Нилуфар – 1939 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетини тамомлаган. Унинг “Гул рози”, “Садоқат”, “Соғиндим”, “Сени изларман”, “Баҳорга илтижо”, “Иффатли шарқ аёли”, “Қил кўприк”, “Ҳақ қушининг овози”, “Қалб амри” номли китоблари чоп этилган.
* * *
Баҳор дала ҳовлига бордим,
Термиламан гоҳ ўнг, гоҳ сўлга.
Соф ҳаводан хўп нафас олдим,
Минг раҳматлар айтиб ўғлимга.
Олисларга боқдим, кумуш қор
Тоғнинг чўққисида ялтирар
Оҳ, тоғда бор бунчалар виқор,
Бойчечак ер ёриб қалтирар.
Кўм-кўк бахмалин кийиб дала,
Ҳаммани чорлайди ўзига.
Қушлар сайрайдилар баралла,
Қанийди тушунсам сўзига.
Бешикдан бўшаган гўдакдай
Талпинаман қир-адирларга.
Очилишга шошган куртакдай
Ҳислар айланар сатрларга.
Минг шукур деб ўқийман сано,
Меҳригиёҳ эй она тупроқ.
Гўзаллардан гўзалсан аъло,
Борми бизга сендан улуғроқ.
Қимирлаган қир ошар дерлар,
Ҳаракатдан барокат бордур.
Деҳқон бобо ер ҳайдаб терлар,
Эрта-индин унга бахт ёрдур.
Ер – онамиз, биз унга фарзанд,
Рўзғор ғамин емаймиз, асло.
Баҳор меҳнат қилсак биз ҳарчанд,
Кузда ҳосил оламиз аъло.
Ўзбекистон – дунёда танҳо,
Одамлари сахий, оқ кўнгил.
Жаннат ҳури келса мабодо,
Бизда қолиб кетади буткул.
Баҳоргинам, ўпаман қучиб,
Сени кўриб дардим ариди.
Булоғингдан жонли сув ичиб,
Ғаму аламларим қариди
Ва мен яна ёшардим.
Онамни ёдлаб
Онажон набира кўрдим бир жаҳон,
Кўзлари маъноли, ўзи бир мужгон.
Гапирса, гапига тўёлмайман ҳеч,
Уни қучоғимдан қўёлмайман ҳеч.
Қарашлари тийрак, ўзи хўп зийрак,
Наздимда у доно қиз бўлса керак.
Чаққонлиги ўхшаб кетади сизга,
Эркалиги эса ўхшайди бизга.
Ширин таомлар пиширишни суяр,
Хамир қиламан деб, сурпани ёяр.
Қўлидан супурги тушмайди, асло,
Кўз тегмасин унга, хулқи кўп аъло.
Ҳамма орзу қилган барно қизалоқ,
Кўнгилларга нур берувчи шамчироқ.
Гўдакни берган Оллоҳни севаман,
Дунёга соғлом бола деб келганман.
Ўссин-унсин, ҳеч камчилик кўрмасин,
Дилидаги орзулари сўнмасин…