Жумагул Сувонова 1961 йил 5 май куни Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган. 1989 -94 йиллар Самарқанд давлат университетида, 1996-99 йиллар Самарқанд давлат чет тиллар институти аспирантурасида таҳсил олган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тарғибот маркази, кейин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоятлараро тарғибот маркази,ундан сўнг Республика телерадиокомпанияси «Ёшлар» радиоканалида катта мухбир ва муҳаррир вазифаларида фаолият кўрсатган. 2001 йил январ ойидан буён Самарқанд вилоят ҳокимлиги ўрта махсус касб ҳунар таълими бошқармаси «Улуғбек ворислари» газетасида муҳаррир вазифасида
ишлаб келмоқда.
Унинг «Бинафша» эсдалик гулдастаси, «Тиллақош», «Йиғлаётган оҳу», «Мен сиғмаган дунё», «Оловли фасл», «Одамқуш қўшиғи» номли шеърий ҳамда «Умр карвони», «Қирмиз қизнинг қиссаси» номли насрдаги назм ва ҳикоялар тўпламлари чоп этилган. Яқинда «Усмон Азим шеъриятида бадиий тафаккур» номли монографияси ва «Тупроқ иси» шеърий тўплами нашрдан чиқди.
ТУПРОҚ ИСИ
Шу муаттар тупроқ сувратин
Жон-жонимга солиб юрибман.
Унда неки бўлса, барини
Нигоҳимда олиб юрибман.
Йўлим буриб ўзига томон,
Ҳаёт мени тортиб боради.
Қанча узоқлашсам, тупроққа
Шунча меҳрим ортиб боради.
Неки ифор чорласа бари,
Не тароват ёзса исмини –
Ҳеч биттаси босолмас отам
Қучиб ётган тупроқ исини.
Шу тупроқнинг гардиман, ахир,
Орзуларим йўли…
Қисқаси…
Келганимдан буён ёзганим –
Тупроққа туташиш қиссаси.
Севгимни ҳам, озоримни ҳам
Ёзаяпман,
Қўлларим толиб.
Бораяпман
Мангу эзгулик
Диёрига бошимни олиб.
* * *
Толмоқда
Вужудим банду бандида
Тирик томиримнинг
Ҳар бир толаси.
Эртага
Тупроққа
Энгашиб қўяр
Шу юртнинг
Юраги ойдин боласи.
Эртага…
Ҳа, яна келади эрта,
Кифтимдан тоғларни
Қўяман
Суриб.
Тупроқда
Кўнглимни очаман сизга,
Тупроқнинг
Юраги бўлиб,
Қулф уриб.
Йўлларим
Азобга қоришган эди,
Кўзимда ёш билан
Енгдим барини.
Меҳнат, машаққатлар
Ҳоришган эди,
Бошимга солиб
Дард, ситамларини.
Барчаси ҳеч эди,
Барчаси ожиз –
Ҳисобин битяпман
Ўтган ҳар дамни.
Лек ёзолмаяпман
Сўнгсиз бир оғриқ
Чангаллаб турганин
Бугун ёқамни.
* * *
Бу уммон нақадар баҳайбат,
Нақадар тиниқ ва тубсиздир.
Бир ғаввос қирғоқда ўтириб,
Саралар марварид-жавоҳир.
Бу уммон нақадар сокин ва
Ҳаётбахш, биллурдек товланар.
Бир ғаввос кўксини бурдалаб,
Уммонга этади совғалар.
Бу уммон гоҳида эврилиб,
Гоҳида ястаниб, оқар тик.
Унинг дард қавартган бағрида
Эзгулик улғаяр, эзгулик.
Бу уммон, яхшиям, мангудир,
Яхшиям, дўст тутар қуёшни.
Йўқ эса ким илғай оларди
Қирғоқда ўтирган ғаввосни.
Бу уммон нақадар баҳайбат…
ТАБАССУМ
Сув бўлиб кўксингга
Тўкилдим доим,
Гоҳ тун, гоҳ нур бўлиб
Сочингга қўндим.
Замин, юрагингга
Етиб боргунча,
Ҳар гал қайта-қайта
Жонингда ундим.
Ям-яшил чиройинг,
Қирмизи лабинг,
Ишқинг уммонига
Сўроқсиз кирдим.
Сенинг жамолингда
Очилмоқ учун
Тоза тупроқ бўлиб
Табассум қилдим.
* * *
Олислардан куй саси келар,
Чанқовузнинг ғамзаси келар.
Адирлардан, қирлардан чопиб,
Она юртим нафаси келар.
Бешигида боласи билан,
Кўпчиб турган даласи билан.
Дилни чорлаб, тоғу қирларга
Сочиб қўйган лоласи билан.
Чарақлаган кўзлари билан,
Тиғдай кескир сўзлари билан.
Юракларни ёндирган олов,
Куйдирмажон қизлари билан.
Ялпизларин ифори билан,
Сумалакнинг хумори билан.
Боғларини эркалаб хандон
Қучаётган шамоли билан.
Чиройининг закотин тўлаб,
Севгисига садоқат сўраб.
Эгнидаги ям-яшил, ҳарир
Кўйлаклари келар ҳилпираб.
Олислардан куй саси келар,
Чанқовузнинг ғамзаси келар.
Адирлардан, қирлардан чопиб,
Она юртим нафаси келар.