Қўчқор Норқобил. Сув кўрмай этик ечма (саккиз саҳнали ҳангома)

Қатнашувчилар:

1. Чори учар – Чапани, ҳақиқатгўй, андак қитмир киши. 55-60 ёшда.
2. Рўзихол – Чори учарнинг хотини. Эрига ҳамиша ҳадик билан қарайди.50-55 ёшда.
3. Эшдавлат – Ўзига хос қайсар, бироқ содда киши. 35-40 ёшда.
4. Йўлдошали – Чори учарнинг ўғли. Тижоратчи. – 25-30 ёшда.
5. Орзубой – Содда ва ишонувчан одам. 55-60 ёш­да.
6. Норгул – Орзубойнинг хотини. 50-55 ёшда.
7. Райҳон – Орзубойнинг қизи. 18-20 ёшда.
8. Бўриполвон – Ўзига бино қўйган, қўрс одам. 55-60 ёшда.
9. Шоди барака – Ким нима деса ишонадиган, гўл ва олим киши. 55-60 ёшда.
10. Сарви – Шодибойнинг хотини. 50-55 ёшда.
11. Нозим шоир – 25-30 ёшда.
12. Фелекс – Ажнабий. 30-35 ёшда.
13. Тўхта қушноч – Кинначи кампир. 65-70 ёшда.

БИРИНЧИ САҲНА

Чори учарнинг ҳовлиси. Қишлоққа хос кўримда тикланган уй-жой. Ҳовли четида супа. Дарахтлар соя ташлаган, пахса девор билан ўралган ҳовлининг бир четида ошхона, тандир, ўчоқ, бостирма. Супа орти кенг-мўл боғ.
Рўзихол у-бу нарсаларга уриниб, куймаланиб юриб­ди. Туйқус – эшик тақиллайди. Ташқаридан овоз келади. Ғазабнок ташвишлар. Рўзихол анграйиб туради. Супада мудраб ўтирган Чори учар ўрнидан сапчиб туриб кетади.
Чори учар: (Супада тик турган кўйи ўз кўк­си­га туфлаган бўлиб) – Ёмон туш кўрдимов… Ас­тағ­фу­рул­лоҳ.

 Эшик тақиллаши яна авжга чиқади.

Рўзихол: (Хавотир билан эшикка имо қилади). – Туш эмас, ўнгингизда.
Ташқаридаги овоз:     – Очинг эшикни… Ким бор?..
Рўзихол: (Дарвозага қараб юра бошлайди…) – Қиёмат қўпдими, нима бало?
Ташқаридаги овоз: (Жаҳл билан) – Чори тоға! Чо­ри тоға-ёв. Очинг эшикни.
Чори учар: (Қўрқувдан ранг-қути ўчиб.) – Эй, тўх­­та. Рўзи. Тўхта. Бу Эшдавлатми? Эшдавлат. Очма. Қу­­турганга ўхшайди, очма.
Рўзихол: – Эшикни ўпириб киради. Важоҳатини кўрмаяпсизми?
Чори: (У ёқ-бу ёққа аланглайди-да югуриб бориб тўнкарилган каттакон саватнинг тагига яширинади.) – Бўпти, оча қол.
Рўзихол: (Эшик томон бораётиб) – Яна бир ба­лони бошладингизми-а? Худо бехабар одам экан­сиз­да-а. Қачон элга қўшиласиз-а. Бораяпман… Ҳо-о-в, очаяпман.
Эшик тарақ-туруқ этиб ҳовлига ғазабнок, кўй­ла­гининг олд тугмалари очилган, кўкрагини кўр­сатиб, иш­тони пойчаларини тиззасигача қайириб, оёғига ка­­­­­лиш кийиб олган Эшдавлат югуриб кириб келади. Қўл­ларини мушт қилиб у ёқ-бу ёққа аланглайди.
Эшдавлат:    – Қани, а? Эрингиз қани?
Рўзихол: – Нима гап, Давлатжон иним, нима гап? Қани, супага ўтир.
Эшдавлат:    (Қўл силтаб, яна ўшқириб) – Амма, су­пада ўтирадиган аҳволдамасман ҳозир. Қўтир каллага соя не даркор, деган экан кимдир… (Бош чайқаб ўзига гапираверади) – Айтувдима… Айтувдим… Шу учар писмиқнинг гапига кирма деб… Тоға бўлса ўз йўлига. Маслаҳатингдан ўргилдим. Элга эрмак, юртга элак бўлганим қолди… Аммо, айтинг, эрингизга айтинг, кўзимга кўринмасин, ўлай агар, олдимдан чиқса бир бало қип қўяман.
Рўзихол: (Эшдавлатга ҳам ачиниб, ҳам кинояомуз қараб) – Кўринмайди, кўзингга кўринмайди, Давлатжон иним. Ҳалиям кўринаман деётгани йўқ.
Эшдавлат:    (Асабий) – Айтганимни қил, қишлоқда номингга нарвон қўйиб улуғлашади, дейди. Ўзига ўх­шаган бемаъни гапларни қаердан топаркан-а, амма, бу учар чолингиз.
Рўзихол: (Гўёки хафадек) – Давлатжон, иним… У киши сенгаям бегонамас, ҳадеб учар, учар дейверма. Айт, чолим нима иш қип қўйди?
Эшдавлат:    (Энди қўлини мушт қилиб ўз бошига уриб) – Увв… Воойй! Нима қилди дейсиз? Шунинг маслаҳатига кириб туппа-тузук томорқанинг адоғида энига тўрт, бўйига тўрт қилиб чуқур қазиб ўтирибман-а…
Рўзихол (Ҳайрон, ажабсиниб) – Нега қазасан?
Эшдавлат:    (Жиғибийрон) – Нега қазардим, нима­га қазардим, ўзимга ёки учар эрингизга гўр қазимайман-ку…
Рўзихол: (Сесканиб) – Ҳой, ҳой, иним. Эшдавлат, ўзингни бос.
Эшдавлат:     (Бош чайқаб) – Ҳовуз қаздим, амма, ҳо­­­вуз қаздим.
Рўзихол: (Таажжубда) – Ҳовузни нима қиласан?
Эшдавлат:    (Энди янада аламли чинқириб) – Ни­­ма қилардим, бутун қишлоқни ҳовлимга қамаб чў­милтиргани қазимаганман ҳар ҳолда. Бизнес қи­ла­ман девдим. Ҳа. Бизнес. Учар эрингизнинг мас­лаҳати билан. Нима эмиш, балиқхона қуриш керакмиш. Фар­ғонага бориб, ишбилармон дўстларидан кўриб келганмиш. Эни-бўйига тўрт, чуқурлиги икки метр келадиган ҳовузга балиқ уруғини ташлаб кўпайтирсам, икки йилда миллионер бўлиб кетармишман. Шу ҳовузда бир кило-ярим килолик балиқлар етиштириб сотсам, ҳар куни ўлдим деганда 100-150 минг сўмдан даромад олишим мумкин экан.
Рўзихол: – Қанча?
Эшдавлат:    (Қовоғини уюб) – Бир кунда юз-бир юз эллик минг сўм соф фойда қолармиш. Ҳа, шунча пул оқиб келаркан!..
Рўзихол: – Тошни ебсиз шу гапингизга, 100-150 минг сўм фойда кўриш керак бўлса, нега ўзингиз шу ишни қилмайсиз, демадингми тоғангга, иним? Уйининг аҳволи бу, тағин бировга ақл бўлишига, бировга йўл кўрсатишига ўлайми? (Сўнг сават томонга бир қараб чўчиб тушади. Овозини энди юмшатиб) – Ҳа, энди у киши сенга бегона эмас, жиянимнинг бири икки бўлсин, дегандир-да.
Эшдавлат:    (Қўл силтайди. Саватнинг устига бориб ўтиради) – Қаерда бирим икки бўлади. Қайтанга элга кулгу бўлдим. Отамдан ҳам оладиганимни олдим.
Рўзихол: (Хавотирланиб) – Нима учун кулги бў­ласан? Отангдан нимани олдинг, иним?
Эшдавлат:    (Сават устида ўтирган кўйи оёқ­ла­рини ликиллатиб, саватнинг қорнига тўпил­ла­тиб те­пиб…) – Мен ўлиб-тирилиб, эни-бўйи тўрт метрлик ҳовузни энди бир метр қилиб қазувдим денг, ер остидан пақиллаб сув отилиб чиқди. Томошани кўринг, ҳовлининг қолган қисмини ҳам сув босиб кетди. Бостирма томондаги девор оғиб, уйичи кети очиқ қолган боладай кўчага кўриниб қолди, қўйди. Бир пасда ҳамсоя-овул йиғилди. Умрида сув кўрмаган ўрдак жўжаларим сувда сузиб, кучук сувда шалоплаб юрибди денг. Ҳовуз қазимай ўл дейдиган одам йўқ. Куладиган одам кўп, аммо! Отам қаттиқ дакки берди.
Рўзихол: – Эрим ҳовуз қази деса қазий­вера­сан­ми, сув тошиб чиқиши хаёлингга келмадими, иним?
Эшдавлат:    (Қўл силкиб) – Учар эрингиз бир нар­­­сани билади дебман-да, амма! Бойиб кетиш йў­лини ўр­гатяпти дебман, писмиқнинг юзи кулгандай бў­лув­ди-я…
Рўзихол: (Супадаги чойнакдан пиёлага чой қу­йиб олиб келиб сават устида ўтирган Эшдавлатга узатади.) – Давлатжон иним, чой ич. Ишқилиб сув тўхтадими?
Эшдавлат:    (Бош чайқаб) – Туман марказидан мутахассислар келди. Бетонлаб ёпишди, бир амаллаб. Икки юз мингга тушиб ўтирибман. Аммо, мен буни шундай қолдирмайман. Учар эрингиздан барибир ўчимни оламан.

 Сават устидан туриб кета бошлайди.

Рўзихол: (Уни юпатиб) – Қўй, куйинма иним. То­­­­­­ғанг, барибир тоғанг-да. Хафа бўлма. Энди, иним, минг қилсаям бир томир нари, бир томир бери, тоға ба­­рибир тоға. Тоға-жиян қир пичоқ бўлиб ётманглар, ай­ланай, эшитган кулади.
Эшдавлат. (Жойида таққа тўхтаб, Рўзихолга ўқ­раяди). – Амма. Амма! Лекин бостирма-чи. Томорқа-чи? Ошхонамнинг бир қисми-чи? Сув оп кетди деяп­ман-ку. Яхшиям қўшним Бўри полвон бор экан. Ўғил­­лари билан кун бўйи томорқадан челаклаб сув чи­қардик. Эрингиз думиниям кўрсатмади. Эрингизнинг қилмишидан Бўри полвоннинг ҳам ажинаси отланди. «Шу қитмирнинг гапига кирасанми. Ёшлиги­даям гўр эмас эди, энди қаро ер бўлармиди, бир пайт­­лар Ҳамдам чавандознинг тў­йида чалпак қилиб йиқитганман. Шу-шу ҳозиргача калласи кирари-чи­қа­ри, хаёлига келган гапни гапириб, бўлмағур мас­ла­ҳатларни бераверади», деди.
Шу пайт саватни ирғитиб Чори учар ирғиб туриб, Эшдавлатга хезланиб ўшқиради. Чори учарнинг сават тагидан чиқиб, хўроздай ҳурпайишини кўриб Эшдавлат, довдираб қолади…
Чори учар:     (Важоҳат билан олдинга интилиб) – Бекор гап. Бекорларни айтибсан. Нима бало, маст­мисан? Оғзингга келганини гапираверасанми-а? Ўша тўйда, ўша Ҳамдам чавандознинг тўйида, ўша Бўри калингни икки оёғининг орасидан илон чил бериб илдириб оёғини осмондан келтириб, (қўлларини ҳаволатиб) худди чархпалакдай қилиб бошимдан оши­риб шундай йиқитганманки, бели узилиб кетиши­га бир баҳя қолган. Унинг полвонлиги чепуха. Бир чўн­қаймани билади. Писиб, қўрқиб олишади. Тушундингми? Менга Бўри кални мақтайсан, нокас.

Рўзихол икковининг ўртасида гоҳ унисига, гоҳ бунисига қараб, овсарланиб қолади.

Эшдавлат:     – Вой-вой. Вой-вой. Манави одамни қаранглар. Мен тоғдан келсам, боғдан келади. Гапни чўзмай, икки юз мингни чўзинг.
Рўзихол: (Унинг йўлини тўсиб) – Давлатжон, иним. Шайтонга ҳай бер, иним.
Чори учар: (Ғоз туриш қилиб) – Кел, қани. Қоч, хо­тин. Келсин-чи, нима қиларкан. Мени ким деб ўй­лаяпти бу? Ойдин кампирнинг боғини кўрсатиб қўя­ман, бунга.

Эшдавлат жойида тахта бўлиб тўхтаб қолади. Шаш­­тидан тушади. У ёқ-бу ёққа аланглайди.

Рўзихол: (Эрига ҳайрат билан) – Нима? Нима деб алаҳлаяпсиз?
Чори учар:     (Эшдавлатнинг шаштидан тушиб, шал­­­вирагани, гапи нишонга тўғри текканини билиб, энди бехавотир ҳолатда хотинига қараб) – Хотин, бор-боравер, ўзимизнинг шунчаки гапимиз бор… Давлатжон ининг (киноя билан) мени тушунди. Нега қараб турибсан, бор, қўйга ўт ташла.

Рўзихол уларга ҳайратомуз қараб ҳовли адоғига кетади.

