Жамол Сирожиддин (1955-2015)

Жамол Сирожиддин 1955 йилда Тайлоқ туманида туғилган. ТошДУнинг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. “Сиёб оқшомлари”, “Танбур”, “Менинг касбим чўпонлик”, “Заҳҳок салтанатинда” номли китоблар муаллифи.

АЁЛ МЕҲРИ

Башар пайдо бўлган дастлабки кундан
То ҳозирга қадар бўлган эътиқод –
Қайси у?
Эй шоир, хабар бер шундан,
Қайси эътиқод у, қолар барҳаёт?
– Аёл меҳри!

Қанчалар тўфону, музлик, қаҳратон
Ва қирғинлар бўлган тарихда. Аммо,
Нечун енгилмади, курашди инсон?
Қай куч у, то ҳануз ўлмас раҳнамо?
– Аёл меҳри!

Метин иродали, забардаст, мағрур,
Паҳлавон йигитлар бош эгар нечун?
Ёйдайин эгилар ирода, ғурур
У қандай қудратдир, доимо устун?
– Аёл меҳри!

Шоир, ким тутқазди қўлингга қалам,
Қалбингга жо этиб нур ҳамда соя?
Ким бахш этди шодлик, баъзида алам,
Ижодингда нима асосий ғоя?
– Аёл меҳри!

Ҳа дўстгинам, билсанг, қуёшдир у меҳр,
Баҳор ул азалу абад яшнаган.
У ҳаётбахш сувдир, у жодусиз сеҳр…
Шунинг-чун мен унга мудом ташнаман.
Аёл меҳри!..

МУЗЕЙДА

Тили бўлса эди манави эгар
Айтарди кимларни миндирганлигин.
Бу қилич, даҳшатдан қинидан чиққан
Не-не кўз нурларин сўндирганлигин.

Сўкилган бу совут, камон ўқлари
Ёнма-ён турмасди, бўлса гар жони.
Пачоқ бу дубулға шашпар – гурзини
Ғажиб ташлар эди даҳони.

Бу чачвон, паранжи рухсораларга
Сўйларди: «Маҳрам не, номаҳрам надир?»
Аланга тил билан лабларин ялаб,
Яна нон ҳақида куйларди тандир.

Зарбоф тўн керилиб мақтанармиди
Не-не ғунчаларни сўлдирганини.
Тили бўлса эди шу аждар тўплар
Айтарди кимларни ўлдирганини…

БОЙСУНГА ҚАЙТИШ

Аллоҳ берган неъматни банда тортиб ололмас,
Насиб этса тўқсон алп дилга қутқу сололмас.
Ният қилсанг, қалмоқ шоҳ бунда олиб қололмас
Ой Барчиним ёр-ёр, гул Барчиним ёр-ёр,
Бойсун сари қайтурмиз, кул Барчиним ёр-ёр.

Тоғлар кўркли қор билан, йигит номус-ор билан,
Ҳамроҳ бўлдик Қоражон – дўсти вафодор билан.
О, дил фақат дош бергил висол қурсак ёр билан
Ой Барчиним ёр-ёр, гул Барчиним ёр-ёр,
Ортда қолган Боботов, ул Барчиним ёр-ёр.

Бу чўлларда чошгоҳда олам қизиб бороди,
Нортуяда Қоражон қумни чизиб бороди.
Атроф тўла канизлар кўзин сузиб бороди,
Ой Барчиним ёр-ёр, гул Барчиним ёр-ёр,
Чўққиси йўқ Асқартов бул Барчиним ёр-ёр.

Пешвоз чиққан Бойсуннинг эли бўлар ёр-ёр,
Куёв сопу келинчак кели бўлар ёр-ёр.
Олтой туйсанг келини бели бўлар ёр-ёр,
Ой Барчиним ёр-ёр, гул Барчиним ёр-ёр,
Белдан маълум қиз эрмас, ул Барчиним ёр-ёр.

Етар шунча зорландинг ғайри тилда ёр-ёр,
Етар шунча хорландинг ғайри элда ёр-ёр.
Мана бозор, мозоринг, бери кел-да ёр-ёр,
Ой Барчиним ёр-ёр, гул Барчиним ёр-ёр,
“Ўлан тўшак” дегани шул, Барчиним ёр-ёр.

ҚАДИМИЙ ҚЎШИҚ

Оғалари Юсуфни чоҳга отиб кетдилар.
Оғалари Юсуфни чўлда сотиб кетдилар.
Оғалари Юсуфни сотган пулга зормиди?
Азал-азал, эй дунё, сенда инсоф бормиди?
Юсуфнинг уч кўйлаги сенинг рамзинг шу дунё.
Қонли,
Йиртиқ.
Шифобахш бўйинг охир ҳувайдо.
Юсуф туғилгунича кўйлак йиртган Зулайҳо
Уял…
Чиқар, Юсуфни тутма зиндонинг аро.
Зиндон асли бадандир,
Бадан жонга Ватандир.
“Қўғирчоқнинг ичида қўғирчоқ”дай бу тандир.
Майда, майда қўғирчоқ таҳлил этар дунё бу,
Яхши-ёмон рафторинг сархил этар дунё бу.
Ўшал кунлар арвоҳга ёғилмасму ҳақорат?
Бўлди,
Етар…
Бош байтлар бўлар яна нақорат:
Оғалари Юсуфни чоҳга отиб кетдилар.
Оғалари Юсуфни чўлда сотиб кетдилар.
Оғалари Юсуфни сотган пулга зормиди?
Азал, азал, эй дунё, сенда инсоф бормиди?

СУВҚОВОҚ

Олмуруднинг елкасига чирмашиб
Масхаралаб кула бошлар сувқовоқ:
“Бу дунёда эллик йиллаб чираниб,
Бўйинг шуми, меванг шуми, ҳой, аҳмоқ?!

Мени қара, уч ойда қанча ўсдим,
Бир палагим тепа шохинг шодаси.
Соямдасан. Билки, ўсишинг тўсдим,
Ҳар бир мевам меваларинг “дода”си.

Сенча умр кўрсам ойга етарман,
Ой нимадир етгум Баҳром, Зуҳрога.
Балки… балки қуёшдан ҳам ўтарман,
Палак ёзиб шу юлдузли фазога.

Ҳар бир мевам битта янги сайёра,
Сайёра не, яна биттадан юлдуз…
Қани тез бўл, эллик йиллик оввора
Мени юксак кўтар, ўс кеча-кундуз.

Эллик йилдир, ҳар йил гўё нақорат,
Янги ўсган сувқовоқ дер ҳақорат…

КЕТГИМ КЕЛУР…

Кетгим келур, кўзу қулоқсиз
Сарҳадларнинг қўйнига чўмиб.
Она қишлоқ, яширгил мени
Бедазорлар наҳрига кўмиб.
Толиқтирди на-да дўстлиги,
На ёвлиги маълум бу хилқат.
Мижғовликлар қурбони бўлди
Қудратлардан қудратли қудрат.
Кетгим келур,барчаси бекор,
Кимга керак сўзу гудозим.
Мижғовларга мижғовлар керак,
Син-эй созим, тин-эй овозим!
Отамерос қадрдон кетмон
Кел, вориснинг елкасига мин.
Мен қаърингга шеърларим экай,
Сен ундириб бер, она замин.