?
Тоғлар қошида мен бошимни эгдим,
Онамни соғиниб йиғладим чунон.
Даралар ингради чеккан оҳимдан,
Онамни кўрдингми, айтгил қояжон?
Дарёлар бўйида ўлтирдим узоқ,
Тўлқинлар бошларин урди қирғоққа.
Майсаларга бехос юз босган эдим
Онам қўллари, деб тушдим титроққа.
Ойнинг шуъласида ўлтирдим беҳол.
Унинг шуълалари ўйди жонимни.
Мени қийнамагин бешафқат дунё,
Бир бора кўрайин, онажонимни.
Сим –сим эшиклари очилмас мангу,
Тоғлар ҳам жонимга кирмаслар оро.
Индамай саждага бошимни қўйдим,
Мен қулингни кечир, парвардигоро…