Ойгул Убайдулла қизи (1962)

Ойгул Убайдулла қизи – 1962 йилда туғилган. Тошкент давлат университетида (ҳозирги ЎзМУ) ўқиган. Унинг “Шаҳсувор”, “Ёлғизлик гули” шеърий тўпламлари нашр этилган.

Қаердасан сулув мажнунтол?

Сочларингни тортқилаб сабо,
Ўйнар эди, жонингга тегиб.
Кўзларингда қувнарди ибо,
Кўкламойнинг этаклари ўтса тегиниб.

Яйрар эди яшил кокилинг,
Майсаларнинг келтириб рашкин.
Ювмоқ истаб булут тинмасдан
Тўкар эди кўздаги ашкин.

Эсингдами, сену мен ёлғиз,
Сирлашардик соатлаб тинмай.
Осмондаги ҳилол-сулув қиз
Кеккаярди назарга илмай.

Юрар эди шамол уялиб,
Биздан сира сўролмай узр.
Ёқар эди сенга суяниб,
Ўйлар суриш, бирам баҳузур.

Етаклади дил, чорлади шаҳар,
Дилингда ёш кузатиб қолдинг.
Изларимдан боқиб тонг саҳар
Сочларингни узатиб қолдинг.

Кетиб борар соғинч сен сари,
Дугонажон, сўраб қўйгин ҳол.
Кўпаймоқда сочимнинг қори,
Қаердасан сулув мажнунтол?

Саҳар палла

Олам мудраб боқди атрофга,
Тун чачвонин кўтарди бироз.
Қушлар жўшиб куйлайверишди,
Дилларида дилбар сарафроз.
Саҳар ҳарир нафаси билан
Безайверди олам юзини.
Ухлар ҳануз мириқиб уйлар,
Деразалар очмас кўзини.
Дарахтларнинг иссиқ пинжида
Ухлаб ётар куртаклар нози.
Кенг самода, боғ қучоғида,
Учиб, қувнар қушлар овози.
Табиатнинг устидан оппоқ,
Туман кўрпа қолган очилиб.
Бир-бирини босиб бағрига,
Ухлар шаҳар, қишлоқ қўшилиб.
Кўз юмгани қўймас чироққа,
Туни билан пойлоқчи симлар.
Ҳалқа йўлда кўзи қизариб,
Зувиллашиб чопар мошинлар.

Эслайсанми, мени кабутар?

Ташқарида қаҳрли совуқ,
Игна санчар жонга аямай.
Чор атрофни чирмар чирмовуқ,
Қучоқлаган бағрида тинмай.

Деразамнинг олдига келиб
Қўнди, маъюс оппоқ кабутар.
Юраккинам кетди эзилиб,
Товланарди устида оқ зар.

Деразамни очдим. Қўлимга олдим,
Музлаб қолган экан бечора.
Нигоҳида мўлтирар умид,
Тополмайин ҳолига чора.

Меҳр бердим, муҳаббат бердим,
Қалбгинамдан кечаю кундуз.
Садоқатнинг донини бердим,
Кўзларида чақнади юлдуз.

Садоқатнинг донин чўқилаб,
Ишончимнинг ичди сувини.
Исиди у меҳрим бағрида,
Қувдим индан ҳадик – ёвини.

Гапирардим ҳар кун ҳол сўраб,
Англар эдим икки кўзидан.
Кетган эди қўрқуви нураб,
Кабутар қолмасди изимдан.

Деразадан қаради офтоб,
Баҳор келди, яшнади олам.
Ўзини хўп ойнага солиб,
Кокилларин таради кўклам.

Деразани очиб юбордим:
“Борақолгин, учақол қушим!”
Юрагимда сўнгсиз изтироб,
Тилда эса, ғариб товушим.

Келиб-кетди ойлар карвони,
Дил соғинчим – очилган дафтар.
Соғингайдир умримнинг они,
Эслайсанми, мени кабутар?

Кечикди

Чорласамда, зор-интиқ бўлиб,
Келаётган йўлим кечикди.
Қуруқ ўтдек қақраган вужуд
Меҳварига дилим кечикди.

Имиллади бахтнинг қадами,
Кўзга илмай соғинч товушин.
Ёндирди хўп алам оташи,
Қийин бўлди дилнинг совуши.

Ўтиб кетди ёнимдан севги,
Кўз ёшимга парво қилмайин.
Юз-кўзимга қўнмади кулги,
Илтижомни кўзга илмайин.

Чорлади дил, ишқнинг нафаси,
Келганида бўлган эди кеч.
Томиримда ҳижрон ғавғоси
Оқиб ётар ҳамон сокин, тинч.

Кўп интизор кутдим қувончни,
Қийин бўлди кўрмоқ бўйини.
Ҳали ҳануз, кўзим ўнгида
Тугамади қисмат ўйини.

Сабр дилда ўсган теракдек
Ўрлатади кўкка сепини.
Симёғочга илинган варракдек
Узолмадим тақдир ипини.