Раҳимжон Али. «Қазо дарслари»дан дарслар (2013)

(Муғанний ижодига чизгилар)

Ўлим Ҳақ! У инкорсиз ҳақиқат!
Балки бу дунёда барча ҳақиқатлар инкор қилинар, лекин инсоннинг ўлими инкорсиздир! Қўлимдаги мўжазгина бу китобчанинг муаллифи — устозимиз Муғанний.
Китоб номи эса «Қазо дарслари».
Китоб номи билан сизга алланечук туйғуни олиб киради. Китобни очишни бошлайсиз, китобнинг калити «Фотиҳа» тўртлигидир:

У КУНда ўпишар юзимдан,
Ширмой нон ёпишар сўзимдан.
Ортингдан кетяпман, етолмай,
Топишар борганлар изимдан!

Ҳа, бу бир тайёргарлик ёки тайёргарликка чорлов!
Китоб тўртликлардан иборат бўлиб, беш қисмни ўз ичига олади ва барча тўртликлар «Роббим!» сўзи билан бошланади. Яъни буларнинг барчаси Раббга илтижо, Яратганга, Тарбия қилувчига илтижо! Шоир илтижо натижасида гоҳо «эркалик» қилади, гоҳо «шаккоклик» ҳам қилгандай бўлади, аммо барчаси Ҳақ йўлидаги холисликдан туғилади.
Китобнинг биринчи қисми — «Муножот»дир!

ДАРИЧА
Мен Сенинг КУНингга сиғмаган Сўзинг,
Ўзингга термилиб тўймаган Кўзинг.
Замонлар чархида титраган Кўза,
Мен Сенинг Ўзингдан Ўзингга Ўзинг!

Мазкур тўртликда бир дунё масала иҳота қилинган. Ва қанчалаб жавобсиз саволга жавоб қилса бўладигандай…

Мен Сенинг «КУН»ингга сиғмаган Сўзинг…

Бунда инсоннинг нақадар улуғлиги у юксак мақомда эканлиги шоир тилидан илк яралиш жараёни сўзланиляпти.
Биламизки, «Кун фаякун» сўзи Қуръони Каримнинг кўпгина ерларида учрайди. «Бўл дейди бас, бўлади» маъносини англатувчи бу муборак калом ўзбек мумтоз адабиётининг ҳам илдизларидан ҳисобланади. Демак, шоир шундай демоқчи бўлади назаримда:
Аллоҳ «Бўл!» (яъни «КУН») сўзи билан бутун оламни, башариятни, борлиқни яратди. Ҳатто ерни олти кунда яратиб қўйди ва бу «Бўл!» буйруғи натижасида яралиш ҳанузгача давом этмоқда. Бунда вақт тезлиги билан бирга моҳирлик, ҳикмат ва юксак камолот пешқадамликдадир. Хўш, бу каломнинг ичида Одам яралдими?..
Йўқ, яралмади. Одам Аллоҳнинг «Бўл!» деган сўзига сиғмади. Аллоҳ томонидан Одамни яратиш учун алоҳида «тайёргарлик» кўрилди. Сабаби маълум Аллоҳ Ўзининг ҳалифасини яратмоқчи эди. Ўзининг халифаси эса оддий бошқа мавжудотлар қаторида яратилиши мумкин эмас эди. Мазкур сатрда инсон нақадар олий даражали эканлиги яна бир карра эсланяпти.
Тўртлик давомида яна шуни уқиш мумкинки, инсонда яратувчининг Қудрати, Илоҳийяси борлиги, айтилади, сўнги сатрда эса бундай дейилади:

Мен Сенинг Ўзингдан Ўзингга Ўзинг!

Бу сўз албатта Қуръони Каримга тақалади. Бақара сурасининг 156- оятидаги «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» калимаси мазмунига ҳамоҳанг. «Албатта Аллоҳданмиз ва албатта Унга қайтамиз.»
«Муножот» бўлимида Аллоҳга илтижо қилиниб ундан мадад сўраш ва албатта биз Унингсиз ҳеч ким эканлигимиз қаламга олинган.

