Ойгул Суюндикова (1957)

Ойгул Суюндикова 1957 йилда Самарқанд вилояти Паяриқ туманида ўқитувчи оиласида туғилган. 1985 йилда Москвадаги Адабиёт институтини тугаллаган. «Уфқлар ёнганда» (1986), «Умр куйлари» (1986), «Эътиқод» (1990), «Мен туғилган юрт» (2007), «ХХ аср жаҳон адабиёти»( таржималар, 2009), «Мулланафас» (таржималар, 2010) китоблари чоп этилган.
1974 йилдан буён, туман, вилоят ва республика матбуотида шеърлари, таржималари ва мақолалари билан мунтазам қатнашиб келмоқда. 1989 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
Айни пайтда «Ғунча» журналида катта муҳаррир бўлиб ишламоқда.

САМАРҚАНД

Самарқанд — тун ардоғида,
Юлдузлар намойиши.
Қадим пойтахт қучоғида
Ойларнинг оройиши.

Самарқанднинг кўчалари,
Қадим-қадим ва ўлмас.
Таралади кечалари
Минор, гумбазлардан сас.

Мисли қадам ташлайди
Олис йўлларнинг ёди.
Мушоира бошлайди
Регистон хаёлоти…

* * *

Сўлимлашди тунги Самарқанд,
Чироқларнинг тиниқ ёғдуси.
Минорларнинг ўйлари баланд,
Юлдузларнинг келмас уйқуси.

Юзларингга урилар нафис
Ёзнинг салқин, хушбўй шамоли.
Ой шаҳардан узолмайди кўз,
Кўзларимда — юлдуз хаёли…

ШОҲИЗИНДА

Сиғингали келдим, сирли зиналар,
Олис мозий ила уйғун келажак.
Ҳар битта зинада умрим синалар,
Ҳисларимга гувоҳ бўлмоқда фалак.

Сизни санайвериб саналдим телба…
Барча гуноҳларим айланди ёшга.
Оятлар инмоқда титраган лабга,
Толиққан руҳимни берай бардошга.

Мадад сўраб келдим, тош сағаналар,
Улуғ аждодларим муқаддас руҳи.
Тилсиз сукунатнинг бағрида бедор
Эшитилмас ҳатто шамоллар уҳи.

Намланди хаёллар нуридан киприк,
Бунда ҳар бир одим сўз каби тирик.
Изтиробдай мангу, изтиробдан тик,
Икки олам аро бир қадам кўприк!

Ҳаётнинг туганмас бахт нафасида,
Курашим — ибтидом, интиҳомда ҳам.
Ушалган, ушалмас орзу сасида,
Ҳеч кимда айтилмас илтижомда ҳам.

Меҳробга сингиди борлиқ-нигоҳим,
Оллоҳ инояти ҳис этди юрак.
Шу жаннатга тўккил безабон оҳинг,
Ҳақ йўлига бошлар узун тош йўлак…

Нақшин мақбаралар, виқорли девор,
Гумбазлар — тарихнинг палакларидир.
Ғамлардан мосуво чаманларим бор,
Унсиз ибодатим — чечакларимдир.

* * *

Энг яхши қўшиқлар айтиб бўлинган,
Энг ажиб ғазаллар битилган десам…
Нега гуллайверар туйғулар гулгун
Қуёш чиқмасданоқ шаббода эсса…

Чалиниб бўлинган боқий наволар
Яшамоқда десам ғамни ўлдириб.
Нега куйлайверар тўлғин дарёлар
Бу кўҳна дунёни завққа тўлдириб…

Рангин бўёқларда ҳамон беғубор
Жилоланар десам орзу, ўтли ҳис.
Нега яна қайтиб келади баҳор,
Нега уфқларга боқамиз олис…

Пойимизга умр умид ва бардош,
Олтин қўшиқларни кетаркан тўшаб.
Нега ой васлига етолмас қуёш,
Нега юлдузларни бўлмайди ушлаб…

Икки олам ишқи яширин найда,
Дарёлар ястанди, юраклар оқди.
Она алласидан улуғ сўз қайда —
Ким уни тингламай осмонга боқди!

