БИР ҚАЛАМ
Ўлтирарман тунда танҳо, бир ўзим ҳам бир қалам,
Йўқ, деманг танҳо, нечунким, менга ҳамдам бир қалам.
Дилгинамниннг дилкушо туйғуларин бошдан оёқ,
Беғубор оқ қоғоз узра айлагай жам бир қалам.
Раҳми келгандан чекиб турган азобимни кўриб,
Зар варақни ашки бирлан айлагай нам бир қалам.
Не учун дўстимда сийлаб-сийпалайман, айтмайин,
Мен учун қурбон қилур умрини ҳар дам бир қалам.
Бас экан содиқ қадрдоним, ани эъзозлагум,
Эй Калоний, бўлмасин ҳеч мен учун кам бир қалам.
БЎЛМАСИН
Дўсти йўқ оламда одам бўлмасин,
Бўлса ҳам аввалда бу дам бўлмасин.
Душманинг ҳар қанча камдир, шунча кўп,
Дўстларинг сони, бироқ кам бўлмасин.
Тўйда ҳам, мотамда ҳам дўстлар керак,
Дўст кетиб, ағёрларинг жам бўлмасин.
Ғам чекар бўлсанг қуяр чин дўстларинг,
Куймасин дўстим десанг ғам бўлмасин.
Дўстларинг қадрига ет, шод қил,
Ҳеч қачон дўстлар кўзи нам бўлмасин.
Даст кўтаргин шаънларин, обрўларин,
Эларо ҳеч бошлари хам бўлмасин.
Эй Калоний, сен ғазални яхши ёз,
То ўқиб дўст аҳли мулзам бўлмасин.
АБАС
Бемеҳр дўст, бевафо ёр бирла кечган дам абас,
Жабридан ҳар иккисининг кўздан оққан нам абас.
Қай биридан қай бирининг заҳри талх деб сўрамагин,
Бемеҳрлик, бевафолик бир-биридан ҳам абас.
Бу жаҳонда энг абаслар ичра энгин айтайин,
Дўст-ёр қалбингга солган хоинона ғам абас.
Бесадоқат дўсту ёрнинг заҳридан бир дил эмас,
Ёш тўкар осмон, нечунким курраи олам абас.
Иккисин жабрини тенг тортмоққа тоқат қайдадир,
Эй Калоний, гар аларни бир нафас кўрсам абас.