Роббим!
Ақлимнинг кўзлари гумоним,
Кўнглимнинг кўзлари ёмоним.
Кўр бўлай, кўр бўлай, қўлимдан
Етаклаб юрса бас, иймоним.

Иймоннинг етаклаб юриши бу-Ҳидоят! Иймон етаклаб Ҳаққа элтади. Бироқ иймонсиз очиқ кўзларимиз билан ҳам кўпинча зулматларга ғарқ бўламиз, Ҳақни тополмай қоламиз. Қани энди бу кўзлар «кўр» бўлсаю иймон кўзи билан йўл топсак, унинг кўзи билан кўрсак дунёни!
Китоб ажиб бир симфонияга ўхшайди. Баъзан қалбингизни титратса, баъзан хотиржамлик беради. Баъзан қалбингизга қалбингизни танитиб, ўзингизга ўзингизни кўрсатади ҳам. Китобнинг оҳанг оҳанрабоси сизни ўзига жипслаштиради, узилгингиз келмай қолади.
Эндиги тўртликда шоир Ишқ сарҳадларига кўтарилиб, алал оқибат орифлик мақомида сўзлайди.

Роббим!
Юзингдан Беҳиштга қандоқ бурилсам?
Найлайин, ишқингга шундоқ берилсам?
Саккиз жаннатингнинг завқин топарман,
Кўрсаму, куйсаму, ўлсам тирилсам…

Тўртлик сўнгидаги нуқталарга эътиборингизни қаратинг, яъни шу ҳол такрорланиши сўраляпти Ҳақдан. Ҳақнинг жамолини кўрсаю куйса, ўлса тирилса ва яна кўрса ва яна куйса ва яна ўлса ва яна тирилса…
Ғалати ҳолатга тушиб қолдингизми? Инсоннинг абадий умри фақат шундай давом этишини ўйлаб кўрдингизми? Ана ҳатто этингизни сескантириб ҳам юборди.
Муғанний бир тўртлигида бутун тузилиши тупроқлигини таъкидлаб, тўртлик сўнгида шундай савол ташлайди:

Роббим!
Бошим тупроқ, юзим тупроқ — кун қайда?
Кун кўргани кўзим тупроқ — тун қайда?
Сўзим майда, изим қайда, насим-ей,
Жон сеники, жисм тупроқ — мен қайда?

Шоирни бир қарашда тасаввуф аҳлидан деб ўйларсиз, лекин тасаввуф аҳлининг майларига «чўкиб ўлган» шоир майнинг ичидан излаганини тополмайди:

Роббим!
Айтдилар: «Дайр аро майдасан,
Косаю ва пайдар пайдасан.»
Қонмайин шўнғидим жомига,
Мен чўкиб ўлдимай қайдасан?

Бу балки шеъриятда бир бурилишдир…
Устоз тўрликларининг устунлари кўпинча Қуръони Карим ва Ҳадиси Шариф мазмун-моҳиятларига мувофиқдир. Тўртликлар суянган бу устунлар йиқилмас устунлардир. Биз ҳам домланинг шеърларинининг йиқилмаслигини, балки боқий сатрлар бўлиб қолишини умид қиламиз.
«Муножот»нинг якуний тўртлиги эса мана бундай:

Роббим!
Суйиб, суймоқликка кучим етмайди,
Каломингдан ортиқ ечим кетмайди.
Иблис ишвасидан иймоним асра,
Маҳшар мақомида ўчим ўтмайди.

Устоз Муғанний сатрларини ҳали кўп шарҳ қилиш мумкин. Бу ишни биз ҳам қўлдан келганча бир мухлис сифатида кўз қарашларимизни жойлаштирдик. Ҳали бу тўртликлар келажакда кўп маротабалаб шарҳлар, мунозаралар қилинажак. Мен оддий бир мухлисман, лекин ишонаманки Худо ҳоҳласа келажакда албатта етук адабиётшунослар ечилмаган кўп сатрларни бизга изоҳлаб беришар. Бизнинг бу кичик ишимиздаги камчиликлардан узр сўрайман! Аллоҳ барчамиздан рози бўлсин!

Раҳимжон АЛИ
Ўш шаҳри
2013 йил, сентябрь, “Олам” газетаси