Омон Мухтор (Мухторов Омон Сулаймонович) 1941 йил 16 июлда Бухорода туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1991). ТошДУ филология факултетининг журналистика бўлимини тугатган (1964). «Чорлар қуёшли йўллар» (1966), «Оҳанг» (1974), «Ёғду» (1979), «Марварид» (1985), «Шиддат» (1990) шеърий тўпламлар, «Нигоҳ» (1968), «Қушлар ва тушлар» (1971), «Шаҳарлик келинчак» (1973), «Ҳаёт дарвозаси» (1978), «Болаликка саёҳат» (1984), «Вазифа» (1988), «Ўлмаган жон» (1995) каби насрий асарлар муаллифи. «Йиллар шамоли» (1976), «Эгилган бош» (1989), «Аёллар мамлакати ва салтанати», «Ффу» (1997), «Афлотун» (1998), «Тўрт томон қибла» (трилогия, 2001) каби замонавий ва тарихий мавзулардаги романлари ҳам бор. Песалари Хоразм театрида саҳналаштирилган («Бош масала» ва бошқа). Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (2009), «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1997). 2013 йил 10 май куни Тошкент шаҳрида вафот этган.
ОДАМ ВА ОЛАМ
Одам яратилган бошдан тоқатсиз,
Югуриб-елишга
гўёки маҳкум.
Кўпчилик бардошга гоҳ лаёқатсиз,
Ҳаловатдан этар
ўзини маҳрум.
Асли, бу дунёда бардошдек буюк
Тушунчанинг ўзи
йўқдир азалдан.
Гоҳ гўзал бўлса-да яшамоқ куюк,
Бу — калтак егандек
айиқ асалдан.
Уммонда оҳиста юзгандек елкан,
Шундан, қадрлайман
бардошни доим.
Асрагандек бўлди йўлимда келган
Телба ҳолатлардан
мени Худоим.
Эътибор бермадим умрим давоми
Мен томон отилган
ҳатто ҳар тошга.
Ота-боболарнинг сокин каломи
Ўргатгандек бўлди
мени бардошга.
Туғилмоқ бор каби барҳақдир ўлмоқ,
Не маъно, дунёни
кўрмоқлик элас?
Қисқа бир умрда бардошли бўлмоқ —
Бепарволик эмас.
Беғамлик эмас.
* * *
Ўзимча бир аср яшашга шайман
Ва лекин эмасман
ҳаким ё ҳакам —
Мен яхши билмайман. Аниқ, яшайман
Худо буюргандан
на кўп ва на кам.
Албатта, бандага хос бўлган ҳолат —
Ҳаётга муҳаббат.
Ҳаётдан мастлик.
Шу боис, кўнгилга солар малолат
Гоҳида ортиқча
қисматпарастлик.
Аммо ким қутулган қочиб қисматдан?
Бу гаплар “ку-ку”дек,
биз бир қумримиз.
Не бўлсин, элингга қилган хизматдан —
Тўқилиши керак
бизнинг умримиз.
* * *
Сўз шарафин топган дунёда одам,
Шундандир, яшолмас
баъзан “сайроқ”сиз.
Тўпдек учаётир Ер шари. Олам —
Олдинга юролмас
қўлда байроқсиз.
Лекин биз кўтардик не “байроқ”ларни?
Бу “байроқ”лар яшар
афсуски, ҳамон —
Афсуски, йўлдаги жўн “сайроқ”ларни
Ҳақиқат, деб билар
кўп пайт оломон.
Дунё қанча кўркам, шунча хатарли —
Ожиздир барчани
бахтли этмоққа.
Гоҳида бир гугурт чўпи етарли
Ер учун лов этиб
ёниб кетмоққа.
Мен нима истайман? Юраклар доғи
Ювилсин. Жаҳолат
чекинсин йўлдан —
Муҳаббат байроғи, ҳаёт байроғи,
Эзгулик байроғи
тушмасин қўлдан.
Элим! Байроғингни қўлда тут маҳкам,
Юртим! Байроғингни
баландроқ кўтар…
Тунларда бехосдан уйқу ўчган дам —
Шу гаплар кўпинча
кўнглимдан ўтар.
ТУШУНЧА
Шарт эмас бир ерни қоралаш,
Куюниб юракни поралаш.
Кўркам мамлакат кўп. Шарқу Ғарб! —
Тангаларда этилгандек зарб.
Ўйлаш керак ўз ҳаётингни,
Куйлаш керак ўз баётингни.
Бировларни юрмай ёмон деб,
Бермоқ керак ўз юртингга зеб.
* * *
Тушунаман:
умр озлиги,
Кафолатнинг арзонлигига.
