Ойдин Темирова (1966)

Ойдин Темирова 1966 йилда туғилган. Фарғона давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. Унинг “Қалбимга яқинсан”, “Соғинч мамлакати”, “Отамнинг уйи” шеърий китоблари нашр этилган.

* * *
Сурат, сурат, нега сен тилсиз?
  Миртемир

Нега гапирмайсан, кулмайсан, сурат,
Бағримга наштардай ботар кўзларинг?
Менинг-ку дилимда дардларим қат-қат,
Йўқми сенинг менга айтар сўзларинг?

Қандай кулар эдинг, соғиндим, ахир,
Баҳордай шод эдинг, олов, чўғ эдинг.
У тийрак қарашлар ҳозир қайдадир,
Менинг тақдиримда, наҳот, йўқ эдинг?

Гул фасли. Ҳаворанг кўйлак эгнингда,
Қип-қизил атиргул тутдинг қўлимга.
Оҳ, гулга айланиб бўлгандим шунда,
Шунда баҳор эди ўнгу сўлимда.

Юрагим қатида ўша атиргул
Ўзимдай сарғайиб яшайди омон.
Сендан шу эсдалик қолган ҳар тугул
Ва яна сурат ҳам қолган безабон.

Боқсам, юракларим жиғиллар ҳамон,
Шукрким, қайдадир борсан, омонсан!
Боқсам, юракларим ўртайди ёмон,
Ахир, суратда ҳам куйдиргижонсан.

Яна сени эслаб куйдим, азизим,
Лоақал, суратда кўз тушар кўзга.
Билмайсан, ўзининг ерда мен учун
Мўъжизаси йўқдир ўзингдан ўзга.

* * *

Қаердасан, қайда, азизим,
Кетиб борар баҳорлар, ахир?
Бир сўроғим, айтингчи, охир,
Бизларни ҳеч боғларми тақдир?

Тонгдай тоза эди туйғулар,
Гулдай гўзал эдилар чиндан.
Хасисмиди шунчалар кунлар,
Дийдорингни қизғанар мендан.

Йўлимизни тўсади довон,
Кўнглимизни чўктиради тоғ.
Чорлолмайман ёнимга ҳамон,
Боролмайман сен чорлаган чоғ.

Журъатсизман – қишлоқча ҳануз,
Келгил, ўзинг қўлларимдан тут.
Кўзларида тонглар отган қиз
Қайғуларин қилгил сен унут.

Қаердасан?
Кутмоқдан бездим.
Ой ҳам, кун ҳам тафтсиз ва ҳиссиз.
Фарғонада ўн саккизидан
Ўтмай яшар сени кутган қиз.

Қаердасан?..

* * *

Ойдинбулоқ, Ойдинбулоқ,
Чиройлисан сойдин, булоқ.
Нилуфарлар ўсиб ётган
Кўз ёшларинг қайдин, булоқ?

Тунда гўё тўлин ойсан,
Оймомалар қўнган жойсан,
Сокин-сокин оқиш билан
Менинг умримга ўхшайсан.

Кутганмидинг мени бир кун
Дардларингни бўлишмоқ-чун?
Қара, мен ҳам ойман, бироқ,
Бағримда доғ, бағрим тутун.

Диллашайлик, Ойдинбулоқ,
Тиллашайлик, Ойдинбулоқ.
Сенга ташна бўлиб келдим,
Олис-олис жойдин булоқ.

Ойдинбулоқ, Ойдинбулоқ…

* * *

Кумуш баргчаларин чайиб шамолда
Жиринглатиб тилла қўнғироқларин,
Ойдин туйғуларни уйғотиб жонда
Гуркираб гуллабди жийдалар бари.

Масиҳдек самода урибди нафас,
Айланар парвона баҳор еллари.
Атрофидан кетаолмай бир нафас,
Мастоналар бўлдим ҳидлаган сари.

Шохини синдирсам чекарми озор,
Уфорига ташна ошиқман бори.
Солланиб-солланиб чайқалар, қаранг,
Бўй етган бу гўзал дала гавҳари.

* * *

Серҳашам  шаҳарнинг кўчаларида
Гоҳида чўчибоқ юрганим –
Ногаҳон қайсидир бурчакларида
Учратиб қолмасам бўлгани.

Чинорлар сендайин пурвиқор,
Ў! Кузак ўзимга ўхшайди.
Юрагин майдалаб-майдалаб
Пойингга гулдайин тўшайди.

Учратиб қолмасам бўлгани,
Бу гал ҳам соғинчдан сўлмайман.
Мен, ахир, у улкан нигоҳни
Қаерга қўйишни билмайман.

* * *

Боғлар бошида оппоқ
Фаришталар рўмоли –
Табассумлари юмшоқ,
Ҳаёли қиз мисоли.

Капалак босган дунё
Чақалоқдай беғубор.
Бошимиздан ёғдиё
Учар юлдуз – оппоқ қор.

Қиш чилласин поёни
Қўшиқ куйлаётган чоғ,
Оппоқ қанотин ёйиб,
Ҳайрат босиб ётар тоғ.

Борлиғини тўлдириб:
Ҳар бутоқ, ҳар пучмоқни,
Қор оппоқ дилин бериб,
Ўпиб йиғлар тупроқни.