Эшдавлат:    (Синовчан нигоҳ билан) – Бу нима де­­­­ганингиз? Ойдин момо боғининг бизнинг гапга нима дахли бор.
Чори учар:    (Энди ғолибликни тўлиқ қўлга олиб…) – Дахли бор, жиян. Дахли бор. Куни кечаям телевизорда кўрсатди, “Сув ёқалаб”, деган кинони кўрдингми? Кўрдингми? (Ўқрайиб қарайди).
Эшдавлат:     (Ажабланиб) – Кўрдим.
Чори учар:     (Эшдавлатга ижирғаниб қараб) – Кўрган бўлсанг яхши. Шу кинони ўзимизнинг хешимиз, Нормамат раиснинг анави шоир ўғли Эркин амакинг ёзган. Майли, гап бунда эмас. Гап шундаки, шу кинода эри йўқ, эри олисда юрган аёлнинг тўшагига, қўйнига кирган ўғлини раис Болта Мардон чунонам савалайдики, бола шўрлик туғилганига пушаймон ей­ди… (Яна ўқраяди… Энди у ғоз. Энди у хўроз. Энди…) – Кўрдингми? Кинонинг ўша жойини кўрдингми, жиян?
Эшдавлат:    (Типирчилаб, ўзини қўярга жой тополмаган кўйи, ерга қараб кўзини аланг-жаланг қи­лади) – Кўрдим, тоға! Кўрдим! Лекин… (унинг овози си­­­ниқ чи­қади).
Чори учар: (Энди ғолиблик қиёфасида ачиниш ҳисси) – Лекин-пекини йўқ. Сенинг отанг Ҳайдар қу­ёнчиқ ўша Болта Мардондан ҳам ўтиб тушади, сени савалаб, қамчилаб ўтирмайди, бира тўла болталаб, чопиб ташлаб қўяқолади. Сени чопиб ташлайди, ўша мегажинингни ҳам бурдалайди… Уқдингми? Номусли эркак эри олисдаги аёлнинг, умуман, номаҳрамнинг номини булғамайди.
Эшдавлат:    (Попуги пасайиб) – Тоға, ер тагида илон қимирласа биласиз-а, энди шуни достон қилиш шартмас-ов?.
Чори учар:     (Ижирғаниб) – Йўқ, жиян, мен майдакаш, ипирисқи одам эмасман. Феъли-рўйимни қит­мир дединг – тўғри, писмиқ дединг – тўғри, гоҳ-гоҳида шундай номаъқул, элга овоза ҳазилларим ҳам бўп туради. Бироқ, бировнинг боғини ҳаром қилмайман, қишлоқнинг булоғини булғамайман, уқдингми? Сенга гапим шу: оёғингни билиб бос, ернинг юзи қаттиқ бўлгани билан, шувит қилсанг ер ютишиям турган гап, жиян. Қисқаси, бировнинг номуси элнинг ори билан баробар. Ҳаром-ҳаришни йиғиштир. Оиланг, гулғунчадай болаларинг бор. Ке, энди шу гап орамизда қолсин. Нима дединг?
Эшдавлат: (Мўлтираб, жовдираб) – Тоға, тоға­жон. Мен тушундим. Шу гап, ҳалиги, Ойдин момонинг боғи масаласи ўртамизда қолсин!
Чори учар:     (Кўнгли юмшаб) – Қолади, қолади, жиян. Тоғанг майда одам эмас. Қолади.

Эшдавлат кўксига қўлини қўяди.

Эшдавлат: (Зўрға илжайиб) – Хўп, мен борай, тоға.
Чори учар:     (Қатъият билан) – Тўхта! (Қўйнини кавлайди) – Ма, манавини олиб қўй. (Бир тахлам пул узатади) – Қулаган бостирмангни, деворингни тикла!
Эшдавлат:    (Хижолат ҳолда қўл силтаб) – Керак­мас. Очиғи, ўзимдан ҳам ўтди. Олдингизга келмас эдим, деворни тиклаётсам, Орзубой амаки, энди ҳар куни балиқ ерканмиз деб бола-бақра билан орзу қилиб ўтирувдик, ҳей, аттанг деб, пичинг қилди. Шу гап суяк-суягимдан ўтиб кетди. Кейин, шайтоннинг гапига кириб сиз томон югуриб келавердим…
Чори учар:     (Пулни ён чўнтагига қайтариб солади. Илжайиб) – Орзубой шундай дедими? Пичинг қил­ди, де.
Эшдавлат:    (Энтикиб) – Кейин… Ҳалиги Бўри полвон иккови.
Чори учар:     (Гапини шарт бўлиб, ўқрайиб) – Полвон дема. Бўри кал де.
Эшдавлат:    (Сапчиб тушиб) – Хўп. Бўри кал иккови, Орзубой амакининг супасида ўтириб битта шишани майдалашга тушишди. Менимча, менга қўшиб сизниям роса мазах қилишди-ёв.
Чори учар:     (Жиддий қиёфада, унинг гапига ишон­­қирамай қараб) – Сен буни қаердан билдинг?
Эшдавлат:    (Яна тажанг) – Тоға! Айтдим-ку, сув то­­шиб деворимни ағанатиб кетди деб. Ҳамма томон, қўни-қўшнимнинг ҳовлисиям кўриниб қолди-ку… Орзубой амакининг супасини шу девор тўсиб турарди-да…
Чори учар:     (Энди хижолатомуз алфозда) – Ҳа бўп­ти… Хафа бўлма. Ахир ўзингга ҳам каллани Ху­до бекорга бермаган-ку… Энди тоғам айтди, деб… Ҳа, майли, бўлар ишдан гаплашайлик… (Сўнг унга яқин­лашиб елкасига қоқади.) – Бир гап бор. Балиқ ейишмоқчи экан де. Мен Бўри кал билан ўша Орзубой жевачига балиқнинг ўрнига колбаса едираман. (Эшдавлатга тикилиб туради… Сўнг уни супа томон бошлайди…) – Бир режа бор, жиян. Эл эшитмаган ҳангомани энди ўз кўзинг билан кўрасан.
Эшдавлат:    – Тушунтириброқ гапиринг, тоға.
Чори учар: – Хўш, қани супага чиқ. (Улар супага ўтиришади.) – Шундай қилиб Орзубой анави Бў­ри кал билан байрам қилди, де. Мазах қилди, де. (Ўйланиб қолади) – Менга қара, хўш, сен ҳалиги, Панжи чапақайнинг шоир боласи, анави журналистликка ўқигани, телевизорда ҳам кўриниб қолади-ку, оти нимайди, ҳа, Нозим, мен уни Нозим найнов дейман. Нозим найнов, қишлоққа кепти деб эшитдим, бир ажнабийни ҳам эргаштириб келганмиш, шуларни бизникига бошлаб кел.
Эшдавлат:    (Ҳайратомуз) – Нозимни нима қиласиз?
Чори учар:     (Мийиғида кулиб) – Бу ёғини сўрама… Нозим найнов бўладиган бола, уккағардинг боласи ҳаммомнинг туйнугидай қишлоқдан чиқиб бутун мамлакатга танилиб бораяпти. Ўшани шериги, ҳалиги ажнабий жиблажибон билан бирга қўшиб олиб кел, бир зиёфат мендан. Бир меҳмон қилсам зиён қилмайди. Кейин… кейин бир режа бор. Сен хурсанд бўласан… Уқдингми?
Эшдавлат:    (Ўрнидан қўзғалиб) – Уқдим, уқдим, то­ға. Нозим қачон келсин?
Чори учар:     (Уни эшик томон кузатаётиб) – Ило­жи бўлса ҳозир топиб кел… (Елкасига уриб қўяди.)

Улар хайрлашишади.
Саҳна қоронғулашади.

 ИККИНЧИ САҲНА

Чори учар супада ястаниб ўтириб чой ичаяпти. Гўё бепарво. Супа ёнида, каттакон йўлхалта устига ўтириб олган ўғли Йўлдош, йўл олдидан фотиҳа беринг дегандай отасига имо қилади. Шу пайт ўчоқ томондан кичкинагина тугунчани кўтариб онаси Рўзихол югургилаб келади-да, тугунчани ўғлига тутади.

Рўзихол:    – Ол, айланай болам. Ўроқжон, тез­-тез кеп туравер, ўқишинг қочиб кетмайди. (Эрига қўрқиб-писиб қарайди, эри хотинининг бу гапидан сўнг унга олайиб қараб бош чайқаб қўяди)
Йўлдош: (Жиғибийрони чиқиб) – Эна, неча марта айтганман, шу Ўроқ деманг деб… Йўлдош деб айтсангиз бўлаверади, ошналарим, синфдош қизларнинг олдида ҳам кеча Ўроқжон, Ўроқжон дейвериб безор қилдингиз. Одамни шарманда қилманг, эна.
Рўзихол: – Ўрганиб қолганман-да, болам, ўр­ганиб қолганман. Мен учун Ўроқвой. Бу отни раҳматли Нозик момонг қўйган.
Чори учар:     (Хотинига энсаси қотиб қараб) – Бас қил. Болани йўлдан қолдирма.
Рўзихол: (Икки қўлини фотиҳага очиб) – Омин, бо­лам тойдай тосирлаб юрсин.

Чори учар хотинига еб қўйгудай қараб ўш­қиради.

Чори учар: (Тажанг ҳолда) – Ҳой, менга қара. (Овозини чўзиб, оҳиста) – Менга қара…

Рўзихол эридан олдин боласига фотиҳа берганидан мулзам бўлиб, мум тишлаб ерга қараб қолади.

Чори учар:     (Томоқ қириб, ўзининг бу уйнинг хў­жайини эканлигини билдириб қўйиш учун) – Қани омин. Олгину олдирмагин. Йўлинг оқ, ниятинг ойдин бўлсин. Аллоҳу Акбар.

Улар учовлон фотиҳага қўл кўтаришади.

Рўзихол: – Омон – эсон юргин, Ўроқжон.
Йўлдош: (Аччиғланиб) – Эна… Айтдим-ку, эна.
Чори учар: (Кулиб) – Мен далада бўлганман, энанг сени шийпонда туққан. Гўринг нурга тўлгур Нозик момонг киндигингни ўроқ билан кесган. Ўроққа қанча сиғинсанг оз (кулади, силкиниб-силкиниб, елка учириб кулади) – Шу ўроқ бўлмаганда… зовудингдан яроқсиз бўлиб тушардинг… (Яна елка учириб, завқ билан кулади…) – Сўнг район марказида сенга ЗАГСдан гувоҳнома олгани борсам, шаҳардан практикага келган ўрис қиз «УРАК, УРАК, что такой урак?», деб қолди… Қани энди Ўроқнинг ўрисчасини билсам… Кейин колхоз кассири Йўлдош акага хушомади учун отингни Йўлдош деб ёздириб юбордим. Вой жинқарча-ей, энди, «Что такой Йўлдаш?» деб қолса бўладими. Ўроқнинг ўрисчасини билмаган одам Йўлдошнинг ўрисчасини қайси гўрдан билсин! «Йўлдош – это денги» деб юбордим. Ангра­йиб қолди. Кейин ёзиб берди… Ҳаммасидан зўри, кейин Йўлдош кассир елкамга қоқиб суюнчи пули берди. Ана шундай, мулло Йўлдош. Йўлдош – денги дегани деб тўғри айтган эканман, мана пулнинг орқасидан қувганинг қувган! Ўв, гапим нотўғрими? Аслида пулни қувиб ҳам ёлчитмаяпсан… (Қўл силтайди. Сўнг бир ўғлига, бир Рўзихолга қараб) – Хотин, носқовоғим токчада қопти, олиб кел.