Ҳамон болаликнинг соғинчи олов,
Қаричлаб бўлмайди чексиз самони.
Юрак, ўкиндингми, Вақтми беаёв,
Сен ҳам меҳмонисан мезбон дунёнинг…

Англадингми — ҳар бир лаҳза бетакрор!
Ортига қайтмайди, қайта олмайди.
Ер тинмай айланар, айланар бедор,
Қуёшга булутлар соя солмайди.

Ёниқлашиб борар ойдин хаёллар,
Токи давомлидир, давомли ҳаёт.
Изларимдан қолмас учқур шамоллар,
Ҳайрат тугамайди, тугамас ҳайрат…

ТОНГГИ ШУДРИНГ

Юлдузларнинг ноласимисан,
Туннинг биллур толасимисан,
Табассумнинг боласимисан,
Тонгги шудринг,

Ай, тонгги шудринг!
Ойдин кеча муродга етди —
Дарёларда ой оқиб кетди.
Шуъла оққан кенгликка етдим,

Тонгги шудринг,
Ай, тонгги шудринг!
Болаликдан кўкни қучгандик,
Тонгни ҳовуч-ҳовуч ичгандик,
Яна қайтиб ерга учгандик,

Тонгги шудринг,
Ай, тонгги шудринг!
Ой осмонга учиб кетдими,
Ё кўзимга чўкиб кетдими,
Еллар оҳим ичиб кетдими,

Тонгги шудринг,
Ай, тонгги шудринг!
Шу ой ўғлим қабрига келди,
Шу ой кўнглим сабридай тўлди,
Шу ой армонлари дил тилди,

Тонгги шудринг,
Ай, тонгги шудринг!
Умр қайтмас узун йўл экан,
Орзу йўлга тўла гул экан,
Бу дунёда осмон бўл экан,

Тонгги шудринг,
Ай, тонгги шудринг!
Сен кечирган оний умрга —
Кўзим тўлди лимиллаб нурга.
Мен ҳам сендек лаб қўйдим ерга,

Тонгги шудринг,
Ай, тонгги шудринг!
Тўкил, тўкил, отам бошига,
Айлан, айлан, кўзим ёшига,
Қара, қара, ичим-ташимга,

Тонгги шудринг,
Ай, тонгги шудринг!
Қушлар бедор тонгни кутади,
Шамол сархуш бода тутади,
Бу кунлар ҳам ўтиб кетади,

Тонгги шудринг,
Ай, тонгги шудринг!
Бир лаҳзада бутун дунёни
Кўражаксан — тунни, зиёни,
Руҳимисан Момо Ҳавонинг,

Тонгги шудринг,
Ай, тонгги шудринг!
Сени ҳар кун кутиб оламан,
Кипригим-ла тутиб оламан,
Сўнг қалбимга шеърдай соламан,

Тонгги шудринг,
Ай, тонгги шудринг!
Сипқор, сипқор ўкинчларимни,
Райҳон исли ўтинчларимни,
Онамга айт соғинчларимни,

Тонгги шудринг,
Ай, тонгги шудринг!
Йўлга тушдим, қуёшли йўлга,
Айланаман тонг чоғи гулга,
Босар йўлим ўхшайди мўлга,

Тонгги шудринг,
Ай, тонгги шудринг!
Менинг билан тоғ, ўрмондан ўт,
Менинг билан боғ, сайҳондан ўт,
Ичим тўла дард, армондан ўт,

Тонгги шудринг,
Ай, тонгги шудринг!
Жонимга кир, жонларимга кир,
Нурдан тоза қонларимга кир,
Юракдаги бонгларимга кир,

Тонгги шудринг,
Ай, тонгги шудринг!
Ой сочини хаёлим ўрди,
Тонг қайғуни, ў, ёмон кўрди!
Қуёш мен-ла суҳбатга кирди,
Тонгги шудринг,
Ай, тонгги шудринг!