* * *
Еру осмон, сув, ҳавони берган Ўзинг,
Олам узра куй, навони берган Ўзинг,
Қудратинг-ла яралган бир ожиз бандангман,
Дард бергансан, давони ҳам берган Ўзинг.
* * *
Деманг, дунё ғурбатлардан иборат,
Фисқу фужур, ғийбатлардан иборат.
Ўзлигини англаб етган инсонга
Дунё дилкаш суҳбатлардан иборат.
* * *
Ёлғизлик фақат Яратганга ярашар,
Ҳаётда ҳамроҳинг, дўстинг билан юр.
Ҳамроҳнинг кимлиги кўп муҳим, билсанг —
Ўзингдан бир сифат устун билан юр…
* * *
Ризқимиз очилган ҳар жой оралаб,
Уни тераяпмиз гоҳ қўл яралаб.
Қайсимиз ҳалол ё ҳаром еганмиз,
Худоим Маҳшарда олар саралаб.
* * *
Таъмагирдан савоб ишлар кутмагин,
Ҳаёсизнинг кўчасидан ўтмагин.
Фанода шайтоннинг шотирлари кўп,
Бунда йўлиққаннинг дастин тутмагин.
* * *
Айбинг бўлса рангинг ўчиб яшайсан,
Қўрқув, таҳликани қучиб яшайсан.
Балои бадларга гирифтор бўлиб,
Таваҳҳумга тушиб, чўчиб яшайсан.
* * *
Хотин ёмон бўлса, меҳмонинг кетар,
Фарзанд ёмон бўлса, дармонинг кетар.
Ҳеч қуриса бирига инсоф сўрагин,
Иккиси ёмон бўлса, иймонинг кетар.
* * *
Тўрт томон ноҳақлик дегандан кўра,
Ўзинг тўғримисан, қалбингдан сўра.
Нафс ғолиб жойларда қачон ҳақ бўлган,
Иймонинг бут бўлса, ҳақ шу-да, жўра.
* * *
Важ қидириб юриш шартмас узоқдан,
Адолатнинг дасти кетди шилиниб.
Кечда нокас Шерга қўйган тузоққа
Тонгда содда Қуён қолди илиниб.