Жонибек Субҳон (1944)

Жонибек Субҳон (Жонибек Сувонқулов) 1944 йил 9 июнда Жиззах вилоятининг Зомин туманида туғилган. Самарқанд Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. «Сирдарё ҳақиқати» газетасида (1970—1980), ЎзТАГнинг (ҳозирги «ЎзА») Сирдарё вилояти бўйича ўз мухбири (1980—1984), Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлимида адабий маслаҳатчи (1984—1986), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида (1986 йилдан) ишлаган.

Биринчи шеърий тўплами «Зангори уфқлар» 1978 йилда чоп этилган. «Қирралар» (1988), «Ота макон» (1991), «Тазарру онлари» (1993), «Силсила» (1994), «Рўё» (1994) шеърий тўпламлари нашр этилган. Шунингдек, у «Сенга интиламан» (1987), «Катта ҳаёт бўсағасида» (1987), «Замон қўнғироғи» (1990) тўпламларининг ҳам муаллифи.

РЎЁ

Нақ етмиш йил соялар деб қурипти силла,
Тегмапти ҳам жонга сохта, гўёлигимиз
Насиб этиб қолганга ҳам ўхшайди, илло,
Ўзимизнинг ўзимизга рўёлигимиз.

Итқитайлик бошимиздан таъқиб соясин
Кўзимизни яна бир бор чўқимасидан.
Қувғин қилинг тез жирканчли қуллик ғоясин
Миямизнинг ҳатто сўнгги тўқимасидан!

Ундан зарра қолса онгда, бошлаб ўшандан
Қатрон қилиб чиқажакман товонга қадар.
Мен руҳимни озод қилиб қизил кишандан,
Сароб ҳислар ватанидан этарман бадар.

Мени юлқиб суғурдилар илдизим билан
Диёнатнинг динидаги паймон юртидан.
Ҳатто нафас олмоғим ҳам бир изн билан,
Юрагимни асролмадим зуғм қуртидан.

Тилимдаги, дилимдаги тугун зангини
Қоним билак кетказишга ҳозироқ шайман.
Кўзларимни қоплаб олган алдоқ чангини
Совуқ нафрат ёши билан ювиб ташлайман.

Яшабман-а сўзларимнинг садоси бўлиб,
Айланибман орзуларим шарпасига бир.
Илиқ сўзча меҳрнинг хор гадоси бўлиб,
Ўзлигимдан чиқиб кетиб, яшабман ҳақир.

Бугун қайта кириб келдим илк вужудимга,
Ватаним ҳам ватанлигин ҳис қилди гўё.
Бугун соҳиб бўлдим руҳий ўз ҳудудимга,
Беқиёфа Жонибекмас, мен бугун — рўё!

1992

МЕН АЙТАЖАК ГАП

Юртим, пок замининг топтамади ким?
Қутлуғ жойларинг ким этмади поймол?
Ўз-ўзингга сени гиж-гижлаб, халқим,
Узилмас кишанга солишди алҳол!

Сени меҳмондўст, деб мақтаб аввало,
Текин неъматингдан келиб сўнг тобга,
Ўшалар бошингга ёғдирди бало,
Ўғридан олиб-у солиб каззобга.

Сен кўрган кунингга айтиб шукрлар,
Барин қабул қилдинг замон зайли, деб.
Ўтмишинг сўкса ҳам гала нонкўрлар,
Сабр қилиб келдинг ҳамон, майли, деб.

Тарихнинг бу янглиш сўқмоқларидан
Ўтганча гул каби неча қирилдинг.
Майишиб келишди тўқмоқларидан,
Аҳён-аҳёнгина чала тирилдинг.

Янгидан яралар ор-номус ва бурд,
Бир эркин маромда тепажак юрак.
Янгидан туғилган жабрдийда юрт,
Сени бошқа ҳолда кўрмоғим керак.