Рўзихол зипиллаб чиқиб кетади. Чори ўтирган жо­йида ўғли томонга ўнғай бурилади.
Йўлдош: (Энди аччиқланган кўйи ўрнидан туриб отаси томон юра бошлайди. Тўхтайди) – Ота, ўзингиз ҳам ошириб юборасизда-а. Ҳозир замон шу­нақа. Ҳамма ўзини пулга урган пайт. Бизнес. Пул… Бизнес, бу иқтисодиётнинг олтин қонуни.
Чори учар:     (Мийиғида кулиб, ўғлини калака қи­либ) – Ҳамма замондаям шундай бўлган. Ҳамиша одамзод ўзини пулга, бойликка уриб келган. Қўй, менга ўргатма, болам?
Йўлдош: – Между прочим, сиз тенги одамлар ҳам ҳозир анча уддабурон. Масалан, анави Бўри полвон… Водийдан тўққиз дона товуқ тухумини уч миллион сўмга сотиб опкепди.
Чори учар:     (Ўрнидан туриб кетади) – Нима? Ни­ма деяпсан, эсинг жойидами, ўзи? Уч миллионга тўқ­қизта тухум?
Йўлдош: (Энди жойига қайтиб бориб сумка устига яна ўтириб олади. Дадасини довдиратганидан хурсанд) – Ҳа, уч миллионга тўққиз дона тухум сотиб олибди. Сиз буни тасаввурингизга сиғдиролмайсиз. Чунки, сиз чинакам тадбиркорликни билмайсиз. Чунки сиз…
Чори учар:     (Ғазабланиб) – Ҳой. Энағарди боласи, калланг жойидами, эсинг ҳам кирари-чиқари бўлиб қолганми дейман? Уч миллионга тўққиз дона тухум сотиб олса ғирт тентаклик, жиннилик-ку… Бўри кал ўзини даволатсин, ёки сен ўзингни даволатгин, бола.
Йўлдош: (Пинагини бузмай) – Сиз шундай ўй­лай­сиз. Лекин Бўри полвон ўша тухумларни очириб дакан хўроз, ҳа, уришадиган хўроз қилади. Ўша хўрозларнинг ҳар бирини камида икки миллионга сотади. Тўққиз ту­хумдан тўққиз урушқоқ жўжа чиқса, урушқоқ хўроз бўл­са, ҳар бирини икки миллиондан сотса ўн саккиз миллион сўм дегани. Ҳа, майли ўн беш миллион ҳам дейлик. Ана ишбилармонлик, мана бизнес…
Чори учар: (Энди анграйиб) – Ҳо… шундай дегин. (Энди ўйланиб қолади) – Сенга бир савол. (Юзидаги терини артади) – Ўша тухумларнинг урушқоқ хўроз бўлишига ким кафил? А? Айт-чи?
Йўлдош: (Хуш кўрмай) – Водийдаги полвон жўра­лари урушқоқ хўрозни товуққа қўйиб, ҳа­лигиндак… (Жим туради…) – Хуллас, шундан сўнг ту­ғил­ган тухумларни Бўри полвонга беришган.
Чори учар: (Ҳамон ҳайратланиб) – Йўқ, бу аниқ жа­воб эмас…
Йўлдош: (Қўл сиқиб) – Айтаверайми? Сиз шу охи­­рига етмасангиз қўймайсиз-да. Тухумларнинг ҳалиги урушқоқ дакан хўроздан эканлигини исботловчи далиллар бор. Видеокамерага олиб боришган. Видео тасмалар бор… Бизнес сизга ўйин эмас, ота.
Чори учар: (Ишониб-ишонмай) – Товуқнинг кети­­ни видеокамера билан пойлашган, де? Ўша хў­роз­ларни чинданам катта-катта пулга уруштиришадими? Биз томонда бундай нағма йўқ-ку?
Йўлдош: (Энди тажанг) – Бор жойда бор. Дакан хўрозларини Бўри полвон ўша, бу ишни мукаммал қилиб эплайдиганларга сотади.
Чори учар:     (Алами келиб) – Сен буларни қаердан билдинг?
Йўлдош: – Ўғли Расул айтди.
Чори учар:     – Тухумларни қачон олиб келибди?
Йўлдош: (Отасига ажабланиб қараб) – Тунов ку­ни. Ота, энди бу гапни кўчага шамоллатиб юборманг. Бу сир.
Чори учар: (Ўғлига норози қараб) – Сен менинг ўғлиммисан ё Бўри калнинг боласимисан-а? Нега мунча унинг тарафини оласан?
Йўлдош: (Ялинганнамо) – Ота, илтимос, Сиз билинг, мен билай. Ҳатто буни Бўри полвоннинг хотини Сарви холаям билмайди.
Чори учар:     (Тажжубланиб) – Нега?
Йўлдош: – Бизнесга хотин киши аралашмагани маъқул-да.
Чори учар:     – Хўш. Ундай бўлса арзанда-ю азиз олтин тухумлар қаерда экан?
Йўлдош: (Отасига маъноли қараб) – Сизга нима қизиғи бор бунинг?
Чори учар:     (Гўё бепарво) – Қизиғи йўқ? Хоҳласам осонликча билиб оламан.
Йўлдош: (Сергак тортиб) – Ота, қўйинг майда гапни. Расулга сўз берувдим. Яқин ошнам у. Шундоғам эшитдингиз-ку ҳаммасини.
Чори учар: (Писанда қилиб) – Расул ошнанг бўл­са, мен отанг.
Йўлдош: (Норози) – Уф! Майли. Ҳеч кимга айт­май­сиз-а, тўғрими.
Чори учар: (Энсаси қотиб) – Тўғри. Тўғри. Айтавер, ҳеч кимга айтмайман.
Йўлдош: – Тухумлар Шоди барака амакининг дў­конидаги музлатгичда. Эртага олишади. Курк товуққа бостиришади.
Чори учар:     (Ўзича мамнун) – Демак, Бўри кал ўзича хотинидан ҳам, бошқалардан ҳам сир тутган. Яхши.
Йўлдош: (Бўшашиб) – Ота, бўпти, мен кетдим….
Чори учар: (Ўғлидан кўнгли тўлмаган ота қи­ёфасида) – Менга қара, Сен қачон одам бўласан? Ёшинг ўттизга борди. Ўн йилдан бери бир институтни зўрға тугатаяпсан. Қачон қарасанг елкангда тўрванг, ғизғизонсан, ғизғизон. Тошкент ҳам ярим қадам бўп қолди сенга.
Йўлдош: – Бўлди, ота, бўлди. Худо хоҳласа бу йил тугатаман ўқишни. (Кейин гапни бошқа ёққа буриб…) – Ота, Эшдавлат аканинг лақабини эшитдингизми? Эшдавлат ҳовуз! Ҳамма уни энди Эшдавлат ҳовуз, деб чақираяпти. Сизнинг шарофатингиздан бу, ота. Лақаби ҳовуз бўлди.
Чори учар: (Энди тутақиб) – Сендан мен Эшдав­латнинг лақабини сўраётганим йўқ-ку, бола. Менга қа­ра, Шоди бараканинг дўконига сен нима оп келиб бердинг?
Йўлдош: (Бепарво) – Нима опкепман?
Чори учар: (Ижирғаниб) – Энағарди боласи, аёлларнинг ҳалигисини… айтаман… Уялмай шуни оп кеп бердингми-а?
Йўлдош: (Ажабсиниб, кулиб) – Шу арзимаган нар­­сани сиз ҳам билдингизми-а? Қишлоқ эмас бу! Бу нақд дунёга хабар тарқайдиган ахборот маркази! Адашиб сумкамга тушиб қолган… Мен ҳам эътибор бермай Шоди амакимга ташлаб кетганман. Шуниям айтдими сизга. Ўзи тоғорадан тор қишлоқ бўлсаям, дунёга хабар тарқатади. Одамлари оғзи билан юради.
Чори учар: (Ўдағайлаб.) – Биров айтдими йўқми, сенинг ишингмас буёғи.
Йўлдош: (Оғрингандай…) – Ота, ахир глобаллашув, цивилизация, деган нарсалар бор, телевизор, интернет. Бу гаплар жуда майда гаплар. Шу нарсага аччиқланиб ўтирибсиз-а?
Чори учар:     (Ажабланиб) – Нимаси майда? Нега аччиқланмай?
Йўлдош: (Энди довдираб) – Ахир дунё ривожланишда. Дунё деворларини ривожланиш бузиб ўтаяпти.
Чори учар: (Мийиғида кулиб) – Дунёни тинч қўй. Бизга тўғри келмайдиган нарсасини сен айтган дунё бизга тиқиштирмасин. Майли, деворимизни ҳам бузмасин, ўша дунё сувилизацияси. Мана шу ён қўшнимиз Орзубой ва бизнинг ҳовлимиз ўртасидаги деворниям бузиб, ёки ундан ошиб ўтмасин, бир балонг, яъни гирдибаломиди, глоболамиди, ўша нарсанг. Чунки, бизнинг қаричимизга тўғри келмай турган ўша ривожланишингни бизга кераги йўқ, бола. Уқдингми. Бундай нарсаларни бизнинг қишлоққа тиқиштирма, бола. Ўша тараққиётинг ҳам тиқиштирмасин.
Йўлдош: (Энсаси қотиб) – Нимани тиқиштиряпти сизга тараққиёт?
Чори учар:     (Энди ғазаби тошиб) – Энангнинг кўк­рак халтасини тиқиштираяпти. Эрта хотин-халажнинг бошқа нарсасини ҳам олиб келиб очиқ-ойдин кўз-кўз қиласанларми? Уялмайсанми, бола?
Йўлдош: (Ноқулай ҳолатда) – Ота, қўйсангиз-чи?
Чори учар: (Ўйчан…) – Нимани қўяман. Орсизлик, номуссизлик арзимаган нарсадан бошланади, болам. Майли, сен айтган сив… сив… гла…
Йўлдош: (Ўзини ўнглаб) – Цивилизация, глобаллашув…
Чори учар: (Бош силкиб) – Ҳа, шундайчакин нар­­салар ориятни оёқ ости қилса, кераги йўқ, болам. Орияти оёқ ости бўлган одамнинг илдизи мўрт бўлади. Ориятсизлик аёлни эркакшода, эркакни эса хотинчалиш қилиб қўяди…

Шу пайт носқовоқ кўтариб пилдираб Рўзихол келади. Ота-боланинг овозини баландлатмай гаплашишаётганидан кўнгли хотиржам, юзига табассум югуради.

Рўзихол: (Жилмайиб) – Ота-бола нимани гаплашаяпсизлар?
Чори учар: (Киноя) – Сувилизация ҳақида…
Рўзихол: (Гўёки бир нарсани тушунгандай… Юзини рўмоли билан тўсиб…) – Вой, ўлмасам…

Шу пайт эшик тақиллайди. Кимдир овоз беради. Машина гуруллаши ҳам эшитилади. Ит ҳуради.

Йўлдош: (Отасига қарата) – Ота, майли, яхши қо­­линглар, эна, бўпти майли, яхши ўтиринглар, Қудрат ошнам вокзалга олиб бориб ташлайман девди, келганга ўхшайди.

УЧИНЧИ САҲНА

Ўша ҳовли. Ўша супа. Чори учар ёнбошлаб олиб газета ўқияпти. Яна эшик тақиллайди. Чори учар бе­зовталаниб қараб туради. Рўзихол ошхона томондан чиқиб келиб эрига қарайди. Авзойидан яна безовта. Эрига энди буниси ким бўлди, дегандай им қоқиб қўяди. Чори учар бошини эшик томонга ирғайди.

Чори учар:     – Нега қоққан қозиқдай бўлиб турибсан? Бор, эшикни оч. Агар нокерак одам бўлса мени йўқ, деб айт.
Рўзихол: (Тумшайиб) – Нокераклигини қаердан би­ламан…
Чори учар: – Аввал қара-чи… Ҳе, ўл талмовсирамай.

Рўзихол эшик томон югургилайди: “Ҳозир, ҳозир, ким у”. Бир пасда қайтиб келади.

Рўзихол: – Анави Нозим шоир бору, Панжи ча­пақайнинг кенжаси. Ўша билан бир ўрис бола турибди эшикди олдида. Нима дей? Тавба, шаҳардан ўрис ошна топиб кепди, ажойиб-да шу бола? Нима дей?
Чори учар:     (Хотинига кинояли жилмайиш билан бош чайқаб) – Чақир! Чақир! Нима дердинг. Чақир! Ўрис бола эмиш. Ўрисмас, инглиз у. Инглиз. Нега анг­раясан, бор чақириб ке. Ҳа-я, сен, қизингникига бораман деятувдинг. Бор, боравер.
Рўзихол: (Эшик томон бораётиб) – Кечқурун бораман қизингизни кўргани.
Чори учар: (Қатъият билан) – Йўқ. Ҳозир борасан. Ҳозир.

Рўзихол эрига норози бир қараб эшик томон йўрғалайди. Ҳовлига ажнабий дўстини эргаштириб Нозим киради. Ажнабий ўнг қўлини боғлаб, бўйнига бинт билан осилтириб олган. Икковига обдон замонавийликнинг суврат-сийратини шундай ёпиштириб қўя қолган. Нозим тавозе билан Чори учарга салом беради. Ажнабий ҳам қўли кўксида Нозимнинг қилиғини қайтаради…

Чори учар: (Мамнун) – Хуш кўрдик, йигитлар. Хуш кўрдик. (Нозим ва ажнабий йигитга ҳавас билан қарайди.)
Нозим: – Чақирибсиз, бова? Тинчликми?
Чори учар: – Ҳа, энди, дунё янгиликларидан баҳ­­раманд бўлай дедик-да, неваражон. Кўз тегмасин, (бир Нозимга, бир ажнабийга қарайди…) Қиш­ло­ғимизнинг фахрисан, фахри, Нозимжон!.. Бош­қани билмадим-у, лекин, мен сен билан фахрланаман. Манави бўйинсангни таништир…
Нозим: – Бу Фелекс Робьсон. Бизга дунёвий мат­­буотдан дарс беради. У ўзбек тилини, урф-одат­ла­ри­мизни ўрганаяпти.
Фелекс: – Салом. Салом. Якши. Якши.
Чори учар: (Ажнабийга диққат билан разм солиб) – Салом, иним. Салом, яхши. (Нозимга) Дуруст. Сенга сабоқ беришини билмадим-у, лекин ўзбеклардан кўп нарсани ўрганиши чин. Ҳа энди, ажойиб удумларимиз бор… Хўш, Нозим, шоир ошнангнинг қўлига нима қилди? Чакки бўпти-ю?
Фелекс: (Яна завқланиб) – Кўл. Кўл. Кураш. Кураш.
Нозим: – Ҳамма нарсага қизиқаверади. Кеча Қо­сим қассобнинг тўйига бордик. Кураш берди. Қўймади, менам ўзбекча курашга тушаман деб, тихирлик қи­лаверди. Меҳмоннинг сазаси ўлмасин деб, хўп дедик. Бўри полвоннинг ўғли, Расул синфдошимиз билан ку­рашга туширдик. Мана, энди шу аҳвол (Нозим ажнабийнинг қулоғига нималардир шипшийди. Ажнабий тасдиқлайди, бош қимирлатади.)
Чори учар: (Уларни супага бошлайди. Супага чиқиб ўтиришади) – Эй, шу Бўри калнинг боласи, Ра­­сул инжиқнинг ҳам фаросати йўқ-да. Меҳмоннинг ҳурматини қилмайдими. Секингина олишиб, йиқилиб қўйса ўлармиди, нокас калнинг боласи…
Нозим: – Йўқ, бова. Расул буни аяди. Йиқилиб ҳам берди. Лекин ўзи сал мўртроқ шекилли, эти эзилиб, пайи чўзилганга ўхшайди.
Чори учар: (Ўтирган жойида эгилиб, Фелекснинг лат еган қўлини ушлаб кўради, диққат билан разм солади) – Чин, чиқмабдиям, синмабдиям, пайи чўзилгани чин. (Бироз Фелексга қараб туради-да, ўнг қўлининг кўр­саткич бармоғини ҳавога ниқтаб) – Топдим. Топдим. Да­воси учун ўзимизнинг ўзбекона усулни қўллаш керак… (Бирдан Чори учарнинг юзида табассум жилва қилади. Иккала қўлини бир-бирига ишқайди. Қарсак чалиб, кулади) – Топдим.