Эътиқоднинг бошдан ростлиги
Ёки унинг
ёлғонлигига.
Инсон учун ҳар бир тушунча
Излар экан
ўзига соҳил.
Бу фикрга етиб келгунча
Кечдим узоқ
манзил-мароҳил.
Энди аён:
кўринган соҳир
Ҳаётнинг биз
ҳаққин тўловчи.
Бахтиёрмиз, айтгандек шоир, —
Ва албатта
оддий йўловчи.
* * *
Биз кўриб тургандан ташқари
Дарахтлар, қушлар бор. Хаёлий.
Сирли бир оламнинг лашкари —
Ҳис этсанг, кўркамдир. Ва олий.
Шарт эмас кўмилиш олтинга,
Атрофда шу олам нафаси.
Ҳеч қачон ўлмайди — олдинга,
Юксакка интилиш ҳаваси.
Ҳеч қачон ўлмайди, хаёлда
Яшаган дарахтлар ва қушлар.
Тингласанг, келади, ҳар ҳолда,
Олисдан ғаройиб товушлар.
* * *
Сиғмаганча юрак кўксимга,
Қоққанида кўкрак қафасин —
Уйда даста райҳон ҳам менга
Келтиради ҳаёт нафасин.
Эл қатори яшаган банда,
Арзир тутсам бошимни баланд —
Не гулларни кўрдим гулшанда,
Не гуллардан бўлдим баҳраманд.
Лекин ҳатто дағал ўтлар ҳам
Истамадим бўлишин пайҳон.
Юрагимга бир севинч, бир ғам
Юклагандек оддий шу райҳон.
ЁМҒИР АРҚОНИ
Қўлларимда ёмғир арқони,
Тортдим уни ботиб жиқ терга —
Сен бир лаҳза қўйиб осмонни,
Тушгин, дея ёнимга. Ерга.
Ёмғир тинди. Арқон узилди,
Сен кўриндинг порлаб, ахийри.
Гарчи менинг режам бузилди,
Бўлиб қолдим осмон асири.
Энди ўтар умрим то абад
Оёқ ерда, осмонда бошим —
Бу дунёда менга муҳаббат
Азобини берган, қуёшим.
* * *
Ёмғир. Кейин, қор ёғар эзгин,
Сочилгану
қотган каби туз —
Ерда энди ола бошлар тин
Парча-парча
шаклланган муз.
Сен қарайсан дераза оша,
Бор кучингни
кўзингда йиғиб.
Сенга камдир қилмоқ томоша,
Кезиш керак
кўчага чиқиб.
Келар сапчиб ўрнингдан тургинг,
Кўкрагингда
аммо бир санчиқ.
Кўчаларда келар югургинг,
Оёқ ости гарчи
сирпанчиқ.
* * *
Нафис лабларингда, қуёшдан парча
Енгил табассумнинг
гуллари ёнар —
Шу асно гўёки суриниб парда,
Сенинг борлиғингда
Аёл уйғонар.
Энди қад тиклайсан унутиб ғамни,
Чекиниб ҳаётдан
бутун дағаллик.
Сенинг тимсолингда гўзал оламни
Кўрмаслик, эҳтимол,
бу — камбағаллик.
ГЎЗАЛЛИК
Азоб билан келган тушунча:
Сал муносиб
Ҳаётни қурмоқ.
Қанотларинг синиб-тушгунча
Ердан бир оз
баландда турмоқ.
Тортиш кучи Ерга хос хислат,
Тортиб кетар
Йўл берсанг, пастга.
Ҳар қадамда қидирсанг узлат, —
Айланасан
Ғурбатпарастга.
Бизга ёт бир дунёда эмас,
Шу дунёда
Ёвуз ва эзгу.
Йиқилмасанг, ниятга эваз
Аждодлардан етган
Кучдир бу!
* * *
Биламиз,
Синонинг мангулик томон —
Тирик пайтидаёқ йўл олганини.
Бир қисм асарин таниса жаҳон, —
Бир қисми кўп ўтмай,
йўқолганини.
Бу ишга диққатни бир оз қаратса,
Ҳатто боланинг ҳам етади ақли —
Ким азият чекиб недир яратса,
Унинг яратгани
яшашга ҳақли.
Лекин биз бир умр йиғиб ўз мулкин —
Асрашга топганмиз
на куч, на ҳолат.
Шундан, маърифатга ёнма-ён, мумкин
Баъзан устимиздан кулган
жаҳолат.
* * *
Эшик очиқ. Дераза очиқ.
Ҳеч ким халал бермайди елга.
Чор атрофга гўзаллик сочиқ,
Сен гўзаллик излайсан. Телба.
