Нодира Назар (1991)

Нодира Назар 1991 йил Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Нўғайли қишлоғида туғилган. Ҳозирда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети роман-герман филологияси немис тили йўналиши талабаси. 2012 йилда “Ҳаяжон фасли” – илк шеърий китоби нашр эттирилган. Шеърлари матбуотда эълон қилинган.

ЁМҒИР

Ёғ, ёмғир, ёғавер томчи-томчилаб,
Майлига эргашсин кўз ёшим сенга.
Сенга пешвоз чиқиб тутган чоғим лаб,
Ўчсин юракдаги оташ, аланга.

Менга таскин бергин, ҳам ёнимни ол,
Кўз ёшим бир сени паноҳим десин.
Сени ҳеч ким кўрмас-лабларимда қол
Кундузга айлансин мен яшаган тун.

Ёғ, ёмғир, ёғавер томчи-томчилаб…

11.12.2012

* * *

Ҳижроннинг талх шаробини ичганда ҳам,
Ўртадаги ишқ риштасин ечганда ҳам,
Ҳатто сенинг юрагингдан ўчганда ҳам,
Кўзларингни унутолмам, кўзларингни.

Ёт бир малак қадамингни тун-кун кутса,
Муҳаббатнинг афғонлари дунни тутса,
Чин ошиқдай рост дунёга томон ўтсам,
Кўзларингни унутолмам, кўзларингни…

19.03.2011

МАСОФА

Юқори қаватдан пастга қарасанг,
Кичкина кўринар сенга одамлар.
Ўзингни кўкда деб мағрурланмагин,
Ғурур бахш этмасин сенга бу дамлар.

Бир ўйлаб кўргин-а пастдан тепага
Қараган чоғ сен ҳам худди шунақа.
Фақат фарқи шуки, бу ҳолатингдан
Ердаги одамлар йиртмайди ёқа.

15.05.2012

КУТ

Кут мени, кут яна, кутгин интизор
Илҳақлик сабрингга қўймасин тузоқ.
Қуёшнинг нидоси берганда озор,
Кут мени ҳар куни қизарса уфқ.

Кут мени, ёлғизим, ёлғиз мени кут,
Ёмғирлар йиғласа юзларим ювиб.
Ақалли бир лаҳза барини унут,
Қалбим дунёсини шодликка кўмиб.

Кўзларинг тинса ҳам йўлим пойлашдан,
Чекиниш томонга қўймагин қадамю
Кут мени, кут яна, ахир умримда
Бошқа йўқдир мени кутгувчи одам.

Кут мени, кутавер, кутгин интизор…

03.12.2012

* * *

Сенинг юрагингга етмайди сўзим,
Етиб боролмасман, аслида ҳеч вақт.
Қача нолаларим Ҳақ эшитди-ю
Сени топганда сўз ўлгайдир бевақт.

Ўзни нодон санаб куйдим тун-у кун
Ўзимни ўзимга ёмон кўрсатдим.
Ахир яшаш оғир ёлвориб беун,
Етмас мактубарни қилганча ғижим.

Сен ҳамон ўшасан-қулоқлари берк,
Мен ҳам ўша-ўша қайтмас сасдирман.
Дардларим қалбингга етмасдир балки
Мен ўзи бесубут, сўзи мастдирман.

Сенинг юрагингга етмайди сўзим,
Етиб боролмас дил, аслида ҳеч вақт.

05.02.2015

* * *

Дунё яралгандир асли мукаммал,
Уни ўлчама ўз қаричинг билан.
Ақлда баробар бўлсайди башар,
Зулматга лиммо-лим бўларди олам.
Ҳаммага қараб сен берма баҳолар
Беш қўл баробармас дунёда, ахир.
Агар бўлмасайди буюк даҳолар,
Умр бодаси ҳам тортарди тахир.

21.04.2012

ИШҚ

Ишқ майидан мастонаман, айтинг нетай,
Шу шарафга чўмилгандир ошиқ қалбим.
Бир уни деб девонаман, айтинг нетай,
Саробларга дил боғлаган дарвеш каби.

Кўзларимдан жола бўлиб оқади у,
Олов сочиб вужудни ҳам ёқади у.
Гоҳ қон бўлиб оқиб ётар томиримда,
Гоҳ кўзгудан илҳақ-илҳақ боқади у.

Ишқ майидан мастонаман, айтинг нетай…

31.07.2011

* * *

Мен сени кутяпман, кутяпман яна,
Юрак умид қилса қилибди, кечир.
Ўзингмас сийратинг керакдир менга
Менга керак ҳатто кўзингдаги сир.
Кутсам кутибман-да, нима қилибди
Ошиқлар яловин юлган дил менмас.
Ё мени измига мангуга солган
Кутишим сабаби руҳингдир, сенмас.

Сени мен кутяпман, кутяпман яна…

14.02.2015

* * *

Ўзингни камситма,
алдама
етар!
Қилични қинига жойла,
бас, маҳкам.
Келганлар кетарлар,
мусофир кетар,
мунаввар онларга тутилмас мотам!
Ёниқ чироғингни тан ол,
бўлди,
бас!
Ғашликка андалиб титкилама чўғ.
Келганлар кетарлар,
ул келган-фараз,
Ҳақиқат қиймати сенингдек улуғ.
Оловтафт бағрингни тиғлаяпсан сен,
Ўзингни касларга ўхшатаяпсан.
Тан ол, ахир иймон ғолиб-ку, дўстим,
Шайтон видолашган,
у кетди, ахир,
Демак, сен…
сен асли чин жаннатийсан!

19.02.2015

* * *

Бир кун, бир куни
мен сени…
топиб оламан,
Сени яна
Ўзингни, ҳа
Менсизликдан
тортиб оламан!
Етолмасин…
Тутолмасин…
мазлумлар,
Ўзимизни тутгунча
Ўзимизга етгунча…

28.01.2015