Нозим билан Фелекс ҳайрон.
Нозим: – Нимани топдингиз, бова?
Чори учар: (Шодлигини яширолмай) – Бунинг қў­­лига тухум боғлаш керак… Ҳа, тухумнинг сариғини боғ­ласанг яхши бўлади.

Нозим Фелексга энгашиб шипшиб Чори учарнинг гапини таржима қилган бўлади.
Фелекс: (Ноқулай аҳволда гўё) – Йўк. Йўк. Доктор! Доктор якши.
Чори учар: (Нозимга энди хафа бўлгандай) – Айт, ошнангга. Қадимдан ота-боболаримиз шундай қилган. Удумимизни ўрганаётган экан, амал қилсин-да. Тухумнинг сариғи шишни ҳам, оғриқни ҳам дарров олади. Буни Ибн Сино айтган.

Нозим яна Фелекснинг қулоғига нимадир дейди:

Фелекс: – О, О! Авецино. Авецино. Хуп. Майли. Хуп! Авецино якши.
Чори учар: – Бу бошқа гап. Ҳозир, бу ердан кетаётиб, анави Шоди бараканинг дўконига киринглар. Хонадон тухуми яхши. Унда бор. Тўққиз дона олиб, еттитасининг сариғини олиб, катта косада аралаштириб қўлига суркаб, яхшилаб боғлаб қўй. Иккитасини қовуриб енглар. Удуми шунақа, уқдингми?
Нозим: – Шоди барака шаҳарга кетаётган экан. Ҳозир кўрдик. Дўкони очиқмикин?
Чори учар: (Хурсанд) – Нима? Шоди шаҳарга кетаяпти де? Дўконда хотини савдо қилаётгандир. Айни муддао-да. Айни пайти экан, неваражон. (Сўнг ўзининг шодлигини яширишга уриниб) – Хотини бўлса яхшида, у-бу нарсанинг фаҳмига етади. Хонадон тухумини сўрагин-а! Музлатгичда турибди. Тўққиз дона тухум, уқдингми?
Нозим: – Хўп, бова. Майли. Шундай қиламиз. Ана, Фелекс ҳам рози бўлди. Тухум бўлса, тухум-да. (Ке­­­йин Чори учарга разм солиб) – Бова, нега ча­қир­ти­рув­дингиз?
Чори учар:     (Бош силкиб) – Ҳа-я. Фелекснинг дарди билан бўлиб, чалғиб кетибман, невара. Менга қара, сен Орзубойнинг қизини ёқтирасан деб эшитдим, шу чинми? Анави, ҳозир шаҳарда ўқиётгани бор-ку, муаллимликка ўқиётгани?
Нозим: (Уялиб ерга қараб) – Райҳонни айтаяпсизми?
Чори учар: (Мўлжални бехато олганидан қу­вониб) – Ҳа. Райҳонни айтаяпман. (Нозим ерга қараб турибди) – Хўш, билсанг, отанг Панжи чавандоз энг яқин ошнам. Орзубой ҳам менинг қадрдон жўрам. Иккови ҳам кўнглимнинг туб-тубидаги яқинларим. Лекин, шу Орзубой қизини, Тўйчи раиснинг ҳалиги, туманда катта ишда ишлаётган ўғлига бермоқчи, деган гап оралади қишлоқда. Сен хафа бўлма, Орзубойни чақириб, ётиғи билан тушунтираман… Гапимга киради. Кирмай кўрсин.
Нозим: (Фелексга хижолатли қараб) – Бу гапдан менинг ҳам хабарим бор. Ўзимам Райҳон билан гаплашаман, деб келувдим. Йўқса, Фарғонага, курсдошларимиз билан айлангани кетмоқчийдик. Қишлоққа келишимдан ҳам мақсад Райҳон билан гаплашиш эди, бова.
Чори учар: (У ҳам Фелексга бир қараб қўйиб) – Бу ҳамма гапни тушунавермайдими?
Нозим: – Йўқ. Гапираверинг, бова.
Чори учар: – Тушунмагани яхши. Қишлоқнинг сирини Англия билиши қолувди, энди…

Англия сўзини эшитиб Фелекс Чори учарга ялт этиб қарайди.
Чори учар: (Жилмайиб) – Англия, Англия яхши! Ях­ши нимайди, Нозимбой?
Нозим: – Гуд.
Чори учар: – Англия гуд. Гуд Англия. (Фелекс жил­­маяди.)
Нозим: (Тараддудланиб) – Раҳмат Сизга, бова. Эн­ди мен борай. Шундай қилиб (ерга, бир нуқтага тикилиб) – Райҳоннинг дадаси билан гаплашасиз-а?
Чори учар: – Албатта. Гапим битта. Лекин Нозим, бир масала чиқиб турибди-да.
Нозим: – Нима масала?
Чори учар: (Ўйланиб) – Хўш, менга қара, шу колбаса ўсимлиги борми?
Нозим: (Ҳайрон) – Нима?
Чори учар: (Энди жиддий) – Колбаса ўсимлиги бор­ми, деяпман? Ер юзининг бирор жойида колбаса ўсимлиги борми, деяпман?
Нозим: (Кулади. Фелексга қарайди. Фелекс ҳам нима гап дегандай бир Нозимга, бир Чори учарга қа­райди) – Бова, ҳеч эшитмаганман. Йўқ.
Чори учар: (Фелексга қараб) – Нозимбой, бу гап­ни ошнангга айтиб ўтирма. Демак, бундай қиласан, сендан Орзубойми, унинг ўғлими, колбаса ўсимлиги борми деса, ҳа деб қўявер.
Нозим: (Ажабланиб) – Нега? Нима учун, бова?
Чори учар: (Сирли оҳангда) – Сендан нима кетади, эшитганман де, ҳеч бўлмаса.
Нозим: (Энди айёрона кулиб) – Бова, Орзубой амаки билан гаров ўйнадингизми дейман-а?
Чори учар: – Нима бўлса, бўлди. Хўп де. Сўзим битта, сен шуни тасдиқласанг, Орзубойни қизи Рай­ҳонга уйланишингга аввало Олло, сўнг мен борман. Гапим битта, невара. Хўп де.
Нозим: (Энди жонланиб) – Бўпти. Колбаса ўсим­лиги бор… (Кейин ўйланиб туриб) – Бу дунё кенг бўл­са, балки бордир ҳам. (Нозимнинг ўзи ҳам кулиб юборади…)
Чори учар:     (Ўрнидан туриб кетади. Фелекс ва Нозим ҳам туришади. Чори учар Нозимга қўл узатади) – Қўлни ташла. Келишдик-а.

Нозим ва Чори учар қўл ташлашади. Фелекс ҳайрон.

Нозим: – Бўпти бова, Сизга ишондим.
Чори учар: – Хўш, агар Орзубой, мабодо сендан ижикилаб сўраса, ана Фелексбойни ҳам гувоҳ қилиб кўрсатиб юборавер. Орзубой бу ошнангдан сўраб-су­риштиролмайди. Бунинг учун тил керак. Агарким, ўша колбаса уруғини Фелекс ошнам Чори бовамга Анг­ли­ядан олиб келиб берди, десанг, янаям зўр бўларди. Гапим битта, Орзубойни қизи Райҳонни фақат сенга беришига кўндирмасам, нима десанг деявер, неваражон.
Нозим: (Бу ўйиндан завқланиб) – Бўпти. Гап битта. Колбаса уруғини Сизга биз бердик. Англиядан опкеп бердик, тамом.
Чори учар: (Ҳаддан зиёд шод) – Яшавор, невара. Яша.

Улар супадан тушиб ҳовли ўртасига келишади. Чори учар уларни эшикка кузатади.

Чори учар: – Ҳа дарвоқе, анави Шоди бараканинг дўконидан, инкубаторники бўлмайди, хонадон тухумини опкетиш эсларингдан чиқмасин-а.
Нозим: – Албатта, бова. Ҳозир дўконга кириб олиб кетамиз.
Фелекс: – Якши. Якши. Хайр.
Чори учар: (Фелексга, унинг боғланган чап қў­лига ишора қилиб) – Тухум… Тухум. Яхши. Яхши. Ибн Сино.
Фелекс: – Якши. Тухум.

Нозим ва Фелекс чиқиб кетади. Чори учар ҳовлида шоду хуррам ҳолатда қолади. Завқ-шавққа тўлиб ўзича куй чалиб саҳнада рақсга тушиб ўйнай бошлайди:

Саҳна айланади.

ТЎРТИНЧИ САҲНА

Қишлоқ маркази. Чорраҳа. Норавон, ўйдим-чу­қур тўрт кўча бирлашган жой. Шу ердаги дўкон пеш­тоқига “Шодибек Мирзо Жаҳонгир ал-Барака” ху­сусий фирмаси» деб ёзиб қўйилган. Дўкон ичидан растага ярим белидан суяниб ўтирган Сарви писта чақиб, атрофга аланг-жаланг қараб қўяди.
Шу пайт дўкон ёнига Нозим ва Фелекс келади. Қўли боғлиқ ажнабийга Сарви ажабланиб қарайди.

Нозим: – Салом алайкум, Сарви хола.
Фелекс ҳам: – Салом, салом.
Сарви: (Бир Нозимга, бир Фелексга разм солиб) – Ва алайкум ассалом, келинглар, келинглар, иниларим.
Нозим: – Сарви хола, бизга тухум керак, тухум бор­ми, товуқнинг тухуми?
Сарви: (Чимрилиб) – Айланай, шоиржон, ҳалиям товуқнинг тухумини бераман, илоннинг тухумини эмас.

Тухум сўзини эшитиб Фелекс ҳам гапга аралашади.

Фелекс: – Ес. Ес. Тухум. Авецино.
Нозим: (Сарви холага қараб) – Уф, Авецино дейверибам хит қиворди…
Сарви: – Авециноси нимаси?
Нозим: – Ибн Сино демоқчи!
Сарви: – Ҳай, ҳай, шоиржон, авлиёларга шак келтирманг.
Нозим: (Бироз тажанглашиб) – Бўпти хола, тухумни беринг энди. Музлатгичда, тўққиз дона бор экан-ку.
Сарви: (Тимирскиланиб) – Бор экан. Мана, холодильникда. Ўзиям тўққиз дона экан… шунча тухумни нима қиласизлар-а?
Нозим: (Сарви узатган елим халтани олиб) – Еттитасининг сариғини манавининг қўлига қўйиб боғ­лай­миз. Иккитасини қовуриб еймиз. Шу.
Сарви: – Ота-бобомиз ҳам шундай қилган. Банияти шифо. (Кейин қизиқсиниб) – Инглиз ошнангнинг қў­лига нима қилди, ўзи?
Нозим: (Гапни қисқа қилиш учун) – Эй, бунинг тарихи узун. Кейин биласиз, хола, биз кетдик.

Фелекс, чўнтагидан ўн доллар чиқариб узатади. Нозим унинг қўлидаги долларни олиб, Фелекснинг чўн­тагига қайтариб солиб қўяди. Ўзи ёнидан пул чи­қариб Сарви холага узатади. Фелексга энгашиб нимадир дей­ди.
Фелекс: (Мамнун илжайиб) – Гуд. Гуд.
Сарви: (Кулиб) – Гуд. Гуд. (Сўнг Нозимга қарата) – Ошнангни бизникига ҳам меҳмонга олиб ўт.

Улар кетади. Сарви ҳамон қизиқиш ва ҳаяжонда.

Сарви: – Гудбай. Гуд.

Нозим билан Фелекс кетгач, дўкон ёнида томоқ қи­риб, Орзубой пайдо бўлади.

Орзубой: – Ҳорманг бойбича. Бу дейман, Шоди ба­рака кўринмайди. Савдода ўзингиз экансизда-а. Ях­ши. Яхши.
Сарви: (Пештахта устидаги у-бу нарсаларни тў­ғрилагандай бўлиб) – Келинг, ака. Яхши юрибсизми? Ду­гонам Норгул ҳам яхшигинами, дамликкинами?
Чори учар: – Дугонангиз дамликкина, дамликкина. Диконглаб юрибди, келин, хавотир олманг.
Сарви: – Бирор нарса керакмиди, ака. Нима оберай?
Орзубой: (Дўконга разм солиб) – Анавиндан битта оп беринг. Яхшисидан бўлсин.