Йўлга чиқса, олам бепоён,
Кўзинг тушар гул каби элга.
Ҳаммаёқда гўзаллик шоён,
Сен гўзаллик излайсан. Телба.
Умринг ўтар шу кўйда, наҳот,
Юрган каби тик қараб селга.
Излагандек дунёга нажот, —
Сен гўзаллик излайсан. Телба.
МАЖНУНЛИК
Бу дарахтлар қандай хушқомат!
Биз Лайли, деб
Турар ҳовлида.
Мен уларга қилсам хушомад
Айб эмасдир.
Ошиқ ҳолида.
Билмагандан ошиқлик дардин,
Қанча қалблар дунёда яхлар.
Мен олгандан мажнунлик дарсин,
Лайли бўлди
Ногоҳ дарахтлар.
Улар билан, аввалдан куюк
Ҳаётимга кирди интиқлик.
Энди яшар менда бир “буюк”
Талабчанлик, дейми,
“Инжиқлик”.
* * *
Бу дунёда камдир мажнунлик,
Ҳаёт баъзан
бирдек қуюлар.
Менга шундан, ортиқ мамнунлик
Уятсизлик бўлиб
Туюлар.
Ўз-ўзини эмас,
одатда,
Бировни деб севги туғилар.
Йўлларда дуч келган офатда —
Асраниши керак
Туйғулар.
* * *
Йўқ ҳеч бир сўз. Йўқ ҳеч нидо.
Ортиқча ранг ё жимжима.
Сизга жоним фидо-фидо,
Бу ҳолатнинг исми нима?
Эски дунё, ахир, кимлар
Ичмаганлар бу бодани?!
Не қиларди, зўр ҳакимлар
Бир кўрсалар мен-соддани.
Бош айланди. Кўзим тинди,
Севиб қилган хатойимдан.
Шафқат сиздан, лекин энди
Ёлғиз паноҳ Худойимдан.
* * *
Келсангиз-чи эртароқ,
Ҳар дам йўлда қурмай дор.
Сиздан кўра эркароқ,
Сиздан яхшироқ ким бор?!
Севги деган туйғудан
Шартми аламга ботиш?!
Унинг иши уйқудан —
Одамларни уйғотиш.
* * *
Ким ёнсами ё куйса, гўзал ёри учундир,
Бағрида талотумли ҳаёт бори учундир.
Умрингдаги минг дарду алам гарчи муҳаббат,
У бўлмаса, кўзинг қораяр, дори учундир.
Тонг қушлари сайрар гулу боғ устида бадмаст,
Ошиқ аталар ноласи ҳам зори учундир.
Эй Шарқ, сеники “Чўли Ироқ”, дейми “Муножот”,
Дунё тирилар кўксидаги тори учундир.
Ёрингни таниб, севгил Омонликда ҳаётни —
Ҳаттоки, унинг ёмғирию қори учундир.
АЛИШЕР НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Оғам Анвар Юнусга
Гарчи кўклам олдидан ёмғир, шамол ўлди яна,
Гарчи умримнинг бутун мулки хаёл ўлди яна,
Гарчи дунё қайтадан менга савол ўлди яна —
Бода тут, соқийки, айёми висол ўлди яна,
Даст берди шодлик, ғам поймол ўлди яна.
Мен эдим банди-асир келган алам давриндаким,
Руҳи йўқ, қўлдан тушиб кетган қалам давриндаким,
Кўча-кўйда судралиб юрган танам давриндаким —
Май мудом ич, ул лаби майгун санам давриндаким,
Зуҳд ила тақво ҳаром-у, май ҳалол ўлди яна.
Ул санамнинг излари жонга даво бўлғон учун,
Айтгану айтмас сўзи кўнгилда жо бўлғон учун,
Неки қисмат ёзмасин, бори раво бўлғон учун —
Ғамза бирла кўзлари айни бало бўлғон учун,
Ушбу маъниға паришон, зулфи дол ўлди яна.
Учраган ҳар кимсага дардин ёриб эрди кўнгул,
Парча-парча ажралиб, бундан ҳориб эрди кўнгул,
Оқибат кўнглин топиб, ўзни қориб эрди кўнгул —
Хўблар кўйиға сайр айлар бориб эрди кўнгул,
Кеч келурда анга, билмон, ким завол ўлди яна.
Сен омонлик истаган, англа, муҳаббат номи дил,
Бўлмагай дил сенга ром, сен бўлмагунча роми дил,
Келдими бахт ногаҳон, келган нафасда шоми дил —
То лаби жонбахшидин топди Навоий коми дил,
Эй ажал, ўлмак анга асру маҳол ўлди яна.