Ватан-ку, яшарар, яшарар орзу,
Бироқ дилда ётган алам қаримас.
Юракдан юлқинган нолаларим — бу —
Ҳали мен айтажак гапнинг баримас!

1992

ҚЎРҚУВ

Дунё, дунёлигинг тан олмагайман,
Қошингда бош эгиб лол қолмагайман,
Фош этиб сирларинг ҳеч толмагайман,
Тантилик шартларин этмасанг ижро!

Лол боқдинг: қатағон қилинди руҳлар,
Қўл қоқдинг: садосиз сўнди андуҳлар,
Айб топдинг: ўзини ғарқ қилди Нуҳлар…
Таскин топмадинг биз парчаланмай то.

Дарёмиз соҳилин ўпмаса — алам,
Денгизимда тўлқин қўпмаса — алам,
Гўдакларда юрак тепмаса — алам,
О, булар неларнинг бўлгани рўё?

Рўёдир оқибат, имон кетгани,
Елғоннинг кетидан замон етгани.
Энди айтгил, сени омон тутгани
Қандай илинж қолди дилларда, дунё?

Етмиш йил таомил бўлди шаккоклик,
Мазахга учради кўп асрий поклик,
Қизил қафасларга тушди бебоклик,
Наҳот шулар бизга кўрилди раво?!

Кимгадир гизланган совуқ ўқ эдик,
Гар ҳаёт тарозу — вазни йўқ эдик,
Турфа алдоқлардан кўнгли тўқ эдик…
Бугун барчасидан соқитмиз илло!..

1991

ҲАЙКАЛЛАР

Хоҳ жез қуй, хоҳ боғла оёғига тош,
Ҳайкаллар бостириб келавергандир.
Ҳайкал оёғига урганича бош,
Ҳайкалпараст ўзбек ўлавергандир.

Бу юртда қолмади бирор соф майдон,
Ишғол бўлди тарих шохсупалари.
Даҳодир, жаллоддир — икки қўли қон
Боқийлик даъвосин қилишди бари.

У тошми, тирикми, бағрини очиб,
Кутиб олаверди ўзбек — боши хам.
Ҳайкал зуғумидан фаришта қочиб,
Юраги тошлашиб борди ҳар одам.

Келиб йўргакда қон ялаган замон,
Ҳайкаллар қулатди эътиқод қасрин.
Гарчи бу эл эди руҳан мусулмон,
Бошлатди Буддага сиғиниш асрин…

1992

АРМОН

Онанг бўлса дунё дунё экандур,
Онангизга ҳаёт чақир тикондур,
Она деган баҳоси йўқ жаҳондур,
Онасизнинг уйи ғамга макондур,
Буни кечроқ англаганим бир армон…

Ўзим демай, борин менга тутган ул,
Кундуз — азоб, тунлар заққум ютган ул,.
Мендан орзу, ҳавасларни кутган ул,
Бироқ ёруғ кунлар кўрмай ўтган ул,
Аламларим кимга ошкор этарман?!

Мени ўйлаб бағри кабоб эди-я,
Ҳижрон мендан қайтар жавоб эди-я,
Тегмагани мендан савоб эди-я,
Наҳот менда меҳр камёб эди-я?!
Табиатнинг ҳукмими бу, нетарман?

Бағрим алам, армон қайнар дош гўё,
Кўкрагимда тепган зилдай тош гўё,
Неча йилки, елкамда йўқ бош гўё,
Онам руҳи чимиргандай қош гўё,
Пушмонларим юрагимга ютарман.

Онам руҳи мендан огоҳ тургандай,
Капалакми, қушми бўлиб юргандай,
Тунда юлдуз бўлиб мени кўргандай,
Ўйлаб мени, бўлар ҳолим сўргандай, —
Токи унинг дийдорига етарман…

Нечун кўздан ювди ёшлар мардумни?
Нечун оҳим титратмади гардунни?
Аё, дўстлар, сездингизми дардимни?
Туширмасдан сизга ғубор, гардимни,
Озор бермай хотирларга, кетарман…

1992