Сарви қоғозга ўраб ароқ узатади.
Сарви: – Йўл бўлсин, ака! Зиёфат борми, дейман.
Орзубой: (Бош ирғаб) – Бор, бор. Билмайман, қа­ердандир кун чиқиб Чори учар ошга чақирибди, агар уйда бўлса Шодивой барака ошнамни ҳам бирга олиб ўтай девдим. Отамлашардик. Гурунг-да, гурунг…
Сарви: – Ошнангиз, Худога шукур, бугун сизлар билан бирга отамлашолмайди. Бўри полвон билан бозорга кетди.
Орзубой: – Ҳа, иши бормиди?
Сарви: – Ҳайронман. Кеча иккаласи бизникида ниманингдир режасини тузишди.
Орзубой: (Қизиқсиниб) – Қанақа режа?
Сарви: – Билмадим. Шивир-шивир гаплашишади, денг. Чой оп кирсам дим-дирс жим бўлиб қолишади. Нима гап десам, ошнангизнинг жазаваси тутиб кетди. Жаҳлидан жавзо тути тўкилди, ўзиям.
Орзубой: – Шундай денг, келин? (Ўйланиб туради.)
Сарви: – Билганим шу бўлди – бозордан Бўри пол­­вонга шу кунларда курк бўладиган товуқ олиб ке­лишмоқчиймиш.
Орзубой: (Янаям қизиқиб) – Курк бўладиган то­вуқ… Бозорга ким курк бўладиган товуқ опчиқаркан? Бир товуқ учун икки киши бозорга кетишдими? Қизиқ. (Кейин мавзуни бошқа ёққа буриб) – Ҳозир менинг ол­димдан ўтиб кетганлар ким эди? Яхши таний олмадим. Бирини танигандай бўлдим. Бири Панжи чавандознинг шоир боласи, бир қўлини боғлаб олгани шубҳалироқ…
Сарви: (У ёқ-бу ёққа қараб) – Инглиз у. Инглиз.
Орзубой: (Ҳайрон) – Ё, тавбангдан-ей. Инглиз денг. Шоири тушмагур ўзи ғалатироқ бола чиқди-да. Инглизлар Англияда яшайди-ку… Дунё ҳам бизнинг қишлоққа бир қадам бўп қолди-я. Бу қишлоққа, илгари тумандан бир одам йилда бир ё икки келарди. Анг­лия ҳам Хурсан калнинг томорқаси ёнидан ўтган ариқ устига қурилган кўприкнинг нариги бошидай яқин бўп қолди-я… Ҳа, майли. Мен кетдим… Шоди барака келса айтинг, келин, Чори учарникига ўтсин.
Орзубой кетади. Сарви унинг ортидан тумшаяди.
Сарви: (Орзубой кетгач ортидан) – Ўтади, ҳим… ўтади. Энди учар икковингга қўшилиб яллама-ёрим айтиб чайқалиши қолувди.

Шу пайт Сарвининг пештахта устидаги уяли телефони жиринглайди. Сарви телефонни олиб, қулоғига тутади.

Сарви: (Ҳушёр тортиб) – Эшитаман, хўжайин. Гапираверинг. Ҳа, яхши. Савдо чаккимас. Яхши. Ўзин­гиз яхшимисиз. Бозордан қайтасизми? Яхши, хў­жа­йин. Мол-ҳолга уйда ўғлингиз қараб турибди. Айт­дим, қўйларга ҳам ем беради. Ҳаммасини айтдим. Ха­вотир олманг, бозорлигингизни қилаверинг. Нимани айтяпсиз. Тухумни? Холодильникдаги тухумни? Ие, Бўри полвоннинг тухумимиди у? (Жим… эсанкираб қолади…) – Йўқ… Йў-ў-ўқ… сот… сот… сотмадим. Сотма­дим. Тухумни сот­мадим.

Сарви лабини тишлаб, жим туради. Юзида қўр­қув аломати… Кўйлаги ёқасини сўл қўли билан очиб кўк­сига туфлайди.

Сарви: (Қўрқиб) – Энди нима қилдим-а. (Елпиғич билан елпинади…)

Саҳна қоронғулашади.

БЕШИНЧИ САҲНА

Чори учарнинг ҳовлиси. Супада Чори учар билан Ор­зубой ўтирибди. Гурунг авжида. Дастурхон ҳам қуруқ эмас. Мева-чева. Дастурхонда Орзубой Шоди бараканинг дўконидан олган шиша ҳам диккайиб турибди.

Чори учар:     (Мулозамат билан дастурхонга ишо­ра қилади…) – Ол. Олиб ўтир, ошна. (Шишага қўл чў­­зади…) – Яна битта қуяйми?
Орзубой: (Энди буниси ҳам талтайиб, тавозе билан…) – Эеей, йўқ-йў, йў, йў! Йўқ! Кейинроқ, кейинроқ.
Чори учар: (Шишадан қўлини олиб) – Ҳа, майли, кейин бўлса, кейин-да…
Орзубой: (Чорига сирли тикилиб, у ёқ-бу ёққа аланглаганнамо) – Опчиқ, қачон берасан? Ўзи гапингнинг жони борми?
Чори учар:     (Кўрсаткич бармоғини лабига босиб) – Эеей, секинроқ. Ҳовлиқма. Буни бировга гапирма. Ошнам деб сенгаям илиндим. Кўрайлик-чи? Тажриба-да. Тажриба.
Орзубой: (Яна у ёқ-бу ёққа қараб) – Шуни ким оп келди дединг?
Чори учар: – Нимани?
Орзубой: – Колбаса уруғини-да!
Чори учар: (Юзида табассум) – Нозим шоир бор-у, ўша опкелди. Ҳалиги Пелкис деган ажнабий ўртоғи берибди. Ўша ёқда ҳам экиларкан. У ёқда ҳам ҳали жуда-жуда кам одам биларкан. Асли бу сабилнинг ватани Колумбиями, ишқилиб, тубканинг туби экан…
Орзубой: (Завқланиб) – Валлоҳу Аълам! (Ёқасини ушлайди) – Дунёда мўъжиза кўпда-а?
Чори учар: – Кўп-кўп. Менам Нозим шоирдан ижикилаб сўрадим. Сенга ўхшаб. Биласан-у, мен сув кўрмасам этик ечмайман. Ишондим-да! Нима, дунёда қовун дарахти бор, пахта дарахти бор. Шоколад дарахти бор, ҳатто нонга ўхшаган маҳсулот берадиган дарахт бор, асал берадиган дарахт бор, сут дарахти бўлади-ю, колбаса дарахти бўлмайдими?
Орзубой: (Ҳаяжонланиб) – Дарахт де!
Чори учар: (Энди бир оз каловланиб) – Менимча бу, дарахтдан майдароқ бўлиб, ҳалиги бу­тасимон бўлиб, ўзимизнинг бангидевона бор-у, ўшанга ўхшаб ўсса керак, аммо сабил қолгур росаям сер­ҳосил бў­ларкан…
Орзубой: (Ҳаяжонда) – Ўзингам экдингми?
Чори учар: (Қўли билан ишора қилиб) – Ана, то­морқага сепиб чиқдим. Бироз қолувди, ўйлаб-ўйлаб сен­га илиндим.
Орзубой: – Барака топ, ошна, барака топ. Қуй эн­ди, биттадан олайлик.

Улар ичишади.
Чори учар: (Зеҳн солиб) – Орзубой.
Орзубой: (Хавотир аралаш) – Нима дейсан?
Чори учар: – Энди шу Нозим ёмон бола эмас, қизинг Райҳонга кўнгли бор деб эшитаман. Отаси Панжи чавандоз ҳам чаккимас. Палаги тоза. Шу ёшларга ўзимиз оқ фотиҳа берсак, тақдир-да, тақдир. Нозим шоир ҳам дунё кўрган, ўқимишли бола, қолаверса, қишлоқнинг фахри, ҳали довруғи бутун юртга таралади, ҳалитдан телевизорга чиқиб шеърлар ўқияпти. Кўзинг тушгандир.
Орзубой: (Ўйчан) – Яхши бола-ю, лекин…
Чори учар: (Қатъий) – Ҳеч қандай лекин-пекини йўқ. Бундай уддабурон, ишбилармон куёвни қаердан топасан? Сенгаям, шу колбаса уруғидан беришимни Нозимнинг ўзи тайинлади. Бу қурмағурнинг грамми олтин баҳосида экан. Қиммат-да, қиммат.
Орзубой: (Ҳайратини яширолмай) – Шундай қим­матмикин? Бу, ҳа майли, хотиним билан гаплашиб кў­рай-чи, бир гап бўлар. Энди, уруғни оп чиқ.

Шу пайт девор ортидан овоз келади. Девор ортидан Бўри полвон билан Шоди бараканинг боши кўринади. Улар бозордан қайтаяпти. Уларнинг гап-сўз­лари, кулгуси эшитилиб турибди. Орзубой билан Чори учар девор томонга ажабсиниб қарайди.

Бўри полвон: (Девор ортидан бош силкийди) – Ассалому алайкум. Ҳорманглар.
Шоди барака: – О, ҳов, маишат зўр-ку. Байрамми, дейман?
Чори учар: (Девор томонга бўй чўзиб) – Байрам, байрам. Бизда ҳамиша байрам.
Шоди барака: (Орзубойга қарата) – Орзубой, бу учар ошнамиз қаердан кун чиқиб, мулозамату мар­ҳа­мат қип қолди?

Орзубой эшитмаганга олиб Чори учарга хи­жо­латли ҳолатда қарайди.
Чори учар:     (Норози оҳангда) – Барака, сен ҳам­мани ўзингга ўхшатасан.
Бўри полвон: (Орага қўшилиб) – Ўзига ўхшагани яхши-да, сенга ўхшамаса бўлди-да. Дунёни ўзига ўх­ша­маган одамлар бузади.
Девор ортидан Бўри калнинг илмоқли гап қилиши Чори учарнинг ғазабини қўзғатади.

Чори учар: (Дарғазаб) – Ҳой, кал, оғзингга қараб гапир.
Орзубой: (Ўртага тушиб) – Қўйинглар шу бақир-ча­қирни (Сўнг девор томонга бўйнини чўзиб…) – Эй, Бў­ри полвон, товуқ кўтариб опсизми?
Бўри полвон: (Девор ортидан) – Бозорга борувдик. Ҳа, энди оп келаяпман… Керак-да, керак.
Чори учар: (Кинояли жилмаяди. Сўнг ҳузур қи­либ кулади) – Бу дейман бозордан бирор семизроқ қўч­қор етаклаб келганингда, дунёни бузиб, бошга кў­тараркансанда-а, кал?!
Бўри полвон: (Чори учарга) – Учар, товуқ оламанми, хўроз оламанми, қўй етаклайманми, сенинг ишинг бўлмасин! Ақлинг етмаган ишга аралашма. Гап дунё бозоридан қуруқ қайтмаганники.
Шоди барака: (Овозини баландлатиб) – Қў­йинг­лар-э! Чори, Орзубой, икковинг ҳам кечқурун Бўри полвонникига ўтинглар. Ўша ёқда давом эткизамиз. Зиёфат беради.
Орзубой: (Жонланиб) – Нега энди сеникига эмас? Сабабини билсак бўладими?
Шоди барака: – Билишинг шарт эмас.
Чори учар: – Бўпти, борамиз. Борамиз… Ҳали кеч­гача гап кўп. Бўпти, ўзларинг келинглар, бу ёққа. Бир пиёла чой, ярим косадан шўрва.
Бўри полвон: – Тил учида гапираётганинг маъ­лум-ку. Майли, кечқурун бизникига ўтинглар.
Чори учар:     – Демак кечқурун кун чиқаркан-да, а?

Улар девор ортидан кетиб, ўз йўлида давом этишади.
Орзубой: (Чори учарга илтижоли қараб) – Энди ҳа­­лигини олиб чиқ.
Чори учар: (Ҳовли этагига қараб овоз беради) – Рўзихол, ҳов Рўзихол.

Саҳнага Рўзихол чиқиб келади.
Рўзихол: – Нима дейсиз?
Чори учар: (Сирли қараш қилиб) – Омборхонага кир. Бурга еган телпагимнинг ёнидаги қора халтачани олиб чиқ.
Орзубой: (Қўли кўксида) – Барака топ, ошна, барака боп! Мендан қайтмаса, сенга Худодан қайтсин.
Чори учар:     (Сергак тортиб) – Йўқ, йўқ, йўқ! Худони тинч қўй. Ўзингдан қайтсин, ўзингдан. (Сўнг ми­йиғида кулиб қўяди.)

Рўзихол кичкина қора халтачани олиб келиб эрига беради. Чори учар халтани олиб Орзубойнинг олдига ташлайди. Орзубой халтачани шоша-пиша олиб ҳидлаб кўради.

Орзубой: (Завқланиб) – Чинданам колбасанинг ҳи­ди келаяпти? (Сўнг қўлини дуога очади) – Омин, умрингдан барака топ, ошна.
Чори учар ҳам дуога қўл очади. Улар туришади. Орзубой хурсанд. Хайрлашаётиб Чори учар Орзубойнинг елкасига қўл ташлайди.

Чори учар: – Ошна, энди Нозим билан қизинг Рай­ҳон масаласини ҳам ижобий ҳал этсак, яхши бў­ларди.
Орзубой: (Қўйнидаги халтани яна бир ушлаб кў­риб) – Айт, Панжи чавандозга, айтавер, одам юбораверсин.
Чори учар: (Завқ-шавқ билан унинг елкасига қо­қиб) – Эй, яша. Бу бошқа гап.

Орзубой чиқиб кетади. Чори учар унинг орқасидан кулиб кузатиб қолади. Шу пайт супа ёнига келган Рў­зихол у-бу нарсаларни йиғиштираётган бўлиб, эрига норози тўнғиллайди.

Рўзихол: (Куйиниб) – Ҳой чол, ҳалиям шу қит­мир­лигингизни ташламадингиз-а? Яна бир балони бош­ламоқчимисиз-а?
Чори учар: (Хотинига мамнун қараб) – Эй, сен эркаклар ишига аралашма. Мен буларга Чорини мазах қилиш, ортидан ғийбату-ғурбат қилиш қандай бў­лишини кўрсатиб қўяман.

Шу маҳал девор ортидан бақир-чақир, қий-чув эшитилади. Шоди бараканинг “Лаънати хотин, мендан сўрасанг ўласанми?”, – деган ўдағайлаши эшитилади. Нимадир тарақлайди. Шу тобда ҳалиги кичик девордан ошиб ўтган Сарви – Шоди бараканинг хотини югургилаб Чори учарнинг ҳовлисига чиқади. Рўзихол ва Чори учар ҳайрон бўлиб қараб туришади. Сарви уларнинг олдидан ҳансираб чопиб ўтаётганида, Чори учар унинг йўлини тўсмоқчи бўлади.

Чори учар: – Ҳой, ҳой, келин, бунча ҳовлини айланиб югурасиз, тинчликми?
Сарви: (Ҳансираб) – Тинчликмас, тинчликмас, ана, ана (Сарви қўли билан девор томонни кўрсатади…)

Шу чоғда девор томондан бир дона калиш учиб келиб буларнинг ёнига тушади. Сарви кўча эшик томон чопиб кетади. Энди девордан ошиб ўтган Шоди барака ҳаллослаб югургилаб Сарвининг ортидан қувади.

Шоди барака: (Оёғида бир пой калиш, бири яланг ҳолда ҳансираб, Сарвининг ортидан оёғидаги бу калишни ҳам ечиб ирғитади) – Падарингга минг лаънат сенинг, товуқ мия!

Чори учар Шоди баракани тўхтатиб, йўлини тў­сади. Рўзихол ҳангу манг бўлиб саҳнада сўппайиб, нималар содир бўлаётганини англаб-англамай турибди.

Чори учар: (Шоди баракани билагидан қисиб тўх­­татиб) – Ҳой, менга қара, уялмайсанми? Ёшинг бир жойга борганда бу нима қилиқ? Болаларинг, қўни-қўшни, маҳалла-кўйдан уялмайсанми-а? Бу нима қи­лиқ, ҳей, ўл-е, туришингни қара.

Шоди барака: (Пишнаб, ҳансираб) – Сен сўрама, мен айтмай. Тухумни сотиб юборибди, тухумни.
Чори учар: (Юзидаги шодлик ифодасини яширишга уриниб) – Тухум бўлгандан кейин сотади-да.
Рўзихол: (Энди тилга кириб) – Шунга шунчами?
Шоди барака ерга ўтириб олади-да, аламидан увуллаб, йиғлаворади.

Шоди барака: (Ўтирган кўйи ўз кўксига мушт­лаб…) – Воеей, воеей! Сенлар нимани тушунардинг­лар. Сенларга нима-а-а-а-а. Вой-еее-ей. Қиммат эди-да у тухум. Қиммат эди. Воо-е-ей. Ярамас хотин-а.
Чори учар:     (Қовоғини уюб) – Нима бало одамнинг тухумимиди у?

Рўзихол юзини рўмоли билан тўсиб эрига норози қарайди. Эри унга кет ишорасини қилиб бош ирғайди. Рўзихол кетади.

Шоди барака: (Ўтирган жойида ерни муштлаб) – Ҳа, ҳа! Одамнинг тухуми эди.

Шу пайт дарвоза тақиллайди. Тарс-турс овоз эшитилади. Ҳовлига ҳаллослаб Бўри полвон югуриб киради. Шоди барака ўрнидан ирғиб туради. Ўзини Чори учарнинг панасига олади. Бўри полвон Шоди баракага ташланиб қолади.

Бўри полвон: – Тухумни топ! Тухумни топ! Мана сенга. (Унга мушт тушириб қолади. Шоди барака ҳам вой-войлаб унга ҳамла қилади. Чори учар икковининг орасига тушиб ажратади).
Чори учар: – Бўлди-да энди-ей. Шармандалар. Бўлди. Бўлди. (Улар иккови ҳам бир-биридан ажралади. Бўри полвон Шоди баракага гезариб-бўзариб, хезланиб қараб туради).
Бўри полвон: (Уф тортиб) – Мен билмайман, топасан…
Шоди барака: (Чийиллаб) – Қаердан топаман? А?
Бўри полвон: (Ижирғаниб) – Хотининг ўша лаъна­ти ажнабийга ўзингнинг тухумингни бериб юборса яхши эди, бу кунингдан кўра тухумсиз қолсанг авло эди.
Шоди барака: (Ерга ўтирволиб, унга маҳзун тер­­мулиб) – Топмадингми, уйида йўқмикан?
Бўри полвон: (Юзини тескари буриб) – Кетиб қоп­ти, икковиям шаҳарга жўнаворибди, ярамаслар.
Чори учар: (Гўёки ҳеч нарсадан бехабардай улар­­га ажабсиниб қараб) – Ким кетворибди, кимни қи­ди­раяпсизлар?
Шоди барака: – Анави, инглиз билан Нозим найнов, улар кетиворишибди.
Бўри полвон: (Шоди баракага ўқрайиб қарайди) – Овозингни ўчир. Бас қил. Вайсақи. (Тишини ғижир­латади).
Чори учар: (Ҳеч нарса билмагандай) – Уларда ни­ма ишларинг бор эди?
Бўри полвон: (Қўл силкиб) – Ҳаммасига манави сабабчи.
Шоди: – Менмас. Ўзинг ўлармидинг шу зормандани уйингда сақласанг…
Бўри полвон: (Ўкириб) – Хотининг ҳам ўзингга ўх­шаб қушмия, йўқ, қушмиямас, эшак мия.
Шоди барака: (Хотини ҳақоратланганига чидай олмай, Бўри полвонга ташланиб қолади). – Хотинга тил теккизма. Ҳозир сени бир ёқлик қиламан.

Чори учар Шоди баракани тўхтатиб қолади.
Чори учар:     (Икковининг орасида тўғаноқ туриб). – Бас, бас-е, имонсизлар. Нима қилаяпсанлар?

Шу пайт кўча эшик тарақлаб саҳнага Эшдавлат кириб келади. Ҳамишагидай кўйлаги тугмалари ечилган, олди очиқ, кўкрак-қорни кўриниб турибди. Оёғида калиш. Кайфи бор, ичиб олган. У саҳнага Ҳосила Раҳимованинг “Бос, бос, қамчи бос, отга ўзинг қамчи бос…” деган қўшиғини хиргойи қилиб чавандоз алфозда қўлини ҳаволатиб кириб келади. Буларнинг учаласи ҳам жимиб қолишади.

Эшдавлат: (Чайқалинқираб уларга яқинла­шар­кан). – Бос, бос, қамчи бос, отга ўзинг қамчи бос… Эй, эй, жамоат жам, биргина Эшдавлат кам. (Уларга синчковлик билан назар ташлайди) – Ҳимм… Майли, майли, биз жиммиз. Биз гапирмаймиз. (Чори учарга қараб) – Тоға, фақат бир отимгина нос беринг. (Сўнг Шоди баракага қараб) – Барака амакимизнинг супермаркети ёпиқ экан. Чечам ҳам йўқ. Жим-житлик. Қишлоқда ўрнингиз бор амаки, шу дўконингиз билан вей, менга қаранг, Сиз қишлоғимиз тарихида қоласиз-да.

Ҳалигиларнинг учаласи ҳам жим. Бир-бирига қа­райди.
Чори учар:     (Қўйнидан носқовоқ олиб Эшдавлатга узатади) – Ма, жиян. Ол.
Эшдавлат: (Уни қучоқлаб ўпмоқчи бўлади) – Ўзимни тоғам, ўзимни тоо-ғаам!

Чори учар орқага тисланади. Шоди барака бурнини жийиради, ароқнинг ҳидидан беҳузур бўлган каби афтини бужмайтиради. Бўри полвон қўли билан бурнининг олдини елпийди. Эшдавлат Шоди барака билан Бўри полвонга бир ўқрайиб қарайди. Сўнг Чори учарга қараб жилмаяди.

Эшдавлат: (Чори учарга) – Тоға, компания зўр-ку. (Супа томонга, аниқроғи дастурхонда диккайиб турган ароққа суқланиб қарайди.)
Чори учар: – Жўна энди жиян, дамингни ол.

Эшдавлат кетаётиб Бўри полвон билан Шоди баракага ўқраяди:

Эшдавлат: (Уларга) – Тоға кечагина, булар оғиз-бурун ўпишиб, сиз билан менинг устимдан кулишиб маишат қилишаётувди. Бугун бир-бири билан қирти-қиён бўлиб ўтиришибди-ми? Эшитдим… Эшитдим. Ярим қишлоқ нега бу икки авлиё бир-бири билан жиққа-мушт бўлаётганига ҳайрон. Кеча мени ҳовуз қуллуқ бўлсин, калласи шамолда қолган учар тоғангнинг маслаҳатига кириб бугун абжағинг чиқиб ўтирибди деб, роса кулишган ҳам шулар… Бугун… бугун… калласи шамолда қолган бўлсаям тоғамиздан маслаҳат сўрашга ке­либдилар-ку… Ҳей, ҳар нарса бўлганларинг яхши.

Эшдавлат саҳнадан чайқалган кўйи “Бос, бос, қамчи бос, отга ўзинг қамчи бос…” деб чиқиб кетади. Бўри полвон ҳам, Шоди барака ҳам ерга ўтириб олади. Ерга қараб, бир нуқтага тикилиб қолишади. Кишини ўйга чўмдирадиган мусиқа янграйди.
Чори учар:     (Худди ўзига ўзи гапиргандай, бироқ ҳаммага эшитилар тарзда). – Бўри, Шоди. Ошналар. Менинг ҳеч қачон сизларга, одамларга хусуматим бўлмаган. Хусуматим йўқ ҳам. Фақат сизларнинг бунчалар майдафеъл, майдакашликларингдан суяк-суягимга оғриқ киради. Эсингдами, Бўри, энди хизматдан келган пайтимиз… Ҳа, мен уч йилликда, матросликда хизмат қилиб келган эдим. Ўша Содиқ тоғамизнинг тўйида сен билан курашга тушдим. Сенам эпчил эдинг, кучли эдинг, зўр эдинг, тан оламан. Лекин сени йиқитишга кўзим етарди, сени йиқитолардим ҳам. Олишув чоғида сўл қўлим чимиллаб кетди, қалтис ҳаракат қилиб қўлимни чиқариб юбординг. Кўзимдан ўт-олов сачраб, бошим айланди. Базўр ўзимни тутиб турардим. “Ошна, қўлим чиқиб кетди, Бўри ошна, қўлим чиқиб кетди…” дедим. Сен… Сен ноилож турган аҳволимда мени йиқитдинг. Бу ҳам етмагандай бор гавдангни устимдан ташладинг… Сўнг… Баковулларга, олишни кузатаётган қишлоқ аҳлига мағрур қараб ўрнингдан турдинг. Ҳамма Бўри Чорини эгнидан ошириб урганда қўли чиқиб кетди, деб ўйлади. Ҳа, ҳамма шундай тушунди. Мен ҳеч кимга ҳеч нарса демай, даврани мағлуб бўлиб тарк этдим… Шундан бери тўйда курашга чиқишга бетлай олмадим. Шундан бери сени кўрсам сўл қўлим зирқираб оғрийди. Шундан бери, мен эл қатори, одамлар, қишлоқдошларим каби сенинг номингга полвон сўзини қўшиб айтолмайман. Йўқ, ўтгани ўтди. Ёшимиз бир жойга борди. Ўша воқеани мен ёшликнинг хатоси, ҳа, ёшликнинг ғўрлиги деб биламан… Бугун-чи, бугун, Шоди икковингнинг қилиб юрган ишларинг энсамни қотирди. Тўғри, замон бошқа, яхши яшаш керак. Лекин… Лекин, ота-бованг қилган ишларни қилсаларинг, қўлингдан келадиган, эр кишига ярашадиган ишни қилсаларинг бўлади-ку. Мен сенларга бўйинсаман – ошнаман, бари бир айтишим керак! Замонга боқ, телевизор кўраяпсанлар, қандай ўзгаришлар бўлаяпти. Тадбиркорлик, касаначилик, фер­мерлик… Бизнинг қишлоқда ҳам шунга имконият бор-ку-а? Сен, мен, Шоди бириксак, ана Орзубойни ҳам қаватимизга олсак, элгаям, ўзимизгаям нафи тегадиган иш билан шуғуллансак бўлмайдими? Мен водийнинг Олмос деган қишлоғида бўлиб келдим. Бир парча, кафтдек бўш ер йўқ, ҳосил олишади, жаннат дейсан… Бизларда ҳатто катта томорқамиз ҳам бўш ётади. Ишламаймиз. Қанча имкониятларимиз бор… Худога шукур, чорвамиз бор, еримиз бор, боғу роғларимизда ҳосил мўл бўлади, энг муҳими, қишлоғимизнинг бир эмас, икки жойидан дарё оқиб ўтади, тоққа туташ адирларда қурилишбоп хомашёлар бор. Биз фақат каллани ишлатмаймиз. Осоннинг остидан, енгилнинг устидан ўтамиз деймиз. Мана, шу Эшдавлат жияним. Мен унга юз бора тушунтирдим, Ҳазорбоғ каналининг тагида бўш ётган ерини ҳужжатлаштириб, ҳовуз қазиб, балиқчилик хўжалиги қил дедим. Бу нима қилди, уйи­да ҳовуз қазиб туппа-тузук томорқани расво қилди. Яна, мен айбдормишман. Сен-чи Бўри, шу ишингни, манави, хўрозбозлик ишингни мени билмайди, деб ўйлайсанми? Ҳаммасидан хабарим бор. Куракда турадиган ишни қилсанг-чи? Бундай ўйинларнинг эгаси бор, Сен билан мен эмас, Бўри. Бу ишинг бошингга бир фалокат опкелади, кейин кеч бўлади. Ундан кўра ана, Дегриз сув омбори ёнидаги 150-200 гектар ерни олиб, фермерчилик билан шуғулланайлик. Чорва бо­қайлик. Озуқага сувли ер бор, қолаверса, ўтган замондан қолган улкан молхона қовурғаси чиқиб, нурай деяпти. Шуни таъмирлайлик…
Шоди барака: (Ўрнидан туриб кетади) – Чори, ўзингмисан, нималар деяпсан. Бу ишларга пулни қа­ердан оласан?
Чори учар: – Олдин бизнес режа тайёрлаймиз. Ана, банкдан кредит оламиз. Шуям муаммоми? Ал­лақандай товуқ тухуми ҳақидаги эртакка кўз тикиб, ҳа­войи режалар тузгандан кўра бу минг марта авло эмасми? Энди бу замонда боқиманда бўлиб яшай олмайсан. Ишласанг, каллани ишлатиб ишласанг одамдай яшайсан. Яхшиси, сенлар, Ўзбекистоннинг бошқа жойларига чиқиб, бир айланиб, ўз кўзларинг билан кўриб келинглар. Тўғри, қишлоғимиз яхши, одамларимиз танти, содда, ўзига хос чапани, ҳазилу ҳузулнинг жони, лекин, замонни билиб, замон билан бирга яшаш учун фақатгина шу фазилатлар камлик қилади. Ишбилармонлик керак. Аввало ўз оиламизда шундай кайфият яратишимиз лозим. Бунинг учун мен ҳам ўғлим Йўлдошалининг аллақандай майда-чуйда ишлар билан шуғулланиб, тўрва елкалаб югургилашига, фирибгарлигига чек қўйишим керак.
Бўри полвон: (Ўтирган жойида анграйиб) – Худо сенга гапдан берган-да. Бизнинг устимиздан кулаяпсанми, дейман?
Чори учар: – Йўқ, бўлари гапни айтдим. Ҳо­ки­миятга ариза бердим. Сув омбор ёнидаги эски ферма атрофидан юз гектар ер олиб чорвага мос фермер хўжалиги очамиз. Сенлар менга қўшилсанг бас. Банк иши ҳам гаплашилди, ҳал бўлади. (Сўнг кулади) – Хоҳласанг, ўша ерда ҳам дакан хўрозларингни кўпайтираверасан.
Бўри полвон: (У ҳам ўрнидан туради. Ерга қа­раб, Чори учарнинг кўзига тик қарай олмайди). – Чори, мени кечир. Ҳаммаси учун мени кечир, ошна…
Чори учар: (Бош ирғаб) – Айтдим-ку, ўтган иш ўт­ди. Ёшликнинг ғўрлиги, ёш ўтгач кўнгилга оғриқ бермаслиги керак.
Шоди барака: (Энди у ҳам Бўри полвоннинг юмшаганидан қувониб). – Албатта. Бизлар ошна бўлсак…

Бўри полвон Шоди баракага ўқрайиб қараб қўяди. Чори учар супа томон юра бошлайди. Супадаги тўн­карилган тоғорани кўтариб, унинг остидан ичига нимадир солинган елим халтани олиб, Бўри полвон ва Шоди барака ёнига келади.

Чори учар: (Бўри полвонга) – Манавини ол.
Бўри полвон: – Нима бу?
Чори учар:     – Ол, олавер.

Бўри полвон елим халтани олиб, унинг ичига қа­райди. Сўнг бирдан Чори учарнинг юзига тик қа­рай­ди. Жим бўлиб қолади.
Шоди барака: – Нима гап? Нима бўлди?
Чори учар:     (Бўри полвонга) – Сен миллион-миллионга сотиб олган тухумлар шуми?
Бўри полвон: (Кўзини олиб қочиб, оҳиста) – Шу, ошна. Шу.
Шоди барака: (Ёқасини ушлаб) – Ё, Алҳазар!
Чори учар: – Энди буларни нима қиласан?
Бўри полвон: – Нима қилай?
Чори учар: – Ўша оғайниларингга қайтариб топ­шир. Пулингни қайтариб ол. Сотиб юборган мол-ҳо­лингни оғилга, қўрага қайтариб сол. Оғилида мо­ли, қўрасида қўйи йўқ одамнинг рўзғорида барака бўл­майди.
Шоди барака: (Ҳовлиқиб) – Қандай қилиб бу тухумлар сенинг қўлингга тушиб қолди?
Чори учар: (Мийиғида кулиб) – Сир. Бунинг учун Нозим шоирни ҳам, ҳалиги инглиз меҳмонни ҳам яниб ётманглар.

Ҳар учаласи баравар кулиб юборишади. Чо­ри учар уларни супага чорлайди.

Бўри полвон: – Мен кетдим.
ЧОРИ УЧАР: (Ажабсиниб) – Қаёққа?
Бўри полвон: – Фарғонага. Манави зормандаларни ўз эгаларига бериб қайтаман. Сен айтгандай куракда турадиган ишларни қилай…

Бўри полвон кетади. Чори учар ва Шоди барака супа ёнида қолади.

ОЛТИНЧИ САҲНА

Орзубойнинг ҳовлиси. Оддий қишлоқ хонадони. Ҳовлида дарахт соя ташлаган жойга ўрнатилган ёғоч каравотда Орзубой кўрпа-тўшак қилиб ётибди. Боши гарди рўмол билан боғланган. Ёнида қизи Райҳон. Ғамгин қиёфада отасининг бошида ўтирибди. Райҳон отаси бош қўйган ёстиқ ёнидаги чойнакдан пиёлага чой қуйиб, бир қўли билан отасининг бошидан ўнғай бўлсин учун кўтариб, унинг оғзига пиёлани яқин олиб боради. Ота қўли билан «ичмайман» ишорасини қилади. Қиз отасининг бошини ёстиққа қўяди. Шу маҳал Орзубойнинг хотини Норгул эрининг бошидан исириқ тутаётган оташкуракни айлантиради. Ҳовли эшиги тарақлаб қишлоқнинг қушноч кампири Тўхта хола кириб келади. Қиз билан она худди нажоткорини кўрган каби ўрнидан дик этиб туришади. Она қўлида тутаётган оташкуракни қизига беради, қизи оташкуракни олиб чиқиб кетади. Орзубойнинг бошида Тўхта қушноч билан Норгул қолишади. Норгул сўзсиз ётган эрига қараб ҳиқиллаб йиғлаб кўз ёш тўкаяпти. Рўмоли учи билан кўз ёшларини ҳам артади. Тўхта қушноч каттакон гарди рўмоли учига тугилган пахтани олиб беморнинг бошидан айлантириб уни силай бошлайди. Нималарнидир пичирлайди.
Тўхта қушноч: (Норгулга) – Гапирмай қўйдими?
Норгул: (Қалтираб) – Гапиради, гапираяпти. Ҳо­зиргина дўхтир келиб уйқу дори бериб, ухлатиб кетди. Гапиргандаям ғалати гаплар қилаверади, гапи ғалати, эси кирди-чиқди бўлганга ўхшайди. Ана, ётган жойида томорқани кўрсатиб, даромад дейди. Колбаса дейди. Колбаса экдим, жуда кўп дейди.
Тўхта кампир: (Силашдан тўхтаб) – Бу нима деганинг? Томорқа томонни кўрсатаяпти?
Норгул: – Ҳа, анави жойни, ёнғоқ томонни кўр­сатиб, нуқул колбаса дейди. Алаҳсийди.
Тўхта қушноч: (Ўйчан) – Жин чалибди. Эрингни жин чалибди. Ёнғоқнинг тагида ухлаган, кейин ўрнидан туриб сувга ҳалиги, сувга чоптирган. Жин чалган буни. Сулаймон ота оралабди бунингга. Ҳа, ёнғоқнинг тагида ухлаб туриб ё кул босган, ё ҳали айтганим сувга…
Норгул: – Энди нима бўлади?
Тўхта кампир: (Орзубойга энгашиб, нафасини ростлаб) – Ҳой, бадбахт. Қайт. Қайтмасанг сенга лаънат, қайтармасам менга лаънат. Қайт бадбахт, қайт. (У ўзича жинни лаънатлай бошлайди. Сўнг нималарнидир ичида овоз чиқармай узоқ ўқийди. Пичирлайди. Сўнг, беморга куф-суф қилиб, яна қўлига пахта олиб унинг бошидан айлантиради…) – Рўйпирли боваларим, ҳазил-ҳузил қилган бўлса кечирингизлар, айтган-бойлаганларини сизга раво кўрди. Эсор-ўсар юрган бўлса кечирингизлар. (Сўнг беморнинг бошида туриб яна нималарнидир пичирлайди-да, дуога қўл очиб юзига фотиҳа тортади. Сўнг Норгулга) – Яхши бўп кетади. Тез бир оқ хўрозди сўйиб, қонига пахта ботириб ўчоққа ташлагин. Мени айтди дейсан, тузалиб қолади. (Сўнг ҳовлига қараб) – Шу ёнғоқ ўлгурни узоқроққа эксанглар бўлмасмиди, буям етмагандай чолдевор олдини кулхона қип ташлабсизлар. Зиён бу, зиён, айланай, зиён! Бундай жойни босгандан кейин, колбаса эмас, бошқа нарсаям деб алаҳсийди, айланай. Тавба, колбаса эмиш..

Тўхта қушноч ўрнидан туради. Норгул унга нимадир солинган тугунча тутади. Тўхта қушноч тугунни олади-да қўлтиғига қистириб дуога қўл очади.

Тўхта қушноч: – Омин, менинг қўлим эмас, биби отинларимизнинг қўли, шу инимиз соғайиб кетсин.

Тўхта кампир чиқиб кетади. Райҳон югуриб келиб яна ухлаётган бемор отасининг ёнида ўтириб, унинг бошини силай бошлайди.

Райҳон: – Отажон, отажоним. Ҳали яхши бўп кетасиз, ота. Бироз асабийлашибсиз, ота. (У отасининг юзидан оҳиста ўпиб қўяди.)
Кўча эшик тарақлаб ҳовлига Чори учар кириб келади. Беморнинг ёнига келиб ўтиради. Райҳон қўлини кўксига қўйиб салом бериб ҳовли адоғига кетади. Чори учар бир алфозда ётган Орзубойга эзилиб, раҳм ва ўкинч туйғулари билан қарайди. Шу маҳал ошхона томондан Норгул чиқиб келиб, бемор ёнида унга ачиниб қараб ўтирган Чори учарга дардини ёя бошлайди. У ҳам беморнинг бу ёнига ўтиради.
Норгул: – Кўрмайсизми, ака, туппа-тузук юрувди. Мормин қишлоққа, ошнасиникига тўйга ҳам бориб келди. Сўнг томорқани айланди. Ёнғоқ тагида туриб нималарнидир чамалади. Ҳисоблади.
Чори учар: (Ҳушёр тортиб) – Нималарни чамалади?
Норгул: (Бармоқларини букиб кўрсатиб) – Худди шундай қилиб, бармоқларини букиб бир тонна чиқса ўн миллион, ўн тонна чиқса юз миллион, деб ҳисоблади. Мен ёнғоқ ортида деворга таппи ёпаётгандим. Ўзича кулиб ҳам қўядими-ей… Хуллас алламбалоларни ҳи­соблайвериб ўн дақиқалар томорқа бошида турди, денг…
Чори учар: (Асабийлашиб) – Менга қаранг, нимани ҳисоблайди, нимани ахир?
Норгул: (Энди бош чайқаб) – Колбасани. Колбаса экканман дейди. Кўрмайсизми, ақли ҳам кетганми, деб қўрқаман-да. (Сўнг йиғлай бошлайди…)
Чори учар: (Овозини пасайтириб) – Эрингизнинг бу гапини ҳеч ким эшитмадими, келин?
Норгул: – Йўқ, эшитмади. Бир мен, бир қизим, бир қушноч кампирга айтдик, шу билади.
Чори учар: (Энди бақириб юборади) – Нима? Қушноч? Қанақа қушноч? Вой, энди Худо урди, бутун қишлоқ билади, бутун қишлоққа кетди бу хабар.
Норгул: (Эсанкираб) – Қайси хабар?
Чори учар: (Жаҳл билан) – Эрингизнинг жинни бўл­гани, колбаса эккани.
Норгул: (Дийдиё қилиб) – Ака, одамнинг куни би­тиши олдидан шундай бўп қолармикин-а? Кўчиб келганимиздан бери, йигирма йилдан бери томорқага қўл урмаган эди. Йилда бир марта мол-ҳолга ўт ўриб олардик. Бу йил бир ойдан бери тиним билмай, томорқада ишлади. Юмшатди, илдизларни тозалади, кун бўйи саҳардан шомгача томорқадан чиқмади. Мен ҳазиллашиб, агар шунча йилдан бери шундай ишлаганингизда аллақачон бошқача яшардик, бой бўп кетардик десам, ҳали кўрасан, шу йилнинг ўзида бойиб кетамиз, бу катта шанс, деди… Нимага ундай деди билмайман. Ё бундай ишга шўнғиб, ишга берилиб кетиши оғирлик қилдимикин-а, офтоб урдимикин-а, ё кўз тегдимикин-а… (Норгул уввос тортиб йиғлай бошлайди…)
Чори учар: (Атрофга аланг-жаланг) – Жим-е, се­кинроқ… Ҳар хил гапни қўйинг, келин.

Чори уларнинг ҳовлиси. Ҳовли эшиги тарақлаб Тўхта қушноч кириб кела­ди. Супа томонга юради. Унинг келганини кўрган Рў­зихол худди нажот фариштасига йўлиққандай олдига югуради.

Рўзихол: (Ўргилиб, айланиб) – Келдингизми, ду­го­­нажон. Яхшимисиз, айланай, суягингиз енгилми, дам­­­­ликкинамисиз?
Тўхта қушноч: (Виқор билан супага қараб) – Ни­ма бўлди, айланай. Қирдан қулаган айиқ полвонга ўх­шаб ётибди эрингиз…
Рўзихол: – Кўрмайсизми? Бир кунда шундай бўл­ди, дугонажон.
Тўхта қушноч: (Супада беморнинг ёнида ўтириб) – Ўзиям Одам атони танимай кетувди, эрингиз. Қилма топасан, деган нақл бор… Энди, гўр бўлармиди, гердайгани гердайган эди-я ўзиям.
Рўзихол: (Ялиниш оҳангида) – Орзубой акани да­волаганингиздан кейин, бутун қишлоқ нафасингизга тан берди, дугонажон. Эримнинг ўзи ҳам сизни сўради.
Тўхта қушноч: (Беморга ажабсиниб) – Ўзи сўра­дими?
Рўзихол: – Ўзи бир аҳволда-ю сизни сўради, айланай.
Тўхта қушноч: (Бемор ёнига ўрнашиб ўтириб, керилган кўйи, худди Орзубой бетоб бўлганда нима қилган бўлса, шундай ҳаракат қилиб, айнан ўша гап­ларни такрорлай бошлайди-да, рўмоли учига тугилган пахтани ўнг қўлига олиб, беморнинг бошидан айлантириб уни силай бошлайди… Силаб бўлгач – икки қўлининг панжаларини ёзиб олдга-ортга тортиб) – Қайт бадбахт, қайт бадбахт. Қайтмасанг сенга лаънат, қайтармасам менга лаънат. Куфф-суфф. Куфф, сууфф… (У бемор бошида яна нималарнидир пичирлайди…)
Рўзихол: – Тузалармикин, ишқилиб?
Тўхта қушноч: – Тузалади. Кўпларнинг дилини оғринтирган. Руҳлар қўрангиздаги оппоқ қўчқорни сў­раяпти. Шуни сўйиб худойи қилинг… Кейин ҳамма деразаларни уч кеча-кундуз очиб қўйинг! Эрингизнинг эгнидан сира тушмайдиган яхши кўрган тўниними, бирор кийимини қишлоқ йўлидаги лайлак тутнинг шохига илиб қўйинг. Ҳаммани кўзи тушсин. Икки кундан кейин олиб уни қўшнининг эшагига жабдуқ қилинглар.

Шу пайт Чори учар Тўхта қушночнинг би­лагидан шартта ушлаб олади. Тўхта қушноч қўрққанидан чин­қириб ўрнидан туради. Чори учар ҳам унинг қўлини қўйвормай ўрнидан туриб кетади. Тўхта қушноч ўта­каси ёрилгудай бўлиб:

Тўхта қушноч: (Қўрқиб) – Қўлимни қўйворинг, қў­лимни қўйвор!
Чори учар: (Ғазаб билан) – Қўйвормайман! Сенга кўрсатиб қўяман, мени касал деб оғзингга келган гапни гапиравердинг-а?
Рўзихол: (У ҳам ўрнидан туриб, гоҳ эрига, гоҳ қушночга қараб, анграйиб, уларни айланиб югура бош­лайди) – Вой, ўлмасам, вой, ўлмасам.
Тўхта қушноч: (Рўзихолга) – Ҳой, ҳой, Рўзи. Эрингизнинг қуёнчиғи қўзиб, тутқаноғи тутганга ўхшайди. Бу соғмас, бу жинни бўпти.
Чори учар: (Уни қувиб, ортидан тепиш учун оё­ғини кўтариб қувлайди. Ҳамон уни қувлаб) – Ўзинг жин­ни! Ўзинг тентаксан!

Тўхта қушноч югургилаб-югургилаб, саҳнанинг четида ўтириб қолади. Оғир уф тортади. Чори учар супа четида ўтириб ҳансирайди. Рўзихол жойида тик туриб гоҳ эрига, гоҳ қушночга қарайди.

Тўхта қушноч: (Уф тортиб) – Рўзи, Рўзи дугона, бу нима қилиқ? Шум эрингизни гўр ҳам ютмайди. Мени ўлдирай деди, бу эрингиз нақ тентак. Тентак.
Чори учар: (Ўрнидан туриб) – Бас қил, бас. Ўзингнинг эсинг кетган. Оқ қўчқор эмиш, чопонни жаб­дуқ қил эмиш, сенга кўрсатиб қўяман. Алвасти.
Рўзихол: (Эрига қараб йиғлаб) – Қилиғингиз қур­син. Бу нима ҳазил-а? Бу нима қилғилик?
Чори учар: (Белини ушлаб, заҳарли кулиб) – Хўш, гап бундай, Тўхта қушноч, икковимиз ўртамиздаги бир сир бор, эсингдан чиқмайди-я?
Тўхта қушноч: (Бош ирғаб уф тортиб) – Шунинг ўчини олай девдингизми-а? Қирқ йил қирон келсаям, қирилиб кетгурнинг эсидан чиқмабди.
Чори учар: (Тиржаяди) – Эсдан чиқмайди. Эсдан чиқмайди. Мана шу елкамга ўтирғизиб пахта пояни кесиб ўтганим сира эсимдан чиқмайди.
Рўзихол: (Эрига анграйиб, ҳеч нарсани тушунмагандай қараб) – Кимни кўтарасиз? Кимни елкангизда кўтаргансиз, нега кўтаргансиз?
Чори учар: (Киноя билан Тўхта қушночга ишора қилиб) – Анавини.
Тўхта қушноч: (Юзини қўли билан тўсиб) – Во-о-ей! Одам бўлмай ўлгура-а?
Чори учар: (Хотинига) – Хотин, сен қайғурма, ҳеч нарса бўлгани йўқ. Обшир қишлоқдан сел келиб авжи баҳорда Хўжаипок дарёсида сув тошувди. Ўшанда бу Ғўччи тентакка нон синдирилиб фотиҳа қилинган эди. Қарасам дарёда оқиб ўладиган. Ноилож, елкамга миндириб дарёдан олиб ўтдим… Сўнг буларни тўйи бўлди. Ўғли, ҳалиги Содиқ эзма туғилди. Елкамга минган бойвучча эса бугун бундай деб турибди.
Тўхта қушноч: (Йиғламоқдан бери бўлиб) – Воеей. Вооеей. Шуни ўчини олдингизми-я, одам бўлмай ҳар бало бўлгур…
Чори учар: (Айёрона) – Йўқ. Ўч олиш учун чақир­мадим. Бир таклиф бор, шуни қилмасанг, у дунё бу дунё норизоман…
Тўхта қушноч: (Энди аланглаб) – Яна нимани бош­ламоқчисиз?
Чори учар: (Бир Рўзихолга, бир Тўхта қушночга қараб) – Орзубойнинг хотинига айтасан… У гапингга кўнади. Эримни қушноч даволади, деб ўйлаяпти. Майли, дард ҳам, шифо ҳам Худодан. Хуллас, бу кеча Орзубойникида бўл. Чироқ ёқиб ис чиқар, ўқитасанми, силайсанми, ирим-сирим қиласанми, икки-уч соатга ҳовлига чиқармасанг бўлди. Бола-чақасиям чиқмасин, ирими шунақа де… Инс-жинсларни қуваяпман де.
Рўзихол: – Яна нима ўйин бошламоқчисиз?
Чори учар: (Хотинига ўшқириб) – Жим. Жим бўл.
Тўхта қушноч: (Ўрнидан туриб) – Мен ҳовлига чиқманглар десам, улар гапимга киради, деб ўй­лай­сизми?
Чори учар: (Айёрона кулиб) – Албатта. Қушноч, Сен айтсанг, айтганингни қилишади. Чироқ ёқиб ис чиқараман, Сизлар ҳовлига чиқишларинг хавфли, шун­дай қилсак Орзубой батамом, тузалади дейсан, вас­салом.
Тўхта қушноч: (Ҳайратини яширолмай, бош чай­қаб) – Тушунарли, мен унинг уйида чироқ ёқиб, ис чи­қараман.
Чори учар: (Кулиб) – Албатта шундай! Тўғри топ­­­динг. Фақат, Орзубой бола-бақраси билан кечаси ҳовлига чиқмай турса бас. Икки соатга.
Рўзихол: (Эрига) – Сиз қачон тинчийсиз?
Чори учар: – Жим! Жим бўл!
Тўхта қушноч: – Мен… Мен.
Чори учар: – Ҳа… боравер. Шу кеча… Тушундингми? Соат ўндан ўн иккигача!

Шу пайт ҳовли эшиги тарақлаб Эшдавлат “Бос, бос, қамчи бос, отга ўзинг қамчи, бос!” қўшиғини хиргойи қилиб кириб келади. Саҳна ўртасига келганда оёғида тик турган Чори учарга, қушночга ва Рўзихолга қараб қотиб, ҳангу-манг бўлиб қолади.
Эшдавлат: – Тоға!.. Тоға!.. Ие-ие, қайтиб кеп­сизда-а, тоға! (Кейин яна ҳайратлангандай…) – Оббо тоға-е, Тўхта холам Сизни тирилтирибди-а? Қойил-е, қойил холажон (Қушночга таъзим қилади). Барака топинг, хола… Одамлар, қушноч хола зўр деса, ишонмасдим. Чин экан, чин экан, хола.
Чори учар: (Қовоқ уюб Рўзихол ва Тўхта қуш­ноч­га қараб) – Қани, Сизлар энди боринглар. Бизнинг Эшдавлатбой билан ишимиз бор…

Хотинлар чиқиб кетади. Чори учар Эшдавлатга юзланади.

Чори учар: (Ўсмоқчилаб) – Жиян, шу… бир хизмат бор!
Эшдавлат: (Чори учарга яқин келади. Чори учар Эшдавлатга бурнини жийириб қўли билан елпинган бўлади.) – Ҳа, энди тоға, йигитчилик…
Чори учар: (Норизо) – Қачон қараса шу ўлгурни ичиб оғзинг сасиб юради. Винзавод бўп кет-а…
Эшдавлат: – Нима гапингиз бор эди, тоға?
Чори учар: (Ундан сал узоқроқ туриб) – Шу ерда туравер. Яқинимга келмасанг ҳам майли, жиян.
Эшдавлат: (Норизо) – Уфф…
Чори учар: (Масофа сақлаб) – Жиян, ҳалиги, оқ тепанинг ёнидаги кўл атрофида бангидевона ўсади биласан-а?
Эшдавлат: – Биламан.
Чори учар: – Ана шу бангидевонадан бир қучоқ олиб кел, жиян.
Эшдавлат: – Эй-е, тоға, шу сассиқ бутани нима қи­ласиз? Бангидевонани мол ҳам емайди-ку, сассиқ-ку?
Чори учар: – Ишинг бўлмасин, одамнинг белига келадиган бўлиб қолганларини илдиз-пилдизи билан қўшиб суғуриб олиб кел.
Эшдавлат: Хўп.

САККИЗИНЧИ САҲНА

Тонг маҳал. Орзубойнинг ҳовлиси. Орзубойнинг хотини ўрнидан туриб ҳовлидаги ишлар билан андармон. Бир маҳал ҳовлидаги бангидевона буталарини кўриб тахта бўлиб қотиб қолади. Қўлидан супургиси тушиб кетади. Буталарда колбаса осилиб турибди – буталар колбаса мева берибди. Буталарда шиғил-шиғил колбаса. Мусиқа. Маҳзун мусиқа янграйди.

Орзубойнинг хотини: (Бақириб юборади) – Отаси… Отаси! Норгул, ҳой Норгул. Бу ёққа кел.

Қизи чопиб чиқади. Югураман деб саҳнада йи­қилиб тушади. Сўнг у ҳам “колбаса дарахт”ларига қараб жойида тахта бўлиб қолади. Шу пайт Орзубой югуриб чиқади.

Орзубой: (Ҳовлиқиб) – Нима гап-а? Нима гап?

“Колбаса дарахтча”ларини, колбаса етилган буталарни кўриб ҳангу манг бўлади. Уларнинг олдига югуриб боради. Бирини ушлаб кўради. Кейин уларни айланиб югура бошлайди. Бир маҳал уларнинг учаласи ҳам жимиб, бир жойда тўпланишиб колбаса дарахтларига қараб туришади. Мусиқа, енгил мусиқа. Лирик мусиқа. Шу маҳал саҳнага бутун қишлоқ одамлари, комедияда иштирок этган ҳамма-ҳамма кириб келади. Улар ҳам мусиқа остида колбасаларга ҳайратланиб қараб туришибди. Нозим шоир, Бўри кал, Шоди барака, Чори учарнинг ўғли – Йўлдошали, ҳамма-ҳамма, ҳатто Нозим шоирнинг дўсти, ҳалиги ажнабий – инглиз ҳам бор. Айниқса, унинг ҳайрати чексиз. У колбаса осилиб турган дарахтсимон ўсимликларни суратга олиш билан машғул. Ҳар-ҳар замонда “гуд-гуд” деб қўяди. Эшдавлат Чори учарнинг қулоғига нимадир демоқчи бўп энгашади. Чори учар юзини бужмайтириб, бурнини жийиради, қўли билан гўё бурни олдидаги ароқ ҳидини ҳайдагандай бўлиб Эшдавлатга норизо қараб қўяди.

Эшдавлат: (Мийиғида кулиб) – Балосиз, тоға, балосиз.
Чори учар: (Кўрсаткич бармоғини лабига теккизиб) – Жимм.
Чори учар мийиғида кулади. Эшдавлат кулади. Бошқалар ҳайрат билан колбаса дарахтчаларига термулиб туришибди. Мусиқа, енгил ва кўнгилни хушнуд этувчи мусиқа янграйди.

Парда ёпилади.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 6-сон.